Моуриньонинг "қора рўйхати"
11 aug 2018 22:31
News
"Реал" мураббийи бўлганида "Барса"нинг юрагигача ғулғула солган, "Порту" ва "Интер" билан треблга эришган, 50 йил ўтиб, "Челси"ни "одам қилган", юқори амбицияларни кўзлайдиган жамоага айлантирган, кўплаб футбол юлдузларини етиштириб берган.
Аммо, у димоғдор, кеккайган, ҳамиша катта гапиради ва ўзига тўғри келмайдиган футбол юлдузлари билан осонгина хайрлашиб юбораверади. Биз ана шундай футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз.
РАУЛЬ ГОНСАЛЕС
Моуриньонинг "Реал"даги фаолияти юқори нотада бошланмаган. Мадридга келганидан кейин жамоа афсонаси билан хайрлашишга қарор қилган. Албатта, гап Рауль ҳақида кетмоқда.
Моуриньо 2010 йилда "қироллик клуби"га борганидан кейин жамоада фақатгина бир инсон ҳукмрон бўлишини истаган. Рауль кетганидан кейин "Реал" футболчилари асосий таркиб учун қаттиқ кураша бошлашди. Бунга Моуриньо сабабчи бўлди.
ИКЕР КАСИЛЬЯС
Мадриднинг севимли 1-рақамидаги Икер Касильяс ҳам "Special One"нинг "қора рўйхати"га тушиб қолган. 10-ЕЧЛ совринидан кейин Икер ўзининг севимли жамоасини кўзида ёш, алам билан тарк этди. Мадридликлар учун бу трагедия 2015 йилда содир бўлди.
Ўша вақтда Моуриньо "Реал"дан кетишга улгурганди, икки йил олдин у "Челси"га қайтганди. Барчаси 2012 йилнинг декабрида "Малага"га қарши баҳсда бошланди. Касильяс захира ўриндиғида қолди, унинг ўрнида дарвозани қўриқлашга Антони Адан қўйилди. Мадрид жамоаси 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди, аммо Адан Жозенинг асосий рўйхатида қолди. Бу ҳолат бир неча ойлар давом этди. Икер мамлакат кубоги доирасида "Валенсия"га қарши баҳсда ўз вазифасига киришди.
Бироқ жамоа мухлислари хурсанд бўлишга ҳам улгурмади. Касильяс қўлидан жароҳат олди. Икернинг ўринбосари сифатида Лиего Лопес қолди. У Жозенинг ишончини оқлади ва жамоанинг асосий посбонига айланди. Касильяс ҳатто соғайганда ҳам, захирада қолиб кетди.
ДАВИД ЛУИС
Бразилия термаси ва Англия Премьер-лигасининг энг яхши ҳимоячиларидан бири Давид Луис "Челси" таркибига 2011 йилда бориб қўшилганди. Футболчи узоқ вақт кутилган ЕЧЛ соврини қўлга киритилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Барчаси яхши кетаётганди, аммо 2013 йилда Моуриньо "Челси"га қайтганидан кейин вазият бошқа томонга кетиб қолди. Барча билади, Моуриньонинг ўзгача ҳимоявий услуби бор, шу боисдан бразилияликнинг хизматларидан фойдаланмади. 2014 йилда "Челси" ҳимоячини ПСЖга 50 млн еврога сотиб юборди. 2016 йилда Моуриньо "Манчестер Юнайтед"нинг бош мураббийи сифатида таништирилди. Орадан 2 ой ўтиб, Луис "Челси"га қайтди.
БАСТИАН ШВАЙНШТАЙГЕР
Юқорида айтилганидек, Моуриньо 2016 йилда "Манчестер Юнайтед" бош мураббийига айланди. Шундан бир йил олдин жамоа таркибига амалдаги жаҳон чемпиони Бастиан Швайнштайгер бориб қўшилганди.
Улкан тажрибага, ЖЧ совринига, юқори профессионализмга эга бўлса ҳам, Швайни Моуриньонинг ишончига кира олмади. Португалиялик мураббий жамоада иш бошлаганидан кейин германиялик футболчи МЮнинг ёшлар жамоасига ўтказиб юборилди. 2017 йилда Швайнштайгер Англиядан МЛСга кўчиб ўтди.
ГЕНРИХ МХИТАРЯН
Мхитарян ва Моуриньо "Манчестер Юнайтед"га 2016 йилда борди. Аввалига Мхитарян жамоанинг асосий футболчисига айлана олмади ва асосан захирадан майдонга тушди. Орадан вақт ўтиб, Генрих бош мураббийга қандай даражадаги футболчи эканлиги ва бошқа жамоадошларидан ажралиб турадиган ҳусусиятлари борлигини кўрсатди. Арманистонлик футболчи Моуриньонинг ишончига киргандек эди, аммо ундай бўлиб чиқмади. 2017 йилнинг ноябрь ойида МЮнинг "Брайтон"га қарши учрашувидан кейин Моуриньо Мхитаряннинг ўйинидан мамнун эмаслигини айтди.
2017 йилда Мхитарян жамоасидаги иккинчи голини Европа лигасининг финалида киритди ва баҳснинг энг яхши футболчисига айланди. Бу ҳам камлик қилди. 2018 йилнинг 22 январида "Арсенал" Мхитаряннинг трансферини эълон қилди.
Биз ушбу рўйхатга Кака, Хуан Мата, Кевин Де Брюйне, Френк Лэмпард каби футболчиларни ҳам киритишимиз мумкин эди. Бироқ бу ҳам ҳаммаси эмас. "Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Поль Погба билан тил топиша олмаётгани борасида маълумотлар бор. Вазиятлар қандай давом этишини билмаймизу, бироқ Погба Моуриньонинг ушбу рўйхатига тушиб қолмаслигини истаб қоламиз.
Миржалол Норматов таржимаси
Comments