Ла Лига. 3 та гол ва 3 очко — "Реал" чемпионлик сари дадил одимламоқда
15 mar 2022 02:59
News
Ла Лига. 3 та гол ва 3 очко — "Реал" чемпионлик сари дадил одимламоқда
"Мальорка" – "Реал Мадрид" 0:3
15 март, 01.00, "Сон Моиш"
Голлар: 0:1 – 55 Винисиус Жуниор, 0:2 – 77, пенальти Бензема, 0:3 – 82 Бензема.
"Мальорка" – Рико, Маффео, Раильо, Вальент, Оливан, Дани Родригес (Ндиайе, 79), Кубо (Ли Кан Ин, 78), Баба (Гренье, 86), Санчес (Севилья, 68), Анхель Родригес (Пратс, 68), Мурики.
"Реал Мадрид" – Куртуа, Алаба, Начо, Менди (Марсело, 80), Кроос, Каземиро (Камавинга, 61), Вальверде (Модрич, 60), Васкес (Карвахаль, 70), Бензема, Винисиус Жуниор, Родриго (Асенсио, 71).
Огоҳлантиришлар: Вальверде (17), Винисиус Жуниор (30), Анхель Родригес (30), Васкес (52), Раильо (69), Маффео (76).
Mallorca |
LaLiga . Round 28 15/03/2022, 01:00 3
:
0
Finished
|
Real Madrid Vinicius Junior - 55', Karim Benzema - 77', Karim Benzema - 82' |
Stadium: Visit Mallorca Estadi, 17191 spectators
Referee: Jose Sanchez
Ушбу саҳифада учрашувнинг матнли трансляциясини кузатишингиз мумкин бўлди.
90+5-дақиқа. Сўнгги сонияларда "Реал" яна бир бурчак зарбасини амалга оширди. Хавф бартараф этилгач, бош ҳакам финал ҳуштагини чалди ва "Реал" 3:0 ҳисобида зафар қучиб, навбатдаги 3 очкони ҳисобига қўшиб қўйди.
90+3-дақиқа. Камавинганинг фаоллиги эвазига Винисиус тўпни жарима майдончасида қабул қилиб олди ва бироз дарвозага яқинлашгач, зарба йўллади, бироқ тўп йўлига ҳимоячи тўғаноқ бўлди.
90+2-дақиқа. Тибо Куртуа шошилмай тўпни ўйинга киритиб берди.
Ҳакамга ўйиннинг бориши маъқул келяпти чоғи, ғолиб номи аниқ бўлиб улгурган бир паллада ҳам 5 дақиқани камайтирмасликка қарор қилди.
Ўйиннинг асосий вақтига 5 дақиқа қўшиб берилди!
90-дақиқа. Дани Карвахаль тўпни узоқлаштиришда фаоллик кўрсатди.
90-дақиқа. "Мальорка" вазият яратиш илинжида. Бироқ Ведат Мурикининг зарбасига аниқлик етишмади.
Бензема майдонни тарк этди ва ўзгариш қилиш учун имконияти қолмагани сабаб, "Реал" беллашувни бир киши кам бўлиб якунлаб қўяди.
86-дақиқа. Ўзгариш! Идриссу Баба ўрнига Клеман Гренье ўйинга қўшилди.
85-дақиқа. Учрашув қахрамони Бензема майдонда ўтиганича, захира ўриндиғи томон қарамоқда... Футболчи жароҳат олган кўринади.
Энди Карим Бензема ҳисобида Ла Лига доирасидаги ўйинларда 22 та гол бор!
82-дақиқа. ГООООООЛ! Ҳозиргина майдонга тушган Марселонинг узатмасидан кейин Карим Бензема дублни расмийлаштирмоқда.
81-дақиқа. "Реал"нинг навбатдаги ҳужуми бурчак зарбаси билан давом этади.
80-дақиқа. Ўзгариш! Ферлан Менди ўрнига Марсело.
77-дақиқа. ГООООООЛ! Карим Бензема орадаги фарқни иккита тўпга оширди! Франциялик футболчи шу зарбаси билан амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.
76-дақиқа. Огоҳлантириш! Қўполлиги учун Пабло Маффеога сариқ.
75-дақиқа. Ортга қайтиб тўпни олиб қўйган Винисиус, ўзи бошлаган ҳужумнинг якунида Бензема учун пенальти ишлаб берди.
73-дақиқа. Майдон марказига яқин нуқтада Эдуардо Камавинга қанчалик уринмасин тўпга ета олмади ва Ведат Мурикининг майдонга қулашига сабаб бўлди. Ҳакам жарима зарбаси белгилади.
70-дақиқа. Ўзгаришлар! Лукас Васкес ва Родригонинг ўрнига Дани Карвахаль ҳамда Марко Асенсио ўйинга қўшилди.
69-дақиқа. Такефуса Кубо "қироллик клуби"нинг анча хавфли бўлиши мумкин бўлган ҳужумини тўхтатиб, тўпни олиб қўйди ва дарҳол шеригига узатди, бироқ у япониялик оширган тўпни бўйсундира олмади.
68-дақиқа. Ўзгаришлар! Антонио Санчес ва Анхель ўрнини Сальва Севилья ҳамда Абдонга бўшатиб берди.
67-дақиқа. Карим Бензема тўпни жарима майдончаси ичига йўллаганди, ҳимоячи ишончли ҳаракат қилди.
66-дақиқа. Антонио Санчес тўп учун курашда Эдуардо Камавинга нисбатан қўпол ҳаракат қилди деб топди ҳакам.
64-дақиқа. Чап қанот ҳимоячиси бўлган Бриан Оливан ҳужумга қўшилди ва узатмани амалга оширди, аммо у йўллаган тўпга шерикларидан ҳеч ким етиб бора олмади.
62-дақиқа. Идриссу Баба қарши ҳужумга қочиб кетаётган Родригони футболкасидан ушлаб, тўхтатиб қолди.
60-дақиқа. Ўзгаришлар! Вальверде ва Каземиро ўрнига майдонга Лука Модрич ва Эдуардо Камавинга туширилди.
58-дақиқа. Каземиро кетма-кет икки бор ўйин қоидасини бузди.
Шунингдек, бу вазиятда тўпни олиб қўйишда жонбозлик кўрсатган Федерико Вальверденинг фаоллигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
55-дақиқа. ГОООООЛ! Винисиус Жуниор Карим Бенземанинг узатмасидан кейин тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказиб, мўлжалга аниқ йўллади. Яна шу жуфтлик ўз сўзини айтмоқда.
52-дақиқа. Огоҳлантириш! Лукас Васкес ҳам қанотдаги курашда Кубони аяб ўтирмади. Натижада, қўпол ҳаракати учун испаниялик футболчига сариқ карточка кўрсатилди.
49-дақиқа. "Реал" тўпни назорат қилмоқда.
46-дақиқа. Иккинчи бўлим бошланди!
Бўлди, шу паллада ҳакам биринчи бўлим якунланганлигини билдирувчи ҳуштагини чалди. Ҳозир ҳеч бир жамоа ҳисобни очишга муваффақ бўла олмади.
45+2-дақиқа. Кубонинг узатмасидан кейин Каземиро тўпни Куртуа қўриқлаётган дарвоза яқинидан узоқлаштирди.
45+1-дақиқа. "Мальорка" ҳужумга ўтди ва қулай вазият яратиш илинжида. Родриго Раильога нисбатан ўйин қоидасини бузган деб топилмоқда.
45-дақиқа. Биринчи бўлимга 2 дақиқа қўшиб берилди.
44-дақиқа. Давид Алабанинг зарбасидан кейин тўп йўлига ҳимоячи тўғаноқ бўлди.
42-дақиқа. Бензема-Винисиус жуфтлигининг фаоллиги меҳмонларга яна бир бурчак зарбасини тақдим этди.
41-дақиқа. Аввалига Карим Бензема жарима майдончаси ичидаги шеригига узатган тўпини ҳимоячилар қайтаришди, кейин Тони Кроос жарима майдончасига кирмай, зарба йўллади, бироқ унинг уринишига аниқлик етишмади.
40-дақиқа. Таке Кубонинг қанотдан узатган тўпини Тибо Куртуа эгаллаб олди.
39-дақиқа. "Реал" навбатдаги бурчак зарбасини амалга оширди. Бриан Оливан тўпни жарима майдончасидан узоқлаштиришга муваффақ бўлди.
37-дақиқа. Мурики марказга яқин ҳудудда Тони Кроосни чалиб йиқитди ва ҳакам фол қайд этди.
34-дақиқа. Ведат Мурики боши билан тўпни шеригига етказмоқчи эди, аммо у тўпни қабул қилишди, ўзига ўнглаб олишда сусткашликка йўл қўйди.
Тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткич 26-74 фоиз ҳисобида "Реал" фойдасига.
30-дақиқа. Огоҳлантириш! Ўта қизиққонлиги учун Винисиусга сариқ карточка кўрсатилмоқда. Қўшимчасига бразилиялик футболчи ҳакамга бориб бир нималар деб юборди. Шунингдек, "Реал" футболчиси билан келиша олмай қолган Анхель ҳам сариқ карточка ишлаб олди.
30-дақиқа. Футболчилардан бирига тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур. Шу сабабли, ўйин тўхтатилди.
26-дақиқа. "Мальорка" тўпни ўз назоратида ушлаб туришга уринмоқда.
Бу сафар ҳам жарима зарбасини Кроос амалга ошириб берди, лекин ҳимоячилар тўпни узоқлаштиришга муваффақ бўлишди.
23-дақиқа. Дани Родригес Винисиусга нисбатан қўпол ҳаракат қилди.
21-дақиқа. Тони Кроос жарима зарбасидан тўпни шериклари томон йўллади, лекин Винни ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган эди.
20-дақиқа. "Реал" рақиб дарвозаси олдида вазият яратишга уринмоқда. Винисиус қоидани бузди деб топилди, У Антонио Раильога нисбатан фол ишлатди.
17-дақиқа. Огоҳлантириш! Такефусо Кубога нисбатан ишлатилган қўполлик учун Федерико Вальвердега сариқ карточка кўрсатилди.
14-дақиқа. Каземиро тўп учун курашда фол ишлатди деб топилди. Эслатиб ўтамиз, бразилиялик футболчи бугун сариқ карточка оладиган бўлса, навбатдаги баҳс "Эл Класико"ни ўтказиб юборишга мажбур бўлади.
12-дақиқа. Феде Вальверде қанотдан тўпни жарима майдончаси ичига йўллади, Пабло Маффео хавфни бартараф этди.
11-дақиқа. "Мальорка" учрашувдаги илк хавфли вазиятини яратишга яыин келганди, бироқ Ведат Мурики тўп билан ўзи истагандек муомала қила олмади.
7-дақиқа. Родриго қанотда Кубога нисбатан қўпол ҳаракат қилди ва ҳакам жарима зарбаси белгилади.
5-дақиқа. "Реал" кетма-кет ҳужум уюштириб, тезкор гол уришга уринмоқда.
3-дақиқа. Винисиус Жуниор чап қанотдан олдинга ўтишга уриниб еўрди, аммо ҳимоячи уни жарима майдонига киришига йўл қўймади.
1-дақиқа. Ўйин бошланди! Уни меҳмонлар бошлаб беришди.
Comments