ЎФА жаҳон чемпионати ҳар икки йилда ўтишини қўллаб-қувватлайди
11 sep 2021 19:13
News
ЎФА жаҳон чемпионати ҳар икки йилда ўтишини қўллаб-қувватлайди
Унда ўзбекистонлик футбол мухлисларининг 30 йиллик орзуси ҳисобланган жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконияти ошишига хизмат қиладиган ФИФА ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиш истагида.
"Ассалому алайкум!
Бугунги, ҳаммамиз учун синовли кунларда соғ-омонсиз деган умиддаман.
Мен Ўзбекистон футболи оиласининг ФИФА жаҳон чемпионати бўйича фикри билан ўртоқлашмоқчиман.
Жаҳон чемпионати футболдаги чўққи ҳисобланади. Бу спорт билан шуғулланишни бошлаган инсон борки, мундиални орзу қилади. Аммо бу жуда кам сонли маҳоратли футболчиларга насиб этади. Сабаби ЖЧ тўрт йилда бир маротаба ўтказилади. Саралаш босқичи эса жуда ҳам мураккаб ва унда баъзида топ-жамоалар ҳам йўлланмасиз қолади. Футболчилик фаолияти жуда қисқа, миллий жамоаларда рақобат кучли. Бир босқичда ўйнаган футболчи 4 йилдан сўнг кейинги босқичда жамоага бошқа чақирилмаслиги мумкин. Қолаверса, жароҳатларни ҳам унутмаслик керак. Шундай экан, жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятининг ошиши бутун дунё футболчилари, мураббийлари, ҳакамлари ва албатта, мухлислари қўллаб-қувватласа керак, деб ўйлайман.
Мисол учун, ҳакамларни олайлик. Мен билган кўплаб истеъдодли ҳакамлар 4 йиллик босқичда рўйхатдан четда қолган. ФИФА таклиф қилаётган 2 йиллик босқичнинг ютуғи шундаки, футболчилар ва футболга алоқадор барча мутахассисларнинг мундиал орзуси амалга ошиш имконияти янада ортади. Қолаверса, агар қитъа чемпионатлари ҳам шу тизимга ўтса, биз ҳар йили терма жамоалар миқёсида катта финал турнирлари гувоҳига айланишимиз мумкин. ФИФАнинг футболни ривожлантириш бўлими раҳбари Арсен Венгернинг бу борадаги таклифи билан танишар эканмиз, яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратишимиз зарур. Саралаш баҳсларининг оптималлаштирилиши. Яъни, мавсумда икки марта терма жамоалар саралаш баҳслари учун йиғилишади ва йўлланмалар учун ўйинлар ўтказишади. Бошқа пайт футболчилар клубларнинг ихтиёрида бўлишади ва узоқ сафарлардан кейинги толиқиш муаммосига камроқ дуч келишади. Биз бу таклифни футбол учун фойдали деб ҳисоблаймиз.
Ҳакамлик фаолиятим давомида биз ҳам йирик мусобақаларни интизорлик билан кутардик. Энди эса мамлакатимиз футболининг раҳбарларидан бири сифатида терма жамоамизнинг мундиалда қатнашишини ният қиламан. Зеро, жаҳон чемпионати иштирокчиси бўлиш ўзбекистонлик футбол мухлисларининг 30 йиллик орзуси ҳисобланади. Ўзбек футболи оммаси ФИФАнинг бу борадаги ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Футболни биргаликда ривожлантирамиз!", – Равшан Эрматов.
Comments