Мозийга қайтиб... What is your mission, Petit?
24 jan 2023 11:25
News
Мозийга қайтиб... What is your mission, Petit?
Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси қаторасига 5 йилдан бери чемпион бўлган ва ушбу мавсумда ҳам бу анъана такрорланишига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Сабаби пойтахтликларга яқин рақобатчининг ўзи йўқ эди. Бироқ чемпионат бошланишига саноқли кунлар қолганида кутилмаган мўъжиза рўй берди. Ўзбекистонга франциялик машҳур футболчи, Жаҳон ва Европа чемпони Эммануель Пети ташриф буюрди. Футбол ўйнаш учун эмас (бу фаолиятни у 3 йил аввал якунлаган).
WHAT IS YOUR MISSION, PETIT?
("Одамлар орасида" газетасининг 2007 йил 8 март сонидан олинди).
Ўтган ҳафта Ўзбекистонга Эммануель Пети ташриф буюрди. Танимаганлар учун таништираман – Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси, 1998 йилги Жаҳон чемпиони, 2000 йилги Европа чемпиони, Франция чемпиони (1997), Англия чемпиони (1998), Франция (1991) ва Англия (1998) кубоклари соҳиби. 1998 йилги Жаҳон чемпионати финалида Бразилия терма жамоаси дарвозасига урилган учинчи гол муаллифи ва ўша ўйинда Зинедин Зиданнинг биринчи голига бурчакдан тўп узатиб берган футболчи. Хуллас, тирик афсона!
Хожибой Тожибоев аския қилганидек, "Биз уни фақат телевизорларимиз экрани орқали кўрардик, ўйинларига чипта олиш орзумиз саналарди. Ахир, бизнинг ҳам шахримизга келар экан-ку, а?"
28 февраль куни Миллий матбуот марказида журналистлар билан ўз ташрифи тафсилотларини ўртоқлашар экан, Пети олдиндан ҳаммасини ойдинлаштириб олиш кераклигини билдирди – "Мен ҳозир футболчи эмасман, яқин ўртада мураббийлик қилишни ҳам ўйлаётганим йўқ. Гарчи суҳандонлик билан шуғулланаётган бўлсам-да, Ўзбекистоннинг ўйинларига суҳандонлик қилиш ҳам режаларимга кирмайди".
Хўш, унда нима қилиб юрибди бу машҳур одам бизнинг "маҳалламизда"?
"Менинг Ўзбекистонга келаётганимни эшитиб баъзилар кулишди, лекин бир неча йил илгари Японияга бораман, Дубайга бораман, деганларнинг устидан ҳам шунақа кулишарди. Бугун у ерларга борадиган одамларнинг устидан ортиқ кулишмайди, аминманки, хали шундай вақтлар келади ва менга ўхшаганлар Ўзбекистонга кетяпмиз дейишса, ҳеч ким кулмайдиган бўлади. Мен бунга ишонаман".
Таржимоннинг хатосими бу, ёки Петини журналистлар билан учраштиришдан олдин керагидан ортиқ меҳмон қилиб юборишдимикан?
"Сизлар ҳаммангиз яхши одамларга ўхшайсиз". "Инсонийлик биринчи ўринга қўйилиши керак". "Мен Ўзбекистондаги футбол аҳволидан яхши хабардор эмасман, аммо мамлакатингизда рўй бераётган бошқа воқеаларни анчадан бери кузатиб бораман". "Ҳаётдаги асосий мақсадим яхши инсон бўлиш". "Биз бир-биримизни ҳурмат қилишимиз ва ўртадаги бирлигимизни йўқотмаслигимиз керак".
Бирон нарсани тушунса бўладими француз футболчисининг ўзбек журналистларига инглиз тилида айтган гапларининг русча таржимаси ўзбекча қилиб ёзилганида?
"Ёнимдаги икки шеригимни балки сиз хали танимассиз, аммо улар жуда машхур одамлар!". Бу нима дегани? Исмлариям қизиқ – Пети уларни "Жан Ри ва Биньон" деб таништирди, таржимон қиз "Жан Риан ва Бено" деб эълон қилди. Учрашув тафсилотлари ҳақида маълумот берган "Ўзбекистон футболи" газетасида эса "Жан Кюн ва Бруно" деган исмлар ёзилган. Қаерда машҳур, қанақа машҳур – бошқа ҳеч қанақа маълумот йўқ. На бирон бир журналист қизиқиб сўради, на "машҳурлар"нинг ўзи бу ҳақда оғиз очишди.
"Ҳаётда бирон нарса қилиш учун одамлар билан учрашишингиз керак. Лондондалигимда ўзбекистонлик бир одам билан учрашдим ва у мени юртингизга таклиф қилди". Пети бироз аниқроқ гапира бошлаган эди ҳамки, орага терма жамоамиз мураббийи қўшилиб, мавзу яна чигаллашди.
"Ўзбекистондаги асосий муаммо - оммавийлик. Индивидуализм етишмайди - одам ўзи мустақил қарор қабул қилишга қўрқади, жамоа бўлиб фикрлайди. Ваҳоланки, ўз ўйинингни ўз қўлингга ола билишинг кўп ҳолларда фойда келтиради. Хитой ва Кореяда ҳам 10-15 йил аввал шунақа фикрлашарди, аммо ҳозир уларда ҳам индивидуал қарор қабул қилиш кучайди ва мос равишда уларнинг ривожланиши ҳам тезлашди" – бу Петининг "Ўзбек футболи ҳақидаги дастлабки таассуротларингиз қандай?" деган саволга жавоби. "Мен ҳозир футболчи эмасман, футболга алоқам йўқ" деяётган одамнинг гаплари.
Петининг фаолиятига назар ташласак, у ўзи олдин ҳам ҳаммани чалкаштириб юрган. Масалан, 1997 йил Франциянинг "Монако" жамоасини тарк этиб, Англиянинг "Арсенал" жамоаси билан шартнома имзолаганида ҳам бутун Англия хайрон бўлганди "What is уоur mission, Petit?" (Нима бор бу ерда, Пети?) деб. Зукко инглиз журналистларининг Пети ташрифига бағишланган мақолаларида "Терма жамоа сардори Тони Адамс ва Англия ҳимоячиси Мартин Киоун бўла туриб, "Арсенал"да яна битта марказий ҳимоячига нима бор?" деган киноялар ётарди "What is уоur mission, Petit?" деган саволда. "Франциялик мураббий Арсен Венгер ўзлари мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати арафасида Англия терма жамоаси ҳимоячиларини заҳирага ўтиргизиб қўймоқчидир балки?" деб ваҳима сола бошлаганди Лондоннинг "сариқ матбуоти". Аммо унинг Лондонга келишига сабабчи бўлган Арсен Венгер бу тушунмовчиликка аниқлик киритиб, Петини яхши билишини, у аслида марказий ҳимоячи бўлса ҳам, янги жамоада ярим ҳимояда ўйнай олиши ва бу ўзгариш на Адамс билан Киоуннинг асосий таркибдаги ўрнига, на умидли Петининг ўйинига зарар етказмаслигига ваъда берганди. "Ярим ҳимояда ўйнаши ҳатто унинг шартномасида ёзилган" деб журналистлар олдида ўзини оқлаганди Петини таклиф қилган Венгер. Чиндан ҳам шундай бўлиб чиқди. Пети ярим ҳимояга ўтди, Адамс ва Киоун таркибдаги ўринларини йўқотишмади. Франция эса ўша ярим ҳимояга ўтган Пети билан 1998 йил Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Аммо бу энди бошқа масала.
Хўш, Петининг Тошкентга ташрифини ким изоҳлаб беради бизга? Қани унинг ҳозирги фаолиятини яхши биладиган ва бу нима фойда-ю нима зарар келтиришини таҳлил қилиб берадиган жиддий журналистлар? Қани пашшадан фил ясаб ваҳима кўтарадиган ва Венгерни Пети билан тузилган шартномани кўрсатишга мажбур қиладиган "сариқ матбуот"? Балки ўтган йили футболдан кетганидан кейин мураббийликка ўқиб, эрта-индин терма жамоамиз мураббийлигини олмоқчидир Пети матбот анжуманига томошабин сифатида келиб ўтирган беозоргина Инилеевни бўшаттириб. Балки футболга умуман алоқаси йўқ иш билан келгандир – қаранг ахир, гаплари ғалати, "Сизлар ҳаммангиз яхши одамларга ўхшайсиз", "инсонийлик биринчи ўринга қўйилиши керак", деяпти. Қанийди бизга ҳам кўрсатишса уни таклиф қилганлар қанақа шартнома билан таклиф қилганликларини! Кийинишиям ғалати – инқилоб тимсоли Че Гевара расми туширилган футболкани кийиб олиб, унинг кимлиги ҳақида маъруза ўқияпти бизнинг қўйдек юввош журналистларимизга.
Энг алам қиладигани – аниқ бир тайинли гап йўқ унинг жавобларида.
"Келажакдаги режаларимга келсак, мен ҳали бу ҳақда аниқ бир фикр билдиришим қийин. Ростини айтсам, мен Ўзбекистонда нима ишлар қилишим мумкинлиги ҳақида ҳали бирон бир тасаввурга эга эмасман. Ҳозирча танишяпман, ҳозирча ҳамма менга яхши муносабатда, кўрамиз, ўзбекларга қанақа ёрдамим тегиши мумкинлигини вақт кўрсатади". Бу энди таржимоннинг хатоси эмас, таржимон ташлаб кетди бу жойини. Биз ўша матбуот анжуманида Петининг оғзидан чиққан гапларни диктофонга ёздириб олиб, профессионал таржимонга сўзма-сўз таржима қилдиртирдик! Нима деб тушуниш ўзингизга ҳавола!
Яна динга боғламоқчими бу, ҳамма нарсани динга боғлайверамизми, миссионерлик қилиш учун келмагандир Тошкентга Пети деб таъна қилсангиз, менга эмас, Петининг ўзига таъна қилинг, чунки дин ҳақида мен эмас, биринчи бўлиб унинг ўзи гап бошлади. Яна профессионал таржимоннинг сўзма-сўз таржимасига мурожаат қиламиз: "Футбол бугун барча дин вакилларининг ўйинига айланган – у ерда ҳамма бир, ҳамма тенг. Бундан унумли фойдаланишимиз, футбол майдонини уруш майдонига эмас, дўстлашиш, бирдамлик майдонига айлантиришимиз керак. Биз бир-биримизни ҳурмат қилишимиз ва ўртадаги бирлигимизни йўқотмаслигимиз керак".
Нима демоқчисиз ўзи, жаноб Пети!
Аваз БЕРДИҚУЛОВ.
Таҳририятдан: Ўша пайтда Пети ташрифи ҳақида билмаганлар (айниқса ёш авлод) мақолани ўқиб ҳеч нарсани тушунмаган бўлишлари мумкин. Шу боис, биз мавзуни давом эттириб, “Мозийга қайтиб...” рукнининг кейинги сонида бу мавзуни батафсил тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Comments