Latest news

00:4437 ёшли Куадрадонинг янги клуби маълум  4 00:11Вирц "Ливерпул"да қайси рақамни олди?  2 23:42Отабек Нарзуллаев: "Менга ёққан томони - футболчиларимиз охиригача курашди"  0 23:22Камолиддин Тожиев: "Танаффусдан кейин тезда тонусга тушиб олиш осон эмас"  2 23:10Миржалол Қосимов: "Иккинчи даврани ғалаба билан бошлашни мақсад қилгандик"  1 22:55"Истанбул Башакшехир" ўртоқлик ўйинида "Истанбулспор"ни минимал ҳисобда мағлуб этди, Шомуродов ва Файзуллаев баҳсда иштирок этди  10 22:49Улуғбек Бакаев: "Футболда шунақа: сен урмасанг, сенга уришади"  6 22:20Manchester Evening News журналисти "Ман Сити"нинг Ҳусанов бўйича режаларини хабар қилди  5 21:58Суперлига. "Пахтакор" "Машъал" устидан минимал ғалабага эришди  37 21:55Суперлига. ОКМК Қаршида "Бухоро"дан устун келди   17 21:35Тадич янги клубга ўтди  0 21:05"Бавария" футболчиси Лондон клубига ўтади  1 19:53"Ливерпуль" келаси мавсум учун либосларини тақдим этди  12 19:27Сюрприз! Балотелли Испаниянинг 3-дивизион клубига ўтиш арафасида  4 18:34Исак "Ливерпул"га ўтишни истамоқда, "Ньюкасл" эса қарши  6

"Насаф" ёзги трансфер ойнасини қандай ўтказди? Скаут мулоҳазаси News

"Насаф" ёзги трансфер ойнасини қандай ўтказди? Скаут мулоҳазаси

Tags :  Насаф
"Насаф"нинг ёзги трансфер ойнасида келиб қўшилган янги футболчиларини таҳлил қиламиз.

Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси ёпилди. Ҳар бир клуб Суперлигадаги танаффус давомида у ёки бу тарзда ўз сафини кучайтирмоқчи бўлди. Турнир жадвалининг юқори қисмида жойлашган клубларнинг трансферлари катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатнинг амалдаги чемпиони "Насаф" ёзги трансфер ҳаракатини турлича ўтказди.


Муаммоли позициялар

Аввало, қайси позициялар кучайтиришни талаб қилганини аниқлаб олайлик.

Акмал Мозговой кетганидан сўнг, "Насаф" ярим ҳимоячига жуда муҳтож бўлиб қолди, айниқса ҳимоя ва ҳужумни боғлайдиган "жангчи" типидаги ўйинчига. Мозговой рақиб дарвозаси олдида етарлича самарали эди – ҳеч бўлмаганда ўтган йили "Насаф"га чемпионликни келтирган чалқанча услубдаги голини эслаш кифоя. Умуман олганда, Акмал бир ярим йил ичида (2024 йилги мавсум ва 2025 йилги мавсумнинг ярми) Суперлигадаги 38 та ўйинда 5 та гол урган ва 4 та голли узатма амалга оширган – ярим ҳимоячи учун яхши кўрсаткич.

Қишда "Насаф" ўзини оқламаган ва охир-оқибат клубни тарк этган Рубин Хебай билан шартнома имзолади. Шу тариқа, қаршиликларга иккинчи ҳужумчи керак эди – ҳозирда жамоада фақат Норчаев ва Черан қолди (Черан кўпроқ орқароқда, "эркин ижодкор" сифатида ўйнайди).

Қолган барча позицияларда, у ёки бу тарзда, яхши рақобат кузатилади ва ҳар бир позицияга камида иккита ўйинчи тўғри келади.

Янги футболчиларнинг ўйин услуби

Ёзда "Насаф" учта янги футболчи билан шартнома имзолади:

1) Аденис Шала - 26 ёшли косоволик вингер, Македония чемпионатида ўйнаган;

2) Юсуф Отубано - 32 ёшли нигериялик ҳужумчи, сўнгги беш йил давомида Арманистонда ўйнаган;

3) Кингсли Сокари - нигериялик 30 ёшли марказий ярим ҳимоячи, "Насаф"га ўтишидан олдин Кувайтда ўйнаган.


Ҳар бирининг ўйинини кўриб чиқамиз. Шаладан бошлаймиз.

Шала ҳужумнинг иккала қанотида ҳам ўйнай оладиган вингер ҳисобланади. У паст бўйли (Transfermarkt маълумотларига кўра - 171 см), етарлича тез ва чаққон. Типик жиҳатдан Ойбек Бозоровга жуда ўхшайди. Унинг умумий фаоллиги ва ишчанлигини таъкидлаш лозим. Бўш нуқталарга яхши очилади ва позиция танлайди. Орқага ва ёнга кўп узатма беради, бу қанот ҳужумчиси учун унчалик яхши эмас. Тўпни яхши бошқаради, ўртача дриблинг қилади (ҳар бир ўйинда 3,4 уриниш, 65,9% муваффақиятли). Жамоавий ўйинда яхши ҳаракат қилади: бир ўйинда ўртача 1,6 та муҳим узатма, 2 та қанотдан узатма (38,8% аниқ), 2,3 та жарима майдонига узатма амалга оширади. Аксарият вазиятларни бўш ҳудудларда яратади. Агар ўйин зичроқ ва шиддатлироқ бўлса, унда муаммолар юзага келиши мумкин.

Умуман олганда, уни асосий рақобатчилари – Ойбек Бозоров ва Стефан Чоловичдан ажратиб турадиган ҳеч нарсани кўрмадим. Катта эҳтимол билан у "ротация ўйинчиси" сифатида кўрилади ва шерикларини алмаштиради. Асосий афзалликлари – тезлиги, чаққонлиги, иккала қанотда ўйнаш қобилияти ва ёши (26 ёш – энг гуллаган давр). Ўзбекистон чемпионати Македония чемпионатидан савияси баландроқ эканини инобатга олиб, бунга озгина тузатиш киритиш керак. Умумий баҳо: 10 баллдан 6,5 / 7.

ВИДЕО


Навбат Отубанога келди. 32 ёшли ҳужумчига баҳо беришда у "Насаф"га ўтгунга қадар тўп тепган Арманистон чемпионати ҳам Македония чемпионати каби шиддатли эмаслиги кўзга ташланди. Суперлигада ҳам тезлик доим юқори эмас, лекин Арманистон чемпионатида ундан ҳам пастроқ. Олий даражадаги легионерлар тўпланган араб мамлакатлари клубларига қарши Элита Чемпионлар Лигасида Отубанонинг ўйинини кузатиш қизиқ бўлади. Юсуфнинг сермаҳсуллиги чалғитмаслиги керак: ўтган мавсум Арманистон чемпионатида "Пюник" сафида урилган 14 голдан 5 таси пенальтидан урилган. Шу тариқа, паст интенсивликдаги лигада 25 ўйинда Отубано 9 та "ўйиндан" гол урди.

Отубано ўйин услуби жиҳатидан Жоэль Кожога ўхшайди. Юсуфнинг тезлиги ёмон эмас, лекин уни тезкор ҳужумчи деб бўлмайди. Эҳтимол, бу ёш билан боғлиқдир ва илгари нигериялик ҳужумчи илдамроқ бўлгандир. Тўпни яхши даражада бошқаради, яхши дриблинг қилади, лекин баъзан ўйинга берилиб кетиб, тўпни узоқ ушлаб туради. У ҳар бир ўйинда ўртача 3,9 марта алдаб ўтишга уринади, шундан 53,5% муваффақиятли чиқади. Ҳужумчи учун бу жуда яхши рақамлар ҳисобланади. Жамоавий ўйинда ўртача ҳаракат қилади: бир ўйинда 0,9 та муҳим узатма, 1,8 та жарима майдонига узатма амалга оширади.

Позиция танлаш ва очилишда яхши даражага эга. Гол уриш ҳиссиёти мавжуд, қаерда ва қачон пайдо бўлиш кераклигини билади. Бироқ голли вазиятларини амалга ошириш даражаси паст – кўринишидан умумий голли вазиятларининг тахминан 20-25 фоизини маромига етказади. Зарба беришга моил: ҳар ўйинда 38,3% аниқлик билан 2,8 та зарба. Кўпинча тайёрланмаган ҳолатлардан зарба беради – масалан, учиб келаётган тўпни қабул қилиб, ўзига қулай вазият яратиш ўрнига тўғридан-тўғри зарбани амалга оширади. Ерда тўп учун курашда яхши кўрсаткичларга эга – 19,7 та яккама-якка кураш, 41,3% ғалаба. Ҳаводаги тўп учун курашда аҳвол анча ёмон – 1,7 та яккама-якка кураш ва атиги 17,5% ғалаба. Кўрганларимизни умумлаштириб ва Арманистон чемпионати даражасини ҳисобга олиб, Юсуф Отубаньони ҳам 10 баллик тизимда 6,5 / 7 балл билан баҳолаш мумкин. Менимча, у ҳам Шала каби ротация ўйинчиси бўлади, асосий эътибор эса аввалгидек Норчаевга қаратилади.

ВИДЕО

Ҳимоячи Кингсли Сокарига келсак, WyScout’да фақат унинг 2023/2024 йилги мавсумда Мисрнинг "Фарко" жамоасидаги ўйинлари мавжуд. Охирги ўйин 2024 йил июнда бўлиб ўтган. Шу сабабли, Сокарини баҳолай олмадим, чунки бир йил олдинги ўйинлар асосида ўйинчини баҳолаш жуда қийин ва хавфли. Бу вақт ичида кўп нарса ўзгариши мумкин.

"Насаф"га ўтишидан олдин 30 ёшли нигериялик Кувайтнинг "Казма" жамоасида тўп тепган. Кўпчилик Кувайт чемпионатининг даражасини билармикан? Шахсан ўзим билмайман, лекин Суперлига ундан кучлироқ бўлса керак. Македония ва Арманистондан кучлироқ бўлгани каби.

"Насаф" Шала, Отубаньо ва Сокарини "қолдиқ тамойили" асосида жамоага қўшиб олгандек туюлади. Эҳтимол, клубда бошқа, қизиқарлироқ вариантлар бўлгандир, аммо турли сабабларга кўра улар амалга ошмаган. Буни билвосита ҳар учала трансфер сўнгги кунларда эълон қилингани ҳам тасдиқлайди. "Насаф"нинг имкониятлари ва Элита Чемпионлар Лигасида иштирок этаётганини ҳисобга олсак, клуб сифатлироқ футболчилар билан шартнома имзолаши керак эди. Эҳтимол, бундай мақсад бўлмаган ва вазифа фақат таркибни кенгайтириш, айнан ротация учун ўйинчиларни олиш бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Рақиблар билан таққослаш

Асосий рақибларнинг кучайганига гувоҳ бўлган пайт "Насаф" трансферлари қизиқарли кўринади:

"Пахтакор" – Ҳожимат Эркинов, Азизбек Турғунбоев, Бобир Абдихолиқов, Зайд Таҳсин (Ўринбоев, Азмиддинов, Абдуллаев, Жўрақўзиев, Ҳошимов, Усмонов, Саиднуруллаев, Лукка кетди);

"Нефтчи" – Жоэль Кожо, Сильванус Нимели, Алишер Одилов (Болтабоев, Табатадзе, Ғиёсов, Гадоев кетди).

"Пахтакор" ҳам, "Нефтчи" ҳам асосий таркибга ёрдам бера оладиган ўйинчиларни олишди. Шу билан бирга, иккала клуб ҳам етарли ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчилардан халос бўлиб, маош харажатларини камайтирди. "Пахтакор" эса Ўринбоевни сотишдан фойда кўрди (бундан ташқари, Аббос Файзуллаевнинг ЦСКАдан "Истанбул Башакшеҳир"га трансферидан ҳам улуш олади). Янги ўйинчиларга келсак, Таҳсиндан ташқари барча юқорида санаб ўтилган футболчилар Суперлига ва Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари ўйинларини кузатиб борадиган мухлисларга яхши таниш.

"Динамо", "Бунёдкор", ОКМК ва "Навбаҳор"да эса бироз камтаринроқ трансферлар амалга оширилди:

"Динамо" – Улуғбек Ҳошимов, Жаҳонгир Абдусаломов, Дмитрий Плетнев, Маҳмуд Маҳамаджонов.

"Бунёдкор" – Валижон Раҳимов, Матия Кривокапич (Ҳамробеков, Качорри, Абдунабиев, Амонов кетди);

ОКМК – Ҳамидулло Абдунабиев, Иброҳим Йўлдошев, Шаҳзод Тоиров (Раҳмонов кетди);

"Навбаҳор" – Жамшид Болтабоев, Муҳаммадали Ғиёсов, Жулио Сезар (Одилов ва Карпович кетди).

"Бунёдкор" сезиларли даражада кучсизланди – "тавофут яратувчи" Ҳамробеков ва Качорри кетди. Биринчи даврада пешқадамлардан бири бўлган Алишер Одиловнинг кетиши "Навбаҳор" ўйинига катта эҳтимол билан таъсир кўрсатади. Бу ерда ўзбек футболи мухлислари учун янги номлар – Матия Кривокапич ва Жулио Сезар.


Хулоса

"Насаф" ёзги танаффусда кучаймаганини айтиш мумкин. Албатта, янги келган ўйинчиларнинг қанчалик фойдали бўлишини фақат вақт кўрсатади. Бироқ дастлабки таассуротга кўра, жамоага келган футболчилар сифат қўшиши эҳтимолдан узоқ, шунингдек, Акмал Мозговойга муносиб ўринбосар ҳам топилмади. Эҳтимол, Шала, Отубано ва Сокари ОЧЛ Элита Лигасида "Насаф"га ёрдам бера оладиган даражадаги ўйинчилар эмасдир.

Суперлигада "Насаф", албатта, чемпионликкача "етиб бориши" мумкин. Агар қаршинликлар унвонни сақлаб қолишса, бу ўтган йилги "захира"си ва бир неча йил давомида шаклланган жамоа асосида эришилган ҳисобланади.

"Насаф"нинг ёзги янги аъзоларидан бирортаси мавсум якунида жамоани тарк этса, ҳайрон бўлмайман. Сўнгги йилларда қаршиликлар трансфер бозорида бир неча бор хатога йўл қўйишди – Андрес Чавес, Темур Чогадзе, Виктор да Силва, Валентино Юэл ва Рубин Хебайни эслаш кифоя. Уларнинг барчаси ўзини кўрсата олмади ва тез орада клубни тарк этди.

 

Муаллиф: Николай Егоричев

P.S. Таҳририят фикри муаллиф фикрига мос келмаслиги мумкин.

Rating: +4   

Comments

+2   
01 aug 11:47:40
Rasul M
Negativ maqola..trnsferlar ozini oqlaydi Nasib qilsa...koplab futbolchilar bor omadsiz mavsumlar ortidan ochilib ketgan...Elite championlar ligada Nasaf yaxshi qatnashadi menimcha chunki Nasafda oyin nomlarga emas Jamoa ichki muxitiga qarab tuzilgan...
+2   
01 aug 11:34:34
Тўлқин Хайит
Ҳа, Рўзиқул Бердиевга ва Насаф ёшларига куч қувват берсин янги трансфердан умуд йўққа ўхшайди. Оловли ўйинлар олдинда турибди. Аллохим ўзинг нима бўлса шарманда қилма.
+1   
01 aug 14:01:28
muzaffarov1970@gmail.com
Насафга келган легионер уйинчиларини уйинларини видеосини куриб уларнинг кандай туп суришларини куриб шундай хулосага келдим. Шалани уйин услубини куриб яхши тухтамга келдим. Яхши хужумларни ташкил килиб бир нечта чиройли киритган голлари мактовга сазовар. Энди бу маколага келтирилган Насаф легионери хакидаги хулосага куп хам кушилмаган булар эдим. Хали бу уйинчиларини уч туртта уйинларини куриб кийин хулоса килиш керак.Юсуф хам яхши хужумларни ташкил килиб у хам чиройли голлар киритган. Учунчи легионер тугрисидаги уйинчи хакида Бир нарса дийаолмайман. Очиги жужани кузда санаймиз. Насафга омад тилаган холда барча уйинларида галаба тилаб коламан.
   
01 aug 20:47:58
Sayfuddinovich86
Nimaga asosiy raqiblar orasiga o'rtamiyona Bunyodkor, Paxtakor kabilarni qo'shgansiz, muallif?
   
01 aug 19:06:02
Football Onlooker
Муалифга савол: қайси жамоани леганер футболчиси махалийлардан яққол ажралиб махалий боллардан 2 бош устин эканлигини кургансиз? Деярли хаммаси узимизи футболчилардек,масалан Ойбек Бозоров каби футболчини УЗБдан топиб харид қилиш мкмкинми? Йуқ,четдан эса бундай футболчилпрни унча қиммат булмаган нархда олиб келса булади,масалан Ойбек хам инсон,у хам чарчайди травма олади,шундай пайтларда уни урнини босадиган футболчи жамоада булиши керакми? Керак албатта,жамоа мурабийлари имено шуларни уйлаб бу болани жамоага таклиф қилишган,жаноб муалиф хазратлари Арманистон футболини УЗБ футболидан пастга уришига шунчаки кулиб қуйдим ) Арманлар футболи паст булгани учун уртоқликларда бир неча бор бизни термани ютишганмиди? Хатто азарлар хам бизни осонлик билан ютиб кетишларини куп ва хуп курганмиз,муалиф хазратлари далбаёплардек фекир езганлар ЖЧ чиқанимиз учунми УЗБ футболини осмонга олиб чиқиб қуйганлар))) дейлик жахон юлдузлари даражасидаги леганерлпрни хеч бир жамоамиз олиб келолмаслигини муалиф билмайдими? Билади,(ундайлар УЗБга келмайлиям)проста бутда Насафни пастга уришга уринган халос,масалан шу кеча кундузда энг яхши леганер Дориев хисобланади,курябмиз узимизда Доревни хам ёпиб қуя оладиган жамоалар борлигини куриб келябмиз,бу билан Дориев ёмон еки узимизини махалийлардек дея олмаймиз,холайизми йуқми Дориевдек махалий футболчи узимизда йуқ ,демак Дориев керакли пайтларда жамоасига мухим очколарни олишига катта ердам бериб келябди,Насафдаги Коливич тугрисидаям шу фекирдаман,Коливични хам уйини яхши чиқан пайтлари жамоа учун жуда катта фойда берябди,леганерлардан бундан ортиғини кутиб булмайди,леганерам сехргар булмайди у хам одий футболчи булади,фақат жамоасига купро фойда келтиради халос
   
01 aug 11:39:37
Obidjon
Shaxsan men Nasaf muxlisi sifatida elit Ligada hech qanday ijobiy natija kutmayapman. Zoʻrma zoʻraki transferlar amalga oshirildi. Ilohim tasavvurlarim notoʻgʻri chiqsin.Omad Nasafga
   
01 aug 11:33:35
Xojiakbar
Hurmatli sayt xodimlari. Super liga 2-davra to'liq taqvimini chiqarib beringlar.
   
01 aug 11:25:49
Шухрат Эргашев
Нима хам дердик, хаммасини майдонда курамиз. Омад барча клуб ва уйинчиларга. Хакиатдан хам маркетинг, уйинчилардан пул килишга Пахтакор тажрибаси купрок, Насаф хам ёш уйинчилар билан узокрок муддат шартнома тузиб трансферлардан пул ишласа булади, Насафда ёш иктидорлар жуда куп, факат уларни уйинларга жалб киладиган мураббийлар "халол", узокни кура биладиган булиши керак, назаримда.
-1   
01 aug 17:51:20
RADIANT_1
Nasafning 20 yillik muxlisi sifatida aytishim kerakki, Nasaf o'zi ligeonerlardan umuman voz kechib bor e'tiborini va mablag'ini Akademiyani kuchaytirishga sarflasa yaxshi bo'lardi. Shu xorijlik bir tiyinga qimmat futbolchilarni yarim puliga ham xorijlik zo'r trenerlarni mutaxasislarni chaqirib akademiyani kuchaytirsa bo'ladi. Xuddi Ayaks, Dortmund, LaMasia maktablari kabi jahon darajasidagi zo'r o'yinchilarni yetishtirishi va ularning keyingi transferlaridan foiz ulushi olishi kerak. Shunda ham klubga, ham o'zbek futboliga ham terma jamoaga foydali bo'lgan bo'lardi.
championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика