Ҳафта ўртасидаги баҳслар: А Серия 15-тур превьюси
30 nov 2021 22:11
News
Ҳафта ўртасидаги баҳслар: А Серия 15-тур превьюси
"Аталанта" - "Венеция"
Дуван Сапата сўнгги баҳсларда астойдил меҳнат қилди ва голлари билан жамоасига катта ёрдам берди. Энди унга дам олиш имкониятини бериш вақти келгандек. Ҳужумнинг олдинги чизиғида эса Луис Муриэль ҳаракат қилади. Ундан орқароқда Иличич ва Пашалични кўрсак ажаб эмас. "Ювентус" билан ўйинда бу икки футболчи захирадан майдонга туширилганди. Шунингдек, асосий таркибда Компейнерсни кўришимиз мумкин. "Венеция" эса Эбьюхи ва Мааенпа хизматларидан фойдалана олмайди. Шунингдек, Филоридинонинг бу учрашувда иштирок эта олиш ёки олмаслиги ҳам ҳозирча аниқ эмас. Ҳимоя қанотида Моллинарога ишонч билдирилади, ҳужумда эса Форте.
Сўнгги бор ушбу жамоалар 2004 йил ўзаро ўйин ўтказишган, ўшанда Б Серия доирасидаги баҳсда "Венеция" уйда ғалаба қозонган. Орадан йиллар ўтиб, вазият, жамоаларнинг ҳолати бироз ўзгарган ва энди "Аталанта" яққол фаворит ҳисобланмоқда. Ўтган турда "Ювентус"ни таслим этган Гасперини шогирдлари яхши кайфиятда, навбатдаги уч очко учун майдонга тушишади. "Венеция" эса қанчалик уринмасин, майдонда бунга тўсқинлик қилиши мушкул вазифа.
"Болонья" - "Рома"
Бу баҳсда Синиша Михайлович қанчалар истамасин Ди Сильвестре хизматларидан фойдалана олмайди. Футболчи мушаклари билан боғлиқ муаммога дуч келган. Шунингдек, Шутеннинг майдонга туша олиши сўроқ остида қолмоқда. Қолган барча сафда ва таркибда жиддий ўзгаришлар кутишга ўрин йўқ. Ҳужумда Барроу ва Арнаутович жуфтлиги рақиб дарвозасига хавф солади. "Бўрилар" сафида Пеллегринининг йўқлиги Жозе Моуриньо учун яхшигина бош оғриқ бўлади. Бу паллада Веретунинг сафга қайтиши римликларни икки баробар хурсанд қилиши турган гап. Кристанте ва Вильяр ҳамон жамоага ёрдам бера олмайди. Шунинг учун асосий таркибда Диаварани кўришимиз эҳтимоли юқори. Ҳужумда асосий умид яхши формада бўлиб турган Генрих Мхитаряндан. Жамоа ичидаги вазиятни аниқ билмасакда, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов бу сафар имкониятга эга бўлади ва ўзига ажратилган дақиқаларда самарали ҳаракатлари билан жамоасига ёрдам бера олади деб ишонамиз.
Римда ўтган сўнгги баҳсда "Рома" кичик ҳисобда (1-0) зафар қучган. Бу сафар ўйин "Болонья" майдонида бўлсада, фаворит "жалоросси". Ҳа, "Рома" охирги вақтларда катта қийинчилик билан очколарни қўлга киритаётганига эътибор қаратиш мумкин, аммо жамоа етакчилар гуруҳидан қолиб кетмаяпти ва бу ўйинда ҳам 3 очкодан умид қилса бўлади.
"Интер" - "Специя"
Бу каби оғир тақвим "Интер" учун осон ва оқибатларсиз ўтишининг деярли иложи йўқ эди. Жароҳат сабаб ҳимоячилар Раноккья ва Дармиан сафдан чиқди, яна бир қатор футболчилар соғ бўлсада, яхши спорт формасида эмас. Ҳимоя марказида энди Де Врейнинг ўрнига яқинда соғайган Д`Амброзио тушади, ўнгда нидерландиялик Дюмфрисни кўрсак керак. Шунингдек, Барелла ва Жекога дам олиш имконияти берилади, асосий таркибда эса Корреа ва Видаль ўйинни бошлайди. "Специя" таркибига Гьясси қайтади, бу янгилик жамоа мухлисларини қувонтириш аниқ. Умуман олганда Тиаго Мотта ўзи кўплаб ўйинлар ўтказган майдонда мухлислар ва мутахассисларни нималар билан хайрон қолдиришига гувоҳ бўлиш қизиқ, сюрпризлар эса албатта бўлади.
Охирги бор "Интер" "Специя"га қарши баҳсда кутилмаганда очко йўқотганди (1-1). Бўлажак беллашувдан аввал чарчоқ хавфи бўлсада, "нерадзурри" яққол фаворит. Симоне Индзаги жамоаси А Серияда ҳаммадан кўп гол урмоқда ва ротацияга қарамай, рақиб ҳимоясига етарлича муаммо туғдира олади.
"Сассуоло" - "Наполи"
Мезбонлар вакиллари Бога ва Журичич даволаниш билан банд, лекин Жеремини захира ўриндиғида кўришимиз эҳтимоли юқори. Катта эҳтимол Дионизи амалда кутилмаган қарорлар қабул қилмай, "Милан"ни "Сан-Сиро"да қийин вазиятда қолдирган таркибни туширади. Спаллетти "Лацио" устидан қозонилган ишончли ғалабадан кейин аксинча таркибда ўзгартириш қилса ажаб эмас. Политанони асосий таркибда кўрсак ажаб эмас, ёки ҳеч бўлмаса захирадан ўйинга қўшилади. Сабаби футболчи жароҳатидан фориғ бўлди. Шунингдек, майдон марказида Эльмасга ишонч билдирилиши кутилмоқда.
Жамоаларнинг сўнгги ўзаро тўқнашувида муросасиз кураш голларнинг иккитаси қўшиб берилган дақиқаларда урилган ва 3-3 ҳисобида якунланганди. Фаворит барбир "Наполи", лекин неаполликлар эҳтиёт бўлишлари шарт. "Сассуоло" рақиб хатосини кечирмаслигини кўп бор кўрсатиб қўйган.
"Салернитана" - "Ювентус"
Мезбонлар устози бу учрашувдан олдин бир нечта футболчисидан айрилиши мумкин. Руджери ва Руссо жамоадошларига ёрдам бера олмаслиги аниқ, Кулибали ва Кастаноснинг ўйинда иштирок этиши эса катта сўроқ остида. Ҳужумда бор умид Боннацоллидан. Аллегри эса Кьеза хизматларидан фойдалана олмайди ва чамаси италиялик 2021 йилда бошқа майдонда кўрмаймиз шекилли. Албатта бу туринликлар учун катта йўқотиш. Асосий таркибда Бернардескига имконият берилиши кутилмоқда, Моратанинг ўрнини эса Мойзе Кин эгаллайди ва Дибала билан тандем ҳосил қилади. Шунингдек, зарур бўлса ҳужумкорликни ошириш мақсадида Кулушевскидан фойдаланиш мумкин.
Охирги марта бу жамоалар ўтган асрда рўбаро келишган. 1999 йил ўтган ўша беллашувда "Салернитана" уйда зафар қучган. Бироқ 2021 йилга келиб фаворит "Ювентус". "Кекса синьора" вазиятига ҳавас қилиб бўлмайди ва жамоа аламини кимдан олишини билмай юргани аниқ. Бу вазиятда дебютантдан қулайроқ рақиб бўлмаса керак.
Сергей Румянцев
Comments