“Нефтчи”: Охирги чемпионликка 19 йил
03 apr 2020 10:19
News
“Нефтчи”: Охирги чемпионликка 19 йил
Ушбу чемпионлик фарғоналиклар учун ҳозирга қадар сўнгги муваффақият бўлиб турибди. Ўша чемпионлик мавсуми ҳақида турли маълумотларни ёдингизга солиб ўтишга қарор қилдик.
2001 йил 9 ноябрь. Ўша куни “Нефтчи” аслида 20 июнь куни ўтказилиши лозим бўлган 17-турнинг қолдирилган учрашувида Тошкент вилоятининг “Дўстлик” жамоасини қабул қилди. Ғалаба Юрий Саркисян бошчилик қилаётган жамоанинг тарихда 5-бўлиб олтин медалларга эга чиқишини англатарди. Буни яхши англаган “Нефтчи” дастлабки дақиқалардан олдинга ташланди. Стадионни тўлдириб ўтирган ишқибозлар Умид Исоқов ва Мансур Саидов меҳмонлар дарвозасини ишғол қилганда ажойиб хурсандчилик билан голларни нишонлашганди. Айниқса, ўйиннинг охирги дақиқаларида яқинлашиб келаётган чемпионликни нишонлаш эсда қоларли бўлган. Охир-оқибат учрашув 2:0 ҳисобида фарғоналиклар муваффақияти билан тугади. Стадион эса том маънода “портлади”. Ғалаба, чемпионлик шаҳар кўчаларида байрам қилинганди.
Шундан бери орадан 19 йил вақт ўтди. Ўшандан буён фарғоналик ишқибозлар севимли жамоаларининг чемпионлигига бошқа гувоҳ бўлишгани йўқ. Ўша мавсум, чемпионликни келтирган учрашувни мухлислар ҳалигача мароқ билан эслашади. “Нефтчи”нинг уй ўйинларига ўша пайтларда ишқибозлар ташрифи ўйинга 3-4 соат қолгандаёқ бошланиб кетарди. Фарғона шаҳри кўчаларида ҳақиқий футбол муҳити юзага келарди. Марказий учрашувлар учун чипталар бир неча кун қолгандаёқ сотилиб кетарди. Ўшандай баҳсларни стадиондан томоша қилишнинг ўзи қийин саналарди. Аутсайдерлар келганда ҳам камида 8-10 минг атрофида мухлисларни кўриш мумкин бўларди. Ҳозир эса кўп нарсалар ўзгариб кетган. Чемпионат етакчиларига қарши учрашувларда ҳам стадионнинг тўртдан бири тўлмаяпти.
Шу ўринда Фарғона футболи тарихи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. 1912 йил Фарғона вилоятида дастлабки футбол жамоаси Қўқон шаҳрида "Мускоманда" номи билан ташкил этилган. Сўнг Фарғонада ОСФ жамоаси ташкил этилган. Футбол ўйнашни Фарғона педагогик институти талабалари давом эттиришган. 1954 йил айнан улар “Буревестник” жамоасини ташкил қилишган. 1960 йилдан бу жамоага СССР чемпионати “Б” классида иштирок этиш имкони берилган. “Спартак” номи остида жамоа икки мавсум мусобақаларда қатнашган. 1962 йилдан “Нефтяник”нинг ўзи турнирда қатнашишга киришган. Ҳозирги қиёсга кўра иккинчи лигада узоқ муддат иштирок этган жамоа 1990 йил мавсумни муваффақиятли тамомлаб, биринчи лигага йўлланма олган. Клуб илк мавсумнинг ўзида 7-поғонадан ўрин олишни уддалаган. 1992 йилдан олий лигада қатнашишни бошлаган “Нефтчи” кетма-кет 4 марта Ўзбекистон чемпионига айланган. Кейин “Навбаҳор”, МҲСК, “Пахтакор” ва икки бор “Дўстлик” олтин медалга эга чиққан. Бу йилларда фарғоналиклар кумуш медални қўлга киритишган. Ниҳоят, 2001 йил Юрий Саркисян ва “Нефтчи” биргаликда 5-олтин медалларни тантана қилишганди.
Ўша йилги мавсумни бошидан эслаб ўтсак. “Нефтчи” мавсумга тайёргарлик чоғида ЎФФ Кубогида иштирок этганди. Бу мусобақа “Пахтакор” жамоаси хотира турнири ўрнига ташкил этилганди. Фарғона водийсида жамоалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда қатнашишган. Унда “Нефтчи” икки таркиби билан иштирок этган. Биринчи гуруҳда фарғоналиклар қуйидаги натижаларни қайд этишган:
“Нефтчи” – “Цементчи” – 3:1
“Нефтчи” – “Риштон” – 2:1
“Нефтчи” – “Шаҳрихон” – 2:1
“Нефтчи” – “Косонсой” – 5:1
Финалда эса нариги гуруҳ ғолиби “Навбаҳор” билан тўқнаш келинган. Асосий вақтда Радкевич киритган тўпга наманганликлар жавоб қайтаришган. Пенальтилар сериясида “Навбаҳор” 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган.
Қишки тайёргарлик жараёнида 5 назорат ўйини ўтказилган.
“Нефтчи” – “Есиль” – 1:0 (Исоқов)
“Нефтчи” – “Шахтёр” Қарағанда – 1:0 (Назариков)
“Нефтчи” – “Металлург” Новокузнецк – 3:0 (Тоиров, Р.Дўрмонов 2)
“Нефтчи” – “Андижон” – 3:0 (Холматов, Ни, Князев)
“Нефтчи” – “Шаҳрихон” – 2:0 (Райимжонов, Қўзибоев)
Шу тариқа мавсумга пухта ҳозирлик кўрилган. Мавсумни барқарор ўтказган “Нефтчи” чемпионат тугашига уч тур қолгандаёқ чемпионликни расмийлаштирган. “Дўстлик” билан учрашувда ўша мавсумдаги ўйинлари билан кўпчиликнинг эътиборини тортган Мансур Саидов кўпчиликнинг эътиборига тушганди. Ўша мавсумда чемпионликка ҳисса қўшганлар билан таништириб ўтамиз.
Абдумажид Тоиров ўнг қанотдан уюштирган рейдлари билан рақибларга муаммо туғдирганди. Сурхондарё футболчи тарбияланувчиси саналган Тоиров укаси Мақсуд билан бир неча йил “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилган. Чемпионлик мавсумида Абдумажид 4 голга муаллифлик ҳам қилган. Ҳозир у “Пахтакор” тизимида фаолият юритмоқда.
Акмал Холматов “Нефтчи” аъзоси ва у жамоанинг анъана, қадриятларини белгилаб берувчи, уни ўзида акс эттирган кам сонли футболчилардан бири. Шундай руҳда тўп тепадиган ўйинчилар ҳозирги жамоага етишмаяпти. У бугунги кунда "Odil Junior" футбол академиясида мураббий.
Умид Исоқов айни пайтда тадбиркорлик билан банд. Ўз пайтида у каби ҳужумчилар олий лигада саноқли бўлган. Умид жамоадошлари вазият яратишини кутиб ўтирмасдан ўзи рақиб ҳимоясини ёриб ўтарди. Бир неча футболчини ортда қолдиришни осонгина уддаларди. Ўша мавсумда 32 учрашувда 28 гол урганининг ўзи барчасини кўрсатиб турибди. Бундай турдаги ҳужумчилар олий лигамизда қолмаган.
“Пахтакор” ёшлар жамоасига устозлик қилаётган Станислав Кудряшов ҳар бир ҳолатда охиригача курашиб, мураббийлар берган кўрсатма асосида жуда яхши ҳаракат қилганини эслаймиз. 2001 йил у 32 беллашувда майдонга туширилган.
Сергей Ни ҳужумларни ташкил қилиш йўналишини белгилаб берарди. Жамоадошларини қулай тўп оширишлари билан вазиятларга чиқарарди. Стандарт ҳолатлардан унумли фойдаланишга уринарди. Жуда ақлли футболчи сифатида таассурот қолдирган. Фаолиятини якунлагач, бир қатор клубларда мураббийлик қилди. Ўша йили 15 гол урган.
Владимир Радкевич ҳимоядаги ажойиб ўйинлари билан кўпчиликнинг ёдида қолган. Ҳамиша курашларга тайёр сифатида гавдаланарди. Узоқ масофага яхши тўп оширишларини ишқибозлар таъкидлаб туришади. У Россияда “Ротор”, “Урал”, “СКА-Энергия” клубларида ўйнаган.
Анвар Бердиев хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. У жарима майдони ичида энг хавфли ҳужумчилардан бири саналарди. Қанотдан оширилган тўпларга рақибни ортда қолдириб улгуришнинг ҳадисини олганди. Ўша йили 14 тўп киритган. Ҳозир Фарғонанинг “Истиқлол” клубида мураббий бўлиб ишламоқда. Олий лигада гол уриш бўйича мутлоқ рекордчи ҳисобланади. 2003 йилги оғир жароҳатдан кейин ҳам фаолиятини давом эттиргани, 40 ёшида олий лигада гол уришда давом этгани таҳсинга лойиқ.
Ўша мавсум асосий дарвозабон вазифасини бажарган Георгий Забиров фарғоналик мухлислар ёдида яхши хотиралар билан қолган. Гоша жамоа олдинда бораётган пайтда тўпни ўйинга киритишда ўта айёр ҳаракат қиларди. Ўша йили 31 учрашувда дарвозасидан 24 тўп ўтказиб юборган. Ишончли ўйинлари билан ажралиб турарди.
Рустам Дўрмонов чемпионлик мавсумида 26 беллашувда 7 тўп киритган. Ўз даврида юртимиздаги энг кучли ҳужумчилардан бири “Навбаҳор”да қисқа муддат бош мураббий бўлди. У жамоанинг кучли, чўққига чиққан дамларида “Нефтчи” билан бирга бўлган. Айниқса, Равшан Бозоров билан ажойиб жуфтлик ҳосил қилишганди.
Отабек Шомуродов ярим ҳимояда фойдали ҳаракатлари билан ҳурматга сазовор бўлган. Ҳозир унинг жияни Элдор “Ростов” ва миллий терма жамоамизда яхши ўйинлари орқали мухлислар меҳрини қозонмоқда. Саркисян Отабекни терма жамоага ҳам жалб этганди.
Абдусамад Дўрмонов укаси Дўрмон билан биргаликда Фарғонада кўплаб муваффақиятларга эришган. Ҳар иккиси Юрий Вазгеновичнинг меҳрини қозонгани сабабли футболчилик фаолиятини тугатгандан кейин клуб тизимида ишлашга қолишганди. Орада катта Дўрмонов жамоадан кетди, лекин барибир уни ортга қайтаришди. Айни пайтда Абдусамад “Нефтчи” учун меҳнат қилишда давом этмоқда.
Мансур Саидов фаолиятини асосан бир клубда ўтказиб келяпти. Ўз-ўзидан “Нефтчи”да экани тушунарли. Тушунарсиз ҳолат юзага келган пайтда водийнинг бошқа жамоасида ўйнаб турди. Ўша йили у ўзининг ажойиб ўйинлари билан мухлислар эътиборига тушганди. Мавсум кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилганди. 23 учрашувда 3 тўп киритган. Улардан бирини “олтин” беллашувда “Дўстлик” дарвозасига урган.
Украиналик ҳимоячи Валентин Поддубний баҳайбат кўриниши билан ҳар қандай рақибни чўчитиб юборишга қодир эди. Ҳаводаги курашларда дарвозабонлардан устун кела оларди. Ўзбекистондаги фаолиятидан ташқари Қозоғистон ва Украина клубларида тўп тепган. “Насаф”да ҳам ишончли ўйинлари билан ёдда қолган.
Шерзод Райимжонов майдонни яхши кўриши билан кўзга ташланарди. Турган жойининг ўзида тўпни аниқ ошириб, ҳужумни кутилмаганда кескин кўринишга олиб келарди. Шундай типдаги диспетчер футболчилар ҳозир камайиб кетганини тан олишимиз лозим.
Якуб Меметов ва Равшан Маталиев ҳам ҳимоядаги ўйинлари билан ёдда қолишган. Кейинчалик улар Россияга кўчиб кетишгани тўғрисида эшитганмиз. Уларни кўплаб ишқибозлар яхши гаплар билан эслаб туришади.
Қирғизистонлик Илья Коваленко кейинроқ жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бирига айланганди. Баъзида у ўта қулай имкониятлардан фойдалана олмасди, бироқ баъзан жуда қийин вазиятлардан дарвозани ишғол этарди. Бўйи баландлиги сабабли кўпроқ ҳаводаги яккакурашларга кўпроқ киришарди. “Нефтчи”дан сўнг “Металлург”да тўп тепди. Кейинги тақдири қандай кечгани ҳақида маълумотга эга бўлмадик.
Темур Кападзе ўша йили ҳужумда ўйнарди. Ўринбосарлар сафида тўпурарлик маҳоратини кўрсатган. 2001 йил олий лигада 8 баҳсда 2 тўп киритган. Ҳар икки голни Фарғонада “Пахтакор”га қарши учрашувда киритгани қизиқ ҳолатлардан биридир. Натижада кейинги мавсумни у Тошкентда бошлаганди. Кападзе футболимиз тарихида энг совриндор ўйинчилардан бирига айланди.
Александр Писарев чиройли голлар уришда беназир ўйинчилардан бири сифатида таассурот қолдирган. Чалқанча ва акробатик голларни тез-тез уриб турарди. Кейин юртимизда бошқа жамоалар сафида ўйнади. Яқин пайтларда у ҳақида маълумотга эга бўлмадик.
Ҳимоячи Виталий Петров ўша йили “Металлург” таркибида ҳам ўйнаган. Кейинчалик Россияга кўчиб кетгани айтилганди.
Дарвозабон Владислав Филиппов кўп йиллар Фарғонада ишқибозларнинг меҳрини қозонган футболчилардан бири эди. 1990-йилларда жамоанинг ғалабаларига катта ҳисса қўшган. Ўша йили 5 ўйинда 3 гол ўтказган. Фаолиятини тугатгандан сўнг Россияда қолгани тўғрисида гаплар бор.
Антон Назариков айни пайтда Россия қуйи лигаси иштирокчиларидан бири Медвежьи Озёра шаҳрининг “Медведи” клубида бош мураббий бўлиб ишлаётганини билдик. 2001 йил у 3 учрашувда майдонга туширилганди.
Мақсуд Тоиров кейинроқ асосий ўйинчилардан бирига айланди. Чап қанотда ишончли ҳаракатлари билан олқишларга сазовор бўлган.
“НЕФТЧИ”-2001
Футболчи | Туғ.сана | Ўйин | Гол |
Абдумажид Тоиров | 05.08.1974 | 33 | 4 |
Акмал Холматов | 04.04.1976 | 33 | 7 |
Умид Исоқов | 22.12.1978 | 32 | 28 |
Станислав Кудряшов | 20.08.1975 | 32 | - |
Сергей Ни | 03.08.1975 | 32 | 15 |
Владимир Радкевич | 31.03.1976 | 32 | 5 |
Анвар Бердиев | 11.05.1978 | 31 | 14 |
Георгий Забиров | 01.06.1974 | 31 | -24 |
Рустам Дўрмонов | 28.01.1969 | 26 | 7 |
Отабек Шомуродов | 21.07.1974 | 26 | - |
Абдусамад Дўрмонов | 15.11.1965 | 23 | - |
Мансур Саидов | 01.11.1983 | 23 | 3 |
Валентин Поддубний | 05.07.1974 | 22 | 1 |
Шерзод Райимжонов | 28.04.1979 | 19 | 1 |
Якуб Меметов | 09.07.1975 | 16 | - |
Равшан Маталиев | 05.03.1978 | 12 | - |
Илья Коваленко | 17.04.1980 | 9 | 1 |
Темур Кападзе | 05.09.1981 | 8 | 2 |
Александр Писарев | 21.07.1973 | 8 | 3 |
Виталий Петров | 01.04.1974 | 6 | - |
Владислав Филиппов | 22.05.1971 | 5 | -3 |
Антон Назариков | 02.07.1980 | 3 | - |
Мақсуд Тоиров | 13.01.1978 | 2 | - |
2001 йилги мавсумда турнир жадвали якунда қуйидагича кўриниш олган:
1. | “Нефтчи” | 34 | 27 | 3 | 4 | 93-27 | 84 |
2. | “Пахтакор” | 34 | 23 | 3 | 8 | 72-32 | 72 |
3. | “Насаф” | 34 | 22 | 5 | 7 | 80-45 | 71 |
4. | “Навбаҳор” | 34 | 20 | 1 | 13 | 79-52 | 61 |
5. | “Академия” | 34 | 16 | 11 | 7 | 72-45 | 59 |
6. | “Қизилқум” | 34 | 16 | 5 | 13 | 48-35 | 53 |
7. | “Андижон” | 34 | 15 | 3 | 16 | 64-58 | 48 |
8. | “Бухоро” | 34 | 15 | 3 | 16 | 57-58 | 48 |
9. | “Дўстлик” | 34 | 14 | 5 | 15 | 73-60 | 47 |
10. | “Сўғдиёна” | 34 | 14 | 5 | 15 | 45-51 | 47 |
11. | “Трактор” | 34 | 13 | 7 | 14 | 54-58 | 46 |
12. | “Динамо” | 34 | 14 | 3 | 17 | 62-68 | 45 |
13. | “Зарафшон” | 34 | 11 | 7 | 16 | 50-59 | 40 |
14. | “Металлург” | 34 | 9 | 12 | 13 | 42-60 | 39 |
15. | “Сурхон” | 34 | 12 | 2 | 20 | 42-71 | 38 |
16. | “Кимёгар” | 34 | 9 | 7 | 18 | 36-60 | 34 |
17. | “Турон” | 34 | 8 | 6 | 20 | 36-77 | 30 |
18. | “Семурғ” | 34 | 2 | 4 | 28 | 36-125 | 10 |
Беҳзод НАЗАРОВ.
Comments