Latest news

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  5 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Намангандаги таассурот: Мухлислар эркатойи - "Навбаҳор" News

Намангандаги таассурот: Мухлислар эркатойи - "Навбаҳор"

Суперлигадаги энг "қайноқ" ва марказий ўйинни бевосита стадиондан кузатиш учун кеча ижодий гуруҳимиз билан Наманган сари йўлга отландик.

Бир нарсани олдиндан айтишни истардим, кечаги фантастик муҳитда ўтган учрашувга борганимиздан ҳечам афсусланмадик. Ҳар қандай футболни безаб берадиган энг асосий жиҳат - мухлислар. Айнан муҳитнинг гўзаллиги учрашувни безантириб берди.

ЎЙИН

Баҳс ҳаяжон ва майдондаги нуқсонлар туфайли техник хатолар билан бошланди. Жамоалар кеча чиройли комбинацион футбол кўрсатишмади. Бунга аввало майдон ҳолати йўл қўймади. Аммо ўйиндаги кескинлик, шиддат ва азарт майдоннинг ҳар бир қаричидаги курашда сезилиб турди.

Чемпионлик йўлида курашаётган бу икки жамоанинг ўзаро ўйини принципиал жиҳатдан энг юқори даражага чиқаётганини пайқамасликнинг иложи йўқ. Шу боисдан ҳам ўйин аҳамияти иккала жамоа учун финалга тенг кўрилди.

Ўйинда ташаббус меҳмонлар тарафида бўлди. Гарчи "Пахтакор" бу майдонда ўз ўйинини намойиш этолмаган бўлсада,  баҳс меҳмонлар назорати остида ўтди.  Дастлабки дақиқаларда юзага келган қулай вазиятни Чераннинг якуний қарорни кечиктиргани ва тўпни оширишдаги хатоси кўкка совурди. Шунингдек, Исмоил Гонсалвеш ҳам ҳисобни очиш учун яхшигина имкониятни қўлдан чиқарди.

"Навбаҳор" эса асосан қарши ҳужумлар ёки вужудга келиши мумкин бўлган стандарт вазиятларига таяниб ўйнади. Бу эса якунда ўз мевасини берди, десак ҳам муболаға бўлмайди. Тўғри, жамоа дастлабки голини стандарт вазиятидан эмас, ўйиндан киритишга эришди. Чап қанотдан бошланган ҳужум дарвоза устуни орқали рикошет хосил қилиб, тўп Аюбхон Нўъмоновга келиб тушди ва футболчи осонлик билан яқин масофадан мўлжалда адашмади - 1:0. Бу эса таймни нисбатан яхшироқ ўтказган "Пахтакор"га қаттиқ зарба бўлди. Чунки танаффусга яқин ўтказиб юборилган гол ҳамиша ёқимсиз бўлади ва гол урган жамоага руҳий устунликни тақдим этади.



Бироқ "Пахтакор" иккинчи бўлимда янада жиддий ёндошув билан ўйинга киришди. Натижада иккинчи таймнинг стартида бу нарса таблода ҳам акс этди. "Пахтакор"  ҳисобни тенглаштирувчи голни стандарт вазиятидан, аниқроғи бурчак зарбасидан сўнг киритди. Машариповнинг бурчак зарбасидан оширган тўпини Черан чиройли тарзда боши билан дарвозага жойлаб, мувозанатни тиклади - 1:1.

Табиийки голдан руҳланган жамоа яна ўз омадини ҳужумдан излади. Шу куни фаол ўйнаган Черан чамаси 20 метрлар масофадан ўз услубида зарба йўллади. Кутилмаган траекторияни хосил қилган тўп дастлаб дарвоза тўсини, кейинчалик дарвозабоннинг елкаси ва дарвоза устунига тегиб майдонга қайтди. Қайтган тўпни эса Машарипов дарвозага жойлади. Аммо "Пахтакор" футболчиси қувончини нишонлашга тараддудни бошламасиданоқ ён ҳакам Алишер Усмонов тоза голни бекор қилди. Ваҳоланки, Черан зарба берганида ҳеч қандай ўйиндан ташқари ҳолат вужудга келмаганди.

Натижада "Бунёдкор" - "Локомотив" (1:2) учрашувида жарима майдони ташқарисида йиқилган Марат Бикмаевни ичкарига киритиб қўйиб, йўқ пенальтини ўйлаб топган Алишер Усмонов иккинчи бор қўпол хатога йўл қўйди.

Лекин бу билан "Пахтакор" тинчигани йўқ. Яна ҳужумлар кетма-кетлигини давом эттирган меҳмонлар бу сафар бурчак зарбасидан сўнг пенальти ишлашди. Игорь Голбан ҳаводаги курашда тўпни қўли билан ўйнагани учун Асимов иккиланмасдан 11- метрлик нуқтани кўрсатди. Исмоил Гонсалвеш эса "нуқта"дан адашмади - 1:2.

Шундан сўнг мухлислар олқиши ва чорлови натижасида "Навбаҳор" иккинчи бўлимда ҳужум қилишни эслади. Аниқроғи, мухлислар уларга буни эслатишди. Бу сафар стандарт вазияти "Навбаҳор"га қўл келди. Жарима зарбасидан сўнг Шерзод Каримов томонидан оширилган тўпни Азизбек Турғунбоев боши билан дарвозага тўғрилаб қўйди - 2:2.

Кўринишидан бу гол "Навбаҳор"га қўшимча куч ва руҳий устунликни тақдим этиши ва "Пахтакор" бироз саросимага тушиб қоладиганга ўхшаганди. Бироқ иккинчи бўлимни биринчисиданда кучлироқ ўтказган "Пахтакор"ни бу гол издан чиқара олмади. Арвеладзе жамоаси Наманганда "Навбаҳор"га учинчи голни уришни ҳам уддалади. Безерра томонидан ошириб берилган тўпни чап қанот ҳимоясидан ҳужумга етиб келган Фарруҳ Сайфиев боши билан дарвозага йўллади - 2:3.



Учинчи голдан сўнг Арвеладзе ҳимояни мустаҳкамлаб, ҳисобни ушлаб қолишни кўзлади. Айнан шу қарор якунда панд берди. Чунки ҳужумкор вингер сифатида ўйнаган Гонсалвеш ўрнига Камолиддин Тожиевни тушириш орқали 4-2-3-1 ҳимоявий 5-4-1га айланди.

Шундан сўнг "Навбаҳор" охирги дақиқаларни ҳужумда ўтказди ва яна стандарт вазияти орқали ҳисобни тенглаштиришни уддалади. Бу сафар Каримовнинг бурчакдан оширган тўпини Голбан голга айлантирди - 3:3.

Ўйинда "Пахтакор" "Навбаҳор"дан яққол устунлик қилди. Айниқса иккинчи бўлимда меҳмонлар мезбонларга нисбатан фаол ва кучли ўйнашди. Аммо яратилган бир нечта вазиятларда мўлжални аниқ пойлай олмаслик ва оффсайддан урилган гол дея ҳисобланган Усмоновнинг хатоси якунда "Пахтакор"га панд берди.

Арвеладзе жамоаси ўз услубидан бироз чекинган ҳолда майдонга мослашиб самарадор ўйнашга интилди, қисман уддалади ҳам. Лекин "Навбаҳор" бундай вазиятларда ва бу майдонда қандай ўйнаш ҳадисини олганлиги учун керакли пайтда нима қила олиш кераклигини унутиб қўймади. "Навбаҳор" гарчи ўйин бобида ютқазган бўлсада, аммо курашувчанлик иродаси туфайли мағлубиятдан қутилиб қолди. Айнан шу жиҳат Илҳом Мўминжоновни кеча хурсанд қилганини мураббий алоҳида таъкидлади.

Арвеладзе ҳам "Пахтакор"ни мазкур баҳсга яхши даражада тайёрлай олганини қайд этиш лозим. Гарчи жамоа ғалабани қўлдан чиқарган бўлсада, бутун ўйин давомида устунликка эришди ва керак пайтда характер ҳам намойиш этди. Бундай фантастик муҳитда ва маҳаллий ишқибозларнинг ўзгача "муҳаббати" таъсирига тушиб қолмаган "Пахтакор"ни ҳам мардонавор ўйин ўтказгани эътирофга лойиқ. Арвеладзе ўйин давомида фақатгина бир маротаба адашди, чамамда. Қўқонда бўлгани каби, ҳисобда олдинга чиқиб олгач Арвеладзе ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида яна бешинчи ҳимоячи Тожиевни тушириш орқали ўйин назоратини рақибга топшириб қўйди. Якунда топширилган ушбу ташаббус мезбонларга ҳисобни тенглаштириш учун етарли бўлди. Бу ўзгариш Арвеладзе кутган эффектни бермади, яъни ҳимояни мустаҳкамлай олмади. Аксинча ўйин ритми бузилиб кетди.



Тўғри, ҳакам хатоси ўйин натижасига таъсир кўрсатди. Бироқ шу куни "Навбаҳор" таслим бўлмаслик учун охиригача курашгани учун ҳам нисбатан мағлубиятга лойиқ кўринмади ва бунинг учун муносиб мукофотланди. "Пахтакор" эса Намангандан ғалаба билан қайтишга, чўнтакка 3 очкони солиб қўйишга лойиқ ўйнади. Якунда натижа "Навбаҳор" учун ҳар томонлама яхши, "Пахтакор" учун аламли бўлди. Қайсидир жиҳатдан "Навбаҳор"га омад кулиб боқди. "Пахтакор"дан эса омад юз ўгирди.


Шуни айтиш керакки, ҳар иккала жамоа характер ва ирода намойиш этишди. Бир сўз билан айтганда, мардонавор ўйин кўрсатишди.



МУҲИТ, МУХЛИСЛАР ВА МАЙДОН ҲАҚИДА

Тўғриси, Намангандаги стадионга биринчи бор ташриф буюрдим. Муҳит ва маҳаллий ишқибозларнинг мухлислик қилишига телевизор орқали кўриб ҳам қойил қолганман. Аммо уларни жонли тарзда кўриш ва бу муҳитда ўйин томоша қилиш шунчаки завқ ва мароқ бағишлади. Тўғриси, ўйингача ҳам мухлисларни ўз севимли жамоасини қўллаб-қувватлашини кўриб тан бердим. Ростан ҳам чиройли ва мақтовга арзигулик ҳолат. Сўзсиз уларни Ўзбекистонда кўрган энг яхши мухлислар, дея оламан.

Авваллари "Навбаҳор"ни уйида нега бу каби муваффақиятли ўйнашига мухлислар хизмати борлиги қисман билардим. Лекин бу қадар эканлигини тасаввур қилмаганман. Кечаги ўйинга қадар натижаларда мухлислар эффекти 50% дея ҳисоблаган бўлсам, эндиги фикрим яна 10% ошди.

Мухлислар истаса "Навбаҳор"ни ҳужумга чорлаб, олдинга бошлай олиш даражасида экан. Лекин кечаги пенальти билан боғлиқ вазиятдан кейин ишқибозларнинг ўзини тутиши, очиғи дилни хира қилди. "Навбаҳор" зарарига белгиланадиган жарима зарбалари учун қачонгача ҳакам айбдор бўлади? Вазиятни аниқ кўрмай, билмай туриб баҳо бериш ёки реакция қилиш нега керак? Ундан кўра ўз севимли жамоасини қўллаб-қувватлаб олдинга бошлаши мумкинку? Кеча буни амалда икки маротаба кўрдик. Ҳисоб 1:2 ва 2:3 бўлиб турган пайт айнан уларнинг олқиши ва эффекти натижасида рақиб бироз издан чиқди ҳамда "Навбаҳор" руҳланди.


Ҳар қандай ҳакамнинг қарорини хуштаклар ва ошиб тушгани майдонга нарса улоқтириш, носвой ва елим идишларни отиш орқали реакция қилишга уларнинг қанчалик ҳақлари бор? Бу нарса авваламбор вақтни ўлдиради, зарари эса "Навбаҳор" бошига синади. Бундан ким манфаатдор? Уларнинг бу реакцияси ва бундай беодоб хулқи фақат ва фақат ўзлари ҳамда севимли жамоалари учун зарар келтиришдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Айнан ўша идишларни улоқтириш орқали ўз жамоаси футболчиси Сардор Сулаймоновга жароҳат етказишди. Шуми энди бундай фантастик муҳитнинг биз билмаган хунарлари?



ПФЛ ҳам буёғига клубга катта миқдордаги жаримани қўлламасдан, рамзий маънодаги 5-10 миллион сўм атрофидаги жарима ва стадионни дисквалификация, яъни ўйинни мухлисларсиз ўтказишни қўллаши лозим. Бу янги америка очиш эмас. Бутун жаҳон тажрибасида кенг қўлланиб келинадиган иш. Айнан шу дисквалификациялар орқали мухлисларни тарбиялаш ва уларни тўғри йўлга бошлаш мумкин. Шунда "Навбаҳор" ўз уйидаги энг катта устунлигидан айрилади, чипталар сотувидан тушиши мумкин бўлган миллионлардан қуруқ қолади ва мухлислар ўз севимли жамоаларини қўллаб-қувватлай олишмайди. Натижада мухлислар кейинчалик бундан тўғри хулоса қилишлари мумкин.

Керак эмас кўп хонали жарима сўммалари, шунчаки жаҳон амалиётидаги қўлланмадан фойдаланиш лозим. Кечаги наманганлик ишқибозларнинг ўзларини тутишларини оқлаб бўлмайди. Шундай фантастик муҳитни яратаётган ишқибозлар давомини ҳам чиройли қилишса, бундан аввало "Навбаҳор" ва ўзлари ютишади. Аҳир кўрдикку, Наманганда "Навбаҳор"ни керак пайт ҳужумга чорлаш кўп жиҳатдан уларга ҳам боғлиқ экан.

Майдон алоҳида мавзу. Эскирган мавзу. Барчани жонига теккан эски қўшиқдек янграши мумкин. Аммо таниқли сўз устаси Хожибой Тожибоевнинг машҳур аскиясида айтгани каби, қачонки қўшиқни сўзларини тўғри айтишни ўрганмагунингча қайта-қайта айтаверасан, дегандек майдон ҳам қачонки ўз ҳолатига келмагунича бу мавзу кўтараверилади. Оддий ҳақиқат: футбол ўйнаш учун аввало майдон керак. Арвеладзе айтганидек, ҳамма нарсаси бор жамоа, фантастик мухлисларга эга, раҳбариятнинг кучли эътибори камига. Лекин негадир майдон ўша-ўша. Бундан ҳозирда балки "Навбаҳор" ўз уйида рақибларни футбол ўйнай олмаётганидан ютаётган бўлиши мумкин. Аммо юқори мақсадларни кўзлаётган "Навбаҳор" ҳали халқаро аренага чиққанида бундан панд ейди.



Наҳотки шундай эътиборли жамоа учун майдонни, оддий майдонни эпақага келтириш қийин бўлса? Ишониш қийин. Шунчаки истак ва хоҳиш керак. Қолганини "Навбаҳор"дек жамоа бемалол уддалашга қодир.

Яна бир факт шуки, кечаги киритилган олтита тўпнинг тўрттаси стандарт вазиятидан сўнг урилди.

Ҳақиқат шуки, чемпионлик учун курашаётган "Навбаҳор" ҳозирча сафарда фақатгина битта ғалабани Бухорода тантана қилди. Энди айтингчи, чемпион бўлмоқчи жамоа нега сафардаги ўйинларда ғалаба қозона олмаяпти? Мен Тошкентдаги ўйинлардан кейинги матбуот анжуманида Мўминжоновга жамоанинг позицион ҳужумларда оқсаётгани ҳақида кўп савол берганман. Аммо кечаги майдонни кўриб ва жамоа шу ерда шуғулланаётганини билиб, саволларимга жавоб олдим. Бундай майдонда ҳар куни шуғулланган жамоа бу ерда қандай ўйнашни билади. Шунингдек, бу майдонда доим шуғулланадиган ва ўйнайдиган жамоадан комбинацион футбол кутиш имконсиз. Бу эса "Навбаҳор" сафарга чиққанида билиниб қолаётгани инкор этиб бўлмайдиган факт.

"Навбаҳор"нинг ўз уйидаги кучли ўйини ва мағлубиятсиз сериясига мухлислар уларни эркалатиб қўйгани ва жамоанинг "фишка"сига айланган майдон ҳам катта ролни бажараётгани бор гап. Бу билан Илҳом Мўминжоновнинг хизматлари ёки ишига паст баҳо бераётганим йўқ. Жамоани юқори иштиёқда ўйнатиш ва мухлислар эффекти натижасидан ҳам фойдаланишда мураббийнинг кўрсатмаси ва ишини инкор этиб бўлмайди.


Қисқа қилиб айтганда, чемпионлик учун курашаётган мухлислар эркатойи - "Навбаҳор" учун бундай майдон уят.


Шаҳбоз Беғамов

Наманганда ўтказилган "триллер"га бағишланган ФОТОМАҚОЛА

Rating: +22   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика