Latest news

23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0

Интервью. Одил Аҳмедов: “Менинг трансферимни фақат хитойликлар кўтара олишди” News

Интервью. Одил Аҳмедов: “Менинг трансферимни фақат хитойликлар кўтара олишди”

Ўзбекистоннинг бугунги кундаги юлдуз футболчиси Одил Аҳмедов расман “Краснодар”ни тарк этиб, Хитойнинг "Шанхай СИПГ” клубига кўчиб ўтди.

Энди ушбу чемпионатга бўлган эътиборимиз янада ортади. Қолаверса, хитойликлар эндиликда жаҳон юлдузларини жалб этишмоқда. Одил ҳам улардан бири сифатида Чин юртига йўл олди. Янги 2017 йилда эса Аҳмедов ўзининг дастлабки интервьюсини газетамиз учун берди.  

-   Одил Аҳмедовнинг халқимизга қандай байрам тилаклари бор?
-   Биринчи навбатда 2017 йил халқимиз учун омадли келсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Ўзбек футболи ҳамиша ривожланишда давом этсин. Ушбу йилда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб халқимизни хурсанд қилиш барчамизга насиб қилсин.

-   Охирги пайтларда сиз ҳақингиздаги хабарлар барчанинг эътиборида бўлди. Хитойга кўчиб ўтишингиз борасида кўплаб маълумотлар чиқди. Энг аввало шуни сўрамоқчиманки, “Краснодар” клубини тарк этишингиз бу тасодиф туфайлими ёки вазият шуни тақозо этдими?
-   Мавсум тугаганидан кейин муҳитни алмаштириш бўйича ниятим бор эди. Ўшанда 5-6 та жамоалардан таклифлар келиб тушди. Уйда дам олаётган чоғимда эса Андре Виллаш Боаш менга қўнғироқ қилиб, жамоасида кўриш нияти борлиги ҳақида айтди. Бундай жаҳон савиясидаги мутахассис билан ишлаш ҳар бир ўйинчининг орзуси бўлса керак деб ўйлайман. Ўша суҳбатда мақсадлари қандай эканлигини, жамоага кимлар келиши ҳақида ҳам гапирди. Шундан сўнг мен ҳам Виллаш Боашнинг таклифига розилик бердим. У билан бирга ишлаш мен учун ёқимли. Унинг қанчалик кучли мураббий эканлигини ҳамма билади.


-   Виллаш Боашнинг ўзи сизга қўнғироқ қилишини кутмаган бўлсангиз керак?
-   Бу мен учун сюрприз бўлди. Бу каби катта тажрибага эга бўлган мураббийнинг шахсан ўзи мен билан алоқага чиққани бу ажойиб.

-   Табиийки, у Россиядаги фаолияти орқали сизни яхши билади. “Зенит”да бош мураббий бўлиб ишлаганида сизни кузатган. Ёки у билан олдиндан алоқа ўрнатганмидингиз?
-   Йўқ. Мен уни “Зенит”да ишлаётганида шунчаки билардим холос. Шахсий маънода таниш бўлмаганмиз. Лекин сиз тўғри айтдингиз, мураббий бўлгани сабабли менинг ўйинларимни кузатиб юрган. Бунинг устига унинг жамоасига қарши бир неча бор ўйнаганман. Ўйлашимча, шунинг учун ҳам у мени ўз клубига таклиф қилди.

-   Одил, сизга “Шанхай СИПГ”дан ташқари Хитойнинг яна бир клуби – “Шандон Луненг” томонидан ҳам таклиф борлиги ҳақида эшитгандик. Ҳаттоки, ушбу жамоа устози Феликс Магат билан ҳам музокара олиб борганингиз тўғрисида ўқигандик. Ушбу масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз...
-   Ростдан ҳам Хитойдан яна бошқа вариантлар бор эди. Лекин “Шанхай СПИГ” бош мураббийининг ўзи мен билан алоқага чиққани учун ҳам унинг жамоасини танладим.

-   Сиз Хитойга бориб келдингизми ёки музокаралар бевосита телефон орқали олиб борилдими?
-   Йўқ, Хитойга бормадим. Барча масалани Москвада ҳал қилдик.

-   Сизнинг Россиядаги фаолиятингиз ривожланишдан иборат бўлди. “Пахтакор”дан “Анжи”га, сўнг “Краснодар”! Энди бўлса Хитой! Бу қарорни танлашда нимагадир асосландингизми? Балки ким биландир маслаҳатлашгандирсиз?
-   Албатта, биринчи ўринда уйимдагилар билан маслаҳатлашдим. Қолаверса, бу таклиф Осиёдан бўлгани сабабли Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тақвимига ҳам мос тушарди. Шу жиҳатини ҳам ҳисобга олдим. Тўғриси, бу борада кўп нарсаларни ҳисобга олдим ва ўйладим. Барибир охирги қарорни ўзим чиқардим.


-   Ўзбекистоннинг биринчи рақамли футболчисининг клубини ўзгартиргани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Бу масалада кўплаб мутахассислар ўз муносабатини билдиришмоқда. Мисол учун, сизга жуда яхши таниш бўлган Валерий Непомняшийнинг сиз ҳақингизда билдирган фикрларини ҳам ўқидингизми?
-   Ҳа, ўқидим.

-   Унинг айтган сўзларига муносабатингиз қандай бўлди? Ҳар ҳолда Непомняший сизни Европага кетишингизни жуда хоҳлаганди...
-   Бу инсонни қаттиқ ҳурмат қиламан. “Пахтакор”ни бошқарган чоғида менинг асосий таркибда майдонга тушишимда катта роль ўйнаган. Ҳалигача Валерий Кузьмич билан гаплашиб тураман. У менинг қандай ўйин кўрсатишимни яхши билади. Балки унинг қўли остида ўйнаганимда вазият янада бошқача бўларди деб ўйлайман. Албатта, у Европага кетишимни жуда истади. Ўзим ҳам буни хоҳлаганим билан барибир ҳаммаси ўз қўлимда эмас-да! Чунки менинг “Краснодар” билан амалдаги шартномам бор эди. Агарда менга билдирилган таклифлар клубга тўғри келмаса улар мени қўйиб юборишмайди. Қачонки, ҳар томонлама маъқул трансфер бўлса, шундагина клубни тарк этишим мумкин эди. Ана шундай қулай таклиф хитойликлар томонидан билдирилди. Бу трансфер “Краснодар”ни ҳам, мени ҳам қониқтирди. Натижада фаолиятимни энди Хитойда давом эттиришимга тўғри келади. Лекин бу нарсадан сира афсусланмайман. Бу ўзимнинг шахсий қарорим.

-   Шу ўринда “Анжи” ва “Краснодар”даги фаолиятингиз яхши чиқди. Иккала клубда ҳам мавсумнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилгансиз. Бу клублардаги фаолиятингизни таққослай оласизми?
-   Россиядаги фаолиятимдан кўнглим тўлди. Бу ҳақида гап кетганда менга омад кулиб боқди десам ҳам бўлади. “Анжи” ва “Краснодар” хўжайинлари – Сулейман Каримов ва Сергей Галицкий билан муносабатим жуда яхши. Улар ўзимни ҳам, ўйинларимни ҳам ҳурмат қилишади. Бирга ўйнаган барча футболчилар, мураббийлар ҳамда раҳбарлар билан алоқам ажойиб бўлди. Россияда олти йил давомида тўп сурган бўлсам, шунча вақт фаолиятимдан қониқиб келганман. Мен бу ҳақида фақат ижобий гапларни гапиришим мумкин.

-   Иккала клубни таққослаш ҳақидаги саволни бежиз бермагандим. Чунки боя айтганимдек, россиялик мутахассисларнинг Хитойга кўчиб ўтганингиз ҳақидаги фикрларини диққат билан кузатиб боряпмиз. Масалан, яна бир мутахассис сиз тўғрингизда гапириб: “Одил “Краснодар”да охирги вақтларда зерикиб қолганди. Шу боис ўйин савиясида ҳам қисман ўзгаришлар сезилганди” деган фикрларни билдирди. Айнан шу ҳолат “Краснодар”га ҳаётингизда билинганмиди?
-   Йўқ. Мен ҳақимда нима учун шундай деган? Чунки “Краснодар”да мен ўз позициямда ўйнамадим. У ердаги фаолиятимнинг катта қисмини бошқа чизиқда ўтказдим. Майдонда тўпсиз кўп қолиб кетдим. Агарда марказда ўйнасам 10 та пасдан барчасини олишим мумкин. Қанотга кўчганимда эса 10 та пасдан фақат 2 ёки 3 тасини қабул қилиб олишим мумкин. Кучли жиҳатим нимада эканини ўзим яхши биламан. Айнан тўп билан кўпроқ муомала қилсам ўзимни яхшироқ ҳис қиламан. Шундагина ўзимга бўлган ишонч ҳам ортиб кетади ва ўз ўйинимни топиб олишим мумкин. “Краснодар” мураббийи Шалимов мени кўпроқ бошқа позицияда ўйнатишга қарор қилгани сабабли мен аксарият ҳолатда майдонда тўпсиз қолиб кетдим. Лекин Россияда олти йил давомида ҳеч қачон ўзимдан ёмон таассурот қолдирмаганман. Шу боис мени бошқа чизиққа қўйяпти дея атайин ўйнамаслик ниятим ҳам бўлмаган. У ердан ўзимга яраша ҳурматим борида кетдим деб ўйлайман.


-   Ростини айтаман: биз ҳам сизнинг Европада тўп суришингизни жуда хоҳлагандик. “Пахтакор”ни тарк этиб, Россияга кўчиб ўтганингизда бу сизнинг фаолиятингизда яққол кўтарилиш бўлганди. Шу кунгача ўзбек футболчисини Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирида тўп сурганини кўрмадик. Лекин бу нарсани сиздан кутгандик. Афсуски, бизнинг ўйинчиларимиз учун Россия юқори чўққи ва шу билан бирга чегара бўлиб қолмоқда. Нима деб ўйлайсиз, сиз учун ҳали Европа чемпионатида тўп суриш имконияти сақланиб қолганми?
-   Тўғрисини айтаман: мен учун Европада тўп суриш имконияти ёпилди десам ҳам бўлаверади. Барибир вазиятга тўғри баҳо берган яхши-да! Хитойдан кейин Европага кўчиб ўтиш бу мураккаб масала. Хитойдаги фаолиятимдан сўнг сиз истагандек Европанинг бирор-бир чемпионатига кета олмайман. Бунинг устига мен хитойликлар билан уч йиллик шартнома туздим. Уч йилдан кейин нима бўлишини Худо билади.

-   Яқинда Хитой мен учун ортга ташланган қадам эмас, деб айтгандингиз. Европада тўп суриш имконияти сиз учун ёпилганини инобатга олсак, балки бу гапингиз...
-   Биласизми, менинг трансфер нархим катта эди. Ўйлашимча, бундай трансферни Европада “Манчестер Юнайтед”, “Барселона”, умуман шуларга ўхшаган йирик жамоалар кўтара олардилар. Рости, бу трансфер баҳосини Европанинг ўртамиёна клублари кўтара олишмасди. Ёшим ҳам 30 га бориб қолди. Европаликлар эса ўша нархга 30 ёшли футболчини эмас, балки 18-19 ёшдаги ўйинчини сотиб олишни исташади. Энди ўзингиз ўйланг, Хитойдаги фаолиятимни тугатганимдан кейин менинг 32 ё 33 ёшимда Европага кетишим бу ҳақиқатга тўғри келмайди.

-   Сиз учун Европадан ҳам таклифлар бор эди. Сиз эса ўз қарорингизни эълон қилиб бўлдингиз. Балки энди бемалол айтсангиз бўлар, айнан Европанинг қайси клублари сиз билан қизиқишганди?
-   Шу пайтгача Германия чемпионатидан таклифлар бўлганди. Сизга очиғини айтадиган бўлсам, менга охирги таклиф Франциянинг “Ницца” жамоасидан бўлди.

-   Бу таклиф қачон бўлганди?
-   “Ницца”га қарши ўйиндан кейин.

-   Яқиндами? Чунки “Краснодар” Европа лигаси доирасида “Ницца” билан ўйнаганди...
-   Ҳа, шунақа.

-   Музокаралар муваффақиятли чиқмадими?
-   Улар томонидан билдирилган кўп нарсалар мени ҳам, “Краснодар”ни ҳам қониқтиргани йўқ.

-   Тушунарли. Хитойга қачон кетасиз?
-   Бугун учиб кетаман (суҳаб 1 январь куни уюштирилган).

-   Хитой сиз учун янги мамлакат, янги минталитет. Шунинг учун ўз олдингизга қандай вазифалар қўймоқдасиз?
-   Мақсадларим фақат олий. Менинг ортимда Ўзбекистоннинг 30 миллиондан ортиқ аҳолиси, ватаним шаъни турибди. Менга ишонган инсонларнинг юзини ерга қаратмаслик учун ҳам қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Янги жамоамда ҳам ўз ўрнимни топиб, фақат яхши натижаларга эришишни ният қилганман.


-   Сиз ушбу таклифни қабул қилишдан аввал ҳамма нарсани ҳисобга олганингизга ишонамиз. Хитойликлар ҳам Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчиси харид қилинганини яхши тушуниб туришибди. Қизиғи, жаҳон чемпионати саралашида Хитой билан Ўзбекистон терма жамоалари бир гуруҳдан жой олишган. Энди хитойликлар ўз чемпионати орқали сизнинг имкониятларингизни янада яхшироқ кўриш имкониятига эга бўлишади. Бу ҳолат терма жамоаларнинг ўзаро тўқнаш келишганида ўз таъсирини кўрсатмайдими?
-   Йўқ, бундай бўлмайди. Агарда футболчига қаршилик кўрсатишни барча яхши билганида у ҳолда вазият бошқача бўларди. Шунинг учун ҳамма нарса, айниқса, ўйинчининг майдонда ўзини қандай ҳис қилиши ўзига боғлиқ. Мен қайси чемпионатда тўп суришимдан қатъий назар, Ўзбекистон терма жамоасига келганимда унга бор кучимни сарфлайман. Ўз ўйинимни кўрсатишимда менга ҳеч нима тўсқинлик қилмайди.

-   Миллий терма жамоамизнинг ўйин савияси ҳақида гап кетганида ҳамма уни бевосита ички чемпионатимиз билан боғлашмоқда. Яъни, олий лигамиз сифатининг у қадар яхши эмаслиги терма жамоага ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгани бу аччиқ ҳақиқат. Ушбу масалада сизнинг муносабатингизни ҳам билмоқчимиз.
-   Мен ҳам бу гапларга қўшиламан. Ички чемпионат қанчалик кучли бўлса, бу миллий терма жамоага шунчалик таъсир қилади. Айниқса, бу ҳолат кучли терма жамоаларга қарши ўйинларда билиниб қолади. Ана шундай паллаларда ички чемпионатимиз савияси пастлиги кўриниб қолади. Шу боис олий лигамизга янада катта эътибор бериш керак. Мана, Ўзбекистон чемпионатидаги ўйинларни кўринг, ростдан ҳам бизда мақтаса арзийдиган ҳужумчи йўқ. Қолаверса, яхши ҳимоячилар ҳам деярли йўқ. Ҳақиқатан ҳам бу биз учун муаммо. Агарда терма жамоамизда Анзур Исмоилов ўйнамайдиган бўлса, унинг сафини тўлдирадиган тузукроқ ҳимоячи йўқ. Шундай экан, олий лигага бўлган эътиборни тубдан кучайтириш бу долзарб масала.

-   Сиз бу вазиятда муаммонинг ечимини нимада кўряпсиз?
-   Муаммонинг ечими? Ҳар бир вилоятда жуда яхши жамоаларни тузиш даркор. “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Насаф”, “Локомотив”га ўхшаган клубларимиз кўпайишини истайман. Баъзи пайтда футболчиларнинг аҳволини кўриб ачиниб кетасан киши. Улар шу даражада ўйнашадики, керак бўлса 10-12 ойлаб пул олишмайди. Натижада бундан келиб чиқиб ўйинни сотишга ўтадилар ёки бошқа нарса қилишади. Қарабсизки, муаммолар яна кўпаяверади. Сиз футболчимисиз, унда фақат футбол ҳақида ўйлашингиз керак.

-   “Навбаҳор” клубини олий лигада олиб қолинишида сиз ҳам катта ҳисса қўшганингизни эшитдик. Бош мураббий Илҳом Мўминжонов ҳам буни алоҳида айтганди. Наманганлик мухлислар эса сизнинг жамоага бефарқ бўлмаганингиз учун раҳмат айтишди. “Навбаҳор”ни олий лигада олиб қолиш ҳаракатидаги вазиятни қандай тушунтирган бўлардингиз?
-   Биласизми, Наманганда туғилиб ўсганим учун барибир “Навбаҳор”га бефарқ бўлмаганман. Охирги пайтларда клубга футболни тушунмайдиган одамлар кириб келишди. Мураббийлар ҳам кўп алмаштирилди. Охири эса клуб жуда ачинарли аҳволга тушиб қолди. Вилоят ҳокими билан гаплашганимда клубни олий лигада сақлаб қолишни режа қилгани ҳақида айтди. Шундан сўнг таклифим билан жамоага Илҳом Мўминжоновни олиб келдик. У қўлидан келганича ҳаракат қилиб, “Навбаҳор”ни олий лигада олиб қолди. Мен уларга қандайдир маслаҳат беришим мумкин, лекин жамоа аъзоси эмасман. Аммо Мўминжонов бош мураббий ва ҳамма нарсани ўзи ҳал қиляпти.  


-   Яна бир нарса бизни хурсанд қилди. Яъни, сиз Наманганда футбол академиясини очиш масаласи бўйича вилоят ҳокими билан гаплашдингиз. Айтингчи, бу қачон амалга ошади?
-   Вилоят ҳокими билан гаплашганимизда ёрдам бераман деганди. Ёз ойларида кўрик-танлов бошланиши кутиляпти. Икки-учта турнир уюштириб, академия ёшида бўлган футболчиларни кўрикдан ўтказамиз. Бунинг учун алоҳида мураббийлар билан ҳамкорлик қиламиз. Ёзда имтиҳон қилсак, август ёки сентябрь ойларидан ишни бошлаймиз.

-   Табиийки, сиз Хитойда бўласиз. Хўш, ушбу академияни ким бошқаради?
-   Бу каби барча масалаларни ўйлаб қўйганмиз. Ўзимизнинг режа ва мақсадларимиз бор. Ким бошқариши, қайси мураббийлар ишлаши борасида ҳам бир тўхтамга келганмиз. Яқин орада бу ҳақида ҳам хабардор бўласизлар.

-   Шу ўринда сизнинг Хитойдаги фаолиятингизга муваффақият тилаймиз. Ишонамизки, у ерда ҳам сиз ўзингиздан илиқ таассурот қолдирасиз. Бу борада омад ёр бўлсин.
-   Катта раҳмат.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

Rating: +56   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика