ЎФФ йиғилишида ҳакамлик даражаси чемпионат учрашувлари савиясидан ортда қолаётгани таъкидланди
25 nov 11:22
News
ЎФФ йиғилишида ҳакамлик даражаси чемпионат учрашувлари савиясидан ортда қолаётгани таъкидланди
ЎФФ йиғилишида терма жамоаларни кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгилаб берилди
Анжуманда Федерациянинг оетябрь–ноябрь ойларида амалга оширган ишлари, шунингдек, ноябрь ойининг сўнгги ҳафтаси ва дееабрь ойидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда миллий чемпионат – Олий лиганинг 4–5-турлари юзасидан ҳисобот тингланди. Чемпионат давомида кузатилган баҳсли ва мунозарали вазиятлар батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, айрим жамоаларда тартиб-интизом сусайгани, мураббийлар, футболчилар ўртасидаги низоли ҳолатлар кўзга ташланаётгани, бундай муаммоли вазиятлар трансляциялар орқали барча мухлислар кўз ўнгида содир бўлаётгани танқид қилинди. Шунингдек, ҳакамлик даражаси чемпионат учрашувлари савиясидан ортда қолаётгани таъкидланди.
Федерация масъуллари ва тегишли комиссияларга чемпионат савиясига путур етказаётган, интизомни қўпол тарзда бузаётган жамоалар, ўйинчиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш вазифаси юклатилди. Аввало, огоҳлантириш, вазият барқарорлашмаса, мусобақадан четлатиш каби кескин чоралар кўришга тайёр туриш зарурлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, ЎзФҲМ билан ҳамкорликда чемпионат учрашувларига жалб этиладиган ҳакамлар ва назоратчилар билан пухта иш олиб бориш, ЎзМТРК ва ЎФФ YouTube каналларидаги жонли эфирларда мутахассис, мухлис, оддий томошабинларда эътирозларга ўрин қолдирмаслик, адолат ва шаффофлик мезонларига қатъий амал қилиш вазифаси топширилди.
ЎФФ раҳбари декабрь ойида старт оладиган Биринчи лига мусобақаси юзасидан ҳам маълумот олди. Ҳисоботга кўра, 8 та жамоа мамлакат биринчилигида иштирок этишга тайёр, ҳужжатлар топширилиши эса якуний босқичга кирган. Бекзод Маматқулов жамоаларнинг ЎФФ талабларига тўлиқ жавоб беришини қатъий назорат қилиш, қуръа ташлаш жараёнини онлайн тарзда шаффоф ўтказиш, турлар тақвимини ишлаб чиқиш ва манзилларни белгилаш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубоги финал босқичига тайёргарлиги масаласи ҳам муҳокама этилди. Бош мураббий Нодир Элибоевнинг ҳисоботи тингланди. ЎФФ Тиббиёт департаментига терма жамоага номзод футболчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини доимий назорат қилиш, зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва мураббийлар штабини хабардор қилиб бориш вазифаси юклатилди. Осиё Кубоги–2026 мусобақалари ўтказиладиган қопламага мос иншоотларда – Бухоро ва Андижон шаҳарларидаги “Универсал” спорт мажмуалари ҳамда ЎФА Терма жамоалар маркази спорт залида машғулотлар ва назорат ўйинларини ўтказиш тавсия этилди.

ЎФФ президенти Ёшлар ва Ўсмирлар терма жамоаларини шакллантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. 2029 йилги Осиё ёшлар ўйинларининг Ўзбекистонга топширилгани Федерация зиммасига ҳам катта масъулият юклаши таъкидланди.
Бекзод Маматқулов Янги мавсумига қадар мураббийлар штабини аниқлаш, 2013 йил ва ундан кейин туғилган истеъдодларни излаб топиш, Ёшлар ўйинларига босқичма босқич тайёрлаб бориш муҳим эканини таъкидлади. Шу мақсадда Португалия каби футзали ривожланган мамлакатларда ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилиши режаси борлигини маълум қилинди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Константин Свиридовга иқтидорли ёшларни миллий терма жамоага етказиб бериш борасида янада фаол ва фидойи ишлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида футзал мавсуми якунлари бўйича ўтказиладиган анъанавий “Futsal Awards–2025” тадбирига тайёргарлик ҳисоботи тингланди. Тадбирни юқори савияда ўтказиш учун зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди. Шунингдек, ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. ЎФФ Бош котиби лавозимида ишлаб келган Марупов Иномжон Исломович бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди.
Similar news
championat.asia
Элит ОЧЛ. "Насаф" ўз майдонида Ҳамробеков тўп тепаётган "Трактор"га ютқазди
МЛС. Мессининг супер ўйини "Интер Майами"ни ярим финалга олиб чиқди
Винисиус "Реал"дан йилига 30 млн. евро талаб қиляпти, аммо "Реал"...
Ла Лига. "Реал" "Эльче" билан ўйинда қоқилди, аммо биринчи ўринда қолди — "Барселона" билан орадаги фарқ 1 очко
Comments