Жарима зарбаси топ-ижрочилари
07 feb 2022 16:31
News
Жарима зарбаси топ-ижрочилари
Англия футболи жарима зарбаларини ижро этиш бобида Дэвид Бекхем, Криштиану Роналду, Тьерри Анри каби ёрқин шахсларга гувоҳ бўлган.
Келинг, бу борада АПЛда ўз ўрнини топган маҳоратли футболчиларни санаб ўтамиз.
14. Хуан Мата (8 та гол)
У хоҳ кўк либосда бўлсин, хоҳ қизил, "Челси" ва "Манчестер Юнайтед" учун жуда муҳим жарима зарбаларини амалга оширди.
Испаниялик ҳисобида саккизта самарали "ўқ" бор. Унинг аниқ ижро этилиши рақибларининг қўполликларига муносиб жавобдир.
13. Кристиан Эриксен (8 та гол)
Кристиан "Тоттенхэм"га келганида, "шпорлар" уларда ҳақиқий марварид борлигини билишарди. Даниялик нафақат Премьер-лиганинг энг яхши плеймейкерларидан бирига айланди, балки "ўлик тўп" мутахассиси сифатида ҳам шуҳрат қозонди.
У "Тоттенхэм"даги фаолияти давомида саккизта гол урди. Бундан ташқари, жарима орқали бир ўйиннинг ўзида иккита тўп киритди, бунга камдан кам одам эриша олади.
12. Нольберто Солано (9 та гол)
"Ньюкасл" ва "Астон Вилла" мухлисларининг собиқ ёқимтойи Премьер-лигада тўққиз бор муваффақият қозонди. Ҳозир 47 ёшни қаршилаган Нольберто рақиблар учун "қотил" эди.
Перулик камдан-кам ҳолларда мўлжалда адашар ва тенгдоши Лоран Робер билан биргаликда стандартлар бўйича энг зўр дуэтлардан бирини ҳосил қилишганди.
11. Жейми Реднапп (9 та гол)
Жейми Реднапп 1990 йилларнинг охирида Ливерпулнинг "Spice Boys" жамоасининг бир қисми бўлгани ва жароҳатни "яхши кўргани" билан яхши эсланади. Унинг стандартлардан фойдаланиш бўйича қобилияти кўпчиликнинг ёдида қолмаган.
Реднапп бутун фаолияти давомида жарима зарбаларидан 9 та гол урди, шу жумладан, 1994/1995 йилги мавсумнинг сўнгги ўйинида "Блекбэрн" дарвозасига. Реднаппнинг ўша голи "Манчестер Юнайтед"га АПЛ чемпионлигини олиб келишига оз қолган. Жеймининг 90-дақиқадаги зарбаси эвазига "Ливерпуль" "Блэкберн"ни мағлуб этган (2:1). Аммо МЮ сафарда "Вест Хэм"ни юта олмагани туфайли (88 очко) чемпионликни "Блэкберн" (89 очко)га бой берган.
10. Фрэнк Лэмпард (9 гол)
Кўпчилик жарима тўпини тепадиганлар зарбасининг аниқлиги билан танилган бўлса-да, Лемпарднинг ўйини ҳам кучли эди.
"Челси" афсонаси жарима орқали 9 та гол урган. Шу сабабдан ҳам унинг "Стэмфорд Бриж"даги фаолияти ҳеч қачон унутилмайди.
9. Иан Харт (10 та гол)
Жарима зарбасининг моҳир ижрочиси камдан-кам ҳолларда қанот ҳимоячи бўлади. Айнан "Лидс"да бу вазифани чап қанот ҳимоячиси бажарарди.
Аксарият мутахассислар Ианни Премьер-лига тарихидаги жарима зарбасини энг яхши амалга оширувчи ҳимоячи деб билади.
8. Мортен Гамст Педерсен (10 та гол)
Норвегиялик ярим ҳимоячи "Блэкберн" футболчиси сифатида узоқ масофадан жарима зарбалари орқали қойилмақом голларни урган. У сеҳрли чап оёғи билан Ланкаширда чинакам афсонага айланди.
Бундан ташқари, Педерсен ҳар доим ўзининг соч турмаги билан ажралиб турарди.
7. Лоран Робер (11 та гол)
Эсингизда бўлса, биз Лоран Робертни юқорида айтиб ўтган эдик. Энди уни эслаш вақти келди. Кўпчиликнинг фикрича, у Премьер-лига тарихидаги энг кучли чап оёқ эгаси бўлган.
Франциялик футболчи "Ньюкасл"да ўйнаган вақтида жарима зарбасидан 11 та гол урган. Лоран агар жарима тўпларини Солано билан баҳам кўрмаганида, қанча гол урарди, эҳ-хе...
6. Криштиану Роналду (11 та гол)
Криштиану Роналдуни кўп-кўп-кўп йиллар давомида эслаб қолишади. Бироқ унинг иштирокидаги бир лаҳза доимо ажралиб туради. Бу унинг "Портсмут"га қарши ўйиндаги ажойиб зарбаси.
Тўп тепиш санъатида инқилоб қилиб, у ўйинчилар авлодини эркин зарбаларга ёндашувни бутунлай ўзгартиришга илҳомлантирди. У "Манчестер Юнайтед" учун 11 та жарима тўпини киритди ва 2008 йилда "Сток"га қарши ўйинда "биттада иккита" клубининг яна бир аъзосига айланди.
5. Себастьян Ларссон (11 та гол)
Тарихан АПЛ "Сандерленд" мухлислари учун бир оз омадсиз жой бўлган ва шундай бўлиб қолади. Албатта, уларнинг севимлилари ўзларининг яхши томонларига эга эдилар, лекин кўп қулашлар кўпинча яхши дамлардан устун келди.
Ларссон мисолида "қора мушуклар"да ҳаммаси жойида эди. Унинг нафақат "Сандерленд", балки "Бирмингем" сафида жарима зарбасидан урган голлари 11 тага етади.
4. Жанфранко Зола (12 та гол)
Дарвозанинг юқори бурчаги нишонга олинадиган Жанфранконинг жарима зарбасидан кўра чиройлироқ нарса йўқ.
Италиялик футболчи "Челси"даги 8 йил давомида жарима зарбасидан 12 та гол урган. У бу орқали ўзини Англия Премьер-лигаси тарихидаги энг яхши футболчилардан бири сифатида намоён қилган.
3. Тьерри Анри (12 та гол)
Тьерри қанчалик ажойиб тўпурар бўлганини ҳисобга олсак, унинг жарима зарбаларини тепиш қобилиятини унутиш осон.
Ақл бовар қилмас техника ва куч билан у ҳамиша Премьер-лига тарихидаги энг яхши футболчилардан бири бўлиб қолади.
2. Жеймс Уорд-Проуз (12 та гол)
Уорд-Проуз "Саутгемптон" афсонасига айланиши аниқ, у аллақачон "авлиёлар" ёрқин вакили Мэттью Ле Тиссьенинг мавқеига чиқди.
2020 йил 1 ноябрь куни “Астон Вилла”га қарши ўйинда у битта ўйинда жарима зарбаси орқали иккита гол урган Премьер-лигадаги тўққизинчи футболчига айланди. Ҳар икки сафар ҳам у тўпни "шерлар" жонли девори устидан ошириб қўйган ва юқори бурчакни нишонга олган.
1. Дэвид Бекхэм (18 та гол)
"Қизил иблислар"нинг афсонавий ярим ҳимоячиси кейинги ўринда бораётган футболчилардан камида 6 та гол олдинда. Ҳеч қачон жарима зарбасини Бекхэмдан кўра муваффақиятлироқ бажарган футболчи бўлмаган. У стандарт вазиятларнинг ҳақиқий суперюлдузи эди.
Дэвид ўзининг қайишқоқлиги ва тўп билан ишлашда устаси фаранглиги билан дунё бўйлаб шуҳрат қозонди. Унинг ижро этиш техникаси нафис гўзаллиги билан ажралиб турарди.
Дэвид Бекхэм ҳалигача жарима зарбасини тепишдан олдин ҳамма тақлид қилишга ҳаракат қиладиган ижрочи бўлиб қолмоқда.
Шерзод Нурматов тайёрлади
Comments