"Ливерпуль" ҳимоясини қутқариш учун келган Озан Кабак ҳақида
08 feb 2021 16:00
News
"Ливерпуль" ҳимоясини қутқариш учун келган Озан Кабак ҳақида
Озан Мухаммад Кабак 2000 йил 25 март куни Туркиянинг Анқара шаҳрида таваллуд топди. Кабак — "Галатасарай" клуби тарбияланувчиси. 2018 йилнинг 12 майида Туркия Суперлигаси доирасида "Ени Малатьяспора"га қарши баҳсда дебют қилди. Ўйиннинг иккинчи тайми Райан Донкнинг ўрнига майдонга тушган. Озан ўзининг дебют мавсумида Туркия чемпиони бўлишга муваффақ бўлди.
Футболчида Ван Дейкнинг футболкаси бор — совға!
Куни кеча бўлиб ўтган Озан Кабак "Ливерпуль" - "Манчестер Сити" ўртасидаги баҳсда захира ўриндиғидан жой эгаллади, аммо майдонга тушмади. 20 ёшли ҳимоячи "Шальке"дан ёзда сотиб олиш имконияти билан мавсум охиригача ижара ҳуқуқлари асосида Клопп жамоасига кўчиб ўтди. Кабак гельзенкирхенликларнинг асосий фаоли — унинг transfermarkt сайтидаги нархи 25 млн евро атрофида. Ҳа, "Шальке" — Бундеслиганинг бу мавсумдаги энг ёмон жамоаси, бироқ айнан Озан мақташга арзигулик иқтидор соҳиби. У ўринбосарларсиз ўйнайди, яккакурашнинг 77 фоизини (ҳатто ўтган мавсум Ван Дейкнинг ҳам кўрсаткичлари бундан пастроқ эди). "Шальке"нинг собиқ мураббийи ва Юргеннинг яқин дўсти Дэвид Вагнер бу йигитчани Клоппга маслаҳат берган.
"Дэвид у ҳақида фақат ижобий фикрлар билдирган, — дейди Клопп битим имзолангандан кейин. — Дэйвнинг айтишича: Озан — бўлажак сардор ва буюк шахс. Ҳозир у Туркиянинг исталган клубида ўйнаши мумкин. Аммо у футболдаги салоҳиятини ривожлантириш учун аввал "Штутгарт"га, кейин эса "Шальке"га ўтган. Шундай ёшда бу катта қадам".
Кабак — ҳақиқатдан ақлли йигит. Туркиянинг энг яхши мактабларидан бирида аъло баҳога ўқиган
Лекин Кабак умуман "Шальке" ва "Ливерпуль"га ўтмаслиги мумкин эди. Озан "Силивриспор" ёшлар жамоаси сафида ҳужумчи сифатида ҳам ҳаракат қилган. Жамоа мураббийлари "Галатасарой" скаутларини иқтидорли йигитчанинг ўйинини кузатиш учун таклиф қилишган. Кабак эса академия раҳбари Недим Йигитга ёқиб қолди.
"Галатасарай"га ўтгандан кейин эса муаммолар юзага келди:
"Озаннинг отаси Истанбулдан 146 км узоқликдаги Текирдаг шаҳрида давлат хизматчиси бўлиб ишларди, — дейди Недим. — У очиқчасига ҳар куни ўғлини Истанбулга олиб боролмаслигини айтган. Биз ўшанда жавоб бергандик: "Ҳеч бўлмаса 15 кунда бир марта олиб келинг, буни қилишингиз шарт".
Шундай қилиб Кабак "Галатасарай" академиясига кириб борди. У ерда ҳужумчи ролидан аввал ўнг қанот ҳимоячиси, кейин эса марказий ҳимоячи позициясида ҳаракат қила бошлади. Лекин Озаннинг ота-онасига фарзанди аъло баҳога ўқиса кифоя эди. Шунинг учун, клуб болакайни база ёнидаги элита мактабга ўтказишни таклиф қилди. Кабак рад этди ва Истанбулнинг энг яхши илмий мактабларидан бирига ўқишга кирди.
Тушунишингиз учун: Ясан Акар илмий мактабига ўқишга кириш учун имтиҳонда юқори балл тўплаган ва аъло баҳога ўқиган бўлиш шарт этди. Озан бу шартларни қойилмақом даражада уддалади ва ўқишга кирди. Айтганча, мактаб битирувчи-футболчиси билан жуда фахрланади. Икки йил аввал Кабак Истанбулга учиб борди, жонажон мактабига ташриф буюриб, ўқитувчилари билан учрашди.
2018/19 йилги мавсумда Кабак "Галатасарай" асосий таркибига киритилди, бироқ қишдаёқ 11 млн евро эвазига "Штутгарт" томон йўл олди. Эртаси куни Недим Йигит Истанбул клуби академиясининг техник директори лавозимидан истеъфога чиқди.
"У "Штутгарт"га кетган куниёқ тез орада "Бавария ёки "Боруссия"да ўйнай оладиган даражага етишини ишонган эдик", — дейди Недим берган интервьюсида. — Кабак доим катта футбол IQсига эга футболчи бўлган. Унга нима ўргатсангиз тез ўзлаштиради ва тез мослашади.
2019 йил ёзидан буён Йигит "Истанбул Башакшехир" ёш футболчиларини тайёрлаш ишларига жавоб беради. Кабак эса ярим йил ичида "Штутгарт"га мослашиб, 4 млнга қимматлашди ва "Шальке"га ўтди.
Озан — Ван Дейкнинг мухлиси. Уйи деворига Виржилнинг футболкасини илиб қўйган
Озан "Галатасарай"далигидаёқ Ван Дейкнинг футболкаси билан суратга тушган — бу Виржилнинг шахсан голандиялик ҳимоячисига берган туҳфаси эди. Кабакнинг айтишича, совға унга Голландияда туғилган "Галатасарай" футболчиси Омер Байрам орқали етиб келган.
"Мен Омерга Ван Дейкнинг ўйинларини мириқиб томоша қилишим ҳақида айтгандим. Ўшанда Байрам болалигидан бери Виржил билан яқин дўст эканини айтган. Орадан бир неча кун ўтиб қўлимга мен учун аталган футболка келиб тушган. Кўзларимга ишонмасдим! Совғани олиб дарҳол деворга илиб қўйдим".
Озан 1,5 мобайнида "Шальке"да Европанинг энг истиқболли ўйинчиларидан бири мақомига эга бўлди ва "Ливерпуль" томон йўл олди. Энди у Ван Дейк билан бирга ўйнашга лойиқ эканини исботлаши учун ярим йил вақти бор!
Нозима Зарипова таржимаси
Comments