ОЧЛ-2020: Регламентдаги ўзгаришлар
22 dec 2019 14:55
News
14 январдан биринчи ўтиш ўйинларига старт берилса, 21 январь куни "Локомотив" ва "Бунёдкор" мавсумга киришади. "Бунёдкор" шу куни ўз майдонида Ироқнинг "Ал Завра" клубини, "Локомотив" эса Тожикистон чемпиони "Истиқлол"ни қабул қилади.
Ҳар икки жамоамиз биринчи ўйинни ижобий якунлаган тақдирда 28 январь куни сафарда тўп тепади. "Локомотив" Саудия Арабистонида "Ал Аҳли" меҳмони бўлса, "Бунёдкор"да БААда "Ал Айн" билан куч синашади. Мана шу ўйинлардан кейингина жамоалар ғалаба қозониб ОЧЛ гуруҳ босқичига йўл олишлари мумкин.
Кўриб турганингиздек, гуруҳга чиқиш учун ҳам бирмунча машаққатли йўлдан юришга тўғри келяпти. Бунинг устига ОФК плей-офф учрашувларини битта баҳсдан иборат қилган ва ютқазган жамоа шу билан Осиё чемпионлар лигасини тарк этади.
Бугунги мақоламизд Осиё чемпионлар лигаси регламентидаги ўзгариш ва янгиликлар ҳақида фикр юритамиз. Зеро Ўзбекистондан учта клуб қатнашадиган мазкур мусобақага доир ўзгаришларни билиб қўйиш зарар қилмайди.
Дарвозабонларга имтиёз
Маълумки, Осиё чемпионлар лигасининг ҳар бир босқичидан олдин ОФК клублар учун футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ойнасини очади. Масалан, "Локомотив" ва "Бунёдкор" кейинги йил мусобақани плей-офф босқичидан бошлайди. Бу дегани ҳар икки клуб ўйин бошланишига бир ҳафта қолгунига қадар футболчи ва мураббийлар штаби рўйхатини юбориши лозим.
Агар клубларимиз плей-оффдан муваффақиятли ўтиб гуруҳ ўйинларига йўлланма олса, унда яна қўшимча "заявка" қилиш имконига эга бўлишади. Лекин гуруҳдан чиққан жамоалар тезда 1/8 финал босқичини ўтказиши боис бу пайтда трансфер ойнаси очилмайди ва фақат чорак финал ўйинлари олдидан клублар янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш имконига эга бўлишади.
ОФК шу ўринда дарвозабонлар учун алоҳида имтиёз ишлаб чиқди. Янги регламентга кўра жароҳати бор дарвозабон ўрнига бошқасини исталган босқич олдидан рўйхатдан ўтказиш мумкин. Фақат бунинг учун клуб асос келтириши, айтайлик, дарвозабон жароҳат олгани ҳақида шифокор маълумотномасини тақдим этиши шарт. Янги регламентга кўра майдонда тўп тепадиган футболчиларни кейинги заявка ойнаси очилмагунча рўйхатдан ўтказишга рухсат берилмайди, фақат дарвозабонлар бундан мустасно.
Сафарга бориш ҳолатлари
Аксар ҳолларда жамоаларнинг сафарга бориш билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Масалан, виза олишга кечикиш, баъзи футболчи ёки клуб тизимидаги кишиларга виза чиқмай қолиши. Шунингдек, ўзаро муносабати яхши бўлмаган давлатларнинг бир-бирига виза бермаслиги ёки ишни пайсалга солиши. Нима ҳам дердик, бу энди сиёсат.
ОФК имкон қадар клубларга енгиллик яратишга ҳаракат қиляпти, бироқ ҳаммаси ҳам ташкилот қўлида эмас. Масалан, бир неча йилдирки Осиё чемпионлар лигасида Саудия Арабистони ва Эрон клублари ўзаро тўқнаш келганда бетараф майдон танланяпти. Кўп ҳолларда Дубай ёки Доҳадаги стадионларда ўйинлар кечмоқда.
ОЧЛда шу пайтгача сафарда ўйнайдиган жамоа манзилга ўйиндан бир кун олдин етиб келиши мумкин эди. Лекин янги регламентга мувофиқ сафарда ўйнайдиган клуб ўйиндан камида икки кун олдин меҳмонда бўлиши шарт. Нима учун? Аввалги йиллари шундай бўлдики, жамоалар бир кун олдин бориб шоша-пиша матбуот анжуманига, ундан кейин ўйинолди машғулотга югуриб қолишарди.
Шу боис ОФК икки кун олдин жамоа сафарда ўйнайдиган шаҳарда бўлиши кераклигини уқтиряпти. Агар нимадир сабаб бўлиб бир кун олдин боришга тўғри келса, клуб бу ҳақда ОФКни ўйинга бир ҳафта қолганида аниқ сабабини келтирган ҳолда ёзма равишда огоҳлантириши шарт.
Ўйиндан олдин ва кейинги матбуот анжумани
Кўпчиликни қизиқтирадиган жиҳат бу Осиё чемпионлар лигасида ҳар бир ўйиндан олдин матбуот анжумани ташкил қилиш ва ўтказишдир. Кимлардир ўйиндан олдинги матбуот анжумани керакмас, чунки мураббийлар доим бир хил гапни айтади дейди. Лекин ОФК учун ўйиндан олдинги матбуот анжумани ниҳоятда зарур ҳисобланади. Шу пайтгача матбуот анжуманида бош мураббий билан биргаликда эртаси кун майдонга тушадиган асосий таркибнинг бир футболчиси қатнашиб келарди. ОФК бу борада ҳам ўзгартириш киритди.
Яъни, бундан буён клублар фақат энг яхши футболчини ўйиндан олдинги матбуот анжуманига олиб боришлари керак бўлади. Бу ўринда журналистлар ҳам клубдан биз фалончи футболчини хоҳлаймиз дейиши мумкин. Чунки асосий таркибда ўйнайдиган 11 футболчининг ҳаммаси ҳам юлдуз бўлавермайди. ОФК эса фақат таниқли футболчиларнинг матбуот анжуманида иштирок этишини хоҳлаяпти. Чунки машҳур ўйинчиларнинг фикри мухлисларда ҳам ўйинга бўлган қизиқишни орттиради.
Яна бир янгилик шуки, ўйиндан кейинги микс-зонадан фақат бош мураббий ва футболчилар ўтиши мумкин. Агар жамоадаги бошқа персоналлар учун алоҳида чиқиш эшиклари бўлса, айтайлик шифокор, массажчи, ёрдамчи мураббийлар ҳамда администраторнинг микс-зонадан ўтишига зарурат қолмайди. Улар бемалол орқа эшикдан чиқиб кетишлари мумкин. Лекин бош мураббий ва ўйин қайдномасига киритилган барча футболчилар микс-зонадан ўтишлари шарт.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳар икки жамоа бош мураббийи албатта иштирок этади. Шунингдек, учрашувнинг энг яхши футболчиси ҳам матбуот анжуманига киради. Ўйиннинг энг яхши футболчиси ким бўлганини учрашув комиссари мезбон жамоа матбуот котибига маълум қилади.
Тартиб-интизом масаласи
Бундан буён футболчиларга кўрсатилгани каби мураббий ёки клубдаги бошқа персоналлар ҳам ҳакам томонидан сариқ/қизил карточка билан жазоланиши мумкин. Агар жамоа бош мураббийи иккита сариқ карточка ёки тўғридан-тўғри қизил карточка олса, у ҳам футболчиларга ўхшаб кейинги ўйинни ўтказиб юборади. Бу билан ОФК тартиб-интизомга жиддий эътибор қаратмоқчи.
Яна бир янгилик шуки, ҳар бир клуб ОЧЛда кўпи билан 30 нафаргача футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Ва шу футболчилардан учтаси дарвозабон бўлиши шарт. Расмий шахслар (мураббийлар штаби ва клуб раҳбарияти) сони 20 нафаргача белгилаб қўйилди.
Тартиб деганда ўйиндан олдинги расмий машғулот пайтида юз берадиган бир ҳолатни айтиб ўтмасак бўлмайди. Яъни, журналистлар учун ҳар доим расмий машғулотнинг дастлабки 15 дақиқасини кўришга рухсат берилади. Шундан сўнг барча ОАВ ходимлари майдонни тарк этиши керак. Лекин шундай ҳоллар бўладики, жамоалар майдонга чиқиб келгач, дастлабки беш дақиқа мураббийнинг футболчилар билан гаплашишига ўтиб кетади.
Секин-аста чигалёзди машқлар бошланди дегунча қарабсизки 15 дақиқа ўтиб қолган бўлади ва журналистларнинг майдонни тарк этишига тўғри келади. Бундан кўпроқ фотосуратчилар азият чекиб қолмоқда. Чунки улар ўзлари хоҳлагандек расм олишга улгурмаяпти. Энди маза қилиб машғулотни суратга туширай деса 15 дақиқа ўтиб кетган бўлади.
ОФК медиа департаменти бошлиғи Четан Кулкарни бу ҳақда шундай деди: "15 дақиқа қачонки майдонга тушиб келган охирги футболчи майдон чизиғини кесиб ўтганидан сўнг бошланади. Фараз қилинг, ҳамма футболчилар майдон ичида. Лекин биттаси ташқарида бутсасининг ипини боғлаяпти. Машғулот бошланадиган пайт бўлиб қолган бўлса ҳам ОАВ учун 15 дақиқа бошланмай туради. Қачонки ўша футболчи майдонга кирса кейин дақиқаларга старт берилади. Айтайлик, мураббий машғулотнинг дастлабки беш дақиқасини футболчилар билан гаплашиб ўтказди, бундай пайтда 15 дақиқа ўтиб кетган бўлса ҳам клуб матбуот котиби ўз мураббийи олдига бориб журналистлар яна озроқ қолмоқчи эканини билдириши мумкин".
Тартибсизлик ва жазо
Албатта, ҳар бир ишда тартиб бўлгани яхши. Тартиб бўлмаган жойда унум бўлмайди. Футболда ҳам шундай, энг аввало тартиб-интизом бирламчи ўринда бўлиши шарт. ОЧЛга бағишланган семинарда ҳуқуқ бўйича мутахассис Жеррард Танг бир нечта масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Биринчиси, бу футболчиларнинг четлатилиши билан боғлиқ вазият. Осиё чемпионлар лигасида иккита сариқ карточка олган футболчи кейинги баҳсни ўтказиб юборади ва буни кўпчилик яхши билади. Тўғридан-тўғри қизил карточка олган футболчига нечта ўйин берилишини ОФК тартиб-интизом қўмитаси ҳал қилади. Бу энди қўполлик қай даражада амалга оширилганига боғлиқ.
- Футболчи рақибига нисбатан ўта қўпол ўйнаб майдондан четлатилса, камида иккита ўйинга дисквалификация қилинади.
- Футболчи сўкса ёки куракда турмайдиган сўзлар билан ҳакам ёки бошқани ҳақорат қилса четлатиш 3та ўйиндан икки ойга чўзилиши мумкин.
- Футболчи атайин тепса ёки юзига туфласа жиддий жазо қўлланилади. Бу ўринда футболчини камида 15 ўйин ёки бўлмаса 12 ойлик дисквалификация кутиб турган бўлади.
- Атайин тирсаги билан рақибга зарба берган ёки қасддан тепган футболчи 10та ўйин ёки бўлмаса 6 ойга четлатилади.
- Бундан ташқари ОЧЛда қатнашадиган ҳар бир клуб ҳар бир сариқ карточка учун 300 доллар, қизил карточка учун 600 доллардан жарима сифатида ОФКга тўлаб боради.
Мезбон жамоага қандай ҳолларда жарима қўлланилиши мумкин? Агар мезбон жамоа уй стадионида қуйидаги ҳолатлар бўйича тартибсизлик юзага келса ОФК жазога тортади:
1. Стадионда фейрвек уюштирилса (жарима 5 мингдан 20 минг АҚШ долларигача);
2. Футболчилар кўзига лазер туширилса (жарима 2000 доллар);
3. Майдонга пластик ёки шиша идишлар отилса (жарима 2000-5000 доллар оралиғида).
Бевосита клубларга қўлланиладиган жазо турлари ҳам бор:
- Матбуот анжуманига киришдан бош тортиш (жарима 10 минг доллар);
- Учрашув расмийларининг микс-зонадан ўтмаслиги (жарима 10 минг доллар);
- Интервью бермаслик (жарима 10 минг доллар);
- Тиббиёт хонасини керакли жиҳозлар билан тўлдириб қўймаслик (жарима 20 минг доллар);
- Допинг-назорат хонаси бўлмаслиги (жарима 10 минг доллар);
- Кийим алмаштириш хонасида керакли жиҳозларнинг бўлмаслиги (жарима 10 минг доллар);
- Тиббиёт ходимларига зарур шароит йўқлиги (жарима 20 минг доллар).
11 декабрь куни Осиё чемпионлар лигасига атаб ўтказилган тадбир якунида бўлим бошлиғи Павел Лузанов шундай деди: "Жарималарни қўллашдан мақсад, клубларга жарима солиб уларни жазолаш эмас, балки ҳаммани тартибли бўлишга чақиришдир. Зеро тартиб-интизом бор жойда иш унумдорлиги ҳам бўлади. ОФК клублардан тушадиган жарималар сабаб бойиб қолмайди, аксинча клублар ютишда давом этаверса биз мукофот ажратамиз".
Умуман олганда Павел Лузановнинг фикрида жон бор. Чунки ҳаммамиз стадионга чиройли ўйин кўриш учун борамиз, бировнинг жанжалини ёки тортишувини томоша қилиш учун эмас. Лекин Осиё чемпионлар лигаси нуфузини янада ошириш учун белгилаб қўйилган қатъий қоидалар ҳам бўлиши керак. Мана шу қоидалар сабаб регламент ишлаб чиқилади ва ҳамма унга бирдек амал қилишига тўғри келади.
Х.Холиқов.
Comments