ЖЧ-2018дан ДЕБЮТ кундалик
15 jun 2018 16:25
News
ЖЧ-2018дан ДЕБЮТ кундалик
ФИФА ҳам сийлаб юборди. Германияни гуруҳдаги нақт 3та ўйинига ОАВ чиптасини берди. Яна уларнинг орасида Бразилия, Португалия, Аргентина ва Колумбиянинг биттадан тур ўйинлари мавжуд. Аммо барча учрашувларга бориш имконияти мавжуд эмас, гарчанд ФИФА ОАВ ва мухлисларни ўйлаб поездлар учун бепул чипталарни бераётган бўлсада. Сабаби ўйинларни кетма-кетлиги сабаб бир манзилдан иккинчи манзилга етиб бора олмайсиз. Самолёт чипталари арзон эмас. 80-150 АҚШ долларига тенг. Қолаверса, Тошкентда бироз муаммо юзага келганди. Осон бўлмаган кунлар... ЖЧдан умидимни узиб бўлган эдим. Кўнгилга сиғмаётган эди...
Шу кунларда ЎФА вакили Рома (Рамиль) хонамга кириб "сен ҳалиям шу ердамисан, нега ЖЧга бормаяпсан?", дея саволга тутди ва кейин афсусланмаслик учун ҳеч бўлмаса битта ўйинни кўриб келишимни маслаҳат берди. Бу ерда "Фейсбук" ижтимоий тармоғида устозим, Анвар ака Илёсов ЖЧга оид суратларни қўя бошладилар. Мана шунда қарор қабул қилинди, ҳечдан кўра кеч ва кеча Тошкент - Москва йўналиши бўйича ЖЧ пойтахтига етиб келдим.
Аэрапорт текширувидан ўтар эканман, одатдаги савол жавоблар... Оқ йўл тилашар, анча хизмат тури ижобий томонга ўзгарибди. Гап йўқ, айниқса яшил йўлакчалар йўловчининг вақтини тежабди. Камига бир ходим "CA"нинг ўқувчиси эканлар. "Ака, нега кўп блок қиласизлар", деб сўраб қолдилар. Тартиб қоида мавжуд деган жавобимга, "мен эмас, аксари дўстларим блокда" деб кулиб жавоб қилдилар. Шу тариқа Рамазон ойининг сўнгги кунида Москвага келиб, бугун ҳайит намозини ўқиш насиб этди. Мустақил юртимизга тинчлик тилаш билан бир қаторда, Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧда Ўзбекистон миллий терма жамоасини иштирок этишини самимий ният қилдим. Айниқса, кеча бўлиб ўтган очилиш ўйинида Республикамиз Президентини иштирок этганлиги, футболга бўлган муносабатни тубдан ўзгараётганлигидан деб билдим. Президент бошчилигида ЖЧни мақсад қилмасак, қачон яна мундиал ҳақида ўйлашимиз мумкин? Яратилган шароитлардан оқилона фойдалансак бўлгани. Аввалги мақолаларимда кўп маротаба қайд этганман, биз ёшлар учун бу балки сўнгги имконият эмас, аммо ёши катта нуронийларимиз ҳаққи-ҳурмати чиқишимиз керак, улар кўрсин ЖЧни!
Келинг гапни айлантирмай-да, бугунги воқеаларга ўтсам. Кеча тунда келдим, очилиш маросимини ҳам кўра олмадим. Россия терма жамоасининг голларини сайтимизнинг телеграм каналидан кўрдим. Бугун "Лужники" стадионига ташриф буюриб аккредитациямни олдим. Ундан аввал ҳар сафар Москвага келганимда ўзининг беминнат ёрдамини аямайдиган андижонлик укахонлар Аброр ва Сардор билан Россиядаги энг катта "Фан зона"ни бориб кўрдик. Афсуски у 12:00дан очилар экан.
Ичида нималар бор, буни бугун тунда Роналдуга яқин бўлган икки юрт, Португалия ва Испания терма жамоалари ўртасидаги учрашувда кўрамиз. Ҳужжатлар билан бўлиб, Аргентина терма жамоасининг ОАВ учун очиқ бўлган 15 дақиқалик машғулотига ташриф буюра олмадим. Ҳеч қиси йўқ, Аргентина терма жамоасини кўришга ҳали имконият йўқ эмас.
Медиа марказдаги шароитлар аъло даражада. Нима учундир мақола ёзаётган палламда, бу ерда жуда кам ОАВ вакили. Катта эҳтимол билан улар "Спартак" стадионидалар. У ерда эртага Аргентина - Исланияда учрашуви бўлиб ўтади. Қолганини, расм кўринишида эътиборингизга тақдим этсам. Мақола ўқиётган паллангиз, "Лужники" стадионини суратга олиб чиқиш ниятидаман. Кейин, Миср ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги баҳсни ҳорижлик ҳамкасбларимиз билан бирга медиа марказда томоша қиламиз.
ЖЧни ёритишда ўз ёрдамини берган "Start" савдо белгисига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!
Байрамингиз билан, Азиз ўқувчилар!
Comments