Кучли-бешлик: Тур таҳлили, рамзий терма жамоа, энг кўп томошабинлар қайси лигада?
16 oct 2017 17:56
News
Кучли-бешлик: Тур таҳлили, рамзий терма жамоа, энг кўп томошабинлар қайси лигада?
Франция 1 дивизиони, Англия премьер лигаси, Италия А Серияси, Бундеслига ва Испания примеросида ҳам пешқадам жамоа ўзгармади.
АПЛ, 8-тур таҳлили
Турни дастлабки ва марказий ўйини Мерсисайдда бўлиб ўтди. "Энфильд"да меҳмон бўлган турнир пешқадамларидан бири "Манчестер Юнайтед" "Ливерпуль" билан куч синашди. Юрген Клопп шогирдларининг катта устунлиги остида ўтган баҳсда мезбонлар Моуринью тарафидан қўйилган "автобус"ни жойидан силжита олишмади.
Натижада таблодаги ҳисоб ўзгармади, "Ливерпуль" икки очко йўқотган бўлса, Моуринью "автобус" билан Мерсисайддан Манчестерга бир очкони қўлга киритган ҳолда жўнади.
Турни сенсацион натижасини Лондоннинг жанубида қайд этилди.
Чемпионатда 7 турдан буён ғалаба тугул гол ура олмаётган "Кристал Пэлас", бу сафар кутилмаганда нафақат "Челси" дарвозасини ишғол қилди, балки уларни мағлубиятга учратишни ҳам уддалади. Шу тариқа "Кристал Пэлас" жамоаси жорий мавсумдаги ўзининг илк ғалабасини тантана қилди.
"Челси" эса ушбу мағлубиятдан кейин турнир жадвалининг 5-поғонасига тушиб кетди.
Пешқадам "Манчестер Сити" эса бу турда "Сток Сити" билан тўқнаш келди. Марк Хьюз жамоаси "шаҳарликлар" дарвозасини икк бор "ўққа" тутишган бўлса, Гвардиола бошчилигидаги "Сити" эса "Сток Сити"га истаганича, яъни 7та гол урди.
Лондон шаҳри вакили "Тоттенхэм" биргина гол эвазига "Борнмут" қаршилигини енгишга муваффақ бўлди.
Арсен Венгер бошчилигидаги "Арсенал" эса сафарда "Уотфорд" томонидан таслим этилди. Бу мағлубият "Арсенал" учун жорий мавсумдаги учинчиси бўлди. "Уотфорд" эса "Арсенал"ни мағлуб этганидан кейин очколар сонини 15тага етказди ва турнир жадвалининг кучли тўртталигига кирди.
Хавфли ҳудудда эса ўша эски учталик: "Кристал Пэлас", "Борнмут" ҳамда "Лестер Сити".
Бугун тунда турнинг охирги учрашувида "Лестер" жамоаси "Вест Бромвич"ни қабул қилади.
АПЛ тўпурарлар пойгасида Ромелу Лукаку якка пешқадамлик қилишда давом этмоқда. Лукаку гарчи ушбу турда гол урмаган бўлсада, 7та гол билан карвонбошчиликни ўз қўлида сақлаб турибди. Унга катта рақобат туғдираётган Альваро Мората, Габриэль Жесус, Гарри Кейн, Серхио Агуэро ҳамда Рахим Стерлинг ҳисобида 6тадан гол мавжуд.
Энг яхши ассистент эса "Сити" аъзоси Давид Силва (6та) бўлиб турибди.
Ла Лига, 8-тур таҳлили
Испания чемпионатининг 8-туридан ўрин олган марказий учрашув Мадридда ўтказилди. Чемпионатни йўқотишларсиз ўтказаётган "Барселона" Диего Симеоне бошчилигидаги "Атлетико" меҳмони бўлди. Муросасиз ўтган ўйинда ҳар иккала жамоа биттадан гол урди ва якунда ғолиб номи аниқланмади. "Атлетико" "Барселона"нинг 7 ўйинлик ғалабали сериясига барҳам беришга эришди. Аммо бу дуранг "Барселона"ни турнир жадвалидаги ҳолатига таъсир ўтказгани йўқ. "Атлетико" эса бу дурангдан кейин кучли учталикка ўрнини "Реал"га бўшатиб берди.
Ла Лигани кўнгилдагидек бошлай олмаган амалдаги чемпион "Реал" эса "Гетафе"га сафар уюштирди. Қийин ўтган беллашувда "Реал" ўйиннинг охирги дақиқаларида ғалаба тўпини киритишга муваффақ бўлди. Бенземанинг голига жавоб тариқасида урилган Молинанинг тўпи "Гетафе"га муҳим бир очкони тақдим этишга яқин қолганида, Роналду жорий мавсум Ла Лигадаги ўзининг илк голини уришга эришди. Бу гол эса "Реал" ўта муҳим ва зарур ғалабани тақдим этди.
Испания чемпионатида мағлубият нималигини билмай келаётган "Валенсия" эса "Бетис" майдонида мезбонлар дарвозасини 6та гол киритди. "Бетис" эса уларнинг олтита голига 3та билан жавоб қайтарди. Бу ғалабадан кейин "Валенсия" турнир жадвалидаги 2-ўрнини янада мустаҳкамлади.
Ла Лиганинг тўпурарлар баҳсида "Барселона" етакчиси Лионель Месси 11та гол билан якка пешқадамлик қилмоқда. Унга энг яқин рақобатчилар "Вильярреал" ҳужумчиси Седрик Бакамбу ҳамда "Валенсия" футболчиси Симоне Дзадза. Ушбу ҳужумчилар активида 7тадан гол мавжуд.
"Бетис" аъзоси Андрес Гуардадо чемпионатнинг энг яхши ассистенти (6) бўлиб турибди.
А Серия, 8-тур таҳлили
Италия чемпионатининг ушбу турида барча гранд жамоалар ўзаро тўқнаш келишди.
"Ювентус" ўз уйида "Лацио"ни, "Рома" "Наполи"ни ҳамда "Интер" эса "Милан"ни қабул қилди.
Етакчиларнинг ўзаро қарама-қаршилиги остида ўтган тур анча қизиқарли ва кутилмаган натижаларга бой бўлди.
Симоне Инзаги бошчилигидаги "Лацио" "Ювентус"ни яна бир бор ранжитди. Бундан аввал Италия суперкубогида "Юве"ни доғда қолдирган "Лацио", чемпионат учрашувида ҳам бу ишни такрорлади.
"Ювентус" ўз уйида икки йилдан буён мағлубиятга учрамай келаётгани ҳам "Лацио"га тўсқинлик қилмади. Чиро Иммобиленинг дубли ҳамда учрашувнинг сўнгги дақиқасида белгиланган пенальтини бартараф этган Штракошанинг қаҳрамонлиги якунда римликларни пойтахтга яхши кайфият билан қайтишларига замин яратди. Ушбу ғалабадан кейин "Лацио" очколар сони бўйича "Ювентус"га етиб олди ва турнир жадвалида 3-4 ўринни бирга бўлишиб туришибди.
Бу эса "Наполи"га қўл келди. Маурицио Сарри бошқарувидаги неаполликлар Римга, "Рома" билан куч синашиш учун сафар қилишди ва Инсиньенинг ягона голи эвазига муҳим ғалабани қўлга киритишди. "Наполи" шу тариқа чемпионатнинг кетма-кет 8 ўйинида ғалаба қозонган ҳолда ўз пешқадамлигини янада мустаҳкамлади.
Яна бир муҳим ва марказий баҳс якшанба куни Миланда бўлди. Катта дерби мақомидаги бу баҳсда номинал мезбон "Интер" эди. Лучано Спалетти бошқарувидаги "нерадзуррилар" "Милан"нинг кўрсатган қаршилигига Икардининг учта голи билан жавоб беришди. "Милан" сафидан эса Сусо ва Бонавентура "Интер" дарвозасига қулфга "калит"ни топишга муваффақ бўлишди. Аммо бу якунда мағлубиятдан қутилиб қолиш учун ҳам етарли бўлмади.
"Интер" дербидаги ғалабаси туфайли турнир жадвалида 2-ўринга кўтирилиб олди. Улар пешқадам "Наполи"дан 2 очкога ортда қолишмоқда.
Италия чемпионатининг 8-туридан ўрин олган охирги ўйин бугун тунда, "Верона" - "Беневенто" ўртасида кечади.
А Серия тўпурарлар пойгасида Чиро Иммобиле биринчи ўринга кўтарилиб олди. "Ювентус" дарвозасини икки бор ишғол этган ҳужумчи голлари сонини 11тага етказиб якка пешқадамга айланди.
Дибала ҳисобида эса 10 та гол мавжуд. "Милан"га қарши учрашувда хет-трик қайд этган Икарди эса 9та гол билан Иммобиле ва Дибалани қувишда давом этмоқда.
"Ювентус" ярим ҳимоячиси Миралем Пьянич эса 5та голга ҳаммуаллифлик қилган ҳолда энг яхши ассистент бўлиб турибди.
Бундеслига, 8-тур таҳлили
Германия чемпионатида ушбу турда барчанинг диққат-эътибори Дортмундга қаратилганди. "Сигнал Идуна Парк"да чемпионат пешқадами "Боруссия" Дортмунд ҳамда "Лейпциг" жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Бундеслигада ҳали мағлубиятга учрамай келаётган Петер Бошш жамоаси "Лейпциг" қаршилиги олдида ожиз қолишди. "Боруссия"ни Дортмундда, "Сигнал Идуна Парк"да таслим этишни барча ҳам уддалай олмайди. Аммо бу ишни Ралф Хаззенхюттль шогирдлари уддалашди. Кескин курашларга бой ва анча асабий руҳда ўтган баҳсда ҳакам 6та сариқ карточка ва 2та қизил карточкани кўрсатишга мажбур бўлди. Жами бешта гол урилган беллашувда Обамеянг дубль қайд этди. Аммо бу голлар "Боруссия"ни мағлубиятдан қутилиб қолишига ҳам ёрдам бера олмади. Марсель Забицер, Юссуф Поулсен ҳамда Аугустин киритган голлар Дортмундни чемпионатдаги илк мағлубиятини тан олишига мажбур қилди.
Бу ғалабадан кейин "Лейпциг" турнир жадвалида яна кучли учталикка ўрнашиб олди.
"Боруссия" Дортмунд эса Петер Бошш қўл остидаги ички чемпионатда илк бор мағлубиятга учради.
Юпп Хайнкесни нафақадан қайтарган "Бавария" эса янги-эски мураббийи қўл остида ажойиб ўйин ўтказди. "Фрайбург"ни меҳмон қилган мюнхенликлар рақиблари дарвозасига жавобсиз бешта гол киритишди. Юппнинг қайтиши ва йирик ҳисобдаги ғалабадан кейин "Бавария"нинг тўплаган очколари 17тага етди ва "Боруссия"дан 2 очко кам жамғарган ҳолда иккинчи ўринни банд этиб туришибди.
Яна бир эътиборга молик ўйин Леверкузенда ўтказилди. "Байер" ҳамда "Вольфсбург" ўртасида кечган баҳс анча муросасиз ва тенг курашлар остида ўтди. Натижа ҳам ўйинга мос тарзда бўлди. Икки марта ҳисобда орқада бораётган "бўрилар" ҳар иккала сафар ҳам вазиятни тенглаштиришга эришишди ва уйга бир очко билан қайтадиган бўлишди.
Мартин Шмидт жамоага келганидан кейин жамоа қаторасига кетма-кет тўртинчи бор дуранг натижа қайд этди.
Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" жамоаси эса Бременда "Вердер" жамоаси қаршилигини ортиқча қийинчиликсиз енгишга муваффақ бўлишди.
Турнир жадвалида кучли тўртталикни якунлаб турган "Хоффенхайм" эса ўз уйида "Аугсбург" билан муроса кўчасини танлашга мажбур бўлди.
Хавфли ҳудуддаги ўша эски уч жамоа ўрни ҳали алмашгани йўқ. "Кёльн", "Фрайбург" ҳамда "Вердер" жамоалари элитада жон сақлаб қолиш учун курашишда давом этишмоқда.
Тўпурарлар баҳсида Пьер-Эмерик Обамеянг 10та гол билан якка пешқадамлик қилмоқда. Унинг энг яқин рақобатчиси Роберт Левандовски эса 9та гол билан иккинчи ўринда бормоқда.
Левин Ознутали ҳамда Филипп Макс эса 4тадан голли узатмани амалга оширган ҳолда энг яхши ассистентлар бўлиб туришибди.
Франция 1 дивизиони, 9-тур таҳлили
Турнинг марказий ўйини Лионда бўлиб ўтди. "Лион" ҳамда "Монако" қарама-қаршилигида ўтган беллашувда майдон эгалари қийин ғалабани қўлга киритишди. Дастлаб "Лион" ўйинда ҳисобни очган бўлса, орадан кўп ўтмай "Монако" ҳисобни тенглаштирди. Аммо кўп ўтмай "Лион" яна вазиятни ўз томонига оғдирди ва Фекирнинг голи эвазига таблодаги ҳисоб "Лион" фойдасига ўзгарди. Бироқ Адама Траоре танаффусга яқин мувозанатни тиклади. Биринчи бўлимда томошабинлар жами 4та гол гувоҳига айланишган бўлса, иккинчи тайм биринчиси каби самарадор бўлмади. Ишқибозлар кейинги 45 дақиқаликда гол кўришмади. Аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар "Лион" фойдасига ишлади. Набил Фекир учрашувга қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида ғалаба тўпини киритишга эришди.
ПСЖга чемпионлик йўлидаги рақобат қилиши тахмин қилинган "Монако" жорий мавсумдаги иккинчи мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. "Лион" эса тўртинчи ғалабасини тантана қилди.
Турнир пешқадами ПСЖ учун ҳам бу тур осон ўтмади. "Дижон" уйига сафар қилган парижликларни жуда қийин баҳс кутаётганди. Аммо Унаи Эмери жамоаси рақибни бироз менсимай майдонга тушгани уларнинг ўйинларига салбий тарафлама таъсир қилди ва натижада жамоа биринчи голни уришга жуда қийналди. Учрашувнинг 71-дақиқасига келибгина Томас Менье гол уришга муваффақ бўлди. Аммо бу голга кутилмаганда мезбонлар жавоб қайтаришга эришишди. ПСЖ энди қимматли очколарни йўқотди деб турган бир пайтда яна ўша ҳимоячи Томас Менье катта саҳнага чиқди. Неймар, Мбаппе каби ҳужумчилари бор парижликларга Томас Менье киритган муҳим гол ғалабани тақдим этди.
Франция чемпионати тўпурарлар пойгасида Радамель Фалькао 12та гол билан пешқадамлик қилмоқда. Эдинсон Кавани эса 8та гол билан иккинчи ўринда бормоқда.
Жаҳон футболидаги энг қиммат трансферга сабабчи бўлган Неймар эса 5та голли узатма билан Франция чемпионатининг энг яхши ассистенти бўлиб турибди.
Энг кўп мухлис қайси лигада? (статистика)
АПЛ, 8-тур: Жами 330010 томошабин.
Энг кўп мухлислар ташриф буюрган ўйин: "Тоттенхэм" - "Борнмут" 1:0 (73502 томошабин)
Энг кам мухлис келган учрашув: "Уотфорд" - "Арсенал" 2:1 (20 384 томошабин)
А Серия, 8-тур: Жами 257489 томошабин.
Энг кўп мухлислар ташриф буюрган ўйин: "Интер" - "Милан" 3:2 (78328 томошабин)
Энг кам мухлис келган учрашув: "Сассуоло" - "Кьево" 0:0 (8000 томошабин)
Франция 1 дивизиони, 9-тур: Жами 231969 томошабин.
Энг кўп мухлислар ташриф буюрган ўйин: "Лион" - "Монако" 3:2 (43295 томошабин)
Энг кам мухлис келган учрашув: "Монпелье" - "Ницца" 2:0 (14374 томошабин)
Ла Лига, 8-тур: Жами 246954 томошабин.
Энг кўп мухлислар ташриф буюрган ўйин: "Атлетико" - "Барселона" 1:1 (64939 томошабин)
Энг кам мухлис келган учрашув: "Эйбар" - "Депортиво" 0:0 (5125 томошабин)
Бундеслига, 8-тур: Жами 436495 томошабин.
Энг кўп мухлислар ташриф буюрган ўйин: "Боруссия" - "Лейпциг" 2:3 (80100 томошабин)
Энг кам мухлис келган учрашув: "Хоффенхайм" - "Аугсбург" 2:2 (27014 томошабин)
Бундеслига мухлислар ташрифи бўйича қолган лигалардан анча юқорида. Ушбу ҳафтада энг кўп мухлис Дортмунддаги "Боруссия" - "Лейпциг" учрашувида кузатилгани ҳам янгилик эмас.
Иккинчи ўринда эса Англия премьер лигаси.
А Серия эса бу ҳафтада томошабинлар ташрифи бўйича Ла Лигани ҳам ортда қолдирди. Испания примероси мухлислар ташрифи бўйича фақатгина Франциядан тепада турибди. Франция 1 дивизиони эса охирги поғонани банд этиб турибди.
Кучли-бешликда ҳафтанинг рамзий терма жамоаси (4-3-3):
Дарвозабон: Де Хеа (МЮ)
Ҳимоячилар: Томас Менье (ПСЖ), Налдо ("Шальке"), Матс Хуммельс ("Бавария"), Жо Гомез ("Ливерпуль")
Ярим ҳимоячилар: Марсель Забицер ("Лейпциг"), Лукас Лейва ("Лацио"), Рахим Стерлинг ("Манчестер Сити")
Ҳужумчилар: Чиро Иммобиле ("Лацио"), Икарди ("Интер"), Бакамбу ("Вильярреал")
Бош мураббий: Рой Хожсон ("Кристал Пэлас")
Comments