Кундалик №2. Яна "Арсенал" академиясидамиз
19 dec 2014 19:29
News
Кундалик №2. Яна "Арсенал" академиясидамиз
Тунги машғулотлар айнан мана шу аренада бўлиб ўтди. Аввалги сафар келганимда фақат асосий майдонга эътибор қаратган эдим, энди эса машғулот майдонлари билан ҳам яқиндан танишдим. Бир гап айтмай иложим йўқ, агар бизда шундай академиядан 5таси бўлса, "нега ЖЧга чиқа олмадик", деб эмас, "нега ЖЧда ютқазиб қўйдик" дея мураббийларимизни койиётган бўлар эдик. Академияда бир нечта майдон бўлиб, уларнинг барчаси бир хил савияда. Биронтасини ажратиб кўрсата олмайсиз. Стадион ҳудуди ҳам анча катта. Асосий майдонда БААнинг регби бўйича миллий терма жамоаси уй ўйинларини ўтказади. Бу стадионда 30 декабрь куни "Реал Мадрид" ва "Милан" жамоалари ўзаро куч синашадилар. Қайтишим 29 декабрда, яна бир кун қолиб ўйинни кўрсам бўлар эди, аммо тўғрисини айтаман, бизникилар олдида бундай топ клублар менга қўпол қилиб айтганда, тииииитттт. Узр яна бир бор. Аммо ҳақиқатдан ҳам, қандай қилиб ўзимизни футболни билмасдан туриб хориж клубларини деб уришаверамиз? Улар ҳалолда десангиз мен кулган бўламан, чунки уларни биз шунчаки юзаки кўрамиз, аслида футбол ҳамма ерда бир хил. Биз фақат уни дастурхонга чиройли қилиб тортишни билмаяпмиз холос.
Стадионда қурувчилар ҳудди лего йиғаётгандек, темир терсаклардан трибуналарни қуриб ётибдилар. Бу янги ва ҳамёнбоп технология бўлиб, катта бўлмаган ҳаражат билан, қуруқ ерда 50/60 минг нафар киши сиғадиган аренани қисқа фурсат ичида қуриш демакдир. Фақат ВИП, ечиниш хоналари, баъзи бўлимлар ҳамда майдонни идеал ҳолатга келтириб қўйсангиз бўлди.
Айнан 30 декабрда бу икки гранд клубни Дубайга келишини ортидан катта пул ётибди. Аввало бундан ташкилотчилар мўмай даромад олишади. Мамлакатга айнан шу ўйинни кўриш учун камида 10 000 нафардан кўп турист келади, табиийки улар йўл-йўлакай янги йил байрамини БААда нишонлаб кетишади. Англия чемпионатини инобатга олмаганда, ҳувиллаб қолган ТВ учун бу ўлжанинг ўзи. Ташкилотчилар истаган нархларида уларга ўйинни сотишади. Ҳуллас, европаликлар ҳам хурсанд, ташкилотчилар ҳам. Бу ерда мухлисларга мазза.
Дубайда маззами дейсизми? Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, "чарчуха". Икки маҳал машуғлот ўтказиляпти, жамоа билан бирга юрганлигим учун, машғулотларда иштирок этяпман. Ҳамма ҳаракатингизга вақтни тақсимлай олишингиз керак, ҳудди футболчи 90 дақиқа учун ўзининг жисмоний ҳолатини тақсимлай олгани каби. Икки машғулот ўртасида, интервью, фотомақола ва кундалик ёзиш керак. Ётиш олдидан оператор Жамол ака билан 30 дақиқа тренажер залида шуғулланамиз. Журналист бирон нарсани ёзишдан аввал, ўша ёзаётган қаҳрамонини ўрнига ўзини қўйиб кўришини лозим деб ўйлайман. Шундагина мақола табиий чиқади, шундагина саволларингизга мураббий ва футболчилар кулиб эмас, жиддий жавоб беради. Ҳозирча ишларимиз БЕШ, давом этамиз....
Нодирхўжа Юлдашев
Comments