Куннинг муҳим ўйинлари
17 sep 2016 14:56
News
Куннинг муҳим ўйинлари
Бугун шанба, европа миллий чемпионатлари ва ўзимизнинг Олий лига учрашувлари бўлиб ўтадиган кун.
Футболга ошно тутинган киши имкон қадар барча эътиборга молик ўйинларни томоша қилгиси келади.
Тўғрисини айтиш керак, сўнгги йилларда ички чемпионатимиз учрашувларига бўлган қизиқиш пасайиб бормоқда. Олий лига ўйинларида стадионлар тўлиб-тошиши ўёқда турсин, 4-5 минг ишқибоз ташриф буюрадиган ўйинларни аншлаг, дея аташга ўрганиб қоляпмиз.
Мухлисларсиз футбол - бу тузсиз таомга ўхшайди. Тановул қиласиз, аммо мазаси йўқ.
Масалан охирги йилларда Италия А Серияга бўлган қизиқиш футбол жамоатчилиги ичида ҳам пастлаганидан хабарингиз бор. Авваллари барча Италия чемпионати доирасидаги ҳар бир ўйинни ўзгача қизиқиш ила томоша қиларди. Италия стадионлари ҳам мухлислар билан гавжум бўларди. Ҳозирчи, "Ювентус" стадионидан бошқа қайси ўйингоҳ ҳар бир ўйинга лиқ тўлади? Анча қийин савол, а?
Шу боис хаттоки телевизор орқали ҳам Италия А Серия учрашувларини томоша қилишга "иштаҳа" йўқолгандек. Чунки томоша қилаётган учрашувингизда бўш ўриндиқлар қанчалик кўп кўринса, ўша ўйинга бўлган қизиқишингиз ҳам тез сўниб боради.
Шу боис ҳам Англия, Испания ва Германия чемпионатларига бўлган қизиқиш Италияникига нисбатан анча ошиб бормоқда.
Масалан кўпчилик Италия жамоаларини ўйин сифати, учрашувлардаги кескинлик камайганлигини айтмоқда. Лекин ишонтириб айтаманки, А Сериянинг кўплаб учрашувларида кескинлик юқори даражада бўлади. Фақат сиз томоша қилаётган ўйин қандайдир жозибасиздек туюлаверади. Чунки бутун учрашув фонини аслида чиройли қилиб кўрсатиб турадиган асосий жиҳат - мухлислар кам. Аншлаг йўқ.
Бўш ўриндиқлари кўп стадионда бўладиган исталган ўйин кишини ўзига жалб эта олмайди.
Футболда энг катта куч - мухлислар!
Ўйинни қийматини белгилаб берувчи ҳам мухлислар, ўша баҳсга бўлган қизиқишни пасайтириб юбориш ҳам уларнинг қўлида.
Бугун Тошкент дербисида "Пахтакор" ва "Бунёдкор" жамоалари ўзаро баҳс олиб боришади.
Бу ўйинга бўлган қизиқиш ҳар қачонгидан ҳам пасайган. "Пахтакор" учун бу йилги мавсум ўта ёмон давом этмоқда. "Бунёдкор"нинг ички чемпионатдаги ишлари чакки эмас, аммо уларнинг кўрсатаётган ўйинларига бўлган қизиқиш у қадар юқори эмас. Сергей Лушан жамоаси аллақачон жозибали футболдан чекинган ҳолда фақат натижа учун ўйнашга ўтган.
"Пахтакор" мухлислари эса ўз суюкларининг ғалабасини ҳар доимгидан ҳам кўпроқ соғинишган. "Шерлар" кетма-кет бешинчи ўйиндирки ғалаба нималигини билмай келмоқда. Охирги марта улар "Обод"га қарши баҳсда чўнтакларига 3 очкони солиб қўйишганди.
Нима бўлган тақдирда ҳам бу ўйин дерби мақомига эга. Ишонамизки, ўйин ҳам ушбу мақомга мос тарзда кечади. Бугунги баҳсда кўп минглаб ишқибозлар ташриф буюришини жуда истар эдик. Дербини томоша қилаётганда мухлисларнинг жонли ҳайқириғи, ўз жамоасини қўллаб-қувватлаш жараёнида ҳақиқий дербига ташриф буюрганингни ҳис этиш бу чинакамига футбол лаззати бўлса керак.
Дербику майли, куннинг энг қизиқарли ўйинларидан бири Бухорада бўлиб ўтади. Ушбу мавсумда Олий лигада катта мақсадлар ила қатнашаётган "Бухоро" ҳамда "Қизилқум" жамоалари бугун ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишади.
Ўйин жиҳатидан олиб қаралса, "Қизилқум" "Бухоро"га нисбатан мазмунлироқ ўйнамоқда. Аммо мезбонларнинг бу тўқнашувдаги асосий кучи - мухлислар!
"Бухоро" бугун ўз ишқибозлари қаршисида ўтган турдаги муваффақиятсизликлар учун ҳам ўз айбини ювишга ҳаракат қилиши аниқ.
Йўлидан чиққан исталган жамоани ютиб келаётган "Металлург"ни осон бўлмаган сафар, яъни Қўқонда "Қўқон-1912" билан бўладиган жиддий баҳс кутмоқда.
Нўъмон Ҳасанов тузаётган жамоа аста-секин ўз ўйинини топиб бормоқда. Ҳасанов бугун нима бўлмасин ўз жамоаси ҳисобига 3 очко ёзиб олиш учун керакли чора-тадбирларни кўради. "Металлург" эса чиройли давом этаётган иштирокни бузмаслиги учун ҳам ғалаба иштиёқида ўйнаши тайин. "Метулларг" олий лигада шов-шув кўтаришга яқин турибди. Бу йили бронза медали Бекободга келишини кутаётган минглаб ишқибозларни орзусини руёбга чиқариш осон бўлмаслиги аниқ. Аммо уддаласа бўладиган иш.
Ўтган турда "Локомотив"ни бир бўлим қийнаган "Шўртан" жамоаси охирги турларда тобора қийналиб бораётган "Нефтчи"ни меҳмон қилади. Ушбу баҳсда яққол фаворитни ажратиб кўрсатиш қийин. Шуниси аниқки, бу баҳсда ҳар иккала жамоа ҳам 3 очко илинжида ҳаракат қилишади. Лекин иккала жамоа ҳам ўз мақсадига эришмай, учрашувда дуранг натижаси қайд этилиш эҳтимоли катта.
Иккинчи даврани анча кўтаринки руҳда ўтказаётган "Насаф" жамоаси "Андижон" билан меҳмонда тўп суради. Ғалабали сериясини давом эттиришга ошиқаётган "аждарлар" учун бу галги рақиб хавфли зонани тезроқ тарк этишни истаётган "Андижон" эканлиги бу ўйинга бўлган қизиқишни оширса ажаб эмас. "Насаф" учун буёғига осон ўйинлар йўқ, "Андижон" ҳар қандай ҳолатида ўз майдонида исталган жамоани қийнаб қўя олади. Аниқроғи, Андижонда рақиблар кўпроқ мухлислар қаршилигидан ҳайиқиб ўйнашади. Сўнгги йилларда Андижонда "Андижон"дан кўра мухлислар яхшироқ фаолроқ ҳаракат қилишлари ҳеч кимга сир бўлмаса керак.
Чемпионатимизда кўп гол уришни ва кўп гол ўтказиб юборишни яхши кўрадиган жамоани барча билса керак. "Олмалиқ" ҳимояда қанчалик кучсиз кўринмасин, ушбу жамоанинг ҳужум чизиғи вакиллари ҳар доим рақиб ҳимоясини қинйаб қўйишга имкон топишади. Шу боис ҳам ушбу жамоа иштирокидаги ўйинларда асосан кўп голлар киритилади. Олмалиқда бугун ОЧЛда яраланган "Локомотив" Игорь Шквирин жамоасига қарши саф тортади. Ўйин қизиқарли ва томошабоп кечиши тахмин қилинмоқда.
"Локомотив" "Ал Айн"га қарши ўйиндаги муваффақиятсизликдан сўнг тезда ўзига келиб олганми-йўқми, бу саволга ушбу ўйиндан сўнг жавоб олишимиз мумкин бўлади. "Олмалиқ" эса уларнинг кайфиятсизлигидан фойдаланиб қолиш имкониятига эга. Фақат тартибли ва ҳимояда зич футбол намойиш этишлари талаб этилади. "Олмалиқ" жамоаси ҳимояси ва "Локо"нинг ҳужум чизиғига эътибор қаратсак, бу ишни уддалаш анча қийин кечиши табиий ҳолат.
Куннинг муҳим ўйинлари бу билан чекланиб қолгани йўқ. Футбол аҳлини диққат марказида бўладиган яна бир қатор учрашувлар бугун бизни кутмоқда.
Ўтган турда примерода сенсацияга сабабчи бўлган "Барселона" яна бир Ла Лиганинг янги вакили "Леганес" билан дуч келади. Бу ўйинда Луис Энрике шогирдлари рақибни менсимасликка ҳақлари йўқ. Ўтган турдаги мағлубият уларга катта сабоқ бўлган бўлиши керак. "Леганес" эса навбатдаги сенсацияни қайд этиш учун тиш-тирноғи билан ҳаракат қилади.
"Атлетико" эса ҳозирча мағлубият нималигини билмай келаётган "Спортинг Хихон" билан ўз майдонида баҳс олиб боради.
Испанияда ушбу мавсумда шов-шувларга сабабчи бўлаётган "Лас-Пальмас" бу сафар "Малага"ни қабул қилади.
Англияда эътибор молиқ ўйинлардан бири "Халл" ҳамда "Арсенал" ўртасида кечади. Ушбу мавсумни яхши кайфиятда бошлаган "Халл" ўз уйида "Арсенал"га етарлича муаммолар тақдим этиши кутилмоқда.
Гвардиола келишидан сўнг "Сити"нинг ишлари беш бўлмоқда. Бу сафар Пеп шогирдлари "Борнмут"ни имтиҳондан ўтказишади.
Германиянинг икки гегемон клуби "Бавария" ва Дортмунднинг "Боруссия" жамоалари ҳам бугун ўзларининг навбатдаги ўйинларини ўтказишади.
"Бавария" "Альянц Арена"да "Ингольштадт"ни меҳмон қилса, "Боруссия" "Дармштадт"га қарши ўйнайди. Томас Тухель жамоаси ўтган турдаги сенсация учун мухлислари олдида "узр" сўрашга мажбур. "Бавария" мухлислари эса бугун ўз суюклилари нечта гол уришларини ўйлаб ўтиришган бўлишса не ажаб.
Куннинг биз учун яна бир муҳим ўйинларидан бири Москвада кечади. Тошкент вақти билан 21:00да "Локомотив" жамоаси "Уфа"га қарши беллашади. Виталий Денисов тўп сураётган "темирйўлчилар" бу учрашувда фақат ва фақат ғалаба учун майдонга тушишади.
Кимдир уйда қолиб "Барселона"ни ўйинини томоша қилишни режалаштирган, яна кимдир эса эски дербиларни қумсаб "Пахтакор" - "Бунёдкор" қарама-қаршилигини жонли кўришни истайди.
Бухороликларнинг кўпчилиги бугун "Қизилқум" устидан ғалабани нишонлаш мақсадида стадионга отланишади. Андижонликлар кўплаб ишқибозлар "Насаф"га қарши баҳсда ўз суюклиларининг ҳақиқий 12-футболчисига айланишга тараддуд кўришган.
Футбол мухлислар билан гўзал ва қизиқарли. Барчанинг ўз танлови мавжуд ва ҳамма ўзи истаган ўйинни томоша қилишга ҳақли.
Футболчилар ўз жамоасининг манфаати, яъни мухлислар учун ўйнашса, ишқибозлар эса ўз футболчиларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғизлатиб қўймай, қўллаб-қувватлашса, ишонаман бизнинг футбол ҳам яна аввалгидек жозибалашади.
Бу ерда барча жиҳатлар бир-бирига чамбарчас боғлиқ.
Шаҳбоз Беғамов
Comments