"Осиё футболи": Саудия Арабистонида ўйнаётган энг зўр форвардлар
10 jul 2021 02:05
News
"Осиё футболи": Саудия Арабистонида ўйнаётган энг зўр форвардлар
Сўнгги йилларда қитъамиз футболида сифатли форвардларнинг сони камайиб кетгани туфайли, ўз олдига катта мақсадларни қўйган жамоалар бу позицияни хорижлик футболчилар билан кучайтирмоқда. Бугун эътиборингизни Саудия Арабистони Премьер-лигасида тўп тепаётган энг яхши марказий ҳужумчиларга қаратамиз.
Ромариньо ("Ал Иттиҳод", 30 ёш)
Ромарио Рикардо да Силванинг Осиё майдонларидаги йўлчилиги 7 йил олдин бошланганди. "Коринтианс" билан Либертадорес кубоги ва клублар ўртасидаги мундиалда зафар қучган футболчи 2014 йилда Ар-Райяннинг "Ал Жаиш" жамоасига кўчиб ўтди. Ёдингизда бўлса керак, у Қатар клубида ҳамюртимиз Сардор Рашидов билан ажойиб тандем ҳосил қилганди.
2017 йилда "Жаиш" лойиҳаси тугатилгач, Ромариньо ва Рашидов БААнинг "Ал Жазира"си сафига бориб қўшилишди. Гарчи жамоа устози Хенк тен Кате билан чиқишиб кета олмаган ҳамюртимиз ўйин амалиётисиз қолиб кетган бўлса-да, Ромариньо "Ал Жазира" либосида 31 учрашув ўтказиб, 14 голга муаллифлик қилди (9 ассист). Бразилиялик футболчининг клублар ўртасидаги мундиалда "Реал" дарвозасини ишғол қилгани ёдингизда бўлса керак.
Ромарио 2018 йилнинг ёзида Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод" жамоасига кўчиб ўтди. 30 ёшли футболчи бугунга қадар Жидда клуби учун 106 ўйинда майдонга чиқиб, 49 гол ва 10 та ассистга муаллифлик қилган. Футболчининг "сариқ-қоралар" билан амалдаги шартномаси 2022 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Маълумот учун, у фаолияти давомида ўзбек клубларига қарши 5 бор майдонга чиқиб, 1 марта "Локомотив" дарвозасига гол урган.
"Ал Иттиҳод" таркибида Ромариньодан ташқари сербиялик ҳужумчи ҳам бор — Александар Прийович. У араб клубига 2019 йилда "Паок"дан келиб қўшилганди. Жисмонан бақувват ва бўйдор бўлгани туфайли вақти-вақти билан марказий ҳужумда Ромариньонинг ўрнини эгаллайди. Прийович асосий таркибда тушган маҳалда бразилиялик футболчи "яширин тўққизлик" вазифасини бажаришга ўтади.
Абдураззоқ Ҳамдаллаҳ ("Ан Насср", 30 ёш)
Қитъамиз футболига бефарқ бўлмаган мухлислар учун бу ўйинчи таърифга мухтож эмас. "Гуанжоу Сити" (2014-15), "Ал Жаиш" (2015-17) ва "Ал Райян" (2017-18)даги омадли фаолиятидан кейин Саудия Арабистонига йўл олди. Унинг даражаси ҳақида тасаввур ҳосил қилишингиз учун бир фактни келтирмоқчимиз: Ҳамдаллаҳнинг "Ан Насср" таркибида ўтказган ўйинлари сонидан урган голлари кўпроқ. У Жидда клуби учун 100 баҳсда майдонга чиқиб, 108 та тўп киритган ва 23 бор жамоадошларига шундай имкониятни яратиб берган.
Ҳамдаллаҳ "Ал Жаиш" таркибида ҳамюртимиз Сардор Рашидов билан бирга тўп тепганди. Агар Жалолиддин Машарипов "Ан Насср" таркибида қоладиган бўлса, янги мавсумда марокашлик ҳужумчини узатмалар билан таъминлаб туриши керак.
Маълумот учун, мазкур форвард ўзбек клубларидан "Насаф"га қарши 2 бор ўйнаган ва ҳар иккаласида майдонни голсиз тарк этган.
Абдураззоқ Ҳамдаллаҳнинг жамоа билан амалдаги шартномаси 2022 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Унинг статистикасини юқорида келтирдик. Шунчаки, даҳшат! Аммо, "Ан Насср" раҳбарияти бу билан қониқиб қолмади. Бир неча кун олдин жамоага яна бир тажрибали форвард Венсан Абубакар олиб келинди. Энди "Порту" ва "Бешиктош"даги ўйинлари билан танилган камерунлик ҳужумчи Ҳамдаллаҳ билан асосий таркиб учун курашиши керак.
Бафетимби Гомис ("Ал Ҳилол", 35 ёш)
"Лион", "Суонси", "Марсель" ва "Галатасарой" — оддий номлар эмас, тўғрими? Бафетимби Гомис шундай жамоалардаги фаолиятидан кейин 2018 йилда Саудия Арабистонига кўчиб ўтди. Ортда қолган даврда "Ал Ҳилол" либосини 124 марта кийган футболчи 95 бор рақиб дарвозабонларини ранжитишга улгурди. Унинг "Ҳилол" билан амалдаги шартномаси 2022 йилнинг ёзида якунига етади.
Маълумот учун, Гомис ўзбек клубларига қарши 4 бор майдонга чиқиб, 1 марта АГМК дарвозасини ишғол қилган.
Одион Игало ("Ал Шабаб", 32 ёш)
Фаолиятида фақат ўртамиёна жамоаларда ўйнаган Одион Игалонинг 2020 йилда "Шанхай Шеньхуа"дан "Манчестер Юнайтед"га кўчиб ўтиши футбол жамоатчилигини ҳайрон қолдирди. "Қизил иблислар" нигериялик форварднинг 1 йиллик ижараси учун 12 млн евро тўлади. Игало бу орада МЮ либосида 23 ўйинда майдонга чиқиб, 5 гол урди ва "Ал Шабаб" раҳбариятининг диққатини ўзига қаратишни уддалади. Саудия Арабистони жамоаси жорий йилнинг аввалида Одионнинг трансфер ҳуқуқини 2,5 млн евро эвазига сотиб олди.
Игало мавсум охирига қадар 13 ўйинда 9 та гол урди. Унинг "Ал Шабаб" билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Омар ал Сома ("Ал Аҳли", 32 ёш)
Суриялик форвард Осиё футболининг сўнгги 10 йилликдаги энг кучли ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. Ал Сома фаолиятининг асосий қисми Жидданинг "Ал Аҳли" клуби билан боғлиқ. У мазкур жамоага 2014 йилда Қувайт биринчилигидан келиб қўшилганди. Шундан кейин "Ал Аҳли" либосида 213 ўйинда майдонга чиқиб, 183 та гол урган футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Маълумот учун, Ал Сома ўзбек клубларига қарши жами 8 ўйин ўтказиб, 4 та гол урган. 2 та "Насаф"га, "Пахтакор" ва "Бунёдкор"га 1 тадан...
Саудия Арабистони чемпионатида Эмилио Зелая, Хулио Тавареш ва Фабио Абреу сингари яна бир қатор тажрибали форвардлар бор. Мусобақанинг охирги мавсумида тўпурарлик "Ал Ҳилол" вакили Бафетимби Гомисга насиб қилди. Франциялик футболчи "Олтин бутса"ни қўлга киритиши учун 24 та гол кифоя қилди.
P.s. Ушбу материал ёзилишида фақат легионерларга эътибор қаратилди. Сизнингча, айни пайтда Осиё майдонларида ўйнаётган энг кучли ҳужумчи ким?
Comments