Ливерпуллик "Стиви Жи" - Стивен Жеррард ҳақида
29 jul 2018 23:55
News
Ливерпуллик "Стиви Жи" - Стивен Жеррард ҳақида
Стивен Жорж Жеррард - 1980 йил, 30 майда Британиянинг Мерсисайд шаҳрида туғилган. Англиялик футболчи, “Лос Анжелес Гэлакси” ярим ҳимоячиси. Футболдаги асосий фаолиятини “Ливерпул”да ўтказган.
8 ёшида “Ливерпуль” футбол академияси тарбияланувчисига айланган. 1998 йилда жамоанинг асосий таркибида дебют қилган. 2000 йилда эса асосий таркиб футболчисига айланган. 2003 йилда Сами Хюпядан сардорлик боғичини қабул қилиб олган. “Ливерпул”даги бутун бошли фаолияти давомида икки марта Англия кубоги, уч марта футбол лигаси кубоги, икки марта Англия суперкубогини, бир мартадан Европа чемпионлар лигаси ва УЕФА кубогини ва икки марта Европа суперкубоги соҳибига айланган.
Терма жамоа сафида илк маротаба 2000 йилда майдонга тушган. Тўртта Европа Чемпионати ва учта жаҳон чемпионатида иштирок этган.
2005 йилда Стивен Европанинг энг яхши футболчиси деб топилган. “Олтин тўп” сўровномасида учинчи ўринни эгаллаган.
Болалиги
Стив 1989 йилда, яъни 8 ёшлигида “Ливерпуль” скаутлари назарига тушган ва футбол клуб академиясида таълим олишни бошлаган.
У болалигида тенгдошлари орасида яққол ажралиб турмаган. Шунингдек, терма жамоадан ҳам чақириқлар олмаган. Ҳаттоки, ўз вақтида профессионал футболчи бўлиш истагидан воз кечмоқчи ҳам бўлган. 14 ёшлигида турли жамоалар кўригида бўлган. Ушбу жамоалар орасида МЮ ҳам борлигини таъкидлаб ўтиш лозим. “Ливерпуль” билан илк профессионал шартномасини 1997 йилнинг 5 ноябрида имзолаган.
“Ливерпуль”
1998 йилнинг 29 ноябрида у илк маротаба “қизиллар” сафида дебют қилган.
2000/01 йилги мавсумда Жеррард илк маротаба соврин қўлга киритган. Ўшанда у жамоаси билан биргаликда Англия кубоги ҳамда Лига кубокларида зафар қучган. УЕФА кубогининг финалида “Алавес”га қарши бўлиб ўтган ўйинда эса унинг муҳим гол эвазига “Ливерпуль” 5:4 ҳисобида ғалаба қозонган.
Мавсум якунларига кўра Жеррард Англиянинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган.
2004 йилнинг ёзида футболчи “Челси”га ўтиб кетишга жуда яқин келганди. Лекин, узоқ давом этган музокара, гап-сўзлардан сўнг футболчи “қизиллар” сафида қолишга қарор қилди. Унинг ушбу қарорида унинг Ливерпулдаги дўстлари, оила аъзолари ва шунингдек жамоа бошқарувини қўлга олган Рафаэль Бенитеснинг ўринлари катта бўлди.
Жеррарднинг фаолияти ҳақида гап кетганида 2005 йилги Истамбул финали ҳақида гапириб кетмасак бўлмайди. Ўшанда “Ливерпуль” Чемпионлар Лигаси финалида “Милан”га тўқнаш келганди. Биринчи бўлимни “қизиллар” 0:3 ҳисобидаги мағлубият билан якунладилар. Лекин, иккинчи бўлимда Жеррарднинг киритган голидан сўнг барчаси ўзгариб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг Шмицер ҳисобни 2:3 га етказади. Бироз ўтиб эса, “Милан” жарима майдони ичида Жеррардга нисбатан қўполлик ишлатилади ва Хаби Алонсо пенальтини голга айлантириб ўртадаги мувозанатни тиклайди – 3:3.
Ўйиндан сўнг бўлиб ўтган пенальтилар сериясида “Ливерпуль” ғалаба қозонади ва тарихий ғалабани қўлга киритади.
2009 йилнинг 22 мартида Жеррард “Астон Вилла”га қарши ўйинда фаолиятидаги илк хет-трикни амалга оширади.
19 октябрь куни эса Жеррард АПЛдаги 100-голини рақиблар дарвозасига киритган.
2013/14 йилги мавсумда “Ливерпуль” чемпионлик учун курашганди. Аммо, 36-турда “Челси”га қарши ўйинда айнан қаҳрамонимиз йўқ жойда йиқилиб тушиб, хатога йўл қўяди ва шундан сўнг рақиб футболчиси Демба Ба гол киритиб, “Челси”нинг ғалабасини таъминлайди. Айнан ўша мағлубият сабабли “Ливерпуль” чемпионликдан қуруқ қолган ва чемпион “Манчестер Сити”дан 2 очкога ортда қолиб кетади.
2015 йилнинг 2 январида у “Ливерпуль” билан шартномасини узайтирмаслигини ва Англиядан ташқарида ҳам футбол ўйнаб кўриш истаги борлигини маълум қилди. Ўша йилнинг 24 май куни у “Ливерпуль” сафидаги сўнгги ўйинида майдонга тушади. Ўша ўйинда “қизиллар” сафарда “Сток Сити”га 6:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Жеррард эса жамоасининг ягона голига муаллифлик қилган.
“Лос-Анжелес Гэлакси”
2015 йилнинг июлида у МЛСнинг “Лос-Анжелес Гэлакси” жамоаси сафига бориб қўшилади. 12 июль куни янги жамоаси сафида илк ўйинда майдонга тушади. 18 июль куни эса клуби сафидаги илк голини рақиб дарвозасига киритади.
Терма жамоа
Стивен Жеррард Англия терма жамоаси сафида илк маротаба 2000 йилнинг 31 май куни Украина терма жамоасига қарши ўйинда дебют қилган. Ўша йили терма жамоаси билан Европа чемпионатида иштирок этган. Бироқ, ўша турнир инглизлар учун омадсиз кечган.
2002 йили бўлиб ўтган Мундиални эса у жароҳати сабабли ўтказиб юборишга мажбур бўлади.
Евро-2004 ўйинларида эса терма жамоаси билан чорак финалгача етиб борган. Ўшанда Англия чемпионат мезбони Португалия терма жамоасига имкониятни бой бериб қўйганди.
2006 йили Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эса яна Португалия терма жамоаси Англияни турнирдан чиқариб юборади. Ўшанда жамоа пенальтилар сериясида ютқазиб қўйганди.
2010 йилги ЖЧда эса у Мундиалдаги илк голини АҚШ дарвозасига киритган. Гуруҳдан муаммосиз чиққан Англия бу сафар Германия терма жамоасига ютқазиб қўяди ва яна турнирни эрта якунлашга мажбур бўлади.
Евро-2012га терма жамоани сардор сифатида бошлаб тушган футболчи турнир давомида иккита аниқ голли пас беришга муваффақ бўлади. Чорак финалда эса бўлажак финалчи – Италия терма жамоасига пенальтилар сериясида имконият бой берилади.
2014 йил Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам Стивен жамоасини сардори бўлади. Англияликлар учун жуда омадсиз ўтган ўша ЖЧда жамоа битта ўйинда ҳам ғалаба қозона олмаган ва гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб ортга қайтишга мажбур бўлган.
2014 йилнинг 21 июлида Стивен Англия терма жамоасидаги фаолиятини якунлашини эълон қилди. У "уч шерлар" таркибида 114 та ўйин ўтказиб, 21 маротаба рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олган.
Эришган ютуқлари:
Англия Кубоги соҳиби: 2000/01, 2005/06
Лига Кубоги соҳиби: 2000/01, 2002/03, 2011/12
Англия Суперкубоги соҳиби: 2001, 2006
Чемпионлар Лигаси ғолиби: 2004/05
УЕФА Кубоги соҳиби: 2000/01
Европа Суперкубоги соҳиби: 2001, 2005
Википедия маълумотлари асосида тайёрланди
Comments