Latest news

14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  2 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   21 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  12 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  9 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2

Наманганда Самвел Бабаян, "Навбаҳор" президенти иштирокида учрашув бўлиб ўтди News

Наманганда Самвел Бабаян, "Навбаҳор" президенти иштирокида учрашув бўлиб ўтди

Намангандаги “Марказий” ўйингоҳ анжуманлар залида “Навбаҳор” ПФК президенти Отабек Саматов, бош мураббий Самвел Бабаян ҳамда “Навбаҳор”нинг фахрий ва фидойи мухлислари, фан-клуб аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Самвел Бабаян сўз олиб, жумладан, шундай деди:

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов билан учрашганимизда, янги мавсумда “Навбаҳор” бренди ва жамоанинг шонли даврини тиклаш, клуб қошида футбол академияси ташкил этишга оид масалалар бўйича ўзаро фикр алмашдик. Шавкат Шокиржанович футболни теран тушунадиган инсон ва “Навбаҳор” келажаги учун жон куйдирмоқда. Наманган – футболсеварлар вилояти, бу ерда мухлислар армияси катта кучга эга. Очиғини айтадиган бўлсам, айнан мухлислар боис, бошқа клублардан яхши таклифлар тушганлигига қарамай, “Навбаҳор”да ишлашга қарор қилдим. Бежизга футболда ишқибозларни 12-ўйинчи дейишмайди. Жамоанинг ғалабалари кўп жиҳатдан сиз – мухлисларнинг қўллаб-қувватлашингларга боғлиқ. Шунинг учун “Навбаҳор”ни доимо муносиб тарзда, шиорлар кўтарган, футболчиларни руҳлантирадиган сўзларни қўшиқ қилиб айтиш (кричалка) орқали қўллаб-қувватлашингларни илтимос қиламан. Клуб томонидан фан-клубга барча шароитлар яратилиб берилади.

“Навбаҳор”да фаолият юритиш осон эмас, чунки босим кучли бўлади. Бундай босимни енгиш эса осон эмас. Футбол соҳасидаги инсонлар ҳурматга лойиқ ва уларнинг касби осон эмас. Шу боис, мураббийлар ва футболчиларни доимо қўллаб-қувватлашингларни истайман. “Навбаҳор” улкан зафарини сўнгги марта 1998 йили қайд этиб, ўшанда Ўзбекистон кубогини қўлга киритганди. Бунга ҳам 20 йилдан кўпроқ вақт бўлди. Шундай ажойиб мухлисларга эга жамоа улкан ютуқларни қўлга киритиши шарт. Буни амалга ошириш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Фақатгина сизлар клубнинг ички ишига аралашмай, яхши мухлислик қилсанглар бўлгани.

Олдинлари чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш асосан 3 та жамоа, яъни “Пахтакор”, “Нефтчи” ҳамда “Навбаҳор” ўртасида кечарди. 2002 йилдан бошлаб эса “Пахтакор”нинг гегемонлиги бошланди... “Навбаҳор”нинг шонли даврларида жамоанинг ташкилий ва селекция ишлари билан шуғулланганман. Ўшанда менга, 25 ёшли йигитга клубнинг ўша пайтдаги президенти Ҳакимжон ака Ҳошимов ишонч билдиргандилар. “Навбаҳор”даги тажрибамни кейинчалик фаолият юритган бошқа клублар, шу жумладан, “Пахтакор”да ҳам синовдан ўтказдим. Айрим пайтларда бу тажриба самара берди, баъзи пайтларда эса ўзини оқламади. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, катта футболдаги илк фаолиятимни айнан “Навбаҳор”да бошлаганман. Энди клуб олдидаги бурчимни бажариш учун янги мавсумда барча имкониятимни ишга соламан.

Бугунги учрашув сиз – мухлислар билан танишув сифатида бўлди. Кейинги йиғилишни 2022 йил, январь ойи охирида, яъни жамоа аъзолари йиғиндан қайтишганидан сўнг, ташкиллаштирамиз ва ўшанда янги футболчилар билан ҳам танишасизлар. 

Бабаян ва Саматов расмлари 11 21.12.2021

Шундан сўнг, клуб президенти Отабек Саматов сўзга чиқиб, қуйидагича фикр билдирди:

Мухлислар жамоани доимо, яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам қўллаб-қувватлаб туришлари зарур. Аммо ўтган мавсумда бу борада айрим камчиликлар кўзга ташланди ва “Навбаҳор” мағлубиятга учраётганида ёки дуранг натижа қайд этаётганида муносиб қўллаб-қувватлаш ўрнига футболчиларга турли номақбул сўзлар гапирилди. Бу эса уларнинг ўйинларига салбий таъсир ўтказди. Масалан, учрашувнинг 1-бўлими 0:0 ҳисобида якунланадиган бўлса, жамоамиз аъзолари танаффус пайтида кийим алмаштириш хонасида бошларини эгиб, ишқибозлар бизга номақбул сўзларни айтишяпти, дейишарди. Ҳақиқий мухлис ундай бўлмаслиги, севимли жамоасини доимо, ҳар қандай ҳолатда ҳам муносиб қўллаб-қувватлаши шарт. Биз фан-клуб аъзоларига яхши шароитларни яратиб берганимиздан сўнг, янги мавсумда сизлардан энди одоб-ахлоққа риоя этиш, муносиб мухлислик қилишни ҳам талаб этамиз.

Ўтган мавсумда ижтимоий тармоқлар орқали мухлислар томонидан клубга оид турли асоссиз гаплар тарқатилди. Бундай гап-сўзларни тарқатишдан олдин бироз ўйлаш, мушоҳада қилиш лозим. Чунки, ўтган мавсумнинг сўнгги тур баҳсларида Суперлигада қолиш учун курашаётган “Металлург”ни ўз майдонимизда (24-тур, 1:0 ҳисобида), “Андижон”ни эса сафарда (25-тур, 2:1 ҳисобида) мағлубиятга учратишга муваффақ бўлдик. Ваҳоланки, ушбу ўйинлардан олдин ишқибозлар томонидан турли асоссиз гаплар тарқатилди. Кези келганида, таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” ўтган мавсум учун барча футболчилар билан ҳисоб-китоб қилган ва клубнинг ҳеч қайси ўйинчидан қарзи йўқ.

Яна шуни ҳам айтиш лозимки, янги мавсумда клуб логотипи ўзгаради ва жамоа либослари ранги ҳам алмашиб, “лочинлар” янги мавсумда кўк ҳамда оқ либосларда майдонга тушишади. Янги мавсумда жамоамиз ўз олдига юксак мақсадарни қўйган ва буни амалга ошириш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз.

Шундан сўнг, мухлислар раиси Абдулло Аҳмедов, фан-клуб етакчиси Музаффар Гаппаров, фахрий мухлис Икромжон Дедашев, шунингдек, Жаҳонгир Шарифий клуб президенти Отабек Саматов ҳамда жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян томонидан билдирилган масалалар бўйича ўз фикрларини билдириб ўтишди ва клуб раҳбарияти томонидан иқтидорли футболчиларга ҳам катта эътибор қаратаётганлиги боис, мавсум-2021нинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга номзодлар қаторидан “Навбаҳор – U-21” ҳамда “Навбаҳор-U-18” жамоалари ҳужумчилари - Ҳусайн Эргашбоев ва Асад Жўрабоев ўрин олганлигини эътироф этишди.

Учрашув сўнгида мухлислар Самвел Вячеславовичга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. “Лочинлар” устози жамоага янги ҳужумчи жалб этиш борасидаги саволга бу борада жадал селекция ишлари олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Яна бир мухлиснинг: “Бошқа клублардан манфаатли таклиф бўлса, “Навбаҳор”ни ярим йўлда ташлаб кетмайсизми?”  деган саволига Самвел Бабаян унга нафақат юртимиз, балки хориж клубларидан ҳам манфаатли таклифлар бўлганлиги, аммо мақсади Наманган жамоаси билан юксак марраларни забт этиш эканлиги сабабли, айнан “Навбаҳор”да ишлашни маъқул кўрганлигини таъкидлади.

Учрашув якунида мухлислар янги мавсумда “Навбаҳор”га омад ёр бўлиб, чемпионлик унвонини қўлга киритишини тилаб, дуо қилишди.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.    

Rating: -16   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика