Latest news

10:41"Барселона" МЮга керак бўлмай қолган яна бир футболчининг трансферига 70 миллион евро сарфлашга тайёр  1 10:10Ламин Ямал "Реал"га қарши ўйиндан сўнг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига ўзгартириш киритди  3 09:42Винисиус нима учун "Реал"ни тарк этмоқчи эканлиги маълум бўлди  3 09:11МЮ ва "Челси" қизиқаётган футболчининг нархи 120 миллион фунт этиб белгиланди  1 08:30Пролига. Бугун тур якунланади  0 08:03“Олтин тўп”га даъвогарлар рейтинги эълон қилинди. Рўйхатда Дембеле йўқ  9 07:36Ямал қимматбаҳо харидни амалга оширади  2 01:45Дунёнинг энг қиммат ярим ҳимоячилари эълон қилинди: Беллингем ва Педри нечанчи ўринда?  5 01:19"Реал" сардори яна жароҳат олди  1 00:47"Реал" Винисиусни "Эл Классико"даги реакцияси учун жазолайдими?  4 00:13Суд "Барселона"дан Негрейра билан тузилган шартномаларнинг оригинал нусхаларини талаб қилди, аммо улар ҳозирча топилмади  13 23:45Суперлига. "Сурхон" – "Андижон" 4:0  3 23:29Винисиус Алонсонинг "иши"дан сўнг "Реал"ни тарк этмоқчи  16 22:50"Ювентус" янги бош мураббий борасида музокараларни бошлади  5 22:19Февзи Давлетов: "Мағлубиятли сериямиз қачондир тугаши керак эди"  3

Жамолиддин Шарипов: “ЎФФ янгилиги сабаб режаларимиз ўзгариб кетди” News

Жамолиддин Шарипов: “ЎФФ янгилиги сабаб режаларимиз ўзгариб кетди”

Футзал бўйича 2018 йилги мавсум ҳам худди футболда бўлгани каби янги формат асосида ўтади.

Режага кўра март ойида старт оладиган Ўзбекистон чемпионатида олий лига жамоалари илк маротаба уй-сафар тизимида иштирок этишади. Шу пайтгача барча жамоалар бир жойда жам бўлган ҳолда тур учрашувларида майдонга тушишарди. 

Бир ҳафта ичида битта тур баҳслари ташкил этилиб, унда жамоалар бир нечта ўйинларни ўтказишарди. Бу эса ўз навбатида кетма-кет кунлик ўйинлардан сўнг футзалчиларнинг жисмонан толиқиб қолишига сабаб бўлиб келаётганди. 

Энди янги мавсумдан жамоалар катта футболда бўлгани каби бир ҳафта битта учрашув ўтказишади. Лекин ҳозирги ҳолатда ярим йилдан кўпроқ вақт давомида футзал чемпионатимизда танаффус юзага келадиган кўринади. Февраль ойида ўтказиладиган Осиё чемпионатида қатнашадиган терма жамоамиз учун бу яхши ҳолат эмас. 

Расмий учрашувлар йўқлиги сабаб футзалчиларимиз ўйин амалиётисиз қолиб кетишяпти. Шунга қарамай, етакчи клубларимиз ҳамда терма жамоамиз ўқув-машғулот йиғинларини тўхтатмаяпти. Биз Ўзбекистон чемпиони “Олмалиқ” жамоаси етакчи футзалчиси Жамолиддин Шариповдан интервью олдик. 

- Жамолиддин, “Олмалиқ” жамоасининг янги мавсумга тайёргарлиги қандай кетяпти? 

- Аслида янги мавсумга тайёргарликка август ойидаёқ киришган эдик. Шу пайтгача чемпионат баҳслари сентябрь ёки октябрь ойидан бошланарди. Лекин ЎФФнинг бироз кутилмаган қарори туфайли нафақат чемпионатимиз, балки янги футзал мавсумига март ойидан старт бериладиган бўлди. Бунинг натижасида олий лига клубларининг режалари ҳам ўзгариб кетди. Мураббийлар режаларни қайта тузиб чиқишди. Режага кўра янги йилдан машғулотларни бошлаймиз. 

- Таркибда ўзгаришлар борми? Ўтган йилги таркиб сақлаб қолиндими?

- Ўзига яраша ўзгаришлар бор. Тажрибали футзалчиларимиз бошқа клубларга ўтиб кетишди. Масалан, Артур Юнусов “Локомотив”, Дилшод Ирсалиев “Пахтакор” клуби билан шартнома имзолади. Ўз ўрнида сафимизга қўшилганлар ҳам бор. “Ардус” жамоасидан Даврон Абдураҳмонов янги мавсумни “Олмалиқ” таркибида бошлашга яқин турибди. “Металлург”да ижара асосида ўйнаган Суннат Куралов яна жамоамизга қайтди. Янги йилдан бошланадиган йиғинимизга яна бир неча футзалчиларнинг кўрикдан ўтиш учун келиши кутиляпти.

- Юқорида ЎФФнинг янгилиги ҳақида гапирдингиз. Футзалчилар бу янги тизимни қандай қабул қилишди?

- ЎФФнинг янги раҳбарияти барча йўналишларда катта ўзгаришларни амалга оширмоқда. Шу жумладан, футзалга ҳам янгилик олиб кириляпти. Шахсан мен учун ҳам бу жуда ҳам қизиқ туюлмоқда. Барча футзалчилар қатори мен ҳам чемпионат бошланишини сабрсизлик билан кутяпман. Энди бу қанчалик самарали ва фойдали бўлади, албатта буни вақт кўрсатади. 

- Жамоалар узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетишяпти. Мартгача ҳали анча вақт бор. Бу зарарга ишлаб қолмайдими?

- Бу борада бир нарса дейиш қийин. Лекин футзалчи учун ўйин амалиёти жуда ҳам муҳим. Энди чемпионат бошлангунига қадар барибир ўртоқлик ўйинлари ўтказиб турилади. Лекин назорат учрашувлари расмий ўйин ўрнини боса олмайди. Бу янги тизимга ҳам кўникишга мажбурмиз. 

- “Олмалиқ”нинг ўтган йилги мавсумдаги иштироки клуб раҳбарияти томонидан муҳокама қилиндими?

- Ҳа, Олмалиқ шаҳрида мавсум якунларига бағишланган йиғилиш ва унинг якунида катта концерт дастури бўлиб ўтди. Клубимиз раҳбарлари чемпионлик билан табриклашди, совға-саломлар улашилди. 

- Янги мавсум учун режалар тасдиқландими?

- Ҳали режалар билан танишмадик. Бизга бу ҳақда айтишмади. Янги йил байрамидан сўнг ўз базамизда янги мавсумга тайёргарлик кўриш учун йиғиламиз. Бўлажак йиғинда режалар билан таништиришса керак. 

- Жамоа билан шартномангиз қанча муддатга имзоланган?

- “Олмалиқ” билан шартномам якунига етган эди. Яқинда клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан келишган ҳолда шартномани яна бир йилга узайтирдик. 

- Қолган жамоалар ҳам ўз таркибларини сезиларли даражада кучайтириб олишяпти. Шу маънода, янги мавсумдан нималарни кутяпсиз?

- Ўтган мавсумда олтин дублга эришдик. Ҳам чемпион бўлдик, ҳам кубокни қўлга киритдик. Чемпион бўлишдан уни ҳимоя қилиш қийин дейишади. Энди шунга монанд тарзда тайёргарлик кўрамиз. Ҳозирдан ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкин, келаси йилги мавсум ҳар қачонгидан ҳам шиддатли ўтади. Бунга шубҳам йўқ. Биринчи галда чемпионатимиз янги тизим асосида ўтказилади. Қолаверса, бизга рақобатчи бўлиши кутилаётган жамоалар сиз айтгандек, таркибларини кучайтириб олишди. Айниқса, “Пахтакор” ўзига керакли бўлган футзалчиларни сафига қўшиб олди. 

- Терма жамоадаги фаолиятингиз якунландими? 

- Ҳа, шундай бўлди. Колумбияда ўтган Жаҳон чемпионатидан сўнг терма жамоа таркибида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Тажрибали футзалчилар фаолиятларини якунлашди. Уларнинг ўрнини ёшлар эгаллашди. Бу нормал ҳолат. Чунки, кейинги жаҳон чемпионатига қадар ёшлардан иборат жамоа шакллантириб бориш лозим. Ҳозирдан бу ўзгаришлар амалга оширилса, ёшлар мундиалнинг саралаш баҳсларига қадар тайёр бўлиб боради. Шуларни тўғри тушунган ҳолатда дўстларим қатори мен ҳам терма жамоадаги фаолиятимни якунладим. Лекин клубдагиси ҳали давом этади. 

- Хосе Мария Мендесдан кейинги терма жамоанинг ўйинлари ҳақида нима дея оласиз?

- Сўнгги йилларда қўлга киритилган муваффақиятларда Пулписнинг хизматлари катта. Айнан унинг қўл остида жамоа футзалимиз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бугунги кунда бош мураббий Баҳодир Аҳмедов Мендеснинг ишларини худди ўша йўналишда давом эттирмоқда. Нодир Элибоев унга яқиндан ёрдам беряпти. Уларнинг иккаласи ҳам Хосе Мариянинг ёнида юриб, яхшигина тажрибага эга бўлишди. 

- Осиё чемпионатининг қуръаси ҳақида фикрингиз қандай?

- Биз бу гуруҳдан чиқишимиз керак. Гуруҳдаги рақиблар биздан кучли эмас. Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида Японияни мағлуб этишга муваффақ бўлдик. Лекин ўйинлар осон кечмайди. Осиё чемпионатининг финал босқичига кучсиз жамоалар чиқмаган. Ҳар бир жамоа ўз олдига улкан вазифаларни қўйиб, қитъа чемпионатига келади. Энди биринчи галдаги вазифа гуруҳдан чиқиб олиш бўлади. 


Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди. "Интерфутбол" газетаси

Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика