Latest news

01:30Педри ваъдасида туриб, мўйлов қўйди  1 00:30Левандовски: "Мбаппе - "Барселона" учун қўшимча мотивация"  3 00:00Назорат учрашувида "Пахтакор" "Машъал"га мағлуб бўлди  1 23:45"Челси" билан музокара ўтказган Кьеза "Тоттенхэм"га ўтиши мумкин  0 23:11"Арсенал" ҳужумчи борасида яна Италия клубига мурожаат қилди  1 22:44Мбаппе Франция клубининг бошқарув акциялари пакетини сотиб олади  0 21:55"Насаф" яна бир трансфер ҳақида эълон қилди  4 21:35"Арсенал" 45 млн. еврога ҳимоячи сотиб олди  2 21:23Клейди Даци - ОКМК футболчиси  5 21:14"Фулхэм" 34 млн. фунт эвазига "Арсенал" футболчисини сотиб олади  1 20:45"Барселона" футболчиси "Ал Ҳилол" таклифини рад этди  1 20:14Абдураимов "Нефтчи"га ўтди  2 20:00"BMW" Мбаппега машина совға қилди, лекин...  4 19:39ЎФА Остон Ўрунов ўрнига бошқа футболчини жалб этиш бўйича сўров юборди  42 19:36"Кейлор Навас — "Монца" футболчиси!"  4

Жаъфар Ирисметов: “Лондонда Романцев бақирганди: Нега унга тўп оширмаяпсизлар?” News

Жаъфар Ирисметов: “Лондонда Романцев бақирганди: Нега унга тўп оширмаяпсизлар?”

2001 йил “Спартак” билан клуб тарихидаги ҳозирча охирги олтин медалларга эга чиққан ҳужумчи Жаъфар Ирисметовни ўзбеклар Индзаги деб аташарди.

2001 йил қишда Олег Романцевни Исроилдаги йиғинда ва жамоа мухлисларини “Ҳамдўстлик Кубоги”да ижобий таассуротда қолдирган Ирисметов кейинчалик Чемпионлар лигасида Оливер Кан дарвозаси томон чалқанча зарба бериб, Лондонда Эшли Коул ва Тони Адамсга қарши ҳаракат қилган. “Спорт Экспресс” нашри мухбири ҳамюртимизга қўнғироқ қилиб, унинг клубдаги фаолиятига оид турли саволлар билан мурожаат қилди.

- “Спартак” чемпионми, Жаъфар?
- Ҳа ва бу катта байрам! Менга ҳозир Ўзбекистонда барча қўнғироқ қилиб, табрикламоқда. “Зенит” ва ЦСКА билан ўйиндан кейин уларнинг сони ортди. Жорий мавсум “Спартак” жуда қувонтирди. Клубдан кетганимдан сўнг ҳам у билан алоқани ҳис қилганман. Бу муддат қисқа, лекин жуда ёрқин бўлган. Кейин қаерда ўйнашимдан қатъи назар “Спартак” ишқибозлари мен ҳақимда илиқ фикрлар билдиришган. Ким биландир ҳалигача ёзишаман, кимгадир футболка юборганман. Шу сабабли бу менинг ҳам байрамимдир!

- Нима учун “Спартак” 16 йил ғалаба қозона олмади, аммо ҳозир бунинг уддасидан чиқди?
- Тартиб ва ҳимоя пайдо бўлди. Тўп билан жамоа ҳамиша яхши ўйнаган, лекин Каррера ҳимояни кучайтирди. Натижаларга қаранг – 1:0, 2:0. Итальянлар шундай. Уч очко бор ва бу яхши. Мураббий натижа учун ишлади. Энг муҳими – “Спартак”да ҳозир бир киши ҳамма учун ва ҳамма бир киши учун ишламоқда. Бу Ўзбекистондан ҳам кўриниб турибди!


- Кўп ўйинларни томоша қилдингизми?
- Қайсидирларини кўрдим. Аленичевнинг ишини кузатиш қизиқ бўлди, аммо у салгина юмшоқроқ, фикримча. Унга Каррера олиб келган жиҳат етишмади – жамоавий масъулият руҳи. Ҳозир “Спартак” – бир жамоа.

- Худди сизлар пайтдагидекми?
- Биз билан Романцев ишлаган ва бу ҳаммасини айтиб турибди. Тўғриси, жамоада биз турли гуруҳларга бўлингандик ва қалин дўстлар эмасдик, аммо машғулотларда мураббийнинг обрўси сабабли қаттиқ ишлардик. Базадан ташқарида эса бундай аҳиллик йўқ эди. Менимча, ҳозирги “Спартак” 2001 йилдагига нисбатан аҳилроқ.

- 2001 йилги “Спартак” қандай эди?
- Мен учун ёпиқ. Фахрийларда ўз гуруҳи бор эди – Титов, Парфёнов, Писарев. Мен кўпроқ ёшлар билан бирга юрардим. Катталардан фақат Баранов ва Филимонов яхши муносабатда бўлишган, бошқалар унчалик эмас. Машғулотларда ҳам ҳеч ким ишлатмасди, буни ўзим хоҳлаган бўлсам ҳам. Ўйинни ҳеч ким билан таҳлил қилмасдик. Писарев интервьюсида Ирисметовнинг ўсишига ёрдам бераман деб айтган, бироқ аслида ёрдам бермаган. Машғулотларда бу сезилиб турарди.

- Оёқларга зарба беришганми?
- Йўқ, бу борада ҳаммаси жойида бўлган. Бўлса ҳам бу ғазаб туфайли эмасди. Ўша Ковтун ҳам ҳаётда юмшоқ инсон эди. “Спартак” техник футбол ўйнагани учун жуда қўпол йигитлар кўп бўлмасди.

- Унда муаммо нимада бўлган?
- Агар икки футболчи очиқ турган бўлса, унда тўп ошириш танлови менга эмас, бошқа ўйинчи фойдасига танланган. Югурасан, очиласан, тўпни эса олмайсан. Лондонда “Арсенал” билан ўйнаганимизда танаффусда Романцев бақирганди: “Нега унга тўпни оширмаяпсизлар?” Ўшанда гап нимадалагини тушунмасдим, вақт ўтиши билан англадим: рақобат. Барибир мен бегона эдим – Ўзбекистондан келгандим, ҳеч кимни билмасдим ва гуруҳга кирмасдим. Жим ишлаган ҳолда бунга эътибор қаратмадим. Балки, ўзимни сал очиқроқ тутишим керак бўлгандир.

- Лекин сизда имконият бўлган: Чемпионлар лигасида бир неча учрашувни асосий таркибда бошлагансиз.
- Бўлган, баҳслашмайман. Бироқ неча ўйинда имкон беришган? Кўп эмас. Бошқа легионерларга йиллаб сабр қилишарди.


- Мюнхендаги ўйиндан олдин Романцевнинг кўрсатмасини эслайсизми?
- Таркибни эълон қилишда фамилиямни айтишганда дастлаб ишонмагандим. Ҳайрон бўлгандим. Захирадан ўрин олиб, ўйинни ўтириб томоша қилганимда ҳам хурсанд бўлардим. Кейин ўйладим: “Мени танлашган экан, тинчланиш лозим ва қўлимдан келганча ўйнашим керак”. Ўйлашимча, ўша беллашувда яхши кўринганман.

- “Спорт Экспресс” сизни ўша беллашувда “Спартак” таркибида энг яхши ўйинчи деб эътироф қилган ва ютқазилган ўйин учун 6,5 балл қўйган. Шерикларингиз нима дейишган?
- Ҳеч нарса, барча хонасига кириб кетган. Айтарли бирор нарса бўлмаган.

- 2001 йил “Спартак” 15 йилдан ортиқ чемпион бўла олмаслигини тасаввур қила олармидингиз?
- Жамоадан кетганимда ёмон нарсани сезгандим. Худди кун ботиши каби. Тушунарсиз трансферлар бошланди, дуч келган ўйинчини олишга ўтишди. Бундай ўтишларда Шикунов асосий ролни бажарганди. Бир йилдан кейин жамоа Чемпионлар лигасида шармандаликка учради. Эра тугаб бораётгани тушунарли бўлиб қолганди.

– Хотирангиздаги энг ғалати легионер ким?
– Йигитларни хафа қилишни истамайман, аммо рўйхатга ўзингиз қаранг. Нима учун бир яхши футболчини сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатда беш-ўн шубҳали одамларни олиб келишди? Ўзбекистонда “Бунёдкор”га Ривалдо келганда ҳамма кулганди, аммо мен унинг ёнида ўсишга интилган қанча йигитларни кўрдим. 36-37 ёшда ҳам машғулотларда ишониб бўлмас нарсаларни амалга оширган. “Спартак” Ривалдони сотиб олганда фойдалироқ бўларди.

– Вақт ўтиши билан легионерлар савияси ўсди, тўғрими?
– Ҳа, аммо ҳақиқий юлдузлар барибир камроқ. Ҳаммадан кўпроқ Алекс ёдимда қолган. Ҳозир эса Промес ажралиб турибди. Ажойиб футболчи.

– Ҳозирги Россия чемпионатида 2001 йилги Ирисметов йўқолиб қолмасмиди?
– Агар ёрдам беришса, йўқолиб қолмасдим. Ҳар қандай ҳужумчига ёрдам бериш керак, агар у Месси бўлмаса. Мен Месси эмасман-ку! Бироқ ҳозир ўйинни ўзига олишга тайёрлар кам. Ҳужумчи 2-3 рақибни алдаб ўта олиши керак. Бундан қўрқмасдим, ҳозирги йигитлар эса қўрқишади. Барчага тактик схемани ўргатиб, индивидуал маҳорат ўсишига йўл қўйишмаяпти. Ҳужумчини қолипга солиб бўлмайди, у ижодкор бўлиши шарт. Россия терма жамоасини олинг. Кокорин, Смолов – ёмон ҳужумчилар эмас, бироқ ижодкорлар саналмайди. Бошқа тарафдан улар билан талаб қилингандек гаплашиш керакми?

– Бу ёрдам берадими?
– “Спартак”ка ёрдам берди! Италияликлар қайси томондан кучли? Руҳият! Жамоани бирлаштириш ва ўйинчиларни ўзига ишонишга мажбур қилиш муҳим билим. Романцев – буюк, аммо 2001 йилда у футболчилардан ажралиб қолганди. Ўзимнинг мисолимда гапиряпман. Майдонга тушишни ёки у билан суҳбатлашишни жуда хоҳлардим, лекин менга ҳеч ким ҳеч нарсани тушунтириб бермаган. Кўп вақт ўтгани сари кайфият шунчалик ёмонлашиб борарди. Якунда қўлларимни туширдим. Суҳбат катта аҳамиятга эга. “Анжи”га келганимда Гаджи Гаджиев шундай сўзларни топдики, яна футбол ўйнашни истаб қолдим.

– Романцев бундай сўзларни топмаганми?
– Учрашув ташкил қилишга эришдим, беш дақиқача суҳбатлашдик. Кейин у мени Шикуновнинг олдига жўнатди. Бош мураббий Романцев эди, Шикунов эмас. Ўшанда мени нега чемпионатга заявка қилишгани тушунарсиз. Айтарли имкон беришмади. Чемпионлар лигасидан сўнг хайрлашиш мумкин эди. Таклифлар бўлганини билганман. Масалан, “Бавария” билан учрашувдан кейин “Кёльн”дан қизиқиш бўлган. Бироқ раҳбарият менга бу тўғрисида бирор нарса айтмаган. Вақт ўтгач, кеч бўлганди. Ўзбекистон терма жамоаси билан Германияга йиғинга борганимда одамлар нега “Кёльн”га рад жавоби берганим ҳақида сўрашган. Мен эса билмаганман. Нимаям дердим, тақдирда шундай экан.

– Ўша жамоадан кимлар билан алоқани сақлаб қолгансиз?
– Мжаванадзе ва Монахов билан ёзишиб турамиз. Аввал Баранов билан гаплашиб турардим, бироқ алоқани йўқотдик. Тилла бола, жамоа юраги ва яхши ҳазиллашарди! У ҳамиша менга тўп оширарди.

– Кимлар тўп оширмасди?
– Робсон, менинг рақобатчим. Мюнхендаги ўйин кўз олдимда турибди. “Бавария” дарвозасига яхши ҳужум кетмоқда, унга жарима майдонига тўп оширяпман, ўзим очилдим ва тўпни кутяпман. Қайтар ва гол ураман. У эса ўзи ҳал қилмоқда. Эҳтимол, ўшанда тўп киритганимда барчаси бошқача кетиши мумкин эди.

– Ўша ўйинларни тез-тез кўриб турасизми?
– Охирги йилларда деярли йўқ. Голларим ва яхши ҳаракатларимни бир дискка йиққанман. Фарзандларим кўриб ўрганишсин учун.


– Сизда чемпионлик медали борми?
– Афсуски, йўқ. Билмайман, менга мумкинми ёки йўқ, аммо унга эга бўлиш ёқимли бўларди. Ҳеч йўғи ўзим учун – уйга ёрқин саҳифа сифатида осиб қўярдим. Қариганимда эслаб ўтираман. Бироа баъзида раҳбарлар одамлар билан эмас, нарсалар билан ишлашади. Бу афсусланарли.

– Сиз мураббийлик қилсангиз, қандай футболни жамоангизга ўргатардингиз?
– Албатта, “Спартак”ча ўйинни. Романцев даврида гуллаган, 90-йиллардаги футболни. Цимбалар, Кечинов ўйнаган пайтдаги жамоа мухлиси эдим. Барча учрашувларни кўрардим. Ундай иқтидорлар ҳозир йўқ.

– Ижрочилар йўқ бўлса, бундай футболни қандай ўйнаш мумкин?
– Жамоавий ҳаракатлар эвазига. Иқтидор етишмаслиги мумкин, аммо инсонга майдонда ўйлашни ўргатса бўлади. Замонавий футболда жамоалар кўпроқ ҳимоядан ўйнашади, аммо менга романтик услуб ёқади. “Барселона” энг яхши пайтларида қўллаган услуб. Чирой ва натижани бирлаштириш мумкинлигига ишонаман.

– Романцев дам олмоқда. Ҳозирги мураббийлардан кимлар илҳомлантиряпти?
– Агар Россия ва ҳамдўстлик давлатлари ҳақида гапирсак, Қурбон Бердиев. Осиёлик мураббийлар у ўрнак ҳисобланади. Қурбон Бекиевичнинг олдига малака оширишга борган бўлардим. Нималар дейиши ва ишлашини кўриш қизиқ бўларди. У менталитетимизни тушунади, кўп нарса бера олади. Эҳтимол, қачондир суҳбатлашиш насиб этар.

– Айни пайтда жамоангиз борми?
– Ҳозирча йўқ, ўқишни режа қилганман. Тошкентнинг “Обод” клубида ишладим, аммо “Про” лицензиясини олишим лозим.

– “Спартак” ишқибозларига нима дейсиз?
– Уларни яқинлашаётган ғалаба билан табриклайман! Муваффақият охиргиси бўлиб қолмасин. Чемпионлар лигасида жамоа яхши иштирок этсин. Телевизор орқали кўриб, жамоа учун қайғурамиз. Баъзида мен ҳақимда эслаб, ёзишларидан хурсандман. Барча мухлисларга раҳмат! Барибир “Спартак” – ҳаётнинг бир қисми. Ҳалигача билишади, сўрашади.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +28   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика