«Мурват»лар қандай созланди?
27 oct 2016 09:00
News
«Мурват»лар қандай созланди?
Ушбу мақола айнан «кўҳна қитъа»нинг етакчи жамоаларидаги ислоҳотлар хусусида.
ПОРТУГАЛИЯ
Бу бевафо дунё адолатсиз эканлигини айтиб, қанча нолимайлик, асос асослигича қолади: Португалия термаси ЖЧ-2018 саралаш босқичини қитъа чемпиони сифатида бошлади. Бу жамоа Евро-2016да уддабуро трансформациячилик қобилиятини намойиш этиб, гоҳ 4-1-2-1-2, баъзан классик 4-4-2 схемасидан унумли фойдаланганди. Муҳими, португаллар ҳар қайси рақиб услубига мослаша олишгани ҳисобига керакли натижаларга эришишди. Фернанду Сантуш жамоасининг энди мундиал саралаши давомида қайси услубга кўпроқ таянишини олдиндан айтиш қийин. Шу сабабли, унинг таркибидаги ўзгаришларга эътибор қаратиш билан чекланамиз. Ҳимоя чизиғи худди дарвозабон позицияси каби жиддий ислоҳотга муҳтожлик сезмади. Рикарду Карвалью жамоадаги фаолиятини якунлагач, тажрибали Пепе «Саутгемптон» вакили Жозе Фонти билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу жуфтликка Луиш Нету ва Бруну Алвеш яқиндан ёрдам беришмоқда. Седрик Соареш ва Рафаэль Геррейро қанотларга масъул, уларнинг ҳужум ҳаракатларидаги фаолликлари Сантушга жуда маъқул. Ярим ҳимоя чизиғида ҳам ўзгариш йўқ - Ренату Саншеш, Жоау Мариу, Андре Гомеш, Жоау Моутиньо ва Вильям Карвалью ҳамон сафда. Мураббий услубдан келиб чиққан ҳолда, улардан навбати билан фойдаланиши мумкин. Олдинги чизиқда ҳозирча Евро-2016 бош қаҳрамони - Эдер бор. У ўша тарихий финалга қадар асосан захирадан майдонга тушарди. Криштиану Роналдунинг таркибдаги жойи дахлсиз. Тўғри, унга айнан ким яқиндан ёрдам бериши маълум эмас. Чунки Луиш Нани ва Рикардо Куарежманинг ЖЧга қадар юксак спорт формаларини сақлаб қолишларига кафолат йўқ. Андре ва Рафаэль Сильвалар эса ҳозирча уста ҳимоячилар қаршилигини бемалол синдирадиган даражага чиқишмади. Нима бўлганда ҳам, уюшқоқлик ва тактик уддабуролик Португалия термасининг қуроли бўлиб турибди.
ФРАНЦИЯ
Ўз уйидаги финалда енгилиш Франция термаси учун чинакам фожиа бўлди. Лекин бу омадсизлик Бразилия термасининг ЖЧ-2014даги шармандали ҳоли олдида ҳеч нарса эмасди. Шу сабабли, Францияда айрим норозилик намойишлари кузатилганига қарамай, мамлакат футбол федерацияси Евро-2016да 2-ўринни эгаллаган жамоа иштирокига қониқарли баҳо берди. Шундай қилиб, Дидье Дешам хотиржамлик билан шогирдларини ЖЧ саралаш босқичига тайёрлай бошлади. Умуман, бу жамоада ҳам инқилоб юз бермади. Антуан Гризманн, Оливье Жиру ва Поль Погба ҳозир ҳам асосий ўзак саналишади. Албатта, Беларусь термаси билан қайд этилган дуранг Дешам жамоаси учун ижобий натижа эмас. Аммо ўша ўйинда франциялик футболчиларнинг мезбонлар дарвозаси томон нақ 23 марта аниқ зарба йўллашгани кўп нарсадан далолат. Яъни жамоа Беларусда фақат ғалабани кўзлаб тўп сурган, бироқ шунчаки, омади юришмаган. Таркибдаги жиддий ўзгаришлар сифатида фахрий ҳимоячилар - Бакари Санья ва Патрис Эвра ўрнига Жибриль Сидибе ва Лейвин Курзавага ишонч билдирилганини кўрсатиш мумкин. Мураббий фикрича, фахрийлар яна 2 йилдан кейин талаб даражасида тўп суролмасликлари мумкин. Олдинги чизиқда эса Антуан Гризманн, Кевин Гамейро ва Мусса Сиссокодан умид катта. Димитри Пайе негадир Евро-2016да кўрсатган шижоатини такрорлай олмаяпти.
БЕЛЬГИЯ
Абадий навқирон ва ноёб иқтидорларга бой саналган Бельгия термаси навбатдаги омадсизликдан сўнг 3-уринишни бошлади. Гарчи янги бош мураббий Роберто Мартинес худди Марк Вильмотсдек догматик услубни давом эттираётган бўлсада, унинг жамоаси саралашнинг дастлабки 2та беллашувини йирик (3:0, 4:0) ҳисобдаги ғалабалар билан якунлади. Таркибда катта ўзгариш йўқ. Олдинги чизиқда Эден Азар, Кевин де Брюйне ва Янник Феррейра Карраско ҳаракат қилишмоқда. Ромелу Лукаку эркин ҳужумчи сифатида шу учликдан олдинроқда тўп суради. Таянч ярим ҳимоячилар сафида айрим янгиликлар бор - анчадан буён танқидларга учраётган Маруан Феллайни аста-секин Ража Наингголан ўрнини эгалламоқда. У Аксель Витцель билан жуфтликда ўйнамоқда. Тоби Алдервейрельд, Томас Вермален, Томас Менье ва Ян Вертонген каби ўйинчиларга умуман эътироз йўқ. Демак, яқин ойлар ичида таркибда ўзгаришлар кузатилмайди. Чунончи, испаниялик мутахассис яхши шаклланган жамоани бузишга ошиқмаяпти.
ГЕРМАНИЯ
ЖЧ-2014даги муваффақиятдан кейин бутун Германия бундестимни Франциядан чемпион сифатида қайтишини кутганди. Немислар Евро-2016да ҳам ишончли тўп суришди. Фақат, ярим финал баҳсида бутун жамоа ёлғиз Антуан Гризманнни зарарсизлантиришни уддалай олмади. Яъни «немис машинаси» аввалги қитъа биринчилигидаги каби финалга етмай, тўхтаб қолди. Таъкидлаш жоиз, мутасаддилар бу омадсизликдан фожиа ясаб ўтиришмади. Аксинча, мавжуд камчиликларни бартараф этишга киришилди. Жумладан, Бастиан Швайнштайгер жамоани тарк этгач, Сами Хедира-Тони Кроос дуэти шакллантирилди. Уларнинг бири рақиб ҳужумларини тўхтатиш учун масъул саналса, иккинчиси ўз жамоадошлари ижросидаги ҳужумларга кўмак беради. Ҳимоя чизиғи аввалгидек Бенедикт Хёведес ва Матс Хуммельс ихтиёрида қолди, қанотлар Йонас Гектор ва Жошуа Киммихга топширилди. Тўғри, марказий чизиқда ўзгариш юз бериши мумкин - Хуммельс ёнидан жой олиш учун яқинда сафга қайтган Жером Боатенг ҳам даъвогарлик қилмоқда. ЖЧ яқинлашган пайт эса Хедира ўрнига Юлиан Вайгль ўтиши мумкин. Лекин Сами ҳозирча ишончни оқламоқда. Шунингдек, Илкай Гюндоганни ҳам эътибордан қочирмаслик керак. У «Манчестер Сити»да ўз жойини топди, ҳисоб. Жамоанинг ҳужум чизиғида рақобат ўта кучли. Ёши ва жароҳатини инобатга олсак, Марио Гомес эндиликда асосий ҳужумчи эмас. Шу боис, Йоахим Лёв «алдамчи 9» позициясини кўпроқ Марио Гётцега бермоқда, иккинчи ҳужумчи роли эса Томас Мюллерга тегишли. Айтганча, Месут Озил клубдаги фаолиятидан қатъий назар, бундестимда асосий плеймейкер бўлиб қолаверади. Шунингдек, Юлиан Дракслер қанот ярим ҳимоясидан мустаҳкам жой олган. Ҳужумчилар ортида тўп суриш ҳуқуқи учун Макс Майер ва Юлиан Брандтдек ёш иқтидорлар кураш олиб бормоқдалар.
АНГЛИЯ
Англия терма жамоасида қандай ўзгаришлар юз бериши ҳаттоки, маҳаллий экспертлар учун ҳам чинакам жумбоқ. Сэм Эллардайс можароли тарзда истеъфога чиққач, бош мураббийлик лавозимида ишлашга қайси мард журъат этади, дейсиз? Мальта ва Словения термаларига қарши ўйинларда «уч шерлар»ни Гарет Саутгейт вақтинча бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушди. Таъкидлаш жоиз, у бир қатор «сюрприз»лар тақдим этишга жазм этди. Жумладан, «Бернли» ҳимоячиси Майкл Кин, «МЮ» вакили Жесси Лингард ва «Кристал Пэлас» ярим ҳимоячиси Андрос Таунсенд илк марта «заявка»дан жой олишди. «Лестер» вакили Дэнни Дринкуотер эса рўйхатдан тушиб қолди. Амалий ўзгаришларга келсак, словаклар билан баҳсда Гарри Кэйхилл ёнидан Крис Смоллинг эмас, Жон Стоунс ўрин олди. Жордан Хендерсон ва Деле Алли ўзаро рақобатда, фақат Уэйн Руни ва Эрик Дайер ўрни даъвогарлардан холи. Росс Баркли ҳамда Жеймс Милнер терма жамоага қайтиш бахтидан бебаҳра қолишди. Лекин Саутгейт чаққон Тео Уолкоттни сафга қайтарди. Олдинги чизиқда ўзгаришлар кам. Жейми Варди клуб тўпурарига айланиб, ўз мавқесини мустаҳкамлаб олди, чемпионат баҳсларини самарали бошлаган Раҳим Стерлинг ҳам хотиржам ва Гарри Кейн билан тандем ташкил этиш ҳаракатида. Тез орада Маркус Рашфорд ҳам даъвогарлар қаторига қўшилиши мумкин. Кўп нарса терма жамоа бошқаруви қайси мутахассисга топширилишига боғлиқ.
ИТАЛИЯ
Орада ёрқин юлдузларсиз ўйнаган ва ҳимоявий услуби билан кўпчилик кўнглидан қолган «Скуадра Адзурра» сўнгги қитъа биринчилигида ҳаммани яна ўзига қаратди. Жамоа айниқса, мусобақанинг нимчорак финалида амалдаги чемпион - Испания термасини мағлубиятга учратгач, мухлислар Антонио Контени чинакам даҳога қиёслашди. Мураббий Евро-2016дан ке-йин Англия футболини забт этишга чоғлангани боис, унинг ўрнини Жампьеро Вентура эгаллади. Мана, «Мовий гвардия» янги бош мураббий раҳбарлигида испанлар билан жанговар дуранг қайд этди. Италияликлар учун анъанага айланган мустаҳкам ҳимоя услубига амал қилаётган Вентура жиддий ўзгаришларга қўл урмади. Шу сабаб, терма жамоа фахрийлари таркибда қолишди. Жумладан, ЖЧдан кейин қўлқопларини михга илишга аҳд қилган Жанлуижи Буффон ҳам.
ИСПАНИЯ
Испанияликлар ҳар қандай мусобақада ўз вакилларидан фақат ғалаба талаб қилишга ўрганиб қолишган. Лекин «Қизил фурия» иккинчи йирик турнирда омадсизликка учрагач, мутасаддилар Висенте дель Боскени истеъфога чиқаришди. Унинг ўрнини эгаллаган Хулен Лопетеги зиммасига мураккаб вазифа юклатилган - испанияликларга жаҳон ва Европа чемпионатлари олтин медалини тортиқ этган «олтин авлод» вакиллари ўрнини муносиб ёшлар билан тўлдириш. Миллий жамоада фаолиятини якунлаган афсонавий посбон Икер Касильяс ўрнига Давид де Хеа келди. Шунингдек, Пепе Рейна ва Серхио Рико ҳам исталган пайт майдонга тушишга тайёрлар. Ҳимоя чизиғида ўзгаришлар йўқ, ҳисоб. Серхио Рамос ва Жерар Пике марказ учун жавоб беришса, Хорди Альба сўл, Даниэль Карвахаль ўнг қанотни қўриқлайди. Дарвоқе, Лопетеги итальянларга қарши баҳсда захира ўриндиғини анча қисқартирди. Лекин «Реал»дан Начо Монреаль, «Атлетик»дан Иньиго Мартинес ва «Барса»дан Серхи Робертони таклиф этди. Умуман, Испания термаси ҳамон 4-3-3 схемасига содиқ қолмоқда. Таянч ҳудуди Серхио Бускетс ва Андрес Иньеста ихтиёрида. Хави ўрнини боса оладиган ворис ҳамон йўқ, Франсеск Фабрегас Францияда ишончни оқлолмади. Ярим ҳимоя чизиғи Коке, Андер Эррера, Тьяго Алькантара ва Искога берилган. Олдинги чизиғда муаммолар етарли. Диего Коста ҳам, Витоло ва Альваро Мората ҳам талаб даражасида тўп суролмаяптилар. Хуллас, Лопетегидан астойдил тер тўкиш талаб этилади. Бунинг учун эса вақт етарли.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Comments