Latest news

13:14Мбаппе ёки Винисиус — пенальти ва жарима зарбаларини ким тепади?  0 12:48Расман: Ромеу "Жирона"га қайтди  0 12:22Танташев кеча олган жароҳати туфайли Элит ОЧЛ плей-офф учрашувида ишлай олмайди  2 12:15Мареска "Челси" нима учун Галлахерни сотишга мажбурлигини тушунтирди  0 11:55"Футбол олами". Суперлигада иккинчи давра старт олди  1 11:03Футзал. ЖЧ-2000. Ўзбекистоннинг дастлабки уриниши, 29 та гол ўтказган мезбон ҳамда бир ўйинда икки дарвозабонидан айрилиб, учинчи посбон билан Бразилиянинг гегемонлигига чек қўйган чемпион ҳақида ҳикоя қиламиз  0 10:34«Тоттенхэм» 75 миллионга ҳужумчи сотиб олади  2 10:02«Ньюкасл» Англия терма жамоаси аъзосини 70 миллион еврога сотиб олади  8 09:31Давид де Хеа фаолиятини Европанинг ТОП-5 чемпионатида давом эттиради  3 09:03Карло Анчелотти Беллингемнинг ҳаракатидан норози? Нега?  6 08:35Хулиан Альварес фаолиятини «Атлетико»да давом эттиради  9 08:08Федерико Кьеза фаолиятини Италиянинг бошқа бир топ клубида давом эттириши мумкин  2 07:40Бугун Ўзбекистон кубогининг чорак финалига старт берилади  4 07:17Бугун тўрт нафар ўзбекистонлик спортчи Париж Олимпиадасида қатнашади   4 02:55Париж-2024. Франция Мисрни енгиб, финал йўлланмасини қўлга киритди  6

Жаноб Бердиев, наҳотки уялмайсиз? News

Жаноб Бердиев, наҳотки уялмайсиз?

Осиё чемпионлар лигасининг 4-турида тўрттала жамоамиз тўрт очко ишлашни уддасидан чиқишди.


Бу дегани ҳар бир жамоамиз ўртача бир очкодан ишлашди дегани. Ишқилиб якунда бирорта жамоамиз ўз гуруҳида 4-ўринда қолиб кетмаса бўлгани. Аслида учинчи ўрин ҳам қониқарли эмас. Гуруҳлардаги вазият ҳақида сал аввал танишиб чиқдингиз. Мен бу ҳақда ёзмоқчи эмасман. Ҳар йили ОЧЛ вақтида математика фанини эслашдан тўғриси чарчаганмиз. Лекин жамоаларимиз нуқул ушбу дарсни ёдга олишни, мураббийларимиз эса математика орқали ўз билимларини синовдан ўтказишни жуда ҳам хуш кўришади чоғи. Ҳар йили шу булар такрор бўлаверади.


Ушбу турда дастлабки ўйинни бизникилардан "Насаф" бошлаб берди. Ушбу ўйинни бевосита стадиондан кузатиш мақсадида Қаршига сафар қилдим ва воқеалар ривожини "Марказий" стадиондан томоша қилдим. Шу боис ушбу беллашув ҳақида атрофлича тўхталмоқчиман. Ўйиндан бир кун олдин ташкил этилган матбуот анжуманида "аждарлар" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев фақат натижа учун ўйнашларини алоҳида таъкидлаганди. Натижа дейилганда ғалаба назарда тутилганди.
Учрашув куни Қарши шаҳридаги "Марказий" ўйингоҳга мухлислар ташрифи шу қадар кўп эдики, стадион ўйин бошланишига 3 соат қолганида тўлиб тошганди. Соат 15:00дан бошлаб мухлислар киришига рухсат этилгач, чамаси 30-40 дақиқа ичида стадион лиқ тўлиб қолганини сезмай ҳам қолдим. Чунки медиа-центрга кириб, кичик мақола ёзиб чиққунимча стадион трибуналари 16000 минг томошабин билан тўлдириб бўлинганди.


Жонкуяр ва фидоий ишқибозлар ўз суюклилари ўйинини томоша қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўйин бошланишини 3 соатдан ошиқроқ вақт мобайнида кутиб туришди.
Рости, бунақасини яқин 5-6 йил ичида кўрмагандим.

Шу мухлислар ҳаққи-ҳурмати "Насаф" шу куни ғалаба қозонишга мажбур эди! Ғалаба шарт бўлган ўйинда қимматли икки очко йўқотилди.

Ўйин ҳақида бевосита тўхталадиган бўлсак, учрашув дебютини "Насаф" юқори шашт ва иштиёқ билан бошлади. Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ "аждарлар" сардори Артур Геворкян Муҳаммадиевнинг пасидан сўнг ўзига қулай вазият яратишга уринди ва чамаси 17-метрлар масофадан дарвозани ишғол этишни кўзлади. Аммо унинг Халифа Абабакар қўриқлаётган дарвоза томон тепган зарбаси рақиб посбонига ортиқча қийинчилик туғдиргани йўқ. Шу тариқа шиддаткорона бошланган футбол қолган 88-дақиқа давомида айтарли қизиқарли кечгани йўқ. Аксига олиб "Насаф"нинг юқори иштиёқи ҳаяжон ва ички босимда қолган футболчиларнинг "қалтироқ" ўйинларига айланиб кетди.

"Насаф" ташкил этган мақсадсиз ва бир хил услубдаги ҳужумларни "Ал Жайиш" деярли қийинчиликсиз бартараф этаверди. Қатарликлар биринчи бўлимда аксарият вазиятларда "Насаф"га кўра ташаббусга эгалик қилишди. Уларнинг ҳужумдаги "трио"си имкон қадар "Насаф" дарвозаси томон хавф солишга уринди. Аммо Аъзамов бошчилигидаги ҳимоя қўрғони ишончли ўйнади. Учрашув давомида "Насаф"да голга тортадиган яққол бир вазият кузатилмади. Чунки жамоа рақиб дарвозаси олдида вазият яратишда муаммоларга дуч келди.


Шу куни "Насаф"га нима етишмади?

1) Мураббийнинг ўйинга ишлаб чиққан пухта ва аниқ бир режаси йўқлиги етишмади.
2) Ҳар қандай мураббийда бўлиши керак бўлган "А" ва "Б", яъни биринчиси ўхшамаганда ўйинни тубдан ўзгартириш мақсадида тайёрлаб қўйиладиган иккинчи режа етишмади.
3) Футболчиларга совуққонлик, дадиллик етишмади.
4) Руҳий тайёргарлик.
5) Гол.

Гол етишмагани табиий. Лекин шу юқоридаги тўртта ҳолатдан ҳеч бўлмаганда биттаси бўлганида гол бўлиши мумкин эди.

Ўйиндан кейин Рўзиқул Бердиев таркиб танлашда адашмаганини ва Бобир Абдихолиқовни захирада қолдириб хато қилмаганини таъкидлади. Матбуот анжуманида ўйинни шарҳлаб борган Дилшодбек Тўхтабеков Бобир Абдихолиқов тушганидан сўнг "Насаф"нинг ҳужумлари сал бўлса ҳам хавфли тус олганини айтиб, Азамат Алланиязовни бошланғич таркибда қўйиб адашдим деб ўйлайсизми, деган саволига йўқ дея жавоб қайтарди. Шунингдек, Бердиев ўйин учун футболчиларга раҳмат айтгани ва ҳужум чизиғи вакилларининг иштирокидан қониқмаганини айтиб ўтди. Яна Бердиев "Насаф" ҳали гуруҳдан чиқиш учун имкониятини йўқотмагани ва агарда гуруҳда қолиб кетса ҳам бундан уялмаслигини таъкидлади. Шунингдек, асосийси шарманда бўлмадик ва бу нарса уятли эмас дея қўшимча қилинди. Ҳамма ўзича ҳақ.

Натижага аввало мураббий жавобгар!
Унинг таркибида юқори даражалаги ҳужумчилар йўқлиги, қолган жамоаларга нисбатан солиштирганда шарманда бўлмаётгани - бу жамоаларимиз учун яхши натижага айланмоқдами?  
Менимча, Бердиев гуруҳдан чиқолмасак бундан уялмаймиз деб нотўғри гапирди.
Агарда "Насаф" гуруҳда қолиб кетса, бу Бердиевнинг ОЧЛдаги тўртинчи уринишидаги тўртинчи "провал"и бўлади. Агарда шу натижадан мураббий уялмаса, унда ҳеч бўлмаса рақиблар осонгина ўрганиб олаётган ҳозирги тактикасига захира сифатида иккинчи варианти йўқлигидан уялмайдими?
Бу биринчи ёки иккинчиси эмаску. "Насаф" ОЧЛда Ўзбекистон байроғи остида қатнашмоқда, ҳар йили гуруҳда қолиб кетаётгани ўзбек футболининг зиёнига ишламоқда.

Ҳа, Бердиевнинг таркиб борасидаги муаммолари, ҳужум чизиғида юқори малакали футболчининг йўқлиги, захирадан айни пайтда ўйинни кучайтириб юборадиган футболчисининг йўқлигини ҳам биламиз. Яқинда интервью чоғида ҳужумчи ҳақида сўраганимда, бу саволдан чарчагани ва клубнинг имконияти яхши ҳужумчининг олиб келишга етмаслигини айтишдан чарчаганини таъкидлади. Кейин ҳозирги қўл остидаги футболчиларидан кўнгли тўқлиги ва натижа учун жавобгар эканини ёддан чиқармаганини айтди. Ҳар йили раҳбарият билан мавсум олдидан қандай келишса ҳам, ўзаро музокарага келишмоқдами, демак мураббий мавжуд футболчилар билан ўз олдига қўйилган юқори мақсадлар сари курашишга тайёр.
Кейин, Бердиев ОЧЛ олдидан жамоанинг вазифаси ва мақсади гуруҳдан чиқиш эканини айтганди. Мусобақа ўзининг қизғин палласига кирган пайтда таркибдаги футболчилар ҳақида эслашдан ва уларнинг маҳорати борасида фикр билдиришдан кўра, мураббийнинг ишини таҳлил қилиш тўғри. Чунки ҳали айтганимдек, натижа учун барча жойда мураббий жавобгар!



"Насаф" "Ал Жайиш"га қарши ўйинда деярли ҳеч нарса кўрсата олгани йўқ. Стадионга кирган мухлислар яқин орада ҳеч ҳам жамоадан бу каби норози бўлиб кетишмаганди. Ҳамма нима бўлди "Насаф"га дея қўл силтаб чиқиб кетди. Рақиб гуруҳ пешқадами ва мағлубиятсиз келаётгани тушунарли. Лекин бу баҳона бўла оладими?
"Ал Жайиш"нинг энг кучли чизиғи - ҳужум. Рақибнинг энг заиф нуқтаси бу ҳимоя эди. Лекин "аждарлар" уларнинг заиф нуқтасидан фойдаланишга деярли уриниб ҳам кўра олишмади. Кейин, ўйинга Бердиев қандай режа тузганию, нимани кўзлаганини билмадим-у, аммо унинг ўйлаб қўйган режаси умуман иш бермади. Демак ўйин давомида бошқа вариант, яъни "Б" режасини ишга солиш керак бўларди. Рўзиқул Бердиевда иккинчи режа йўқлигиданми, жамоа 90 дақиқа давом этадиган футболни бир хил темпда, ҳеч қандай ўзгаришсиз ўтказди ва табиийки ҳеч нарсага эриша олмади. Яна бир жиҳат, "Ал Жайиш" ўз жарима майдончаси олдида деярли қоида бузмай ҳаракатланди. Чунки Сабри Лямуши жуда ақлли, у шогирдларига жарима майдончаси ҳудудида қоидани бузмасликлари кераклигини яхшилаб уқтирган. "Насаф"нинг кўплаб голлари айнан стандарт вазияти орқали, яъни майдонда кўриниш бермасада жарима зарбалари орқали ўз ишини уддалаши мумкин бўлган Геворкяннинг имкониятларини яхшилаб ўрганган ва билган. Сабри Лямуши "Насаф"ни ипидан игнасигача ўргангани сезилиб турарди. Асосан қанотлар орқали ҳужум қилишда одатланган "аждарлар"нинг "қаноти"ни ҳам "ёпиб" қўя олди шу куни "Ал Жайиш".
Терма жамоа ихтиёрига келган пайтида Сардор Рашидовга Лямуши "Насаф"ни ўрганиш чоғида сиздан бирор бир маълумот сўрадими деганимда, Сардор шундай жавоб берганди: "Мендан ҳеч нарса сўрагани йўқ. Мураббийларимиз рақибни ўрганиш чоғида фақат ўзлари маълумот тўплашди ва "Насаф"ни синчиклаб ўрганишди".

Ростан ҳам, Сабри Лямуши бир неча йиллардан буён деярли бир хил ўйнаб келаётган "Насаф"ни бемалол зарарсизлантира олди. "Ал Жайиш"нинг "Насаф"дан қўлга киритган тўрт очкосида легионерларидан ҳам кўра мураббийининг зукколиги катта ўрин тутди.
Натижа ўйнаш мана бундоқ бўлади, жаноб Бердиев.
"Ал Жайиш" Қаршидан ўз миссиясини амалга ошириб кетди. Биз эса Қатардаги ўйинда ҳам "қўрқоқлигимиз" туфайли учрашув сўнггида бир очкони ҳам қўлдан чиқаргандик. Омад эвазига бўлсада, "Ал Жайиш" ўз ниятига етганди. Ўша Доҳада ўтган ўйинни эслайлик, "Насаф" олдинга бориши мумкин бўлган вазиятларда ҳам тўпни мақсадсиз бир-бирига ошириб ўтириб, вақтни ўтказмоқчи бўлганди. Бу эса якунда хом режанинг иш бермаслигини яна бир бор исботлаганди.
"Насаф" биринчи ва иккинчи турда "Ал Аҳли" билан тенгма-тенг ўйнаганди. Футболчилар эркинроқ, "дух" билан ўйнашганди. Ўша "дух" қаергадир кетиб қолди. Жамоада ички босим бордек туюлмоқда. Стадионга келган мухлислар қаршисидаги ҳаяжон эмас, ички босим, қандайдир қўрқув билан футбол ўйнаётганликлари билиниб қолмоқда. Футболни завқ олиш учун ўйнаш керак аввало. Қачонки футболчи ўзини майдонда эркинроқ тутса, ўшанда ўйлаган режаси иш бериши мумкин. Иккинчи турда стадион тўла мухлислар қаршисида "Ал Аҳли"ни мағлубиятга учратган, ёки Жиддада гарчи ютқазган бўлсада, бемалол футбол ўйнаган "Насаф"дан 3-4 турларга келиб асар ҳам қолмагандек. Мураббийлар штаби шу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратишса мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳозир Бердиевни танқид қиляпман, чунки танқидга яраша ўйин ва гап қилинди. Керак пайтда мақталган мураббий энди танқидлардан тўғри хулоса чиқарса, кейинги ўйинларда ўша хатоларни такрорламаса, ўйлайманки, ҳозир ҳам ўз қўлида бўлиб турган вазифани уддалаши мумкин. Аввало мураббий иккинчи вариант ва футболчиларнинг босимни енгиб ўтишига, уларни майдонда эркин ҳаракат қилиб, эркин фикрлашига ёрдамлашиши керак. "Насаф"да юзага "паника"ни йўқ қилиш фақат мураббийнинг қўлидан келади. Ишонинг, Бердиев қўл остида ҳам юқори даражали футболчилар етарли. Ҳужум чизиғидаги танлов ҳам Бердиевники. Ҳозир таркибдаги муаммолар, жароҳатланган футболчилар ҳақида гап очишнинг вақти эмас. Чунки мавсум олдидан бу нарсалар аниқ эди ва камига мураббий мавсум олдидан селекция ишлари ҳақида берилган саволга кўнглим тўлди дея жавоб берганди.


"Насаф"га ҳозир "дух" керак!
Зеро жамоаларимизнинг гуруҳдан чиқолмаслиги одатий ҳолга айланиб қолаётгани кишини албатта ранжитади.

Ўзбек мураббийларидан фақат бир мутахассис ҳеч қачон айбни футболчиларга юкламасди, барча хатони ва камчиликларни ўз бўйнига оларди.Фақатгина ўша мураббий ҳозирга қадар ширин бўлиб турган гуруҳ босиқичидан кейинги "қайноққина" кечадиган плей-офф ўйинларини бизга тақдим этган. Наҳотки ундан бошқа мураббийларимиз бу ишни уддалай олишмаса? Биз улардан мусобақа ғолиблигини эмас, ҳеч бўлмаса гуруҳдан кейинги босқичга чиқишларини сўраяпмиз.

"Насаф" - "Ал Жайиш" учрашувидан кейин Европа чемпионлар лигаси юзасидан бир футболчи билан телефонда суҳбатлашиб қолдим ва гап табиийки "Насаф" ҳамда "Бунёдкор" жамоаларининг ўша кунги ўйинига ҳам бориб тақалди. Ўшанда футболчи "Насаф"нинг нурсиз ўйини ва "Бунёдкор"нинг шармандали мағлубияти ҳақида: "Биласизку, бизнинг мураббийлар орасидан фақатгина биргина мутахассис учун ОЧЛда гуруҳ босқичи муаммо эмас...", деб куюниб гапирди. Бу гапга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Лекин бу йили камида яна иккита мураббий бу ишни уддалашига ишонгимиз келади. Қўлдан келмайдиган иш эмаску, уддаласа бўлади. Ишлаш ва изланиш керак.

Уялиш ҳам керак...!


Шаҳбоз Беғамов

Rating: +29   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика