Latest news

12:21Про лигани қандай қутқариб қолиш мумкин?  0 11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  14 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  5 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1

Муҳсин Муҳаммадиев: "Равшан Бозоров мен билан энг яхши тандем бўлган" News

Муҳсин Муҳаммадиев: "Равшан Бозоров мен билан энг яхши тандем бўлган"

Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби янги мавсумга тайёргарликни Тошкентда олиб борди. Ҳозирда бу жамоани яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири Муҳсин Муҳаммадиев бошқармоқда.

Муҳаммадиев номи бизга бегона эмас, у кишини айниқса бухоролик ва самарқандлик ёши катта ишқибозлар яхши эслайди. "Истиқлол" Тошкентдаги йиғин давомида Суперлига ва Про-лига клубларига қарши жами бешта ўртоқлик учрашуви ўтказди. Жамоа Тожикистонга қайтиб кетар чоғида биз Муҳсин Муҳаммадиев билан учрашиб, клуб бош мураббийини суҳбатга тортдик.

- Муҳсин Муслимович, Сиз бошқараётган жамоа тайёргарликни Тошкентда олиб борди. Даставвал шу ҳақда маълумот бериб ўтсангиз.
- Биз Тошкентда йиғин ўтказганимиздан хурсандмиз. Мана кетма-кет иккинчи йилдирки тайёргарликни шу ерда олиб бордик ва шароитлар, бошқа масалалар бўйича нолишга сабаб кўрмадик. Майдонлар, еб-чиш, жамоага хизмат - хуллас ҳаммаси жойида бўлди. Ва энг асосийси Ўзбекистонда кучли рақиблар билан ўйнадик. Тошкентга келганимдан фойдаланиб бир нечта эски қадрдонлар билан кўришдик. Эсингизда бўлса, 1999 йил уч ой “Бухоро”да ўйнаганман, 2000-2001 йилларда “Динамо”да тўп тепганман. Фурсатдан фойдаланиб мени танийдиган, мен ҳақимда эшитган самарқандлик ва бухоролик мухлисларга алоҳида салом йўллаб қоламан.

- Жамоангизнинг тайёргарлиги ҳақида нима дея оласиз?
- Бу йил бироз кечикиб машғулот бошладик. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, жамоамизни асосий таркибнинг етти футболчиси тарк этди. Уч нафар футболчимиз Индонезия чемпионатига йўл олган бўлса, Жаҳонгир Алиев “Насаф” билан шартнома тузди, яна бир ўйинчимиз Эстонияга кетди. Шунингдек, иккита легионеримиз ҳам жамоани тарк этди. Тошкентга ўтган йил февралда ҳам келмоқчи эдик, аммо баъзи сабаблар туфайли кела олмагандик, натижада августда келдик.

- Тошкентда йиғин ўтказишнинг ўзига хос томонлари нимада?
- Айтиб ўтганимдек, аввало бу ерда шароит яхши. Қолаверса, рақиблар ҳам кучли. Ўзбекистонда футбол ривожланяпти, терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқишига озгина етмай қолди. Бу ҳам футбол ўсаётганидан далолат. Бу сафар Тошкентда бешта учрашув ўтказдик. “Қўқон-1912” ва “Сўғдиёна”дан мағлубиятга учраган бўлсак, “Қизилқум” билан дуранг ўйнадик. “Оқтепа” ва “Сурхон” клублари билан эса ғалабага эришдик.

- Айтинг-чи, Ўзбекистон ва Тожикистон футболи ўртасидаги фарқ каттами?
- Бугунги кунга келиб фарқ катта дея оламан. Ўзбекистон жамоалари аввало моддий томондан, қолаверса шароит бўйича биздан анча устун. Бундан ташқари, сизда клублар Осиё чемпионлар лигасида ўйнайди, бизда эса ОФК Кубогида. Демак, бу ҳам орадаги фарқни билдириб турибди. Ўртоқлик учрашувларидан ҳам билса бўлади: Ўзбекистон клублари қанчалик кучли эканини.


- Биздан икки нафар футболчи жамоангиз йиғинида иштирок этгани ҳақида эшитдик.
- Ҳа, шундай. Воҳид Шодиев билан Тимур Ҳакимов маълум вақт жамоамиз машғулотларида қатнашди. Бу футболчилар ёмон эмас, лекин бизга тўғри келмади. Уларнинг ҳозирги ҳолати бизга мос келмади, шу боис тезда жавоб бериб юбордик. Тожикистон клублари тўрт нафар легионерни рўйхатдан ўтказиши мумкин. Биз иккита беларусиялик футболчини қўшиб олишни мўлжаллаб турибмиз.

- Тожикистоннинг бошқа клублари қаерда йиғин ўтказади?
- Асосан барча клублар ўзимизда мавсумга ҳозирлик кўришади. Чунки ҳаммада ҳам маблағ томонлама катта имконият йўқ. Бу йил фақат биз четга чиқдик. Чемпионатда иккинчи ўринни олган “Хўжанд” ОФК Кубоги доирасида плей-офф учрашуви борлиги сабаб четда йиғин ташкил этмади. Бу жамоа Туркманистоннинг “Ахал” клуби билан ўтиш ўйинида ютқазиб қўйди.

- Ўзбекистонда сиз ўйнаган пайт билан ҳозирги футбол ўртасида фарқ каттами? Ўшанда сиз футболчи эдингиз, энди бўлса мураббий сифатида бу ҳақда нима дея оласиз?
- Кўп нарса ўзгарди дейишим мумкин. Аввало кўплаб стадионлар барпо этилди. Деярли ҳар бир вилоятда замонавий стадион бор десам адашмайман. Олдинлари бундай эмасди. Лекин футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсам, биз ўйнаган пайтда футболчилар ҳозиргидан анча кучли эди. Ҳозир тактика ўзгариб кетди. Балки тактик томондан жамоалар кучайгандир, аммо индивидуал кучли ўйинчиларни деярли кўрмадим.

- Нима деб ўйлайсиз, тактика иқтидорнинг ўсишига халақит берадими?
- Бундай деб ўйламайман. Чунки иқтидорли футболчи ҳар қандай тактикага мослашиб кетаверади. Бунинг учун футболчида тезлик ва техника юқори бўлиши лозим. Биз собиқ иттифоқ футбол мактабини кўрганмиз. Олдин техникаси кучли ўйинчилар кўп эди, аммо ҳозир камайиб кетди. Балки бу мураббийларнинг ўйинга қўядиган тактикаси туфайлидир. Аввал футболчилар мустақил қарор чиқариш бўйича ҳам кучли бўлган. Тўғри, ҳозир кўп ўйинчилар мен мураббий айтган нарсани бажаряпман, яна нима хоҳлайсизлар дейиши мумкин. Лекин бу ўринда мураббийларни ҳам айбламаслик керак. Чунки ҳеч қайси мураббий тўпни тепма, пас бер деб ўргатмайди. Рақиб дарвозаси олдида футболчи ўзи мустақил қарор қабул қилиши керак.

- Бу ўринда кўп нарса футбол мактабларида берилаётган тарбияга боғлиқми?
- Менимча ҳам шундай. Чамамда, ҳозир болаларни футбол мактабига олиб келаётган ота-оналар ўғли футболчи бўлишини боласидан ҳам кўпроқ хоҳлашади. Буни эса муаммо деб биламан. Яъни, ота-оналар фарзандидан кўпроқ хоҳлайдиган бўлиб кетишди. Бундан ташқари, кўпчилик ота-оналар мураббийларга ақл ўргатувчи бўлиб қолган. Бу нарса собиқ иттифоқнинг барча мамлакатларида бор.

- Ёшлик пайтингизда мураббийлар жамоани натижа учун ўйнатармиди?
- Болалик давримни яхши эслайман. Лекин бирорта мураббийнинг бугун ютишимиз шарт, натижа керак деган гапи ёдда қолмаган. Демак, ҳеч ким сўрамаган бўлса керак. Ҳозир ҳамма жойда мактаблар, интернат ва академия очиш авж олди. Футбол тўгараклари кўпайгани сари рақобат ҳам ошяпти ва бу ўринда натижа биринчи ўринга чиқиб қоляпти. Чунки натижа кўрсатган мураббий тезда танилади, ойлигини ошириб олади. Аммо бошқа томондан натижани деб иқтидорларни йўқотиб қўяётгандекмиз. Ҳозир Ўзбекистонда ҳам индивидуал кучли футболчилар унчалик кўп эмас. Ўзим танийдиганлардан Одил Аҳмедов, Виталий Денисов ва Азиз Ҳайдаровни кучли деб биламан, аммо қолганлар ҳақида тасаввурим йўқ.


- Болалар футболида натижа сўрашнинг салбий томонлари нимада?
- Бу аввало футболчининг мустақил ўсишига тўсқинлик қилади. Тўғри, натижа ҳам сўраш керак, лекин 14 ёшдан кейин. Унгача эса бола тўп билан муомалани ўргансин. Техникасини оширсин, рақибни алдашни ва гол уришни ўргансин. Натижани кейинроқ сўраса ҳам бўлаверади. Бирорта мусобақада ўрин олиш аввало мураббийга керак. У шу орқали обрў топади ва ютиб келса маошини кўтариб олиш имконига эга бўлади. Бундай бўлмаслиги учун болалар билан ишлайдиган мураббийларнинг маошини ошириб, улардан натижа сўрашни бас қилиш керак. Болалар мураббийи кўпроқ иқтидорли ўйинчиларни чиқарсин.

- Бу ўринда яна қайси муаммоларни кўрсата оласиз?
- Биз ўйнаган пайтда футболчилар фақат футбол билан чекланиб қолмасди. Вақти келса волейбол, баскетбол каби бошқа жамоавий спорт турларини ўйнаб кетаверардик. Аммо ҳозир вазият ўзгарди. Футболчи фақат футбол билан чекланиб қоляпти. Буни эса маъқулламайман.

- Маълумки, сиз беш йил “Рубин”да спорт директори бўлиб ишлагансиз. Асосий ишингиз нималардан иборат эди?
- Мен кўпинча асосий ва ўринбосарлар таркиби билан ишлардим. Клуб раҳбарига мураббийлар ҳақида маълумот берардим. Футбол мактабига ҳам бориб турардим, лекин уларнинг ишига аралашмасдим.

- Футбол фалсафангиз қандай кўринишда?
- Менга “Барселона” ва “Манчестер Сити” кўрсатаётган футбол ёқади. Фалсафам тўпни назорат қилишга қаратилган. Шунингдек, жамоавий прессинг ва тезкор қарши ҳужумга ўтишни ёқтираман.

- Тожикистонда “Истиқлол”га рақобат қила оладиган жамоа борми?
- Афсуски, йўқ. Мамлакатнинг энг яхши футболчилари бизда йиғилган ва охирги тўрт йилда кетма-кет чемпион бўлдик. Жамоамизда миллий терма жамоага номзод кўплаб футболчилар ўйнайди, шунинг учун бизга рақобатчи йўқ.

- Тожикистон клублари ОЧЛда иштирок этиши мумкинми?
- Бироз қийин масала деб ўйлайман. ОЧЛда қатнашиш учун очколаримиз камлик қилади. Шунингдек, лизенциялашдан ўтишга тўғри келади. Балки келаси йилдан плей-офф босқичида ўйнашимиз мумкин.

- Тожикистонда келишилган ўйинлар борми?
- Бир йил ишлаб бирортаям келишилган ўйинни кўрмадим. Жамоамиз шундоқ ҳам бошқалардан кучли, шундай экан келишгандан нима фойда?

- Ўзбек футболини қанчалик кузатиб борасиз?
- Нафақат ўзбек футболи, балки рус, украин, умуман кўп давлатларнинг футболини кузатиб бораман.


- Сизнингча, Ўзбекистондаги энг кучли уч нафар мураббий ким?
- Биринчи ўринга Миржалол Қосимовни қўйган бўлардим. “Локомотив”даги Мирко Йеличичнинг ҳам ишини кузатдим. У ҳам кучли мураббий экан. Йил бошида “Сўғдиёна”ни қабул қилиб олган Александр Мочиновни яхши мураббий деб ўйлайман. Ўзбекистонда иқтидорли мураббийлар кўп: Нўъмон Ҳасанов, Улуғбек Бақоев...

- “Насаф”га келган Жаҳонгир Алиев ҳақида нима дея оласиз?
- У яхши футболчи, фақат характери оғирроқ. Агар мураббийлар у билан тил топишиб кетса, Жаҳонгирнинг жамоага фойдаси тегади деб ўйлайман.

- Тожикистонда футболчиларга ўртача қанча маош тўланади?
- Унчалик кўп эмас, 300 доллар атрофида. Легионерларга тўланадиган пул бирмунча кўпроқ: энг ками 500 доллар. Аммо “Истиқлол”даги маошлар ҳақида клуб раҳбарияти рухсатисиз гапира олмайман, чунки бу ҳақда шартномага ёзиб қўйилган.

- Агар Ўзбекистон клубларидан таклиф тушса, қандай йўл тутасиз?
- Ўзбекистонда ишлашни ким ҳам хоҳламайди дейсиз. Балки жиддий таклиф тушса ўйлаб кўрарман, лекин ҳозир бор эътиборим “Истиқлол”га қаратилган. “Динамо” чақирса нима дейман? Албатта, йўқ дея олмайман. Аммо шуни билингки, “Динамо”нинг муаммоси мураббийларда эмас, балки клубни молиялаштиришда. Билишимча, ҳозир жамоа пул томонлама анча қийналиб қолган.

- Тожикистонда матбуотнинг футболни ёритиши қандай?
- Ишонч билан айта оламанки, охирги уч-тўрт йил ичида футболни ёритиш анча ўсди. Бизда бир эмас, иккита спорт телеканали бор. Ўйинларни сифатли равишда тўғридан-тўғри эфирга узатиш йўлга қўйилди. Футбол интернет ва газета нашрларида яхши ёритиляпти. Фақат муаммо шундаки, футболни чуқур таҳлил қила оладиган, ўйинларни юқори савияда шарҳлайдиган мутахассислар етишмаяпти.

- Нима сабабдан ўз вақтида “Рубин”ни тарк этгансиз?
- Мен ишлаган пайтда “Рубин” жуда кучли клуб эди. Биз Кубокни, Суперкубокни ютгандик. Ҳатто ЕЧЛда “Барселона”ни ҳам ютганмиз. Аммо кетиш сабабларини очиқ айта олмайман. Баъзи гаплар бўлган, фақат бу ҳақда гапиришнинг ҳозир мавриди эмас.

- Сир бўлмаса “Барса” мағлуб этилган ўйин учун футболчилар қанча мукофот пули олишган?
- 20-25 минг доллар миқдорида. Ўйин жуда қизиқ кечганди. Ўша мавсум “Рубин” бошқа бир нечта муҳим баҳсларда майдонга тушиб, кўп ўйинларда ғалаба қозонган. Мен ишлаган йиллари Андрей Фёдоров ҳам биз билан ишлар ва у селекция бўлимига жавобгар эди.

- “Бухоро” ва “Динамо”дан қандай хотиралар қолган?
- Ажойиб хотиралар қолган. Ўша даврлар зўр эди. Маза қилиб футбол ўйнардик. Бир мавсум ҳатто 27та гол урганман. Лекин тўпурарлик пойгасида Жаъфар Ирисметов 45та тўп киритиб, ҳаммадан ўзиб кетганди. У охирги учта турда 15та гол урганди. Ҳозир ҳужумчилар гол уриш қийин дейишади, ваҳоланки гол уриш ҳеч қачон осон бўлмаган. Ёки бизга осон эди деб ўйлайсизми?

- Сиз ўйнаган пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли ҳужумчиси ким бўлган?
- Яхши ҳужумчилар кўп эди. Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин, Жаъфар Ирисметов, Равшан Бозоров, Шуҳрат Мақсудов. Тўпурарлар пойгасида ҳам рақобат доим зўр бўларди. Адашмасам, мен Ўзбекистон чемпионатида 56 ўйинда майдонга тушиб 52та гол урганман ва буни ўзим учун яхши натижа дея оламан.

- Сиз билан ўйнаган футболчилар орасида энг кучлилари кимлар?
- Равшан Бозоров, Илҳом Шарипов, Шуҳрат Жабборов, Олим Тиллаев, Даврон Файзиев, Раҳматилло Фузайлов. Мен билан ўйнаганлар орасида энг яхши тандем Равшан Бозоров эди. Иккаламиз бир-биримизни жуда яхши тушунардик ва кўп голлар ургандик.

Х.Холиқов ва Ш.Беғамов суҳбатлашишди.


Rating: +14   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика