Максим Шацких 40 ёшга тўлди
30 aug 2018 11:56
News
Максим Шацких 40 ёшга тўлди
1978 йилнинг 30 августида туғилган Максим Шацких футболдаги илк қадамларини "Пахтакор" футбол мактабида ташлаган.
Унинг энг гуллаган даврлари шубҳасиз Киевнинг "Динамо" клубида ўтган. 1999 йил Валерий Лобановский мураббийлигидаги жамоага ўтган Макс ушбу клубда 10 йил ўйнади. Шу вақт ичида икки марта Украина чемпионати тўпурарига айланди. 1999 йил 28 июлида Шацких Европа Чемпионлар лигасидаги дастлабки голини "Жальгирис"га қарши ўйинда урди. Шу тариқа, ҳужумчи ЕЧЛда гол урган дастлабки осиёлик футболчи бўлди. Ундан олдин УЕФА байроғи остидаги мусобақаларда Миржалол Қосимов тўп киритганди. Чемпионлар лигасида ўтказган 9 мавсуми давомида ҳужумчи 11 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган.
"Динамо" сафида Украина чемпионатида 215та ўйинда 97та гол урди. 2009 йилнинг 26 майида Киев клуби "Шахтёр"га қарши ўйнади. Ўша ўйин Максим учун клуб сафидаги охирги ўйин бўлиб қолиши маълум эди. "Динамо" стадионига мухлислар ҳужумчига атаб ажойиб баннерни осишди. Баннерни томоша қилинг.
Афсуски Киев жамоаси бош мураббийи Юрий Сёмин уни ўша баҳсда майдонга туширмаган...
"Мухлисларга катта раҳмат! Бу ҳолатда оддий қараб бўлмасди. Ўзимни йиғидан зўрға тўхтатдим. Ушбу баннерни эсдалик учун олиб қўйдим", - деганди ўша учрашувдан сўнг Шацких.
Ҳамюртимиз шундан сўнг Қозоғистоннинг "Локомотив" (ҳозирги "Астана"), Киевнинг "Арсенал", Одессанинг "Черноморец" клубларида фаолият олиб борди. Сўнгра эса Ужгороднинг "Говерла" клубида тўп тепди.
2010 йилнинг 4 апрелида «Арсенал» (Киев) — «Металлург» (Запорожье) (2:0) учрашувида қаҳрамонимиз Украина чемпионатларидаги ўзининг 100-голини урди. Бунинг учун ҳужумчига 222 ўйин керак бўлди.
Шацких Украина чемипонатида 125та гол уриб бу борада мутлоқ рекордчи ҳисобланади. Ҳамюртимиз 97та голни "Динамо" сафида, 22та голни "Арсенал" таркибида ва 6та голни "Говерла" сафида рақиблари дарвозасига урган.
Шацких 2003 йил Осиёда йилнинг энг яхши ўйинчиси сўровида учинчи, 2005 йил эса иккинчи ўринни банд этди. Тўрт марта Ўзбекистонда йилнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган (2003, 2005, 2006, 2007).
Қаҳрамонимиз терма жамоа сафида Осиё Кубоги-2000, 2007 ва 2011 саралаши ва финал босқичиларида иштирок этган. Бундан ташқари ЖЧ-2002, 2006 ва 2010 саралашларида майдонга тушган.
У ҳозирга қадар Ўзбекистон терма жамоаси сафида энг кўп гол урган футболчи ҳисобаланди - 61та ўйин, 34та гол.
2014 йилнинг 29 май куни Ўзбекистон терма жамоаси Уммон билан ўртоқлик учрашувини ўтказди. Мана шу баҳс Шацкихнинг терма жамоадаги энг сўнгги ўйини бўлиб тарихга кирди.
2016 йилда Шацких Киевнинг "Динамо" клуби академиясида мураббий бўлиб иш бошлади. У ерда 1 йил ишлади.
2017 йилнинг 2 июнь куни Киевнинг "Динамо" клубига Александр Хацкевич бош мураббий этиб тайинланди. Беларуслик мураббий Максим Шацкихни ўз мураббийлар штабига қўшди.
"Бизни шунча вақт давомида қўллаб турганларга раҳмат айтаман. Бугунги тадбирни ташкил этганларга раҳмат. Терма жамоа билан бирга Жаҳон чемпионатига йўлланма ололмаганим армоним бўлиб қолади. Биз терма сафидаги барча ўйинларда мухлислар учун ўйнадик, барчага раҳмат. Термадаги ўйинларим орасида бирданига БААга қарши ўйин ёдимга тушаверади (ОК-2000 саралаши. 1999 йил 27 ноябрь). Бундан ташқари Самарқандда кечган Озарбойжонга қарши дебют ўйиним ҳам ёдимда", - деганди Шацких Уммонга қарши ўйиндан сўнг.
2010 йил спорт журналисти Виктор Хохлюкнинг ташаббуси ва футболчининг розилиги билан Украина клубларида тўп тепган футболчилар учун Максим Шацких номидаги тўпурарлар клуби ташкил этилган. Унда ҳозирга қадар 172та гол урган Шацкихнинг ўзи биринчи ўринда бормоқда.
Максим Шацких
Жамоавий ютуқлари:
6 марта Украина чемпиони
5 марта Украина Кубоги соҳиби
3 марта Украина вице-чемпиони
2 марта Украина кубоги финалчиси
1 марта Қозоғистон вице-чемпиони
Шахсий ютуқлар:
2 марта Украина чемпионати тўпурари
4 марта Ўзбекистонда йил футболчиси
Бу видеода Максим Шацкихнинг фаолиятининг ёрқин лаҳзаларини томоша қилишингиз мумкин.
Championat.asia сайтининг барча ходимлари ва мухлислари номидан Максим Шацкихни туғилган куни билан табриклаймиз. Унга мураббийлик фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Comments