"Odil Junior" ҳафта ичида: Илк халқаро медаль ва Италия билан янги шартнома!
08 apr 2019 15:28
News
"Odil Junior" ҳафта ичида: Илк халқаро медаль ва Италия билан янги шартнома!
"Карпи" ФА билан янги шартнома
2017 йил ноябрь ойида Италиянинг "Карпи" футбол академияси билан 1 йиллик шартнома тузган "Odil Junior" жамоаси, Европа методикаси асосида ўз машғулотларини олиб борди. 2018 йил ёз фаслида Тошкентга 2 нафар италиялик мутахассислар келишди. 2019 йил февралида эса ҳудди шундай тадбир Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкил этилди. 2019 йилнинг май ойида 4 нафар футболчи ўз маҳоратларини кўрсатиш учун "Карпи" академияси базасида 1 ҳафта давомида машғулотларда иштирок этадилар. Асосий мақсад Италия А ва Б сериясининг U-19 лигасига футболчи етказиб бериш. Мазкур ишлар давомий бўлиши учун италияликлар билан 1 апрель куни янги шартномага имзо чекилди.
Янги шартнома бир қатор янги бандларни ўз ичига олди. Унга кўра 2019 йил ёз фаслида 2 ой муддатга Италиядан мураббий келади ва "Odil Junior"нинг барча ёш тоифаси вакиллари билан машғулотларда иштирок этади. Машғулот якунларига кўра 2007 йилда таваллуд топган 4 нафар истеъдодли футболчини танлаб олади ва улар 2020 йилда Италиядан кўрикдан ўтадилар. 2020 йил эса навбат 2008 йилларда туғилган футболчиларга келади. Сабаби "Карпи" футбол академияси 14 ёшдангина футболчиларни ётоқ билан таъминлайди. Агарда 4 нафар 2006 йилда туғилган футболчиларимиздан бири уларга маъқул келадиган бўлса, 2020 йил академияга таҳсил олгани киради. Албатта буни ўзига хос ҳужжатли ишлари ҳам мавжуд.
"Odil Junior" жамоасининг телеграмдаги расмий саҳифаси
Халқаро аренадаги илк медаль
"Odil Junior" жамоасининг спорт директори Дилшод Нуралиев бошчилигида тарбия топаётган 2009 йилда таваллуд топган футболчиларимизнинг илк хорижий мусобақаси омадли якунланди. Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган "Dagomys Cup" мусобақасида 3-ўрин учун кечган баҳсда жамоамиз "Металлург" (Липецк) жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб мусобақанинг фахрли учинчи ўринини қўлга киритдилар. Жамоамиз турнир давомида жами 5та ўйинда иштирок этдилар.
Натижалар:
1-тур. "Odil Junior" - "Металлург" 0:1
2-тур. "Odil Junior" - Перм жамоаси 6:1
3-тур. "Odil Junior" - "Коломяги" 3:0
1/4 финал. Могнитогорск жамоаси - "Odil Junior" 3:9
1/2 финал. "Металлург-А" - "Odil Junior" 4:2
3-ўрин учун. "Odil Junior" - "Металлург" 3:0
Тошкентда жажжи болажонлар учун янги мусобақа
2011 ва 2012 йилларда таваллуд топган жамоалар иштирокида пойтахтда янги мусобақа йўлга қўйилди. Унда "Odil Junior"нинг иккита жамоаси ўз иштирокларини бошладилар. Якшанба куни бўлиб ўтган баҳсларда бизга "Локомотив" тарбияланувчилари қарши майдонга чиқдилар. 2011 йилда таваллуд топган футболчиларимиз ғалаба қозонган бўлсалар, 2012 йил вакиллари кичик фарқ билан мағлубиятга учрадилар.
Тошкент шаҳар чемпионати
14 апрель куни Тошкент шаҳар чемпионати старт олади. Унда Леонид Кошелев ва Жаҳонгир Усмонов 2006 йилларда таваллуд топган жамоаларни мусобақага қўядилар. Зайниддин Тожиев бошқарувидаги 2008 йилларда туғилган футболчиларимиз бир вақтнинг ўзида 2007 ва 2008 йилларда туғилган футболчилар ўртасидаги мусобақада иштирок этадилар. 2008 йилда таваллуд топган жамоанинг "B" таркибида 2009 йилда туғилган футболчиларимиз ҳам чемпионатга қўшиладилар. Шунингдек 2007 йилда туғилган футболчиларимизнинг истеъдодли футболчилари 2006 йиллар мусобақасига рўйҳатдан ўтказилди.
Одил Аҳмедов ва клуб вакиллари билан келишилган ҳолда 2019 йилги мавсумда ҳеч бир жамоамизга натижа қўйилмайди. Жамоамиз Европа методикасини тўлиқ ўзлаштириб олмагунига қадар хато ва камчиликлар устида ишлашимиз керак бўлади.
Наманганда нима гап?
Тўрақўрғондаги "Odil Junior" жамоасининг ҳам ишлари яхши кетаяпти. 3 нафар тажрибали мураббийлар, Алишер Маҳмудов, Нуриддин Акбаров, Музаффар Холиқов фаолият олиб бораяптилар. Кўриб турганингиздек, Тўрақўрғондаги "Odil Junior"нинг ҳам мақсадлари жиддий, шунинг учун ўз пайтида юқори савияда тўп тепган футболчилар ҳозирда мураббий сифатида фаолият олиб бораяптилар. 2008 йилда туғилган ажойиб дарвозабон, 2006, 2007 ва 2009 йилда таваллуд топган 6 нафар истеъдоли футболчилар ҳам Тошкент шаҳар чемпионати рўйҳатидан ўтдилар. Бугун Шерзод Жўраев бошчилигида 2004 йилларда таваллуд топган футболчиларимиз Тошкентга ташриф буюрадилар ва 3та ўртоқлик ўйинларини ўтказадилар. Режага кўра айнан шу таркиб орадан 3 йил ўтиб "Навбаҳор" жамоасининг ўринбосарлар таркибининг асосий ўйинчилари бўлишлари керак. Шунингдек, 2005 йилда тарбия топаётган истеъдодли ҳимоячимиз "Локомотив" жамоаси сафини тўлдириши кутилмоқда. Асосий мақсад, футболчиларни Наманганда саралаб, пойтахтда малакасини ошириб, уларни кейинги фаолиятини хориж ёки водийда давом эттиришларига ҳисса қўшиш.
2020 йил Тўрақўрғонда барча шароитларга эга стандарт табиий майдон академиямизга хизмат кўрсатишни бошлайди. Шундан кейин иш сифати ҳам анча ошиши кутилаяпти. Яна бир вазифалардан бири Наманган вилоятини водий футбол маркази сифатида юқори чўққига олиб чиқиш.
"Odil Junior" матбуот хизмати
Comments