Latest news

21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  2 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  9 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22 17:24Расман: Оскар Бразилияга қайтди  3 16:58"Қизилқум" "Олимпик" ярим ҳимоячисига қизиқмоқда  1

Катанец Ўзбекистон терма жамоаси ўз савиясида ўйин намойиш этганини айтди. Аслида мураббийнинг даражаси қандай? News

Катанец Ўзбекистон терма жамоаси ўз савиясида ўйин намойиш этганини айтди. Аслида мураббийнинг даражаси қандай?

Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубогидаги иштирокини таҳлил қиламиз.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубогини тарк этишига турлича қараш мумкин. Айримларнинг фикрича, Ўзбекистон бундан ҳам узоққа бориши мумкин эди. Мен ҳам худди шундай фикрдаман. Кеча биз кўрган Қатарни мағлуб этиш мумкин эди.

Баъзилар Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг ҳақиқий савиясини кўрсатди ва биз жамоанинг чорак финалга чиққани билан кифояланишимиз керак деб ўйлашади. Масалан, Сречко Катанец шундай фикрда: "Биз буни тўғри қабул қилишимиз керак. Бу футболнинг бир қисми. Нима сабабдан одамлар буни таъби хира ҳолатда қабул қилишаётганига ақлим етмайди. Жамоамизда юз берган муаммоларни инобатга олганда, Осиё Кубогида иштирок этдик. Одамлар натижадан қониқишлари керак. Футболчилар ўз имкониятларини 100%, баъзилари эса 120% кўрсатишди".

Аммо Катанецнинг ўзи қандай даражада? Келинг, буни аниқлаштириб оламиз.

Иш тажрибаси ва ютуқлари

60 ёшли мутахассис мураббийлик фаолияти давомида Словения ёшлар терма жамоаси (1996-1998), ўз мамлакатининг асосий жамоаси (1998-2002, 2013-2017), "Горица"   ва "Олимпиакос" клубларида ҳам ишлаган. Шунингдек, Македония, БАА ва Ироқ терма жамоаларини бошқарган. Рўйхатда кўз югуртирсак, ёмон эмас, лекин юқори топ-даражадан йироқда.

Сречко Катанецнинг асосий ютуғи унинг Словения терма жамоаси билан бирга Евро-2000 ва ЖЧ-2002 даги иштироки ҳисобланади. Буларнинг барчасига 20 йилдан кўпроқ вақт ўтди ва ўшанда Словения терма жамоаси анча кучли эди: мамлакат футболчилари Англия, Германия, Португалия, Австрия ва Бельгия чемпионатларида тўп тепишарди.

Ўшандан бери Катанец бу каби муваффақиятларга эриша олмади. 25 йилдан ортиқ мураббий сифатида у ҳеч қандай соврин қўлга кирита олмади. Тўғри, унинг мураббийлигида БАА ва Ироқ терма жамоалари Осиё Кубоги йўлланмасига эга чиқишди, бироқ бу ютуқлар Словения билан Европа ва жаҳон чемпионатига йўл олишга қараганда камтарона натижа саналади.

Мураббийлик даражаси қандай?

Юқори савиядаги мураббий ҳақида айтмаса ҳам, яхши мураббий футболчиларни кучайтира олиши керак. Унинг қўл остида футболчилар ўсиши ва ривожланиши керак. Ҳеч бўлмаганда мураббий ўйинчиларда мавжуд бўлан қобилиятларни "сиқиб чиқариши" керак.

Шу билан бирга, клубда ва терма жамоада ишлаш бир-биридан анча фарқ қилади, буни ҳам ҳисобга олиш керак. Катанец бир неча бор футболчининг ўз клубида ўйнаш муддати муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Бироқ футболчилар кўп вақтини терма жамоаларда ўтказишади. ФИФА кунлари, расмий турнирлар, ўртоқлик ўйинлари ва ҳаттоки CAFA Cup каби турнирлар учун ўйинчиларни саралаб олиш имкониятини яратади.

Катанец Ўзбекистон терма жамоасини бошқариб келаётган 2,5 йил ичида терма жамоа янада кучайди, дейиш мумкинми? Эҳтимол, қайсидир маънода, ҳа дейиш мумкин. Бироқ натижалар ва ўйин сифати бўйича катта юксалиш кузатилмади. Тўғрироғи, Катанец мавжуд таркибдан максимал даражада фойдаланишга ва жамоанинг таянчини шакллантиришга муваффақ бўлди. Бу ҳам жуда муҳим.

Бош мураббий бугунги кунда натижага эришишдан ташқари, жамоада авлодлар алмашинуви ҳақида ҳам ўйлаши керак. Катанец ҳам буни маълум даражада уддалай олди: Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогида энг ёш жамоалардан бири бўлди, 19 ёшдан 21 ёшгача бўлган Ҳусанов, Файзуллаев, Абдираҳматов ва Холматовлар таркибда пайдо бўлди. Албатта, бошқа ёш футболчилар ҳам мавжуд эди, лекин улар Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги дебютини эртароқ ўтказишган (масалан, 22 ва 23 ёшга тўлган Эркинов ва Ўрунов).

Мураббий кутилмаган қарор ва ҳаракатлари билан рақибни лол қолдира олиши лозим. Айниқса, ўйин жараёни яхши давом этмаётган ва вазиятни ўнглаш керак бўлган учрашувларда бу муҳим аҳамиятга эга. Катанец Қатар билан ўйинда буни уддалай олмади. Қатар терма жамоаси бош мураббийи Маркес Лопес ўйиндан сўнг унинг мураббийлар штаби Ўзбекистон миллий терма жамоасини яхши ўрганганини айтди: “Биз уларнинг камчиликлари ва устунликларини билардик. Рақибнинг икки ҳужумкор ўйинчиси (Ўрунов ва Файзуллаев) жуда тезкор, биз учун уларни “ёпиш” муҳим эди. Агар бу икки футболчини зарарсизлантира олсак, ғалаба қозонишимизни билардик”.

Дарҳақиқат, шиддатли ўйинда Ўрунов ва Файзуллаевга ўзларининг энг яхши фазилатларини намоён этиши қийин бўлди. Шунга қарамай, Ўзбекистон терма жамоаси Қатарга қарши яхши ўйнади ва ҳаттоки хавфли вазиятлар ҳам яратди, бироқ чинакам голли вазиятлар кўп бўлмади.

Катанец Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари мусобақадан олдин ва ҳатто мусобақа давомида кўп жароҳат олганини бир неча бор айтиб ўтган. Бу борада баҳслашиш қийин: Шомуродов, Алиқулов, Сергеев, Алижонов, Насруллаев ва Ҳусановларга (дисквалификация туфайли) умид боғлай олмасангиз, вазият чигаллашади. Аммо, айтганимдек, Қатарга қарши ўйинда ҳаммаси нисбатан яхши эди.

Хўш, муаммо нимада?

Менимча, муаммо Катанецнинг ҳаддан ташқари қайсарлигида. У деярли ҳар доим учта марказий ҳимоячи билан ўйнайди ва бу схемадан деярли четга чиқмайди. Ягона истисно, кучсизроқ бўлган рақибларга қарши ўйинларда (масалан, Ҳиндистон) бундай ҳолат содир бўлиши мумкин. Бу ерда алмаштиришларни ҳам қайд этишимиз мумкин: биз на Амоновни, на Абдиҳолиқовни, на Искандеровни майдонда кўрдик (Осиё Кубогида у бор-йўғи 21 дақиқа ўйнади, бу арзимас вақт).

Топ даражадаги мураббий мослашувчан бўлиши талаб этилади, шу жумладан, тактика нуқтаи назари ҳам вазиятни ўнглай олиши лозим. Шунингдек, унда ҳар доим Б режа, баъзан С режа ҳам бўлиши керак. Ўзбекистон терма жамоасининг фақат битта режаси бордек туюлди: ҳужумда Ўрунов, Файзуллаев ва Машариповнинг индивидуал маҳоратига таяниш. Бу хато эмас, лекин Қатарга қарши ўйинда буларнинг барчаси рақиб томонидан "бекитилди". Шу боисдан ҳам гол таянч зонасини тарк этиб, кутилмаганда рақиб жарима майдончасида пайдо бўлган Ҳамробеков томонидан урилди.

Бундан ташқари, Катанец футболчилар ўртасидаги психологик муаммоларни бир неча бор таъкидлаган:

“Мен уларга ҳимояланинг деб айтибманми? Мен уларга ортга қайтиб, ҳимояланинг деганим йўқ. Дунёдаги бирор мураббий бундай демайди. Бу футболчиларга боғлиқ. Ўша вазиятдаги футболчиларнинг руҳий ҳолатига боғлиқ".

"Пенальтилар ҳар доим мураккаб ўтган, сиз бунга ҳамиша руҳан тайёр бўлишингиз лозим".

Футболчиларнинг психологик ҳолатига бош мураббий жавоб беради. Унга спорт психологи ёрдам бериши мумкин эди, лекин билишимча, у Ўзбекистон терма жамоасида ундай эмас. Айнан бош мураббий футболчиларни руҳлантириши, қўшимча куч бахшида этиши, ёки аксинча, мақбул бўлса уларни тинчлантириши керак.

Хулоса

Агар Катанецнинг ўз сўзлари билан гапирадиган бўлсак, у ҳам дунёдаги энг кучли мураббий эмас. “Келинг, бир оз камтаринроқ бўлайлик: одамлар жамоада содир бўлаётган ҳамма нарсани билишмайди ва биз дунёдаги энг кучли жамоа эмасмиз. Ғалаба қозонганимиздан хурсанд бўлишингиз керак. Мен Бразилия ёки Аргентина терма жамоаларига мураббийлик қилмайман. Биз қўлимиздан келганини қиляпмиз”, - деганди Катанец Таиланд устидан қозонилган ғалабадан сўнг.

Агар футболчилар 100% ёки 120% ўйин кўрсатган бўлса, Катанец бу турнирда қанчалик яхши ишлади? Агар 100% бўлса, у ўз даражасини кўрсатди. Агар 100% дан кам бўлса, демак, у заиф иш олиб борган. Катанецнинг ўзи турнирдаги фаолиятини қандай баҳолаши қизиқ.

Маълум бўлишича, Катанец нисбатан Ўзбекистон терма жамоасининг ҳозирги даражасига тўғри келади. Шу билан бирга, жамоамиз юқори марраларни забт этишини истасак, савияси юқори мураббийи чақиришимиз керак. Бошқа нажот йўқ. Ёки боримиз билан қаноатланамиз ёки қандай қилиб яхшироқ ҳолатга келишимиз тўғрисида бош қотирамиз.

Натижа учун барча - жамоа ҳам, мураббий ҳам бирдай жавобгар. Бунда бир кишини айбдор ҳисоблаш ноўрин. Бу ҳар доим бир ёки бошқа йўл томон олиб борадиган қарорлар ва ҳодисалар занжири ҳисобланади. Жамоа савиясини ҳам, мураббийнинг савиясини ҳам ақл-идрок билан баҳолашимиз керак.

Умид қиламанки, Катанец бу мақола учун мендан хафа бўлмайди. Ўзбек матбуотини ўқимайман деса-да, унинг атрофидагилар унга ниманидир етказа олади.


Николай Егоричев тайёрлади

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика