Максимилиан Фомин: "Металлург" дейишса, келишилган ўйинлар ҳаёлга келади..."
05 nov 2015 10:10
News
Максимилиан Фомин: "Металлург" дейишса, келишилган ўйинлар ҳаёлга келади..."
Тўғри, кечаги Қаршидаги ғалабадан сўнг “Пахтакор”нинг чемпион бўлиши деярли аниқ бўлиб қолди. Лекин ҳали расман эмас. “Локомотив”да ҳам имконият сақланиб қолган. Шунингдек, келаси йили 1-лигада ўйнайдиган жамоалар ҳам ойдинлашгани йўқ. Аммо, бунга даъвогарлар етарли. Қуйи лигага равона бўладиган жамоа ҳам айнан келаси турда аниқланиши мумкин. Ўн олтинчи ўринни эгаллаш учун энг асосий даъвогарлардан бири “Бухоро” жамоаси эди. Бухороликлар 28-турда Бекободнинг “Металлург” клуби майдонидан ғалаба (2:1) билан қайтишга муваффақ бўлишди ва табиийки, вазият яна чигаллашди. Биз айнан мана шу учрашувдан сўнг “Бухоро” жамоаси ҳимоячиси, ғалаба тўпи муаллифи Максимилиан Фоминдан интервью олдик.
- Максимилиан, сўнгги турда Бекободда ажойиб натижага эришдинглар. Ниманинг ҳисобига 3 очкони қўлга киритдик, деб ўйлайсиз?
- Ҳақиқатан ҳам, бу ажойиб ғалаба эди. Муҳими, биз бу ғалабага ҳақли равишда эришдик. Бундан аввалги ўйинларда ҳам жуда яхши имкониятларга эга бўлдик. Лекин юзага келтирилган ҳавфли вазиятлардан оқилона фойдалана олмадик. Бунинг натижасида қимматли очколарни бой бердик. Дуранг ва мағлубият билан якунланган ўйинларимизнинг аксариятида ғалаба қозонишимиз керак эди. Шуларни инобатга олган ҳолда, “Металлург” билан бўладиган ўйинга жиддий тарзда ҳозирлик кўрдик. Агар Бекободдаги ўйинда очко йўқотсак, муддатидан аввал олий лигани тарк этишимизни ҳаммамиз бирдек тушуниб тургандик. Бу биз учун сўнгги имконият эди. Хато қилишга асло ҳаққимиз йўқ эди. Майдонга фақат 3 очко илинжида тушгандик, шукрки, якунда ўз мақсадимизга эришдик. Кейин ўша куни омад биз томонизда ҳам бўлди.
- Иккала гол ҳам бурчак тўпидан сўнг киритилди. Муҳими, ғалаба тўпига айнан сиз муаллифлик қилдингиз...
- Сўнгги пайтларда биз машғулотларда стандарт вазиятлар устида жуда кўп ишладик, айниқса, бурчак тўпларида. Гувоҳи бўлганингиздек, ҳар иккала голимиз ҳам бурчак тўпи узатилганидан кейин дарвозага киритилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, бу иккинчи даврада бурчак тўпидан киритган илк голимиз эди. Битта ўйиннинг ўзида икки бор бурчак тўпидан сўнг рақиб дарвозасини ишғол қилдик. Бу жуда яхши натижа. Ғалаба тўпини киритганим эса икки хисса қувончли воқейлик бўлди. Лекин биринчи галда жамоамнинг ғалабаси мен учун муҳимроқ. Шахсий натижалар иккинчи ўринда туради.
- Мана ғалаба қозонса бўларкану, нега шуни эртароқ бошламадинглар?
- Тан олиш керак, “Шўртан” ва “Навбаҳор” жамоалари билан кечган ўйинларда омад очиқчасига биздан юз ўгирди. Айниқса, “Навбаҳор” билан бўлиб ўтган учрашувда жуда кўплаб вазиятларга эга бўлдик. Лекин уларни голга айлантира олмадик. Аксига олиб, ҳимояда ҳам қўпол ва ёш болаларча хатога йўл қўйдик.
- “Металлург” - “Бухоро” ўйинига айримлар шубҳа билан қараяпти. Учрашув келишилганмикан, деган фикрлар ҳам бўлди. Сиз бунга нима дейсиз?
- Биласизми, “Металлург” жамоаси ҳақида гап кетса, футбол жамоатчилиги ва одамларнинг ҳаёлига келадиган биринчи фикр бу - келишилган ўйинлар бўлади. Айниқса, “Пахтакор” билан бўлиб ўтган ўйин ва унинг кетидан рўй берган воқеалардан сўнг бу жамоадан шубҳа қиладиганлар сони кескин ортиб кетди. Худди оловга ёғ сепгандек бўлди. Мен бошқа ўйинларнинг қандай мақомда бўлганига жавоб бермайман ва бу билан ишим ҳам йўқ. Лекин шуниси аниқки, “Металлург” билан ўйинимиз тоза бўлди. Ҳеч қандай келишув деган нарсанинг ўзи бўлгани йўқ. Бунга ишончим комил. Агар бу ўйинга шубҳа билан қарайдиганлар бўлса, бемалол учрашув дискини кўришлари мумкин. Бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.
- Олий лигада қолиш учун охирги иккита ўйинда ғалаба қозониш керак. Буни уддалай оласизларми?
- Энг муҳими, ҳаммаси ўзи қўлимизда. Агар сиз айтгандек, иккала учрашувда ҳам зафар қучсак, “Бухоро” жамоаси келаси мавсумда ҳам олий лигада ўйнайди. Шундай экан, майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз. “Нефтчи” билан уйда, тўғридан-тўғри асосий рақиб “Сўғдиёна” билан сафарда ўйнаймиз. Олдинда бизни жуда ҳам қийин ўйинлар кутиб турибди. “Нефтчи”нинг ўз майдонида “Қўқон-1912” жамоасига ютқазиб қўйгани бизни чалғитиб қўймаслиги керак. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
- “Бухоро” жамоасида қолишингиз клубнинг олий лигадаги ўрнини сақлаб қолишига боғлиқми?
- Шундай деса ҳам бўлади. Лекин ҳозир бу ҳақида ўйлаётганим йўқ. Биринчи галда жамоани олий лигада олиб қолиш керак. Бор эътиборимизни шунга қаратганмиз.
- Таклифлар бўляптими?
- Албатта, таклифлар етарли. Аммо, юқорида айтганимдек, ҳозир бу ҳақида ўйламаяпман. Олий лига якунланишига иккита тур қолди. Шундан кейин вазиятга қараб иш тутаверамиз. Мен олимпия терма жамоаси футболчисиман. Қарор чиқаришимда бу ҳам муҳим рол ўйнайди.
- Олий лигани қайси жамоа тарк этади?
- Бу мен учун қийин ва ёмон савол (кулади). Шуниси аниқки, кураш сўнгги тургача давом этади.
- Ким чемпионат тўпурари бўлади?
- Игорь Сергеев!
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Comments