"Машъал" 19 июлдан йиғинни бошлайди
14 jul 2013 19:00
News
"Машъал" 19 июлдан йиғинни бошлайди
Жамоанинг ушбу мавсумдаги иштирокини бошқа биринчи лига клубларига нисбатан юқори баҳолаш мумкин. Сабаби газчиларнинг мамлакат Кубогидаги юриши ҳам узоқ давом этди. Шунинг учун "Машъал" кўп ўйин ўтказишига тўғри келди. Жамоа охирги марта 11 июль куни Бухорода "Спартак" билан биринчи босқичнинг сўнгги ўйинини ўтказганидан хабарингиз бўлса керак. Мазкур баҳсдан сўнг, мураббийлар штаби футболчиларга қисқа муддатли таътил эълон қилган.
Жамоа катта мураббийи Марат Мифтахуддиновнинг сайтимизга маълум қилишича, "Машъал" 19 июлдан Чорвоқда йиғинни бошлайди. У ерда олти кун мобайнида футболчиларнинг жисмоний холатини тиклашга эътибор қаратилади. Шундан кейин, йиғиннинг иккинчи босқичи Янгиердаги "Машъал" қароргоҳида давом эттирилади. Оралиқ танаффусдан унумли фойдаланиб жамоа бош мураббийи Александр Хомяков юртига бориб келиш учун Россияга жўнаб кетган. Мураббий у ердан юртимизга 17 июлда қайтади.
Таркибда у қадар жиддий ўзгаришлар қилинмайди. Тўғри, айни пайтда жамоа етакчиларига олий лиганинг бир нечта клубларидан жиддий қизиқишлар бўлмоқда. Лекин барча футболчи билан амалда шартнома мавжуд эканлиги боис, "Машъал" ҳеч бир футболчисини қўйиб юбормоқчи эмас. Биринчи босқичда жамоа шарафини ҳимоя қилган футболчилар сафига давралар оралиғида 2-3 нафар янги ўйинчилар келиб қўшилиши айтилмоқда.
Исломбек Рустамбеков
Comments