Latest news

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  5 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Китобхон устозга ишонч News

Китобхон устозга ишонч

Шубҳасиз, Лионель Мессининг Аргентина терма жамоасидан кетиш ҳақидаги қарори ёз ойлари жаҳон футболида янграган энг шов-шувли хабарга айланди.

Бошқача айтсак, буюк Лео «Копа Америка»-2016 финалида юз берган омадсизликдан сўнг миллий терма жамоа либосини қайта киймаслигини эълон қилди. Бу қарор табиийки, барча-барчани қаттиқ ажаблантирди. Зеро, Месси ҳали 30 ёшга ҳам тўлмади, қолаверса, у ўз ишининг ноёб усталаридан бири - бунга заррача шубҳа йўқ. Хўш, шундай футбол жавоҳирининг миллий жамоадан зада бўлиши асл сабаби нима? Бу борада қандайдир баҳс-мунозараларга ўрин йўқ. Чунки ҳаммаси ойдек равшан - Лионель аргентиналикларнинг йирик турнирлардаги муваффақиятсиз иштирокларидан чарчади ва охир-оқибат, ҳеч ким кутмаган йўлни танлади ёхуд шунга чоғланди. Унинг ортидан эса Хавьер Маскерано ва Серхио Агуэро ҳам термадаги фаолиятларини якунлашлари хусусида оғиз очишди. Боз устига, воқеаларнинг бундай кескин тус олиши жамоа устози Херардо Мартинонинг истеъфога чиқишига уланиб кетди. Бўшаб қолган бош мураббий лавозимига эса асосий номзодлар қаторида Хорхе Сампаоли, Маурисио Почеттино ва Диего Симеоне каби номдор мутахассислар тилга олинаётганди. Бироқ якунда Аргентина терма жамоасини бундан буён ҳали унчалик танилмаган Эдгардо Бауса бошқариши расман эълон қилинди. Хўш, у ким ва қайси хизматлари ўлароқ, миллий жамоа раҳнамосига айланди? Биз ушбу мутахассис ҳақида нималарни билишимиз лозим? FootballHD.ru сайтида чоп этилган мақола асосида шу каби саволларга жавоб олишимиз мумкин.

ИСТЕЪФОДАГИ ФУТБОЛЧИ

Бизнинг замонамизда қайсидир жамоага янги бош мураббий тайинланса, унинг таржимаи-ҳолини нафақат ОАВ вакиллари ва мухлислар, балки футболчилар ҳам синчиклаб ўрганиб чиқишади. Негаки, кўпчилик онгига сингиб кетган тушунчага кўра, мураббий футболчилик фаолиятида қанчалик машҳурликка эришган бўлса, унинг бу соҳада муваффақият қозониш имконияти шунчалик баланд баҳоланади. Бошқача айтганда, деярли ҳамма шундай ўйлайди: «Ўтмишда кучли футболчи сифатида ном қозонган мутахассис ўйинни теран тушунади ва футболчилар билан илиқ муносабат ўрнатишда унча қийналмайди». Эътиборлиси, бу омилга ҳаддан зиёд қаттиқ «ёпишиб олувчи» аргентиналик футбол ишқибозлари терма жамоа жаҳон даражасида танилмаган мураббийга топширилган бўлсада, унчалик хавотирга тушишмади. Зеро, Баусани дейлик, Европада ҳеч ким танимасада, у Аргентинада анча машҳур. Зеро, Эдгардо мамлакатнинг афсонавий клуби - «Росарио Сентрал»да ҳимоячи сифатида фаолият юритиб, 300тадан кўпроқ расмий ўйинда қатнашган собиқ футболчи саналади. Диққат қилинг, у шу ўйинларда «Росарио» учун чамаси 80тача гол урган. Очиғини айтиш керак, бу кўрсаткич ҳаттоки, баъзи ҳужумчилар статистикасидан ҳам анча яхшироқ.

Қолаверса, терма жамоа муҳити ҳам Бауса учун бегона эмас. У футболчилик даврида мудом мамлакат бош жамоасидан чақирув олган ва 1990 йили Аргентина терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионатида иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритганди.

КИТОБХОН МУРАББИЙ

Маълумки, бугунги кунда аксарият футболчилар бўш вақтларини автомобилда «учиш» ёхуд интернет саҳифалари аро саёҳат билан ўтказишади. Бауса эса китоб шайдоси. 58 ёшли мураббий айниқса, катта-катта романларни ўзгача меҳр билан мутолаа қиларди. Эдгардонинг сўзларига қараганда, у ўсмирлик чоғлари қўлига тушган адабиётлар мазмунига эътибор бермаган, яъни дуч келган китобни бирин-кетин ўқийверган. Бироқ эндиликда у нимани мутолаа қилаётгани ва нима учун мутолаа қилаётганини яхши билади: «Мен китобхонликни одатий романларни мутолаа қилишдан бошлаганман. Кейинроқ, ёшим улғайгач, тарихий мавзудаги адабиётларга қизиқишим ортиб борди. Чунки ўз мамлакатим тарихи ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумот олишни истардим. Ҳозирга келиб, Аргентина тарихини бус-бутун билиб олдим, ҳисоб. Шунинг учун энди тарихдаги айрим шахслар ҳаётини ўрганишга киришдим», - дейди Эдгардонинг ўзи асосий хоббиси ҳақида. Унинг тарихий шахсларга алоҳида қизиқиш билан қарашга мажбур қилганлардан бири-  африкалик Нельсон Мандела. Баусанинг айтишича, Манделанинг инсоният олдидаги хизматлари шу қадар буюкки, унинг ҳаётини чуқур ўрганган одам албатта, шахсий фаолиятида ҳам муваффақиятларга эришади.

ФАОЛ СИЁСАТЧИ

Спорт, хусусан, футбол вакилларининг сиёсатга аралашишни унчалик ёқтирмасликлари барчага маълум. Бауса эса аксинча, вақтида Аргентина социал партияси аъзоси сифатида турли ижтимоий тадбирларда фаол иштирок этган. Тўғри, у партия етакчисига айланмади. Лекин ўз қарашларини илгари суриш билан жамоатчилик фикрини маълум даражада ўзгартира олди, ҳарқалай. Чунончи, аксарият одамлар наздида футболчилар жисмонан бақувват бўлсаларда, маънан етук эмаслар. Бауса эса бунинг аксини исботлади: «Ҳа, мен партияга раҳбар бўлолмадим. Бироқ улғайиб, профессионал футбол билан шуғулланган пайтлар ҳам барча қатори ақли расо йигит бўлиб қолгандим. Партиядаги фаолиятим давомида худди шу нарсани исботлашга уриндим».

МУРАББИЙЛИК САЛОҲИЯТИ

Эдгардо Бауса Аргентина терма жамоаси бошқарувини қўлга олгунга қадар Бразилиянинг «Сан-Паулу» клубида фаолият юритди. Бу клуб сўнгги пайтларда шунчалик сифатли футбол намойиш қилдики, миллионлар ўйинини ёритишга ихтисослашган FourFourTwo портали мавсум якунларига кўра, Баусани дунёдаги энг кучли 50 нафар мураббий рўйхатига қўшди. Аслини олганда, «Сан-Паулу» таркибида даҳо футболчилар йўқ эди. Фақат футболчилар номларига эътибор қаратсак, «Сан-Паулу» ҳаттоки, «Коринтианс»дан ҳам анча заифдек туюлади. Бироқ худди шу клуб Либертадорес кубогида ярим финалгача етиб келди. Ваҳоланки, охирги 5 йилда «Сан-Паулу»да ишлаган ҳеч бир мураббий бунга муваффақ бўлмаётганди. Энг қизиғи, Бразилиянинг кучлироқ кўринган бошқа жамоалари турнирда умуман, омадсиз иштирок этишди. Бауса шогирдлари эса гуруҳ босқичида Аргентинанинг «Ривер Плейт» ва Боливиянинг «Стронгест» клублари билан тенгма-тенг курашиб, улардан кўпроқ очко жамғаришди. Ҳайратланишга арзийдиган яна бир омил шуки, Бауса мусобақа давомида бир қатор етакчи шогирдларини йўқотди: афсонавий дарвозабон Рожерио Сени, Европада тажриба оширган Луис Фабиано ва Алешандре Пато... Шубҳасиз, бу футболчилар ҳар қандай рақибга қарши ўйинда катта фойда келтиришлари мумкин эди. Лекин Эдгардо захира имкониятларидан оқилона фойдаланиб, жамоа уларсиз ҳам муваффақиятга эришиши мумкинлигини исботлади. Шу тариқа Аргентина футболида Гансо, Жонатан Кальери каби янги, ёш юлдузлар бош кўтаришди. Дарвоқе, Кальери Либертадорес кубогининг бош тўпурарига айланди.

Умуман олганда, Бауса Жанубий Америка қитъасида клуб футболининг бош мусобақаси ҳисобланган бу турнир бўйича алоҳида натижаларга эга. Аниқроқ айтсак, у мураббий сифатида Либертадорес кубогида икки марта муваффақиятга эришган. Эдгардонинг бош ютуғи шундаки, қаерда ишламасин, энг аввало, ҳимоядаги ҳаракатларни тартибга солиб, ишончли кўринишга келтириб олади. Шунинг учунми, сўнгги мавсумгача кўплаб таҳлилчилар Баусани «Ҳимояга уста, аммо ҳужумкорлик борасида суст мутахассис», деб таърифлашарди. Бироқ мураббий «Сан-Паулу»да йўлга қўйган ўйин тизими билан бунинг аксини кўрсатди. Аниқроғи, Бауса нафақат орқа чизиқ, балки ҳужумдаги ҳаракатларни ҳам максимал даражага чиқаришга қодир мураббий сифатида таассурот уйғотди. Хуллас, Аргентина футболи раҳбарлари танлов чоғи узил-кесил унинг номзодини ёқлаганлари бежиз эмасдек. Зеро, айни ҳолатда, яъни Месси ва Агуэросиз қолган терма жамоа ўйинига қисқа муддат ичида файз киритиш фақат янгича қарашларга эга мураббий қўлидан келиши мумкин. Эдгардода масъулият ҳисси нақадар юқори эканлигини унинг қуйидаги сўзларидан ҳам осонгина англаш имкони бор: «Эндиликда фақат уйимдан машғулотлар базасигача бўлган йўлни биламан, холос. Бошқа кўчаларнинг менга умуман қизиғи йўқ».

КЕЛАЖАККА УМИД

Хўш, Бауса жамоанинг бош юлдузи Месси атрофидаги воқеалар хусусида қайдай фикрда? У Леони жамоага қайтаришга уринадими ёки йўқ? «Мессининг терма жамоага қайтиш имконияти ҳақида ҳозирча айтарли ҳеч нарса деёлмайман. Зеро, у мустақил шахс ва қабул қилган қарорига барчамиз ҳурмат билан қарашга мажбурмиз. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, Лео билан алоҳида кўришиб, футболга нисбатан қарашларимиз ҳақида бафуржа фикр алмашишимиз лозим. Шунинг баробарида Мессини фикридан қайтариш йўлида унга зуғум ўтказиш ярамайди. У билан шунчаки, футбол ва ўйин жозибаси ҳақида суҳбатлашсам, бас. Қолганини вақтнинг ўзи кўрсатади», - деди Бауса La Nacion нашрига берган интервьюсида.

Хуллас, жаҳон футболида ўз номи ва ўрнига эга Аргентина терма жамоасининг янги мураббийи мана шундай инсон. Шубҳасиз, у таклифга розилик бериб, жуда машаққатли вазифани зиммасига олди. Лекин ўзига ишонгани учун ҳам шундай қилгани ҳам тайин. Яна нима дердик, мураббийга омад тилаганча воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз. Эҳтимол, «альбиселестлар»ни узоқ вақтдан буён кутилаётган тахтга айнан шу китобхон ва сиёсатга бефарқ қарамайдиган мутахассис қайтарар... Унинг олдидаги бирламчи вазифа - бу жамоа билан ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритиш.

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика