Latest news

13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  1 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  1 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   15 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  10 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  3 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  2 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  8 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1 05:09АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида иродали тарзда "Лестер"ни мағлуб этди  6

"Ливерпуль"даги Диас билан яқиндан танишамиз. Ким ўзи у?! News

"Ливерпуль"даги Диас билан яқиндан танишамиз. Ким ўзи у?!

Уни "Тоттенхэм"дан тортиб олишди.

Одатда "Ливерпуль" қиш мавсуми трансфер бозорида унчалик фаол бўлмайди, чунки ёзда битимлар имзолашни афзал кўради. Бироқ клуб истисно тариқасида бу январь кўпчиликни хурсанд қилди. Клопп учун 25 ёшли вингер "Порту"дан харид қилинди.

Трансфер нархи — 45 млн евро ва 15 млн бонус. Шартнома муддати 2027 йилгача бўлиб, футболчининг маоши ҳафтасига 90 минг фунтни ташкил этади. Тиббий кўрик Жанубий Америкада, Диас ЖЧ-2022 саралаш баҳсларида иштирок этиш учун Колумбия термасига бориб қўшилганида, бўлиб ўтди. Текширув осон бўлмади: ковид бўйича протоколни бузмаслик учун шифокорлар Аргентинага учиб келишди ва у ерда ўйинчи билан учрашишди. Клопп бу учун колумбиялик футбол расмийларига алоҳида ташаккур билдирди.

28 январь куни Жейми Каррагер туғилган кунини нишонлади. Жейми "Ливерпуль" расмий саҳифасидан келган табрикномага қуйидагича жавоб қайтарди:

"Диаснинг трансфери ажойиб совға бўлди".

Бир неча кун кутишга тўғри келди, аммо Каррагер бу учун яхшигина совғага эга бўлди: колумбиялик 23 рақамда ўйнайди. Эслатиб ўтамиз, Жейми "Ливерпуль"даги бутун фаолияти давомида шу рақам остида тўп тепган.


"Ливерпуль" Диасни ёзда харид қилмоқчи эди. Лекин "Порту"нинг молиявий фэйр-плей муаммолари ва "Тоттенхэм"нинг фаоллиги вазиятни янада тезлаштирди

"Ливерпуль" анчадан бери Диасни кузатиб юрарди. Трансфер қишда амалга ошиш эҳтимоли жуда паст эди: одатда клублар билан келишиш қийинроқ, нархлар юқори бўлади. Ҳа, Диаснинг "Порту" билан шартномасида товон пули 80 млн евро эди. "Ливерпуль" истисно ҳолатлардагина бундай сумма сарфлайди. Аммо УЕФА томонидан "Порту" тазйиқ остида эди — клуб молиявий фейр-плей чегараларидан чиқиб кетаётганди. Шунинг учун, португалияликлар пулга жуда муҳтож эди. Диас — клубнинг энг талабгир ўйинчиси. Шу сабабли, аввало уни сўраб келишлари аниқ эди.

Ёзда Рафа Бенитес ("Эвертон" бош мураббийи) Луисга катта қизиқиш билдирганди, унга қадар эса колумбияликка "Брайтон" ва "Зенит" ҳам даъвогар бўлган. Январда "МЮ" ва "Барселона" ҳам Диасни жамоасига қўшиб олишни истаган, бироқ вингер учун асосий даъвогар "Тоттенхэм" эди. Лондонликлар таклиф билдиришди ва барчаси "Порту"га маъқул келди — сумма шартномада кўрсатилган товон пулидан пастроқ эди. "Ливерпуль" айнан шу пайт вазиятга аралашди: мерсисайдликлар катта "чегирма" ва "Тоттенхэм" билан музокалар ҳақида эшитган заҳоти футболчини қўлдан бой бермасликка қарор қилишди. Таклиф Лондон клубиники каби фойдали бўлмади — "шпорлар" ҳеч қандай бонусларсиз нақд 60 млн евро беришга тайёр эди. "Порту" эса камроқ суммага, лекин бонуси бор таклифга розилик билдирди. Муҳими, футболчининг истаги ҳам инобатга олинди.

Барчаси чиройли тарзда амалга оширилди. "Порту" 31 январгача қарздорлигини ёпиши керак эди. Шунинг учун, "Ливерпуль" тиббий кўрикдан аввал тахминан 8 млн еврони олдиндан тўлаб берди. Натижада португаллар қарзини тўлаб, 3 мавсумга еврокубокдан четлатиш муаммосидан қутилиб қолишди.

Музокаранинг муваффақияти — Жулиан Уорднинг илк катта ютуғидир. Сабаби Уорд ёзда "Ливерпуль"нинг янги спорт директори лавозимига ўтиради — афсонавий Майкл Эдвардснинг шартномаси муддати якунига етмоқда, битим узайтирилмайди. Эдвардснинг ўзи буни рад этди, сабаби унга янги таклифлар тушаётган экан. Лекин Майкл янги трансфер вақтида четдан қараб тургани йўқ. Уорднинг ўзи ҳам бу ишни уддалай оларди, чунки, бир неча йил аввал Жулиан Португалия термасида таҳлилчи бўлиб фаолият юритган. Мерсисайдликларнинг асосий скаути бўлиш Испания ва Португалия ўртасидаги музокарада ҳам каттагина ёрдам берди.


Диас испанларга бўйсунмаган қабиладан. Маҳаллий халқлар орасидаги махсус Америка Кубогидан сўнг йигитча катта футболга қадам қўйди

Диас Колумбия шимолида яшовчи вайю қабиласидан ҳисобланади. Улар испан мустамлакачиларга бўйсунмаган ҳинд қабиласидир. Вайю — ҳиндлар орасида биринчилардан бўлиб замонавий давлат ҳудудида яшаган, қуроллардан фойдаланган ва отларни эгарлаган халқ саналади.

Вайю испанларга қаттиқ қаршилик кўрсатди, натижада бу қонли олишувга айланиб кетди. Испания губернатори Сото де Эррера "Худони, қонунни ва қиролни танимайдиган қабила ўлимга лойиқ" деб айтган. XIX аср охиридагина Венесуэла ва Колумбия ҳукуматлари бўйсунмас вайю қабиласини саҳрога ҳайдашга муваффақ бўлганди. Вайю қабиласи бугунги кунда Гуахира чўлида ночор аҳволда кун кўради. Улар Жанибий Америка шимолидаги кўп сонли маҳаллий халқлардан бири — тахминан 685 минг вайю Колумбия ва Венесуэла чегарасида яшайди.

Диас шундай шароитдан футболга кириб келди. 2015 йили қабила жамоаси Колумбия ҳиндулари ўртасидаги турнирда иштирок этди. 18 ёшли Луис скаутлар эътиборига тушди. Йигитчани вайюдан маҳаллий халқлар орасидаги Копа Америкага (ҳа, шунақаси ҳам бор) олишди. У ерда Колумбия финалга чиқди, бироқ у ерда Парагвайга имкониятни бой берди. Диас турнир кашфиётларидан бири бўлди.

"У жуда озғин ва баланд бўйли эди, — ёдга олади ўша жамоа мураббийи Хайро Диас. — Жуда кўп савол берар, тактикага қизиқар ва машғулотларда қаттиқ меҳнат қиларди. Финалдаги мағлубиятдан сўнг кийиниш хонасида узоқ йиғлаган эди".

Луисни Колумбиянинг машҳур клубларидан бирига таклиф қилишди — "Атлетико Хуниор". Бунга ҳиндулар термасига ўйинчи танлаш борасида ёрдам берадиган Карлос Вальдеррама сабабчи бўлди. Диас жуда қилитриқ эди. Шунинг учун, 10 кг йиғиши учун унга махсус диета қилишини айтишди. Яшаш шароити унинг вазнига катта таъсир қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ўша халқнинг турмуш шароити жуда оғир, болалар тўйиб овқатланмаслиги асосий муаммолардан бири. 2020 йил статистикасига кўра, вайю қабиласининг атиги 23%и нормал тарзда овқатланади.

Диас ўзининг кичик ватанини унутмайди. Копа Америка-2021даги муваффақиятли саёҳатидан сўнг, у Барранкас шаҳарчасидаги уйига борди ва ўша ердаги маҳаллий аҳоли болалари билан ўйнади. Диас "Атлетико" сафида бир қанча титулларни қўлга киритган (Колумбия чемпионанинг турли босқичларидаги ғалабалар, Колумбия Кубогидаги ғалаба). 2019 йили ёзида у "Порту"га жўнаб кетди.

"Ўйлайманки, "Порту" у учун бошланғич таълим бўлади олади. Худди Хамес ва Фалькаога бўлгани каби, — деган эди Диаснинг биринчи мураббийи Португалияга трансфер амалга ошганидан сўнг. — Тез орада Европанинг энг яхши 5та клубидан бирида уни кўрамиз деб умид қиламан".

Мураббий адашмаган эди. Вайю қабиласи жамоасидан "Ливерпуль"гача бўлган йўл 7 (!) йилни ташкил этди. Шу сабабли, ҳеч қачон орзу қилишган тўхтаманг!


Диасни Неймар ва Роббен билан таққослашмоқда

Луис йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Ўтган ёзда Копа Америкада ёрқин из қолдирди: энг яхши тўпурар бўлди (4та гол — Мессида ҳам худди шунча), турнир термасига киритилди ва жамоаси 3-ўрин олишида катта ёрдам берди.

"Порту"даги статистикаси ҳам ёмон эмас. Диас бу мавсум Португалия чемпионатида 14та гол урди ва 5та ассист қайд этди — чемпионат тўпурарлари орасида иккинчи ("Бенфика" ўйинчиси Нуньес ҳисобида 1та гол кўпроқ) ва гол+пас тизими бўйинча ҳам иккинчи бўлди ("Бенфика" футболчиси Рафа Силвада 1 очко кўпроқ). Бунга қадар колумбиялик икки мавсум давомида мунтазам 6+5 натижа қайд этарди.

Португалия оммавий ахборот воситалари "Порту"нинг чемпионлик учун курашида Диаснинг кучли ўйини асосий омил бўлишини таъкидлашганди — клуб "Спортинг"дан 5 очко олдинда. Бу ҳақиқатга ўхшайди: кўпинча Луиснинг индивидуал ҳаракатлари туфайли очко қўлга киритилган. Ёрқин мисол: январь бошларида "Порту" биринчи тайм натижасига кўра 0:2 ҳисобида ютқазаётганди. Иккинчи таймда Луис гол урди ва бош мураббийнинг ўғлига голли пас берди. Натижада жамоа 3:2 ҳисобида ғалабага эришди.

"Ливерпуль" ва Клоппнинг шахсан ўзи Диасни кузатишган: футболчи кузда Чемпионлар Лигаси доирасидаги "Ливерпуль"га қарши икки баҳсда ҳам тўлиқ ўйнаганди. Тўғри, "Порту" икки сафар ҳам мағлуб бўлган, аммо бу Клоппни қўрқувга солмади:

"Биз Луисга қарши ўйнаганимизда, у қанчалик хавфли ва тезкор эканига ҳамда унинг менталитети жамоага қанчалик катта ёрдам берганига гувоҳ бўлдик. У бизнинг турмуш тарзимиз ва Премьер-лигага ҳам жисмонан, ҳам руҳан мослаша олади деб ўйлаймиз. Биз ҳозир ҳам, келажакда ҳам яхшироқ ўйнашимизда Луиснинг ҳиссаси катта бўлишига ишонамиз".

Хайро Диас — Луиснинг биринчи мураббийи. Унинг фикрича, "Ливерпуль"нинг янги футболчиси ўйин услуби бўйича Неймарни эслатаётган экан:

"У тўхтаб турган жойидан тезлашиши ва бир лаҳзада тўхташи, ҳаракатини ўзгартириши мумкин — бу унинг кучли томони".

Статистика тасдиқлайди: колумбиялик — муваффақиятли алдаб ўтишлар сони бўйича Португалия лигаси топ-3лигига кирган.

The Athletic нашри Европа футболида бошқа бир аналог топа олди – Арьен Роббен. Барчамизга яхши таниш "фирменний" усул: Диас қанотдан марказга ўтади ва узоқ бурчакка зарба беради — у буни қила олишини ҳамма билади, лекин кўпчилик тўхтата олмайди. Бироқ Роббендан бир устун жиҳати бор: Луис икки оёқда ҳам яхши ўйнай олади. Марказ томон ҳаракатланишнинг ўрнига қанотдан олдинга ўтади ва чап оёқда узатмани амалга оширади. Баъзан ўша чап оёқда зарба бериши ҳам мумкин. Бу мавсум у чап оёқда ва боши билан 3тадан гол урди.

"Баъзида клубдошларим сўрашади: "Нега ўзинг тепмадинг?" Очиғи, агар шеригим яхшироқ позицияда турган бўлса, пас беришни афзал кўраман. Шундай вазиятларда ўсаман деб ўйлайман", — деган эди футболчи 2020 йил берган интервьюсида. Бу мавсум шериги зарба бериши учун қулай узатмалар сони бўйича Португалия лигаси топ-3лигига кирди.


Диас — Маненинг ўрнига потенциал ўринбосар. "Ливерпуль" яна рақобатчиларидан чаққонроқ ҳаракат қилди

Асосий савол — Клопп  Диасдан қай мақсадда фойдаланмоқчи?

Диасни харид қилиш —  ҳужумчилар учлигини қайта тиклашнинг бир қисмидир. "Ливерпуль" Мане-Фирмино-Салах буюк ўйинчилар эканини яхши билади, аммо уларни аста-секинлик билан алмаштириш лозим. Афтидан, улар балансни излашмоқда. Ҳар бир футболчининг ўринбосари борлиги жамоа тузишда ҳам, футболчиларнинг майдондаги муносабатида ҳам, музокара олиб боришда ҳам мослашувчанликни беради.

Ҳужум учлиги учун сотиб олинадиган футболчилар (аввалига Жота, энди эса Диас) бир позициядан кўпроқ жойда ўйнай олади. Бироқ Луис — Маненинг ўрнини боса олади. "Ливерпуль" Садьо билан музокарада устунроқ (шартнома муддати 1.5 йилдан сўнг ниҳоясига етади, ҳозирча битимни узайтириш борасида музокара олиб борилмаяпти). Жамоадан кетиш варианти ҳам унчалик қўрқинчли эмасга ўхшайди.

"Ливерпуль"ни буткул қониқтирадиган икки вариант: ё тайёр ва Клопп футболчига аллақачон мослашиб улгурган ўринбосар ёхуд биз ҳозир Жота ва Фирмино мисолида кўраётган ҳолат: рақобат ҳам, тактик хилма-хиллик ҳам бор. Тўғри, гарчи иккиси ҳам Клопп тизимида қизиқарли сифатларни намойиш эта олишига қарамай, Диас ва Мане бир-биридан фарқ қилади. Луис бирга-бир курашларда ўзини ёрқинроқ кўрсата олади, қийин ҳаракатларни ҳам яхши бажаради — тўп ўнг қанот остида бўлган вазиятларда чап қанотдан югуриб келиб, тўпни олиб қўяди.

Мане эса яккакурашда унчалик ҳам зўр эмас, лекин шу билан бирга комбинацияларни яхши ўқий олади ва Диасдан фарқли ўлароқ, у ҳимоячилар ортидаги бўш зоналардан самарали фойдаланади. Ҳа, Садьо ҳозир тўпсиз ҳам Луисдан устун. Улар турли хил, бироқ иккиси ҳам "Ливерпуль" тизимини ўзини намойиш эта олиши мумкин.

Муҳими, Диасда ҳам тўпсиз ўйнай олиш сифатлари бор — у аста-секин бўлса-да, Клопп футболига мослашади. Қувонарлиси, уни ҳозир сотиб олишганидадир. Сабаби у маълум вақтини бошланғич таркибнинг муҳим ўйинчиси сифатида ўтказмайди, аксинча Мане билан рақобат қилади. Чуқур ўйлаб чиқишганига шубҳа йўқ. Бу трансфер — "Ливерпуль"нинг узоқ муддатли стратегиясига яна бир ёрқин мисол. Ҳа, режа ўйланганидан бироз вақтли амалга ошди, аммо бу умумий режага буткул мос келади.

Диас аллақачон "Ливерпуль"га келиб қўшилди ва машғулот ўтказишга ҳам улгурди. Шунингдек, "Бугунданоқ жамоага ёрдам беришга тайёрман" деди. Қизиқ, уни бугун мерсисайдликлар либосида кўрамизми? Бизни кузатишда давом этинг!

Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент вақти билан 17:00да "Ливерпуль" - "Кардифф сити" учрашувига старт берилади.


Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +9   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика