Гуруҳдаги уч ўйин таҳлили. Баҳрайн қандай ўйнайди?
07 oct 2015 15:31
News
Гуруҳдаги уч ўйин таҳлили. Баҳрайн қандай ўйнайди?
Айни пайтда аргентиналик мутахассис Серхио Батиста устозлик қилаётган жамоа услуби, ўйиннинг маълум ҳолатларида қай тариқа ҳаракат қилиши ва футболчилари хусусида ўқувчиларимизни таништириб ўтамиз.
Баҳрайннинг ўйинларини Осиё Кубогида томоша қилдик. Ўшанда бу жамоага яққол етакчилар етишмаётгандек туюлганди. Ёки аввалги авлод билан таққослаганда, ўшандай савияда ўйнайдиган футболчилар етишмаяпти. Баҳрайннинг Колумбия, КХДР ва Яманга қарши учрашувларидаги ҳолатларни кузатган ҳолда бу жамоанинг кучли ва кучсиз тарафларини таъкидлаб ўтиш мумкин.
Баҳрайн араб жамоалари ичида кўпроқ жамоавий ҳаракатларга эътибор қаратадиган терма саналади. Шунга қарамай, аввалги авлодда Аъло Ҳубай, Талал Юсуф сингари яққол етакчи футболчилар бор эди. Ҳозирги авлод жамоасида эса бундай етакчилар кўзга ташланмайди.
Дарвозабон масаласида Баҳрайнда катта муаммо йўқдек. Чунки Саид Муҳаммад қўпол хатоларга унчалик кўп йўл қўймайди. Ҳимояда эса бугунги рақибимиз турли жамоаларга қарши турлича ўйнаган. Масалан, Колумбия билан учрашувда ўта кўп хато қилган. КХДР ва Яманга қарши ўйинларда эса камроқ. Позицион ҳужум вақтида Баҳрайн ҳимояда анча чуқур, яъни ўз дарвозасига яқин ҳудудда икки қаторли ҳимоя чизиғини ҳосил қилган ҳолда ўйнайди. Ҳар бир футболчи рақибнинг ўзига мос ҳудуддаги вакилини ёпишга уринади. Лекин тез ҳаракат қилинса ва узоқ масофага аниқ тўплар етказиб берилганда марказий ҳимоячилар хатоларга тез-тез йўл қўйишади. Марказда ўйнайдиган Ҳусайн Баба ва Абдулла Ҳазза ҳаводан оширилган тўпларни қайтариш ва бир-бирларининг ўрнини тўлдиришда доим ҳам келишиб ҳаракат қилишмайди. Ҳужумга ҳимоядан чиқишда жамоа анча тез ҳаракат қилади. Бунда асосий эътибор қанот ҳимоячиларининг фаоллигига қаратилади. Кўпроқ чап қанотдаги тўп тепадиган Рашид Ҳути ҳужумларда иштирок этади. У катта тезликда шериклари қанот томон оширган тўпга етиб келиб, бир уринишнинг ўзида жарима майдонига ошириш ёки рақибни ортда қолдиришга уринади. Ислом Тўхтахўжаев уни позицияни тўғри танлаш эвазига енгишга уриниб кўради. Ўнг қанот ҳимоячиси эса асосан позицион ҳужумлар вақтида ҳужумга қўшилади.
Марказий ярим ҳимояда Фаузи Ааиш тўпни ушлаб турадиган ва ҳужумлар йўналишини белгилайдиган асосий футболчи ҳисобланади. У Қатарнинг “Ал Саилия” клубида ўйнайди. Абдулла Умар ва Абдулваҳод Маълуд эса ҳужумлар ташкил қилишда фаоллик кўрсатишади. Маълуд техникаси эвазига рақибларни ортда қолдиришга уринади. Бироқ бу тартибли ўйнаган КХДРга қарши беллашувда самара бермади. Яман билан баҳсда у анча яхши ҳаракат қилди. Ярим ҳимоя бугунги кун футболида кўп нарсани белгилаб берадиган омил саналади. Ҳайдаров, Аҳмедов ва Жепаровнинг фаоллиги кузатилса, майдон марказида ташаббусни ўз томонимизга оғдиришимиз турган гап. Чунки улар рақиб сафидаги ўйинчиларга нисбатан кўпроқ аҳамиятли учрашувларда қатнашишган ва узоқ вақтдан бери бирга ўйнаб келишмоқда.
Рақибдан тўпни олиб қўйган паллада Баҳрайн жуда хавфли жамоага айланади. Бунда тўп майдоннинг қайси қисмида қўлга киритилганидан қатъи назар эътибор тезкор ҳужум ташкил этишга қаратилади. Яман билан беллашувда бу икки марта самара бериб, Серхио Батиста шогирдлари икки тўп киритишди. Терма жамоамиз мураббийлар штаби айнан шу ҳолатга машқлар жараёнида футболчилар диққатини тортишди. Тўпни йўқотган пайтимизда тезкорлик билан рақиб ҳужумга ўтиши мумкин бўлган бўш ҳудудларни ёпиш муҳим аҳамиятга эга.
Баҳрайн тўпни эгаллаб турган паллада футболчиларнинг алдамчи ҳаракати ёки қанотлардан тезкорлик билан рақиб жарима майдонига ёриб киришга интилади. Ҳимояда тўғри ўйнаган ҳолда уларнинг позицион ҳужумини бемалол қайтариш мумкин. Яман билан ўйинда киритилган икки тўп айнан позицион ҳужумлардан кейин юзага келди, бироқ яманликлар ўша куни жуда бўш ҳаракат қилишди. КХДР билан Баҳрайндаги беллашувда эса бундай тарзда уюштирилган ҳужумлар умуман фойда келтирмади.
Ҳужумда Батиста бир қатор номзодларга эга. Юсуф Ҳилол, Сами Ҳуссайни, Исмоил Абдуллатиф ёки Жейси Жондан бир ёки икки нафарини майдонга тушириши мумкин. Баҳрайн ҳозиргача 6 очко йўқотиб бўлганини инобатга олсак, жамоа бугун ҳужумкор футбол намойиш этишга урғу бериши ҳам мумкин. Жон Таиланднинг “Бангкок Юнайтед” жамоаси таркибида сермаҳсул ўйин намойиш этмоқда. Лекин КХДР билан баҳсда ўйнаган Жон Яманга қарши учрашувда захирада қолдирилганди. Баҳрайнда Аъло Ҳубайл савиясидаги ҳужумчи ҳозир йўқ. Таркибда ҳозир бор бўлган ҳужумчилар барқарор ўйин кўрсата олишмаяпти.
Баҳрайн Шарқий Осиё жамоалари сингари прессинг уюштиравермайди ва ўйинда жуда тартибли ҳаракат қилмайди. Кетма-кет аниқ тўп оширишлар ёрдамида рақибнинг чалғитиш мумкин. Бу араб футболига оид асосий камчилик ва биз фойдаланишимиз мумкин бўлган жиҳат. Баҳрайн тўпни олдирганда ҳимояланишда тушунмовчиликлар кўп юзага келади. Аксарият вазиятларда ҳимоячилар ва уларнинг ўрнини эгаллаган марказий ярим ҳимоячилар бўш ҳудудларни қолдиришади. КХДР билан беллашувда гол айнан шундай хатодан кейин урилганди. Колумбия эса анча юқори савиядаги жамоа бўлгани учун хатоларни мажбуран юзага келган деб ҳисоблаймиз.
Стандарт ҳолатлар аввал ушбу жамоанинг асосий кучларидан бири саналарди. Маҳмуд Абдулраҳмон икки марта бизни ЖЧ-2010 саралаш баҳсларида жазолагани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Яман ва КХДР билан ўйинларда бундай ҳолатлардан кейин эътиборли вазиятлар содир этилмаган. Лекин стандарт ҳолат ва ундан фойдаланишда аниқ бир кўрсаткич мавжуд эмас. Баъзан омад келиши, баъзида бир неча ўйинлар давомида бирор зарба берилмаслиги мумкин. Муҳими, бизнинг футболчилар рақиб шундай имкониятга эга бўлганда хатога йўл қўймаслиги. Аксинча, ўзимизнинг имкониятлар пайтида улардан самара чиқаришга уриниш даркор. Ушбу босқичда ҳар уч ўйинда стандарт ҳолатлар бизга омад келтирди. КХДРга 2, Яманга 1 ва Филиппинга 1 голни айнан шундай вазиятлардан кейин урдик.
Баҳрайн футболининг умумий савияси бизникидан баланд эмас. Футболчилар борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Лекин майдонда барчасини ўйин ва жамоаларнинг ўша кунги тайёргарлиги белгилаб беради. Риффадаги беллашувда миллий терма жамоамиз муҳим ғалабага эришиб, барчамизга хурсандчилик тақдим этади деб умид қиламиз.
Қуйида Баҳрайн терма жамоасининг гуруҳда ўтказган учта ўйинни қандай тактикада бошлаб, қандай якунланганини кўришингиз мумкин. Баҳрайн терма жамоаси аъзолари қизил нуқталарда белгиланган.
Филиппин - Баҳрайн 2:1
Баҳрайн - КХДР 0:1
Яман - Баҳрайн 0:4
Беҳзод НАЗАРОВ.
Comments