Latest news

22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  10 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22 17:24Расман: Оскар Бразилияга қайтди  3

Комилжон Мирзабоев: «Ҳали «Нефтчи» ўз сўзини айтганича йўқ» News

Комилжон Мирзабоев: «Ҳали «Нефтчи» ўз сўзини айтганича йўқ»

Олий лигада биринчи давра учрашувлари ўз ниҳоясига етиб, клуб аъзолари бироз ҳордиқ чиқариб олишгач, ҳал қилувчи баҳслар олдидан мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарлик кўришади.
Чемпионатни ўз имкониятларидан паст даражада бошлаган фарғоналикларнинг умидлари ҳали сўнгани йўқ. Охирги маълумотларга кўра, таркибни кучайтириш учун бир қатор етакчи футболчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Умуман, «Нефтчи»нинг аввалги мавқеини тиклаш мақсадида раҳбарият тинимсиз изланишлар қилмоқда. Ҳолатга тўла ойдинлик киритиш мақсадида клуб раиси Комилжон Мирзабоевга мурожаат этдик.

- Жамоа биринчи давранинг охирги икки учрашувида юз фоизли натижани қўлга киритди. Инқироз ортда қолиб, аҳволнинг яхши томонга ўзгараётганлиги ҳақида гапириш ўринлими?
- Клубдаги муҳит аста-секин ажойиб тарзга келиб, барчанинг кайфиятида ижобийлик ҳукм сурмоқда. Қолаверса, мураббий ва футболчилар юзага келган ҳолатни теран англаган ҳолда меҳнат қилишда давом этишди. Машғулотларда қаттиқ ишлаганликлари охирги учрашувларга келиб ўз самарасини бера бошлади. Давра сўнгисида эришилган икки ғалаба кайфиятларни янада кўтаришига шубҳа йўқ.

- Ўйин бор эди-ю, натижа бўлмаётганди, дейиш мумкинми ёки аксарият ҳаракат руҳий ҳолат билан боғлиқ эканлиги ва уни изга солиш учун шунча муддат талаб этилармиди?

- Дарҳақиқат, руҳий ҳолат юмшоқ қилиб айтганда, яхши даражада эмасди. Нега бундайлиги борасидаги сабабини тушунтириб ўтишимга ҳожат бўлмаса керак. Қисқа фурсат ичида мураббийлар штаби кенг ҳажмдаги ишларни олиб боришди. Аввало футболчиларнинг руҳий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, кундалик назарий ва амалий машғулотларни яхши савияда ўтказишиб, барча жабҳаларни йигитларга тўла етказишга интилишди. Шунингдек узвийлик бўлганлигини ҳам эътироф этишимиз даркор. Тиббиётдаги сўнгги янгиликлардан фойдаланган тарзда иш кўрилмоқда ва «Навбаҳор», «Шўртан» клубларига қарши беллашувларда футболчиларимиз ўзларининг ижобий қирраларини намоён этишди. Биринчи давранинг охирги ўйинларида қўлга киритилган ғалабалардан ҳаволаниб кетмаслик даркор. Ҳали «Нефтчи» ўз сўзини тўла айтганича йўқ. Очилмаган қирраларимиз ҳали кўп. Қўлга киритилган очколарни ижобий ишларнинг бошланиши сифатида бемалол баҳолаш мумкин. Шунингдек жамоа аъзоларининг нимага қодир эканликларини тўла намоён эта олмаганликлари яққол сезилиб турибди. Иккинчи даврани юқори нотада давом эттиришимиз шарт.

- Табиийки, ҳозирда жамоа аъзолари таътилга чиқишган. Иккинчи даврага тайёргарлик кўриш учун қачондан бошлаб йиғинлар ташкил этилади?
- Сафарда «Шўртан»га қарши ўйин ўтказганимиздан кейин футболчилар қисқа муддатли таътилга чиқишди. 12 июль куни барчаси Фарғонадаги базамизда тўпланишиб, Тошкентдаги «Геофизика» мажмуида иккинчи давра баҳсларига ҳозирлик кўришади.

- Мураббийлар таркибида ҳеч қандай ўзгариш юз бермайдими?
- Мураббийлар штаби тўлиқ шакллантирилди. Амет Мемет бошчилигида бари якдилликда меҳнат қилиб келишмоқда: Шамиль Исеев, Сергей Ковшов, Вячеслав Томилин, Элдор Сакаев. Улардан ташқари селекционер мураббийларимиз Ноил Губанов ва Павел Павловларга кенг қамровли иш юритишлари ҳақида топшириқларни берганмиз. Иккинчи даврага таркибни анча кучайтиришимиз талаб этилади. Ёзги ўқув-машғулот йиғинларини юқори савияда ўтказиш борасида мураббийлар билан келишиб олганмиз.

- Амет Мемет ишлаган жамоаларида ортидан ўзи билган шогирдларини «эргаштириб» келишини бир неча бор кузатганмиз. Умуман, селекция жараёнида бош мураббийнинг сиёсатига таяниладими ёки клубнинг бу борада ўзига хос стратегияси мавжудми?
- Бош мураббий томонидан ҳозирги кунга қадар бирорта футболчи таклиф қилингани йўқ. Асосий урғу маҳаллий футболчиларга қаратилади. Яъни, Фарғонада танилиб, муносиб даражага чиқишиб, ҳозирда эса олий лиганинг бошқа клублари шарафини ҳимоя қилаётган малакали ижрочилар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Шундай савиядаги йигитларни «Нефтчи»га жалб қилиш осон жараён ҳисобланмайди. Чунки ҳар бирининг тўп сураётган клуби билан шартномалари бор. Аммо иккинчи даврада натижани янада яхшилашга интилар эканмиз, кучли ижрочилар билан таркибни мустаҳкамлашимиз шарт. Юқорида тўхталганимдек, асосийси, Фарғона футболи тарбияланувчиларига қаратилади.

- Музокаралар кетаётган вақтда номларга балки тўхталарсиз?
- Очиғи, ўндан ортиқ футболчилар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Кимнинг жамоа сафида тўп суриши эса август ойининг охирларига бориб ҳал бўлади. Чунки бировни чақириб, имкониятларини майдонда синамай туриб, нимага қодирлигини билмасдан ҳеч кимга катта миқдордаги маблағни қўлига тутқазиб, жамоага ўтинг дея ялинмоқчи эмасмиз. Биз томондан қизиқиш билдирилаётган ижрочининг кейинги йиллардаги статистик маълумотларига алоҳида эътибор қаратамиз. Қанча учрашувда майдонга тушди-ю, фойдали коэффициенти қандай бўлди? Мабодо ҳужумчи бўлса, киритган голлари сонини инобатга оламиз. Хуллас, ҳар бир номзод бўйича мураббийлар штаби томонидан алоҳида ўрганиб чиқилади ва жамоа ўйинига мос тушади деган қарорга келинса, шубҳасиз узоқ муддатли шартномалар тузишга тайёрмиз. Биз учун футболчининг номи муҳим роль ўйнамайди. Тайёргарлик даражаси асосий ўринга қўйилади.

- Бош мураббий Амет Меметнинг ҳозирги вақтгача юритиб келаётган сиёсати сизни қониқтирмоқдами?
- Амет Абдуллаевич бир кунда зарурат туғилса 24 соат ишлашга тайёр мутахассис. Машғулотларни ҳам яхши савияда ташкиллаштирмоқда. Шунингдек ўринбосарлар таркибига ҳам жиддий эътибор қаратиб, айрим иқтидорли йигитларни кўз остига олиб қўйган.

- Шохин нега кетиб қолди? Ҳарқалай Евгений Николаевичга ишонч билдириб келаётгандинглар.
- Асосий сабаби, соғлиғи туфайли жамоани тарк этди. «Олмалиқ» билан учрашувга кетаётганда ҳам турли безовталанишлардан сўнг аэропортнинг ўзиданоқ ортига қайтишга мажбур бўлганди. Машғулотлар жараёнида қийналаётганлиги сезилиб турди. Бетоб одамга жиддий талаблар қўйишимиз ҳам мантиқсизлик бўларди. Биринчи давра ниҳоясига етгач, кетиш ҳақида истаги борлигини билдирди. Раҳмат айтиб, мутахассис билан хайрлашишимизга тўғри келди.

- Фарғона футболи истеъдодларга бой эканлигини бутун Ўзбекистонда яхши билишади. Ҳозирги кунда ижобий натижага эршишдан ташқари унинг эртаси ҳақида ҳам бош қотириб боришинглар талаб этилади.
- Ўринбосарлар жамоасидан ташқари клуб қошидаги мактабга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш бораси турли чора-тадбирлар йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда. Умуман, клуб тизимига қарашли барча, у болалар жамоаси бўладими, ёшларникими - бир мақсад ва ягона тизим борасида меҳнат қилишлари талаб этилади. Кейинчалик қайсидир истеъдод бош жамоага таклиф этилганда мослашишда муаммога дуч келмаслиги керак. Янгитдан барисини ўзлаштириб, футбол алифбосини ўргатиш учун бош мураббийда вақт бўлмайди. Умуман, ҳозирги кунда мураббийлар катта ҳажмдаги ишларни амалга оширишмоқда. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати анча яхшиланди. Ўринбосарлар таркибига келсак, жамоада ўзгаришлар рўй берганидан кейин учта ғалабага эришишди. Кубок баҳсида Тошкентда «Истиқлол»га қарши тўп суришди. Муҳими, Фарғонада қобилиятли ёшлар жуда кўп. Асосий таркибда ўйнаши мумкин бўлган 5-6 нафар истеъдодларни мураббийлар рўйхатга киритиб қўйишган ва уларни доимий равишда назорат қилиб боришмоқда.

- Яхшики, ёзги танаффусга ижобий кайфиятда чиқдинглар. Охирги эришилган ғалабалар пессимистик руҳдаги мухлисларни ҳам бироз бўлса-да, фикрини ўзгартирди ва сизларга бўлган ишонч орта бошлаган бўлса ҳам ажаб эмас. Умуман, оппонентларга муносиб жавоб ижобий натижа ва мусобақа жадвалидаги ўрин бўлса керак.
- Айрим мухлисларнинг салбий кайфиятдаги билдирган фикрларига ҳозирча оғзаки жавоб қайтармай турганимиз маъқул. Ўзингиз таъкидлаганингиздек, «Нефтчи» очколар захирасини бойитиш орқали мавқеини яхшилаб бориши барчасидан муҳимдир. Ички муаммоларни аста-секин ҳал этиб бориб, Ўзбекистоннинг элит клублари қаторига қўшилганимизда  бизга хайрихоҳ бўлмаган айрим мухлисларнинг ўзлари тушуниб етишларига ишончим комил. Жар ёқасига келиб қолганда дўстлар камайиб қолиши табиий ҳолдир. Барчасидан муносиб тарзда ўтиб бормоқдамиз. Биз ҳам ишлаш жараёнида етарли тажрибага эга бўлиб бораётганлигимиз ҳам айни ҳақиқатдир. Ҳозирги кунда мухлисларимизнинг далдаси ҳар қачонгидан муҳимроқдир. Қўлга киритилган ғалабалар зинанинг биринчи поғонаси ҳисобланади. Қилаётган меҳнатларимиз албатта ўз самарасини беради. Биринчи галда клубда адолат ҳукмронлик қилиши шубҳасиздир. Мен бунга раҳбар сифатида қатъий ваъда бераман. Тўғри, ўз тушунчаларидан келиб чиқиб маслаҳат бераман деган инсон ёнимизга келиб, барисини юзма-юз ўтирган ҳолда тушунтирса, тўғри қабул қиламиз. Аммо ҳали бундай ҳолатга дуч келганимизча йўқ. Салбий тарзда фикр билдирувчи ишқибоз ёнимизга келмади. Лекин стадионда ўтириб олиб, панадан мураббий ва футболчиларнинг асабига тегадиган турли хил ҳайқириқлар фойдамизга ишламаслиги аниқ. Олди-қочди гапларга эса эътибор қаратмаймиз. Бизни тўғри тушунинг. Клуб бирор шахсга боғлиқ бўлиб қоладиган ташкилот эмас. «Нефтчи» биздан олдин ҳам, кейин ҳам фаолиятини давом эттираверади. Ҳозирда биздан юзага келган камчиликларни бартараф этиб, тўғри изга солиб юбориш талаб этилмоқда. Шундай ҳолатда вазиятдан чиқиб кетишнинг уддасини қила олмасак, номимизга умуман ярашмайди. Шахсан вилоят ҳокими, Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси раҳбарлари, бошқа мутасадди ташкилот вакиллари бизни қўллаб-қувватлаб, ҳар томонлама кўмак бериб турганларида мусобақа жадвалида 10-12-ўринлардан бирини банд этиб турсак, сира ярашмайди. Умуман, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев клуб учун барча шароитларни яратиб, муаммо бўлмаслиги борасида ҳолимиздан доимий равишда хабар олиб турибди. Биздаги барча масалаларнинг ижобий ҳал этилишида раҳбарларимизнинг ҳиссаси каттадир. Шундай эътиборга яраша муносиб жавоб бера олмасак, нархимиз жуда пастлаб кетиши шубҳасиздир.

- Янги стадион битгунга қадар иккинчи давра ўйинларини Қўқонда ўтказишда давом этасизларми?

- Йўқ. Қиргулидаги стадионимизнинг майдони тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Ҳозирча парваришлаб турибмиз ва 25 июлдан бошлаб майдондан бемалол фойдалана бошлаймиз. Иккинчи давра учрашувларини шу стадионда ўтказишни режалаштириб турибмиз. Стадионнинг ўзида айрим камчиликларга барҳам бериш учун таъмирлаш ишлари кетмоқда. Сиғими - 6000 томошабинга мўлжалланган.

- Биринчи давра якунига келиб футболчилар яхши спорт формасига кириб борганликларини таъкидлаб ўтдингиз. Аммо жамоани кучайтириш учун четдан ўйинчилар таклиф этилиши борасидаги фикрлар ҳам янгради. Бу ўз ўйинини топиб бораётган жамоа аъзоларига салбий таъсир қилмайдими?

- Тан олиш керак, захира ўриндиғимиз кенг эмас. Кимнидир алмаштириб, майдонга тушиб ўйинни кучайтириб юборадиган ижрочиларнинг кўплиги билан мақтана олмаймиз. Ҳар бир чизиққа ўзбекистонлик топ-футболчиларни таклиф этиш борасида ҳаракатлар кетмоқда. «Нефтчи»нинг ярим ҳимоясида мамлакатимизнинг энг яхшилари жамланган: Мансур Саидов, Азиз Алижонов, Иқбол Акрамов, Бахтиёр Ёқубов...

- Кечирасиз, лекин шу билан бир қаторда айнан рақобатнинг йўқлиги туфайли жамоанинг етакчи футболчиларида ўсиш тўхтаб қолгандек туюлади.
- Мазкур ҳолатда рақобатнинг етарли даражада бўлмаганлигини ҳам сабаб сифатида кўрсатиш мумкиндир. Қолаверса, жамоанинг жисмоний тайёргарлиги маромида бўлмаганлигини эътироф этиш мумкин. Малакали ижрочиларнинг таклиф этилиши оқибатида рақобат кучаяди. Қувонарли тарафи, муносиб ёшлар ҳам асосий таркибнинг эшигини «тақиллатишмоқда». Четдан футболчи чақириб, ўзимизнинг ёш кадрларга бефарқ бўлиб қолиш ниятимиз йўқ. «Нефтчи»нинг эртаси ҳақида ҳам ўйлаб боришимиз бугунги куннинг талабидир. Қолаверса, вилоят раҳбарияти томонидан эътибор кучли. Амалий ёрдам ҳажми ҳақида қанчалик тўлқинланиб гапирганимиз билан тушунтира олишимиз қийин. Хуллас, муаммо йўқ. Шундай экан, бизнинг ёмон ишлашга умуман ҳаққимиз қолмайди.

- Етакчи футболчилардан ҳеч ким кетиш ҳақида ариза ёзмадими?
- Клуб раиси сифатида таркибимиздаги ҳеч қайси футболчига жавоб бермоқчи эмасман. Чунки барчасининг шартномалари бор. Бугунги кунда шуларнинг хизматидан фойдаланамиз. Мажбуриятларни бажараётган эканмиз, ҳар бири ўзига бириктирилган вазифага сидқидилдан ёндошиши керак.

Абдулҳафиз АБДУЛАЗИЗ ўғли суҳбатлашди.
“Футбол Экспресс” газетасидан олинди.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика