Олий лига. 11-тур рамзий терма жамоаси
13 jun 2016 12:56
News
Олий лига. 11-тур рамзий терма жамоаси
Олий лигада 11-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Одатимизга кўра тур рамзий терма жамоасини тузиб чиқдик.
Дарвозабон:
Жавоҳир Илёсов "Машъал"
Дарвозага Муборакнинг "Машъал" клуби ёш посбони Жавоҳир Илёсовни танладик. Сабаби Илёсов "Обод" билан ўйинда ўзини яхши томонлама кўрсатди. Рақибнинг ҳужумларини ва Санжар Тўрақулов томонидан пенальтидан йўлланган зарбани қайтаришга эришган посбон тур рамзий термасига киритилди.
Ҳимоячилар:
Шукурали Пўлатов "Нефтчи"
Дилмурод Каримов "Металлург"
Акромжон Комилов "Бунёдкор"
Деян Больевич "Насаф"
"Нефтчи" ҳимоячиси Шукурали Пўлатов "Қўқон-1912"га қарши баҳсда ажойиб ўйнади. У ҳужумчиларга ўрнак бўлиб боши билан гол уриб ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи таймда эса пенальтидан тўп киритиб Фарғона клубига иродали ғалаба келтирди.
"Металлург" ўз уйида "Андижон"ни мағлуб этди. Учрашувда гол урган ва шеригига голли пас оширган Дилмурод Каримов рамзий терма жамоамиз ҳимоясидан ўрин олди.
"Бунёдкор" вакили Акромжон Комилов навбатдаги бор рамзий терма жамоамиздан ўрин олди. Сабаби у "Қизилқум" билан учрашувда рақиб ҳужумчиларига ўз қанотида деярли имкон бермади ва баҳс сўнггида Баҳодир Насимовга голли пас оширди.
"Насаф"нинг легионери Деян Больевич мавсум бошида жуда кам майдонга тушди. Бироқ сўнгги пайтларда Рўзиқул Бердиев Деянга кўпроқ имконият бермоқда. Ўтган турда "Навбаҳор" билан баҳсда Больевич гол уришга эришди.
Ярим ҳимоячилар:
Мирзоҳид Ғофуров "Машъал"
Аббос Омонов "Шўртан"
Акрам Баҳритдинов "Навбаҳор"
Сервер Жепаров "Локомотив"
Жамшид Искандеров "Пахтакор"
"Машъал" ярим ҳимоячиси Мирзоҳид Ғофуров "Обод" билан ўйинда жуда фойдали ўйнади. Қанот вакили Эркиновга голли пас беришдан ташқари ўзи ҳам иккита чиройли гол уришга муваффақ бўлди.
"Шўртан" вакили Аббос Омонов "Олмалиқ" билан баҳсда гол урди ва голли узатмани амалга оширди. Ғузорликлар учрашувда 4:3 ҳисобида зафар қучишди.
"Навбаҳор" ярим ҳимоячиси Акрам Баҳритдинов собиқ клуби бўлган "Насаф"га қарши баҳсда фаол ўйнади. Тўғри у пенальтидан тўп кирита олмади, бироқ баҳс сўнггида айбини ювиб барибир Қувватов дарвозасини ишғол қилиб "лочинлар"га иродали дурангни келтирди.
Сервер Жепаров ҳам навбатдаги бор рамзий термамизга кирмоқда. Сабаби оддий "Бухоро"га қарши баҳсда жуда фаол ва фойдали ўйнаган Жепаров учрашувдаги ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилди. "Темирйўлчилар" ғалабали серияни 31та ўйинга етказиб олишди.
Узоқ муддатли танаффусдан сўнг яна майдонга қайтган Жамшид Искандеров "Пахтакор"нинг ғалабасиз сериясига чек қўйди. Ярим ҳимоячининг Жиззахда "Сўғдиёна" дарвозасига урган голи "шерлар"га муҳим 3 очкони келтирди.
Ҳужумчи:
Шаҳбоз Эркинов "Машъал"
"Машъал" ҳужумчиси Шаҳбоз Эркинов 1-турда "Қизилқум" билан ўйинда дублга эришганидан сўнг умуман гол ура олмади. 11-турда яна ўзига келган ҳужумчи "Обод" дарвозасига 2та тўп киритди ва ҳақли равишда рамзий терма жамоадан ўрин олди.
Link :
Source : championat.asia
Receive latest football news directly on your phone. Subscribe for our Telegram channel!
Comments