Икки карра икки — олти
25 oct 2023 23:08
News
Икки карра икки — олти
Бироз муқаддам ҳамкасбим Абдулазиз Искандаров гуруҳлардаги вазият тўғрисидаги асосий маълумотлар билан ўртоқлашди. Шундай бўлса-да, унга бироз қўшимча киритиб ўтмоқчиман.
Дастлабки кунги баҳсларда фақатгина "Навбаҳор" руҳимизга қиш кайфиятини солмаган бўлса, дастлабки икки ўйинда "Уммон" гуруҳи қўшиқларини тинглашга мажбур қилган "Пахтакор" кечаги баҳсда стадионларни бир марталик идишлар билан тўлишидан ҳамда Ғафур Ғулом истироҳат боғига ташриф буюрганларнинг ҳакамлар ҳақида куйланган халқона қўшиқни тинглашдан бебаҳра қолдира олишди. Учрашувда мени хурсанд қилган жиҳат ёшларга кўпроқ имконият берилгани ҳамда уларнинг жоиз бўлса, кутилганидан юқорироқ савияда ўйин намойиш эта олганида, деб ўйлайман. Яшил майдонни соғиниб қолган Эркиновнинг нималарга қодирлигини сўнгги ўйинларда гувоҳи бўляпсиз. Бундан ташқари, Холдорхонов ҳам гол урмаган бўлса-да, майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарди ҳамда таблодаги тухумсимон рақамларнинг биттаси ўзгаришида улкан ҳисса қўшди. Эҳтимол, унга майдонда ўз нуқтасини топиб олишида вақт берилса, беш метрдан эплаб тўпни теполмаган Банашакни келганидан бери захирадаги юмшоқ ўриндиғини ҳеч кимга бермай келаётган Кухарчик ёнига жўнатиши мумкин.
Бир тарафдан ғалаба барчамизни хурсанд қилган бўлса, бошқа тарафдан бу кўп қувонч бағишламаслиги лозим. Сабаби, "Аҳал" ўз майдонида Саудия клубини мағлуб этганига қарамай, бошдан-бош гуруҳ аутсайдери ҳисобланарди, шу боис, кечаги ғалабани оламшумул дея аташ ярамайди. Бироқ оёққа туриб олиши учун "шерлар" мазкур натижа керак эди.
Учрашувдан сўнг Максим Шацких "Ғалаба қозонмаганимизда гуруҳдан чиқиш имкониятимизни бой берган бўлардик", дея таъкидлаб ўтди.
"Ўзингиз ўйин қандай кечганини кўрдингиз. Барчасини тўлиқ назорат қилдик. Йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Биринчи уч очкони қўлга киритдик ва кейинги учрашувларга тайёргарлик кўришни бошлаймиз".
Шунингдек, "Пахтакор" ғалабасига ҳисса қўшган футболчилар ўйиндан кейин ўз таассуроталари билан ўртоқлашди.
Фарруҳ Сайфиев: "Яхши ўйин ўтказдик ва уч очко қўлга киритдик. Гуруҳдан чиқиш учун барчада имконият мавжуд. Кейинги босқичга чиқиш учун максимал даражада ҳаракат қиламиз.
"Ал Айн"га қарши ўйинда ўз хатоларимиз эвазига тўп ўтказиб юбордик. Яратилган вазиятлардан эса унумли фойдалана олмадик. "Ал Фейҳа"га қарши баҳсда ҳам шу ҳолат содир бўлди. Бундай хатолар кейинги ўйинда асқотади, сабаби уларни тўғрилаш ва такрорламаслик устида кўпроқ ишлаймиз.
Бугун мухлисларимизни ҳам хурсанд қилдик, деб ўйлайман. Келгуси ўйинларда ҳам ғалаба учун майдонга тушамиз".
Ҳожимат Эркинов: "Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик ва мақсадимизга эришдик. Учрашув муҳим аҳамият касб этарди ва унда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Мураббий кўрсатмаларини тўғри бажарган ҳолда ғалабага эришдик.
Ўтган ўйиндаги голимни дадамга бағишлагандим, бугунгиси жамоамиз мухлисларига атадим.
Олдинда муҳим учрашувлар бизни кутиб турибди, шу боис, эътиборимни фақат шу баҳсларга қаратганман. Мақсадимиз — йил сўнгига қадар чемпионат ғолибига айланиш ва ОЧЛда гуруҳдан чиқиш, келгуси фаолиятим тўғрисида эса кейинроқ ўйлаб кўраман".
Диёр Холматов: "Энг асосийси, уч очко ишлаб олдик. Шунда руҳда давом этамиз. "Аҳал" яхши жамоа. Шунчаки уларни яхши ўргандик ҳамда рақибга эркин ўйин намойиш имкониятини бермаган ҳолда ўз вазифамизни бажардик".
Азиз Турғунбоев: "Яхши ўйин ўтказдик ва муҳим бўлган уч очкони қўлга киритдик. Олдимиз турган уч ўйинда ҳам зафар қучиб, гуруҳ босқичидан чиқишга ҳаракат қиламиз. Бизда имконият бор. Голларимни ота-онамга бағишлайман, чунки шу даражага чиқишимда уларнинг ўрни беқиёс. Жамоада ҳар бир футболчининг ўз ўрни бор. Уларнинг ўзига хос узатмаларини қабул қилишга тайёр турсангиз, гол уришга муваффақ бўласиз.
Суперлигада "Навбаҳор", "Насаф" ва "Нефтчи" бизни таъқиб қилмоқда. Олдиндаги барча рақибларни мағлуб этиб, чемпион бўлишга ҳаракат қиламиз.
Бугун мухлислар яхши атмосфера ҳосил қилишди. Стадионга ташриф буюриб, қўллаб-қувватлаган ишқибозларга миннатдорчилик билдираман".
"Аҳал" мураббийи Сердар Гелдиев эса жамоасининг бугун ўз имкониятидан пастроқ ўйин намойиш этганини айтиб ўтди.
""Пахтакор"ни ғалаба билан табриклайман. Бизнинг режамиз бугун иш бермади. Кейинги учрашувларга тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Гуруҳда барча рақиблар билан ўйнадик ва ҳаммани таниб олдик. Энди уларни янада чуқурроқ ўрганиб чиқамиз".
"Шерлар" Туркманистонга йўл олишидан даставвал "Бухоро", сўнгра "Насаф"га қарши мураккаб рақибга рўбарў келади.
"Аҳал" эса 29 октябрь куни ўз майдонида "Ашхобод"ни, 2 ноябрь куни эса "Небитчи"ни қабул қилади.
4-турдан ўрин олган "Аҳал" — "Пахтакор" учрашуви 7 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашув сунъий қопламали майдонда ўтишини инобатга олсак, Шацких шогирдлари "Арал" воқеалари такрорланмаслиги учун бош қотириши керак.
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида БААнинг "Ал Айн" клуби Саудия Арабистонинг "Ал Файҳа" клубини 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувдан кейин "Ал Айн" бош мураббийи Альфред Шредер жамоасининг кетма-кет уч маротаба ғалаба қозонганлигидан ҳамда шогирдларига ўйин темпини сўнгги дақиқаларга қадар туширмасдан ўтказганидан хурсанд эканлигини таъкидлади.
"Насаф" клуби дастлабки икки турдан сўнг максимал натижа қайд этиб турганди. Кечаги баҳсда "Копенгаген"ни эслатиб юборган жамоадан омад икки ҳисса юз ўгирди. Мозговойнинг голи Чин ҳакамига чин дилдан манзур келмаган бўлса, ўйин сўнгида Омонов данияликларнинг МЮга қилган ишини такрорлади. Шундай бўлса-да, қаршиликларда Қаршида ўтадиган қарама-қаршиликда қаршилик кўрсатиб, рақибга момосини кўрсатиб қўйиш имконияти етарлича.
Бироқ "Насаф" жавоб учрашувига катта кучни сарфлаган ҳолда етиб келади. Қашқадарёликлар дастлаб "Металлург" синовидан ўтса, сўнгра чемпионлик учун кураш олиб бораётган "Навбаҳор" ва "Пахтакор" майдонига сафар уюштиради.
"Шаржа" эса Ўзбекистонга ташриф буюргунга қадар ўзидан кейинги поғонада турган "Банияс" ва ўзидан олдинги "Ал Жазира" билан беллашади.
Учрашувдан кейин яқинда эллик иккинчи кузини қарши олган "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев жамоасининг мағлубиятга лойиқ эмаслигини таъкидлади.
Аслиятда ҳам шундай эди. Миқдорномага кўз югуртирсангиз ҳам бунга гувоҳ бўласиз: рақибга 10 та зарба йўллашга имкон берган "аждарлар" 16 маротаба жавоб қайтарган, шундан нақ ярми аниқ борган. "Шаржа"да эса бу кўрсаткич 4 тани ташкил этади. Шунингдек, яккакурашлар ва иккинчи қаватдаги курашларда ҳам юксак парвоз қила оладиган қуш рамзига эга жамоанинг қўли баланд келган.
"Шаржа" мураббийи эса "Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда қийналдик, қизил карточка олганимиздан кейин вазият янада оғирлашди. Ўйин давомида бир неча муҳим футболчиларимиз жароҳат олишди. Аммо дарвозабонимизнинг ишончли ўйини ва пенальтини қайтаргани эвазига 3 очкога эга бўлдик", дея фикр билдирди.
Гуруҳдаги иккинчи тўқнашувда "Ал Садд" "Ал Файсали"га нақ олтита тўп совға қилди. Учрашувдан сўнг қатарликлар бош мураббийи Бруно Пиньейру шогирдларининг ғалабага ҳақли эканлигини айтди: ""Ал Садд" ғалабага ҳақли эди. Биз ажойиб ўйин намойиш этдик. Учрашувда кўзланган мақсадга эришдик. Энди ушбу саҳифани бекитиб, кейинги ўйинга тайёргарлик кўришимиз лозим. Бугунги ўйин учун барча футболчига ва мухлисларга миннатдорчилик билдираман".
Иордания клуби эса ОЧЛда рўза тутишда давом этмоқда, жамоа уч ўйинда бирор маротаба рақиб дарвозасига йўл топа олмади.
ОКМКнинг эса ягона илинжи Ўзбекистон кубоги бўлиб қолди. "Сепаҳон"га қарши учрашувни асосий таркибнинг кўпгина футболчисини қадаҳни чирмаб олган илон рамзи туширилган муассасадан кузатиб боришга мажбур бўлди. Устига-устак ўйин давомида юқорида таъкидланган хонадаги бўш кроватлар эгали бўлди. Бу эса ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Тўғри, беллашув давомида яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозасини қўриқлаган Эргашев ўзидан яхши полиз маҳсулотлари сотувчиси чиқмаслигини кўрсатди. Қолаверса, тажрибали акаларининг ўрнини тўлдирган ёш ҳимоячилар етарлича талабга жавоб бермагандир. Бироқ хоҳ Суннатов, хоҳ Фозиловга бирор шикоятим йўқ. Улар асосий клубда етарли ўйин амалиётига эга бўлмасдан туриб, қитъа миқёсидаги учрашувда имконият даражасида ўйнаб беришди. Қосимов томонидан эса бошқа вақт деярли ўйин амалиёти тақдим этилмаган футболчилар ноиложликдан майдонга туширилди.
Учрашувдан сўнг Миржалол Қосимов "Мағлубиятимизнинг сабаблари бор. Захира ўриндиғимизнинг сустлиги бизга панд берди. Жамоада 6 нафар футболчи жароҳатланган. Лекин ҳаёт давом этади, бугунги мағлубият биз учун катта тажриба бўлди", дея фикр билдирди.
"Сепаҳон" устози Жозе Мораиш эса ўз баёнотида шогирдлари ОКМКга кўпроқ гол уриши мумкин бўлганини айтиб ўтди.
Шунингдек, португалиялик мутахассис Инстаграм саҳифасига жойлаган постида Эрон чемпионатида ВАР йўқлигига киноя қилиб, ушбу технология ўйинда ҳақиқат ва адолатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Олмалиқликлар жавоб учрашуви олдидан Суперлига доирасида "Андижон" ва "Турон"га қарши баҳс олиб боради. "Сепаҳон"нинг эса чемпионат доирасидаги аввалги учрашуви келгуси йилнинг 8 январига қолдирилди.
Гуруҳдаги иккинчи учрашувда аввалги учрашувда иккита гол уриб, ҳисобни 1:1 бўлишини таъминлаган Бенземасиз "Ал Иттиҳод" Абдураззоқ ҲамдАллоҳнинг ҳакам ҳуштагини оғзидан олиб, чўнтагига солиб қўйиш арафаси киритган тўпи эвазига Ироқнинг "Эйр Форс"ини мағлуб этишни уддалади.
Учрашувдан кейин Нуну Эшпириту Санту шогирдлари 3 очкога лойиқ ўйин намойиш этганини билдирди:
"Биз ўйинни назорат қилдик ва кўп имкониятга эга бўлдик. Мухлисларимиз сўнгги лаҳзаларга бизга ишонди ва қўллаб-қувватлади. Йигитлар ҳам астойдил ҳаракат қилишди. Биз ҳақли ва муҳим 3 очкони қўлга киритдик. Ҳозир "Сепаҳон" билан ўтказилмаган ўйин қарорини кутяпмиз.
Энг муҳими, жамоамиз яхши ўйин намойиш этмоқда. Футбол ҳаёт тарзига ўхшайди, унда яхши ва ёмон кунлар бўлади. Жамоанинг бирдамлиги унинг руҳиятини мустаҳкамлайди".
Ироқ клуби мамлакат чемпионатини ўтказадиган ташкилотни халқаро майдонда иштирок этаётган клублар иштирокини инобатга олиш ҳам тиғиз тақвимни қайта кўриб чиқишга чақирди. Маълумот учун, Ироқ Юлдузлар лигаси 26 октябрь куни старт олади. "Эйр Форс" илк учрашувини 27 октябрь куни ўтказади.
"Навбаҳор" ҳам "Ал Ҳилол"га қарши ўйинда бой берган 2 очкосини "Нассажи Мозандарон"га қарши баҳсда қўлга киритди ва гуруҳдан чиқиш имкониятини оширди. Бироқ аввалги ўйинларда кўзга ташланган ҳимоя зонасидаги хатолар мазкур ўйинда ҳам қимматга тушишига бир баҳя қолди. Қолаверса, етакчи ўйинчиларнинг ташаббускорлиги ва рақиб футболчисининг четлатилиши ҳам ўйинга ўз таъсирини ўтказди. Самвел Бабаян юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш устида бош қотирмаса, бой берилган кубокдан кейинги ҳолат сингари Суперлига ва ОЧЛ гуруҳ босқичи ниҳоясида шунчаки кулиб қўйишига тўғри келади. Остон Ўрунов ва Жамшид Искандеровнинг хатти-ҳаракатларига, умуман олганда, жамоанинг иродали ўйинига мактаб давримда кундалигимга тушишни унутган саноқли аъло баҳоларимнинг барчасини ҳадя этаман.
"Лочинлар" устози матбуот анжуманида "Янги Навбаҳор" дунёга келганини ҳамда гол ўтказиб юбориш режасида бўлганини маълум қилди.
"Бугун "янги Навбаҳор" туғилди деб ўйлайман. Бу жамоа курашишни ва ғалаба қозонишни хоҳлайди. Биринчи навбатда йигитларни табрикламоқчиман, улар бугун ирода, ғалабага бўлган чанқоқликни кўрсатишди. Қайтараман, бугун "янги Навбаҳор" дунёга келди. Чемпионлар лигасида оддий ўйинлар бўлмайди. Ҳар бир жамоа очко ишлаш учун майдонга тушади. Бугун ғалабага муносиб эдик ва бу меҳнатларимиз самараси".
Ўз навбатида, эронликлар сарбони "Навбаҳор"нинг ғалабаси маҳаллий ишқибозлар эффекти натижасида юзага келганини таъкидлади.
"Футболчиларимни ажойиб ўйин билан табриклайман. Биринчи бўлимда режаларимиз амалга ошди ва таймни ғалаба билан якунладик. Иккинчи бўлимда хатоликлар юз бера бошлади. Ҳакамнинг офсайдни аниқлашдаги кичик хатоси эвазига футболчимизга қизил карточка кўрсатилди. Шунга қарамасдан жамоамиз яхши ўйин кўрсатди, улардан миннатдорман. Бу ўйиндаги мағлубиятимиз кечиктирилган офсайд сабабли рўй берди".
Ушбу қарама-қаршиликнинг навбатдаги тўқнашуви 7 ноябрь санасига тўғри келади. Унгача "Нассажи" "Сепаҳон" ва "Тракторсози" билан чемпионатда беллашса, "Навбаҳор" "Сурхон" ва "Насаф" билан тўқнаш келади. Жамоанинг "Бунёдкор"га қарши ўйини эса 11 ноябрга кўчирилди.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида "соққавуд"дан "Болливуд"га салом йўлланди. Футбол майдонида моҳирона ўйин кўрсатадиган юлдузларни ўзида жамлаган "Ал Ҳилол" киноларда яхши ўйнайдиган мамлакат клубига 6 та гол туҳфа қилди.
"Ал Ҳилол" бош мураббийи Жорже Жезуш ўйиндан кейин "Биз юқори сифатдаги ўйин намойиш этдик. Тезкор гол вазифамизни осонлаштирди", дея фикр билдирди.
"Мумбай Сити" устози эса иккинчи голдан сўнг рақиб ҳужумларига дош беролмагани, сабаби уларда юқори сифатдаги ўйинчилар мавжудлигини айтиб ўтди.
Хуллас, тўрт жамоамиз умумҳисобда ўтган турдаги сингари 6 очкони қўлга киритди. Кейинги турда сарлавҳадаги масаламни жавоби юқорироқ рақамга эга бўлиши ва пасаймаслигини истайман. Бунинг учун математика ўқитувчим томонидан исталганча йигит баҳо билан жазоланишга розиман.
Comments