Latest news

14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  1 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  4 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  4 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   20 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  12 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  8 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2

Интервью. Парк Жи Сунг: "Фаолиятимга икки мураббий жуда катта таъсир ўтказган" News

Интервью. Парк Жи Сунг: "Фаолиятимга икки мураббий жуда катта таъсир ўтказган"

ОФК сайти ходимлари яқин ўтмишнинг моҳир футболчиси Парк Жи Сунг билан интервью ташкил этишди.

Фаолияти давомида 19та соврин қўлга киритгани Парк Жи Сунг қандай футболчи бўлганини айтиб турибди. Қизиғи шундаки, ушбу футболчи Жанубий Корея К-лигасида ўйнамаган. Унинг илк профессионал клуби 2000 йилда Япония J-лигаси вакили "Кйото Пёрпл Санга" бўлганди. Бу жамоага Парк Жанубий Кореянинг Мёнгжи университети жамоасидан келиб қўшилган. 

Парк Жи Сунг япон клубида икки мавсум тўп тепгач, уни дарҳол Гус Хиддинк миллий терма жамоага таклиф этади. Ўшанда корейсларни айнан нидерландиялик мураббий бошқараётганди. Хиддинк қўл остида Жанубий Корея терма жамоаси ЖЧ-2002да тўртинчи ўринни олганини яхши биласиз.

Мундиалдан сўнг орадан бир йил ўтиб Гус Хиддинк таклифи билан Парк ПСВга йўл олди. Икки мавсум ПСВ сафида ҳаракат қилган ярим ҳимоячи Сэр Алекс Фергюсон эътиборини тортиб, МЮ устози уни жамоага таклиф қилади ва Парк Жи Сунгнинг "Манчестер Юнайтед"даги ҳаёти бошланади.

Манчестер шаҳри жамоасида 7 мавсумни ўтказган Парк Европа чемпионлар лигаси финалида ўйнаган дастлабки осиёликка айланди. Жанубий Корея терма жамоаси билан уч марта жаҳон чемпионатида қатнашиб, учаласида ҳам гол урган. Хуллас бемалол Парк Жи Сунгни қитъамиз вакиллари орасида энг ҳурматга лойиқ футболчилардан бири дея оламиз. Қуйида у билан интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.


- Профессионал футболда худди пирамидага чиққандек ўсишга эришдингиз. Ҳозир эса янада фаол бўлишга ҳаракат қиляпсиз ва ўзингиз ташкил этган JS фондини бошқаряпсиз. Сизни болалар футболи нимаси билан ўзига тортди? 

- Яхши футболчи ёки яхши мураббий бўлиб етишиш учун ҳаммасини барибир болалар футболидан бошлашга тўғри келади. Чунки болалар футболи бу  - дарахтнинг илдизидек гап. Сиз илдизни кўрмайсиз, лекин нимадир дарахтни ушлаб турганига ишонасиз.

Шундай экан, жамоа ўсиши ёки бирорта совринга эга чиқишида болалар футболига берилган эътибор ниҳоятда муҳим. Ҳаммаси мана шундан бошланади. Болалар футболига эътибор берибгина бўлажак юлдузларни тарбиялаш мумкин.

Мен ташкил этган фонд нима билан шуғулланади? Биз турнирлар ташкил этамиз ва болаларга кўпроқ ўйнаш имконини берамиз. Агар болалар орасида иқтидорлисини кўриб қолсак, у билан алоҳида шуғулланамиз, керак бўлса унга стипендия ҳам ажратамиз. Лекин мен фақат футбол билан кифояланиб қолаётганим йўқ, бейсбол, баскетбол, рестлинг ва ҳатто фигурали учишга ҳам эътибор қаратганмиз. Қисқа қилиб айтганда, кўп спорт турлари бўйича талантларни қидирамиз.

Тўғри, мен футболчи бўлганман. Лекин бошқа спорт турларини ҳам ҳурмат қиламан ва истеъдодлар ҳар ерда бор деб ўйлайман. Ҳамма гап қаттиқ меҳнатда. Кўп ишласангиз, қачондир ўз мақсадингизга эришасиз. Дунёда пулсиз ҳал қилса бўладиган ишлар кўп.


- Шу йил Таиландда ўтказилган U-23 Осиё чемпионатини сиз ҳам кузатиб бордингиз. Жанубий Корея терма жамоаси ғолиб чиққанида жуда хурсанд бўлдингиз. 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги мусобақани қандай баҳолайсиз?

- Европада бундай турнир йўқ, Осиёда эса бор. Шу сабабли бу мусобақа қизиқ деб ўйлайман. Лекин бир нарсани унутмайлик, бу ёшда кўп футболчилар ўз клубларининг асосий таркиб ўйинчилари ҳисобланади ва уларни мусобақага жалб этиш осон бўлмайди. Чунки клубларнинг ҳам ўз режаси бор. Менга 23 ёшли футболчиларнинг ўйинини кузатиб бориш ёқди, ахир улар ҳам профессионал.

Энди масалага иккинчи томондан қараймиз. Осиёда вазият сал бошқача. Баъзан ўзимизда 21, 22, 23 ёшли футболчи ҳамон ёш ҳисобланади ва асосий таркибдан деярли жой беришмайди. Бу эса кўплаб ўйинчиларнинг юқори даражага чиқишига халақит беряпти.

Мана шу томонларини ўйлаб ОФК U-23 Осиё чемпионатини йўлга қўйиб тўғри қилди. Негаки бу мусобақада ўзингни кўрсатиб кейинчалик клубда асосий футболчига айланишинг мумкин. Қолаверса халқаро даражада салоҳиятинг ўсиб боради. Балки кимнидир қайси бир европалик скаут кузатар. Мусобақанинг Олимпия ўйинларига йўлланма бериши эса обрўсини янада орттиради.


- Олимпия ўйинларида футбол қанчалик муҳим? 

- Навбатдаги Олимпиада Осиёда ўтишини ҳисобга олсак, бу жуда муҳим. Албатта, Олимпия ўйинларидаги футболни Европа чемпионати ва жаҳон чемпионати билан таққослаб бўлмайди. Лекин осиёлик футболчилар учун бу жуда керакли. Негаки шу орқали ўзингизга платформа яратасиз. Сизда Европа ва Жанубий Америка жамоаларига қарши майдонга тушиш имкони пайдо бўлади.

Эсимда, Сидней Олимпиадасига борганимизда Марокаш, Чили каби жамоаларга қарши ўйнагандик. Ўшанда уларнинг футболчилари аллақачон Европада ўйнарди. Хавига қарши ўйнаганим ҳам эсимда, ўшандаёқ етук даражадаги футболчи эди. Менда шундай футболчиларни кўриб, Европага кетиш истаги пайдо бўлган. Ахир нимагадир эришишни хоҳлардим. Шундан сўнг ўз устимда янада кўпроқ ишлай бошладим.

Испанияга мағлуб бўлиб ортга қайтганмиз. Лекин унгача қўлга киритилган иккита ғалаба катта туртки бўлганди. Мен ҳозирги ёшларга шундай деган бўлардим: мағлубиятдан қўрқманг, ғалаба сари интилинг. Фаолиятингиз давомида нимага эришишни истасангиз, доим шуни мақсад қилинг. 


- Европа назарига анча эрта тушгансиз. Жуда ёш Европага йўл олган футболчилардан бирисиз. Бунда қандай фойдали жиҳатларни кўрасиз?

- Осиёда ўйнаб дунёнинг бошқа қитъаларидан келган футболчиларига қарши майдонга тушиш деярли имконсиз. Европада эса легионерлар кўп, хоҳ ўз жамоангизда, хоҳ бошқа клубда. Улар билан ва уларга қарши тўп тепиб доим маҳоратни ошириб борасиз.

Бунинг натижасида жаҳон чемпионатига борганда ҳам ўзингизни бошқача ҳис қиласиз. Лекин фақат Осиёда ўйнайдиган футболчилар билан мундиалга бориш бирмунча қийинчиликларни келтириб чиқаради, чунки сизда тажрибали, кўпни кўрган футболчилар бўлмайди. Мана шунинг учун ҳам Осиё жамоалари жаҳон чемпионатида катта сакрашни амалга ошира олмаяпти. Чунки халқаро тажриба йўқ.

Ҳозирги пайтда кўп клублар чет эллик футболчиларни таклиф этяпти. Бу яхши албатта. Уларга қараб шаклланиб борасиз, бир босқич юқорига кўтариласиз. Бир кун келиб футболни тугатасиз ва келажакда сиздан яхши мураббий чиқиши мумкин.


- Сиз ҳам мураббий бўлишга ҳаракат қилганмисиз? 

- Асло йўқ. Бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганман. Менга кўпроқ ёшлар футболи ёқади. Болаларни шуғуллантириш, улар билан бирга бўлиш ёқади. Фаолиятим давомида менга жуда катта таъсир кўрсатган икки мураббий бўлган: Гус Хиддинк ва Сэр Алекс Фергюсон. Бу мураббийларнинг ишини кўриб нақадар қийин эканлигини ҳис қилганман, балки шунинг учун мураббий бўлиш истаги йўқдир.


- Қандай қийинчиликларни назарда тутяпсиз? 

- Хўш, агар Гус Хиддинк ҳақида гапирадиган бўлсам, у Жанубий Кореяга келганида нима деса сўзсиз бажариларди. Унинг айтган гапи биз учун қонун эди. Лекин ПСВга, унинг қўл остига бориб кўрдимки, футболчиларнинг Гус билан муомаласи умуман бошқача экан.

У ерда ҳамма эркин ва нима хоҳласа шуни гапиради. Баъзан мураббий битта гапни айтса, футболчилар норозилик билдиради ва бошқача йўл тутайлик дейишади. Бу ҳолатни кўриб мен шокка тушиб қолгандим, чунки бизни бошқача тарбиялашган. Бизга доим мураббий айтганини бажаришга ва ўз билганча йўл тутмасликка ўргатишган.

Хуллас мен умуман бошқа маданиятга дуч келдим. Кейин эса билдимки, Европада мураббий билан ниманидир муҳокама қилиш оддий ҳол экан. Гус Хиддинк ҳамма учун очиқ эди. У футболчиларни эринмай эшитар ва баъзан қулоқ соларди ҳам. Ва шу орқали ўйинчилар ҳурматини қозонарди.


- Бу борада Алекс Фергюсон қандай бўлган? 

- Сэр Алекс умуман бошқа олам. Лекин ўйлаганингиздек жиддий эмас. Мухлислар у ҳақда кўп ҳикояларни айтиб юришади. Фергюсон айниқса кийим алмаштириш хонасида бошқача эди. У мен билан доим кулиб гаплашарди, кўп нарсаларни ўргатди. Машғулот пайтида эса эркин эди. Ким яхши меҳнат, ким дангасалик қилаётганини бир четда зийраклик билан кузатиб турарди. Ишламасангиз, бундан жаҳли чиқарди.


- Демак, сиз мураббийлик касби жуда қийин деб ўйлайсиз? 

- Ҳа, шундай. Гап шундаки, мураббий ҳар қанча ақлли, тактик томонлама пухта билимга эга бўлмасин, барибир майдонга тушиб футбол ўйнамайди. Бундан ташқари нима хоҳлаётганингизни ҳар бир футболчи миясига сингдириш осонми. Агар сиз футболчиларга тўғри тушунтира олмасангиз, унда зўр билимнинг нима кераги бор? Шу боис мураббийлик қийин. Пайти келганда жаҳлдор, пайти келганда мулойим бўлишингиз керак. Ҳозирги пайтда бу иккала сифатни бирга олиб бориш осон эмас. Мана шунинг учун ҳам мен ўзимда мураббийларга хос хусусиятни кўрмайман. 


- Европа чемпионлар лигаси финалида ўйнаган футболчи сифатида ОЧЛ савиясини қандай баҳолайсиз?

- Аввало фарқ қитъалар ҳудудида. Осиё жуда катта. Европада эса масофалар қисқа ва исталган пайт кимдир билан ўйин ўтказса бўлади. Осиёда мусобақа Шарқ ва Ғарб зонасига бўлинган. Ва сизда токи финалга чиқмагунча нариги минтақа жамоаси билан ўйнаш имкони юзага келмайди. Лекин мен тўғри тушунаман, саккиз соатлик парвоз, бошқа соат фарқи. Европада эса бундай эмас. Шунга қарамай, Осиё чемпионлар лигаси нуфузи ортиб боряпти. Мен ўзим ҳам ТВ ёки интернет орқали кўп учрашувларни томоша қиламан.


- Терма жамоалар иштирокида ўтказиладиган мусобақалар ҳақида фикрингиз?

- Осиёда баъзи клубларнинг мухлиси кам, лекин терма жамоаси ўйнаганда стадион тўлиб тошади. Бундай ҳолатларни кўп бор кўрганман. Албатта, жаҳон чемпионати таққослаш учун энг ёрқин мисол бўла олади, ҳали ишлайдиган жиҳатларимиз кўп. Биз ҳали юқори даражага чиқмадик. Яна бир муаммо эса жамоаларнинг кучли ва кучсизга ажралиб қолганида. Тенглик деярли кўринмаяпти. Кучлилар доим ютяпти, кучсизлар эса ютқазяпти. Шу боис аввало кучсизларни бир қадам ўсишига ёрдам бериш керак. Шундагина рақобат пайдо бўлади. Рақобат бор жойда Бразилия ва Аргентина билан келишув ҳам қийин бўлмайди.

Европа мисолида олсак, у ерда футбол бу - маданият. Одамлар мактабга ё ишга кетаётганда кўпинча фубол ҳақида гаплашиб кетишади. Бизда ҳам шуни шакллантириш керак. Масалан, Англияда фарқи йўқ, Германиями ё Италиями улар бориб бошқа жамоаларни кўраверади. Чунки улар футбол билан яшайди. Осиёда эса сал бошқача. Ҳатто Осиё Кубогида сиз иккита жамоа ўйинида бетараф мухлисларни жуда кам учратасиз. Стадионда асосан шу икки жамоа ишқибозлари ўтирган бўлади. Биз одамлар онгига футболни севишни сингдиришимиз керак. Қандай қилиб? Бунинг учун аввало кучли мураббийларни тарбиялашни йўлга қўйиш лозим. Кучли мураббийлар мактаби барпо қилибгина қитъа футболига инқилоб олиб кириш мумкин. Яхши бўлмаган мураббий қўл остида ўйин ҳам чиройли чиқмайди ва қандай қилиб мухлисни торта оласиз? 


- Осиё футболини келажакда қандай кўрасиз? 

- Агар биздан қайсидир жамоа жаҳон чемпиони бўлса, жуда зўр бўларди. Лекин бунга ҳали кўп вақт керак. Одамларга шундай десангиз, улар бошини чайқаб иложсиз нарсани гапирма дейишади. Ҳа, бу иложсиз бўлиши мумкин, лекин барибир ҳаракат керак-ку. Фақат орзу қилган билан ҳеч нарса амалга ошмайди. Осиёда ҳам яхши футболчилар кўп. Ва агар терма жамоалар ўртасидаги фарқни минимум даражага камайтира олсак, жуда кўп кучли жамоалар пайдо бўлади. Фақат айрим мамлакатлар ривожланиб, қолганлар ортда қолаверса бундан иш чиқишига ишонмайман.

Rating: +11   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика