Latest news

01:40АПЛ клуби "Ман Сити" хавбеки Филлипс билан шартнома имзолашга яқин  0 01:03"Реал" футболчиси клубдан кетиш ҳақида ўйламоқда  0 00:32Костич "Ювентус"дан кетадими?  0 00:05"Атлетико" Галлахер қарор қабул қила олмаётгани сабаб "Валенсия" билан Герранинг 25 млн евролик трансферини келишиб қўйди  0 23:25Суперлига. "Металлург" - "Локомотив" 1:1, Ҳошимов "Металлург"даги биринчи расмий ўйинида қизил карточка олди  5 23:05Александр Крестинин: "Ғалаба қозониш учун бир оз ақлли футбол керак  0 22:57Григорий Колосовский: "Энди биз майдонга чиқадиган ҳар бир ўйин финал бўлиши керак"  2 22:35"Тоттенхэм" ўйинчиси "Милан"га ўтишга яқин  0 22:07"Ювентус" ўйинчисини "Аякс"га ижарага беради  0 21:40Суперлига. "Металлург" ва "Локомотив" иккинчи даврани дуранг билан бошлади   25 21:27"Арсенал" собиқ вингери Николя Пепе "Вильярреал" ўйинчисига айланди  0 20:29"Барса" собиқ форварди Брейтуэйт "Эспаньол"ни харид қилмоқчи  0 20:05Назорат ўйини. "Пахтакор" "Олимпик"га 7та гол урди  5 19:29РПЛ. ЦСКА ўз майдонида "Оренбург"ни тор-мор этди, Файзуллаев эса...  9 19:10"Барса" Уильямснинг трансфери барбод бўлса, "Бавария" вингери билан шартнома имзолаши мумкин  4

ОЧЛда бу сафар уялиб қолмайлик. 3-қисм News

ОЧЛда бу сафар уялиб қолмайлик. 3-қисм

Ўтан сафар "Пахтакор" ва "Локомотив" жамоалари ҳақида тўхталгандик.

Энди навбат учинчи қисмга, яъни бронза медали соҳиби, Ўзбекистонда 3-рақамнинг рамзий маънодаги ҳақиқий эгаси - "Насаф" ҳақида гаплашамиз.


Барча жамоаларимиз каби Қаршининг "Насаф" клуби ҳам ўтган йили ОЧЛ мусобақасида гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаганди. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоа сўнгги турга қадар гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолганди. Бироқ ўз майдонида кечган Саудиянинг "Ал Аҳли" жамоасига қарши беллашувда рақиб дарвозасига йўл топа олишмаганди ва бу якунда қимматга тушганди.
Бу йили "Насаф" халқаро мусобақада қанчалик ишончни оқлайди?

Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоанинг ҳозирча энг катта ютуғи бу "Насаф" етакчиларининг ҳеч қаерга кетмаганлигида. Элдорбек Суюнов, Шерзод Аъзамов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Фарруҳ Сайфиев ва Эркин Бойдуллаев каби футболчиларга бир қатор таклифлар бўлганига қарамай, улар яна бир йил "аждарлар" сафида қолишни маъқул кўришди. Айнан ушбу санаб ўтилган футболчиларнинг катта хизмати эвазига "Насаф" ўтган йили ОЧЛда ишончлироқ ўйнаганди. "Насаф"нинг бошқа жамоаларимизга нисбатан яхши иштирокининг асосий сабаби ҳимоя чизиғи ва дарвозабон. Чунки "Насаф" рақибларига қарши "автобус" тактикасида ўйнаганди. Бу ҳолатда эса ҳамма иш орқа чизиқ вакиллари гарданига тушади.



Мураббий нега бу тактикани танлади деган саволга жавоб излаш қийин эмас. Чунки "Насаф"нинг олдинги чизиғида араб жамоаларида бўлгани каби юқори малакали футболчилар, кучли легионерлар йўқлигидан. Рўзиқул Бердиев ва бизнинг кўпчилик мураббийларимиз айтганидек, имкониятимиздан келиб чиқиб. Ўтган йили шу каби саволларнинг барчасига бир хил жавоб - шароитимиз кучлироқ легионерни сотиб олишга йўл қўймайди деган жавобни олгандик.

Нега ўтган йилги ўйинлар, гаплар ва натижалар ҳақида кўп гапириб юбордим? Сабабики, бу йил ҳам деярли ҳеч нарса ўзгармаяпти. Туришидан Рўзиқул Бердиев яна эски тактикасига таяниб ўйнайдиганда ўхшайди. Бошқа чора борми-йўқми ҳозирча билмадим-у, аммо мен бошқа вариантни кўрмаяпман.

Хўш, энди савол туғилади! Нега мураббий ўзига керакли шароитларни сўраб олмаяпти? Нимага умид қилмоқда? Қайси футболчи "Насаф"ни ОЧЛда ишларини "5" қилиб бера олади? Бердиевнинг ишонган футболчиси ким? Дарвозабон ва ҳимоя чизиғидан кўнгил тўқ. Лекин ҳимояда баъзи кемтиклар йўқ эмас. Бошқа позицияларга камида биттадан янги, янги бўлганда ҳам кучли ва маҳоратли футболчилар керакку. Ҳозирча трансфер бўйича деярли шовқин кўтаргани йўқ "Насаф". Бу каби саволларни мураббий раҳбарият берганига ишонамиз. Аммо жавоб қандай бўлгани бизга қоронғу. Жавоб қандай бўлганидан қатъий назар, мураббий шу бор шароитга қаноат қилиб ишлашда давом этмоқда ва бундан қисман қаноатланмоқда. Демак натижа учун мураббий жавобгар.
ОЧЛда иштирок этган тўрттала жамоамизнинг учаласи: "Пахтакор", "Локомотив" ва "Бунёдкор"нинг олдига ҳар йили ВАЗИФА
қўйилади. Хоҳ ички чемпионат, хоҳ халқаро мусобақада. "Насаф"да бош мураббий Рўзиқул Бердиев таъкидлагандек ҳеч қандай вазифа қўйилмайди. "Насаф" доимо юқори мақсадлар (бронза) учун ўйнашини биламиз, эшитганмиз ва кўрганмиз. ОЧЛда ҳам мақсад гуруҳдан чиқиш. Бу йили балки жамоа олдига вазифа қўйилар, чунки ҳали мавсум бошланишига анча бор. Ҳар ҳолда шунга умид қиламиз.

"Насаф"ни бу йилги мавсумда етакчилари тарк этишгани йўқ. Биргина Шоҳруҳ Гадоев катта эҳтимол билан янги мавсумни бошқа либосда бошлашга яқин турибди. Бу жамоа учун йўқотиш эмас. Чунки бу ҳақда Рўзиқул Бердиев ўтган мавсум сўнггида Гадоев "Насаф"дан кетишига қарши эмаслигини ва ўйинидан қониқмаётганини айтиб ўтганди. Демак Гадоевни ўрнини ким билан тўлдиришни Бердиев яхши билади.


Ўтган йили ҳужум чизиғида футболчи олишда адашганини тан олган Бердиев бу йили Олександр Коблаш даражасидаги ҳужумчини олиб хатони такрорламаслиги керак. Умуман "Насаф"да селекция ишлари у қадар мақтанарли эмас. Собиқ футболчи ва ҳозирги кунда агентлик билан шуғулланаётган Олег Собиров топиб берган Рой Рокни ҳисобга олмаса, "аждарлар" ўтган мавсумда тузукрок футболчи олиб кела олишмади. Коблашнинг фаолияти қанчага чўзилганини эслатиш шарт эмас, назаримда. Рой Рок ҳам мавсум оралиғида тиббик кўрикдан ўта олмади ва унинг ҳам "Насаф"даги фаолияти ҳеч бўлмаганда шартнома якунига қадар чўзилмади.

Кучли легионерлар бошқа масала, ички чемпионатдан ҳам етарли малака ва тажрибага эга футболчиларни қўлдан чиқараётган "Насаф", қўшниси "Машъал"дан Зоҳир Қўзибоевни ўз сафига чорлади. Ўйин услуби Илҳом Шомуродовга ўхшайдиган Қўзибоев "Насаф"га қандай фойда беришини билмадим-у, аммо ОЧЛда "Насаф"га нафи тегишига ишониш қийин. Чунки Бердиев катта эҳтимол билан "автобус" орқали ўйин қуради ва бунда "Насаф"га эпчил, чаққон ва тезкор ҳужумчи керак. Илҳом Шомуродовнинг олдида тезкорроқ, техникаси юқори, чаққон ҳужумчи бўлгани Шомуродовнинг ишини енгиллаштиради. Бир хил типдаги ҳужумчиларни кўпайтиргандан не наф? Зоҳир Қўзибоевнинг ўйинига пас назар билан қарамоқчи эмасмиз, биз шунчаки оддий фактни келтиряпмиз. Зоҳир Қўзибоев "Насаф"га ўз голлари билан фойда келтиришни жуда истаймиз. Бироқ "Насаф"нинг ОЧЛда амалда қўллайдиган тактикасига мос футболчи қидириши тарафдоримиз. Илҳом Шомуродов - Зоҳир Қўзибоев зўр тандем бўла оладими? Ўйини жиҳатдан олиб қаралганда бу икки ҳужумчи бир-бири билан тандем хосил қилиши қийин масала. Азамат Алланиязов, Илҳом Шомуродов ва Зоҳир Қўзибоев бир хил қолипда ўйнайдиган ҳужумчилар. Ўринбосарлар таркибидан чиқиб келаётган Дилшод Хушбаков бор дейилса, у ҳам ушбу учлик сингари фақат жарима майдончаси футболчиси ҳисобланади. Ҳаммаси бўйдор, устун жиҳати бош билан яхши ўйнай олишади.
Ўзига-ўзи вазият ярата оладиган, рақибни эсанкиратиб қўя оладиган футболчи, ҳужумчига муҳтож бугунги "Насаф". Рўзиқул Бердиев ОЧЛда яна "автобус"дан фойдалонмоқчи бўлса, унда автобуснинг олди ғилдиракларини янгилаши лозим. Янгисини олганда ҳам "чуқур"ларни билдирмайдиган "мягкий" "балон" керак.
Бу борада яхшилаб бош қотириш зарур.


Ҳимоядаги кемтиклар дегандим. Ўтган мавсумда Шерзод Аъзамовнинг ўзининг ишончли ўйинлари билан олқишларга сазовор бўлганди. Бироқ мавсум узоқ ва футболда жароҳатлар кўп учраб туради. Катта мусобақаларда иштирок этадиган жамоалар доимо ҳар эҳтимолга қарши иккита тенг кучли таркибга эга бўлишлари лозим. Шу боисдан қариб қолган, тезлиги пасайган Мақсуд Каримов ва Ҳамза Каримовнинг ўрниларига яхшироқ ҳимоячи олиб келиш шарт. Илдар Маматказин қанчалик яхши формада бўлмасин, ҳали бу футболчи ОЧЛда асосий таркибда тушиб, керакли даражада ўйнаб беришига ишониш қийин. Катта ареналарни кўрмаган футболчи билан халқаро мусобақада ҳимоядаги бўшлиқни ёпиш қийин масала.


Чап қанот ҳимояси ҳам "Насаф"нинг оғриқли нуқтасига айланиб қолди. Сабаби - бу чизиқда ўйнаши мумкин бўлган тўрттала футболчи ҳам ҳозирда "Насаф" билан эмас. Ботир Қораев аввало қариб қолди ва янги мавсумда жамоа билан бирга қолмаслиги деярли аниқ. Рой Рок ҳали тиббий кўрикдан ўтмаган ва унинг масаласи очиқлигича қолмоқда. Фарруҳ Сайфиев яқинда Москвада жарроҳлик столига ётқизилди ва футболчи мавсум стартини ўтказиб юборади. Бу позицияда ўйнаши мумкин бўлган Шоҳруҳ Гадоев жамоадан кетган. Унинг қайтиши жуда катта савол. Демак бош мураббий чап қанот ҳимоясига иккита яхши футболчи топиши керак. "Насаф"нинг универсал ва вазият тақозо этса исталган жойида ўйнаб бериб турадиган Одил Ҳамробековнинг юрагида муаммолар борлиги сабаб анча муддатга сафдан чиққан. Унинг ўрнини Бердиев янги футболчи билан ёпа олмаган тақдирда, ёшларга имконият тариқасида Азиз Ғаниевни ўйнатиши мумкин. Азиз Ғаниев қанчалик истеъдодли бўлмасин, ОЧЛда жамоа ниманидир кўзласа ва мақсад қиладиган бўлса, унда ўрта чизиқда Эркин Бойдуллаевнинг олдига яна битта яхши марказий ярим ҳимоячини олиб келиши лозим. Шунингдек, жамоага чап қанот ярим ҳимоячиси ҳам жуда зарур. Бу ўрин ҳам ҳозирда бўш турибди. Жамоа ўзаги деярли сақлаб қолингани билан муаммолар ҳал этилгани йўқ. Чунки бу муаммолар ўтган йилиёқ кўриниш берганди. "Насаф" бир таркибли жамоага айланиб қолганига қарамасдан, бош мураббийнинг топқирлиги ва футболчиларнинг катта фидоийлиги эвазига "аждарлар" ОЧЛда нисбатан яхшироқ иштирок этишган, чемпионатда ўзининг бронза медалларини қўлга киритишган ва Ўзбекистон кубогида зафар қучишганди.  Бир хатони кетма-кет такрорлаш бу нафақат нопрофессионаллик, балки бошқачароқ ҳам аталади.

"Насаф" етакчиси, сардори ва ишонган футболчи Артур Геворкян ўтган йили ўзидан кутилган ўйинни намойиш қилиб бера олмади. "Насаф"нинг ва Аранинг энг катта ютуғи бу стандарт вазиятлари бўлди. Айнан шу стандартлар Геворкян ёмон мавсумини ҳам ювиб кета олди. Бу йили ҳам Геворкяндан олам-шумул ниманидир кутмасакда, ундан жамоага ўзгача руҳ бағишлаб туришига ишонамиз. Геворкян қачонки жамоа ҳимояга таяниб ўйнайдиган бўлса ўзининг нималарга қодирлигини тўлиқ очиб бера олмайди. Шунга қарамай Артурнинг яна бир устун томони бу жарима зарбалари. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Артур Геворкян "Насаф"нинг "юзи" бўлади. Ишонамизки, бу йилги мавсумда Геворкян ўтган йилгидан самаралироқ ўйнаб беради. Унинг қай тарзда ўйнаши ва ҳаракати жамоадаги бошқа футболчиларга ҳам кескин таъсир этиши шубҳасиз. Артур Геворкян нафақат "Насаф"га ўзгача руҳ бағишлайди, балки рақибни "духи"ни олишда ҳам унинг ўрни катта бўлади.


"Насаф" аввало ОЧЛда юртимиз шаънини ҳимоя қилади. Буни барчамиз жуда тўғри тушуниб турибмиз. Лекин биздан кўра буни клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар ич-ичларидан ҳис этишлари лозим. Келинг, буёғига турли бахоналарни эмас, боримиз шу эканда деб охирида қўл силтаб қўйиб эмас, барча имкониятларни ишга солиб, ўз олдимизга қўйган вазифаларни сидқидилдан бажарайлик. Халқаро майдонда шунча уялиб қолганимиз етар, юзлар қизариб кетди.

"Насаф"да жамоа олдига вазифа қўйишга асослар ҳам, шароитлар ҳам етарли. Шунчаки юқори мақсадларни кўзлаймиз деб ўйнашни йиғиштириш керак. Мураббийлар штаби аввало раҳбарият олдида масъулиятни ҳис этиб туриши лозим. Бунинг учун эса, раҳбарият аввало шароитни яратиб бериб, кейин дадиллик билан бу йилги мавсумда вазифа бундай деб қўймоғи лозим. Шунда жамоада янада масъулият ортади ва катта куч билан ҳаракатланилади.

"Насаф"ни шунчаки гранд жамоа дейилмайди. Гранд жамоалар олдида ҳар доим юқори вазифалар қўйилади. Шунчаки кучли жамоа бошқа, гранд жамоа бошқа. Булар турли табақага бўлинади.


Умид қиламизки, "Насаф" бу йили Ўзбекистон шарафини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилади.

Бу сафар уялиб қолмаслигимиз керак!

ОЧЛда бу сафар уялиб қолмайлик. 1-қисм 

ОЧЛда бу сафар уялиб қолмайлик. 2-қисм


Шаҳбоз Беғамов

Rating: +10   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика