Latest news

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  2 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Муҳими талаб қоғозда қолиб кетмасин News

Муҳими талаб қоғозда қолиб кетмасин

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов Мураббийлар Кенгашининг навбатдаги мажлисида “Терма жамоалар маркази”нинг фаолиятидан норози эканлигини маълум қилди.
Сенатор Усмонов ЎФФ таркибида Терма жамоалар марказининг ташкил қилиниши олдинга ташланган қадам бўлганини алоҳида таъкидлаган бўлсада, ташкилотнинг бугунги фаолиятидан қониқмаётганини айтиб ўтди. Ҳақиқатдан ҳам, ТЖМга бўлган норозилик кундан-кунга ошиб боряпти. 180 нафарга яқин ҳодим ишлаётган бу “даргоҳ”даги ишлар кўнгилдагидек эмас. Одатда сон эмас, сифатга эътибор қаратиларди. Бизнинг ТЖМда эса тескариси бўляпти. Шунча одам меҳнат қиладию, лекин самара, фойдали иш коэффиценти деган тушунчалар йўқ.



Илгари ЎФФ қошида терма жамоалар билан ишлаш бўлими фаолият кўрсатарди. Бу ерда Алишер Никимбаев бошчилигида чамаси 5-6 нафар мутахассис ишларди. Тўғри, у пайтда ҳозиргидек 13-14 та терма жамоа бўлмаган. Лекин ўша камчилик ҳолатда ҳам улар ёмон ишлашмаган. Ҳар ҳолда Тошкентда миллий терма жамоалар миқёсида ўртоқлик учрашувлари ўтказиб туриларди. Сўнгги бор ўз уйимизда ўртоқлик ўйини ўтказганимизга ҳам анча йил бўлибди. Ваҳоланки, бугунга келиб ЎФФ томонидан ТЖМга жуда катта ваколат ва имкониятлар яратиб бериляпти. Каттагина сумма ажратилмоқда. Мураббийлар Кенгаши мажлисида М.Усмонов айнан шу масалага ҳам алоҳида тўхталди. ЎФФ Президентининг сўзларига кўра, ўтган йили биргина ТЖМ учун 10 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган. Давлат курсида долларга чақадиган бўлсак, бу деярли 5 миллион доллар деганидир. Бу кичик сумма эмас. Режа асосида ишлатилса, анча-мунча ислоҳотларни амалга ошириш мумкин. Лекин Усмоновга кўра, йилдан-йилга ҳаражатларнинг ошиб боришига қарамай, марказ фаолиятида ўсиш кузатилмаяпти. Бу тарзда ишлашда давом этилса, ўзгариш бўлмайдиям-да! “Биз Марказ учун у ташкил қилинган кундан буён қанчадан-қанча сарф ҳаражатлар қилдик. Керакли шароит яратиб берилсин учун Марказ раҳбариятининг асослаб берилган таклиф ва мулоҳазаларини қабул қилиб, ташкилот фаолиятини кучайтириш йўлидаги ҳар бир ишини қўллаб-қувватладик. Пулни аямадик. Бугунги кунга келиб эса, “Терма жамоалар маркази” федерациядан ҳам ишчиси кўп, штат жадвали жуда катта ташкилотга айланди”, - дейди Усмонов.



ТЖМ мухлислар ва ОАВ ҳодимлари томонидан асосан тайинли ўртоқлик ўйинлари ташкил этмаётганда айбланмоқда. Энди 80та федерацияга “Тошкентга келинглар, биз ўз майдонимизда ўртоқлик учрашуви ўтказишни мақсад қилганмиз”, қабилида хат жўнатган билан иш битмайди. Ҳаммага бир ҳил мазмундаги хатнинг “копия”сини юбориш ва мактубнинг жавобини кутиб, почтани “обновить” қилиб ўтириш орқали ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳар бир давлат федерациялари билан алоҳида-алоҳида гаплашиш керак. Текинга ҳеч ким келмайди, аҳир. Қолаверса, биз Европадан узоқда жойлашганмиз. Ҳамма жамоалар ҳам бунга дарровгина кўнмайди. Ёдингиздами, Қозоғистон УЕФАга ўтиш бўйича ариза ёзганида, Европа мамлакатлари футбол федерациялари бунга қарши чиқишганди. Улар кучсиз жамоадан эмас, йўл азобини ўйлаб, бунга қарши бўлишган. Лекин қаловини топсанг, қор ҳам ёнади, дейишади. Бунинг учун ишлаш, изланиш керак. Очиғини айтиш керак, ТЖМда кучли, ўз ишининг усталари жуда кам, деярли йўқ деса ҳам бўлади. Халқаро муносабатлардан хабари бор, футболни ҳаётининг мазмуни деб ҳисоблайдиган, камида иккита хориж (рус тилидан ташқари) тилини яхшигина биладиган ёш ҳодимларни ишга қабул қилиш керак. Эскича фикрлаш энди ўтмайди. Ёшлар бирданига ишлаб кета олмайди. Уларни қўллаб-қувватлаб ёрдам берилса, албатта маълум вақт ўтиб ўз мевасини беради.

Январь ойида Уммонда ўтказилган Осиё чемпионатидаги омадсизликда ҳам аслида бош айбдор ТЖМ бўлди. Тайёргарлик кўриш учун тайинли шароитлар яратиб берилмади. Чемпионат бошланишига бир ҳафта қолганида, БААда ташкил этиб берилган наридан бери ўқув-машғулот йиғинини яратилган шароит сифатида қабул қилиб бўлмайди. БАА ва Уммоннинг биринчи лига клубларига қарши ўртоқлик ўйини ўтказишнинг ўзи биз учун уят. Шундан ҳам ТЖМнинг фаолиятига баҳо бериш мумкин. Ваҳоланки, ўша пайтда БАА ва Яман терма жамоаларидан ҳар томонлама манфаатли таклифлар бўлганди. Энг муҳими, уларнинг ўзлари бизга таклиф билан чиқишганди. Ўзимиз ўртоқлик ўйини ташкил этишни эплай олмаймиз, тайёр таклифга эса ноз қиламиз. “Уммонда ўтказилган 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатидаги омадсиз иштирокидан кейин Терма жамоалар маркази мутасаддиларининг телевидение, радио ва газета орқали берган интервьюларини кўрдим. Нима эмиш, мусобақа январда ўтказилганлиги сабабли терма жамоамиз Уммондаги мусобақада мағлубиятга учрабди. Энди айтингчи, Сиз турнирнинг январда ўтказилишини кеча билдингизми? Январдалигини била туриб, нега етарлича тайёргарлик кўрмадингиз? Эртага Осиё Кубоги январда ўтказилса, яна нималар дейсизлар?”, - дея мавзу юзасидан ўз эътирозини билдирди ЎФФ Президенти.



Режага кўра, миллий терма жамоамиз 5 март куни Тошкентда Осиё Кубоги-2015 саралаш гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувни ўтказади. Ушбу ўйинга қаратилган йиғин 27 февраль кунидан бошланди. Ўтган йили БААга қарши ўтказиладиган ўйин олдидан 1 март куни Тошкентда ўртоқлик учрашуви ташкил этиш бўйича гап-сўзлар урчиганди. Яқинда ҳам Тожикистон терма жамоаси пойтахтимизга келиши айтилганди. Терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов билан гаплашганимизда, “менга фарқи йўқ, терма жамоа билан ўйин ўтказсак, кифоя”, деганди. Начора, бу сафар ҳам терма жамоамиз ўртоқлик ўйинисиз қолди. БАА билан ўйин натижаси гуруҳдаги вазиятни ўзгартирмас, лекин ЖЧ-2014 саралашидаги омадсизликдан сўнг мухлисларни яна стадионга қайтариш учун бўлажак ўйинда ишончли ғалабани қўлга киритмасак бўлмайди. Иккала ўйинда ҳам БААга имкониятни бой бериш... бу бизга ярашмайди. Лекин нега шу нарсаларни ТЖМ мутасаддилари ўйламаяпти? Мальта Тошкентга келишга рози бўлганди. Лекин вақт масаласида келиша олинмади. Олдинга ўтиб шуни айтиш керак, Мальта масаласига ТЖМнинг алоқаси йўқ. Қосимовнинг ўзи асосий иши қолиб, бир нечта жамоалар билан музокара олиб борган. Фақат Мальта 2 март куни Тошкентда ўйнаш истагини билдирган. Бизга эса бу сана тўғри келмаган. Биздаги маълумотларга кўра, айни пайтда 25-26 май кунларининг бирига ўртоқлик учрашуви учун спарринг рақиб изланмоқда. Эшитишимча, Уэльс терма жамоаси томонидан таклиф бўлган. Лекин ТЖМга эмас. Ўртадаги агентлар Уэльс терма жамоаси 350 минг доллар эвазига Тошкентга келишга тайёр эканини айтишган. Пойтахтимизга асосий таркиб футболчилари, хусусан Гарет Бэйлнинг келиши ҳам кафолатланган. Агар музокаралар олиб борилса, бу сумма камайтирилиши ҳам мумкин. Уэльс келса, “Бунёдкор” стадиони тўлиши аниқ. Ким ҳам “Реал” юлдузи ва дунёнинг энг қиммат трансферига эга футболчини жонли тарзда керишни истамайди, дейсиз. Бунинг учун, маркетинг ишлаши керак. Пулни аяш керак эмас. Бир сўм сарфламасдан туриб, икки сўм ҳақида ўйлаш нотўғри. Хуллас, ислоҳотлар керак, шарт ва тезроқ уни амалга ошириш керак. Мираброр Усмоновнинг ўзи бу ишга киришган экан, ижобий натижа кутиб қоламиз. Муҳими, ЎФФ Президентининг бу талаби қоғозда қолиб кетмасин.   

Камолиддин АЛИМОВ
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика