Гитлер учун қотилликлар содир этган Франция терма жамоаси сардори тўғрисида ҳикоя
05 sep 2023 02:48
News
Гитлер учун қотилликлар содир этган Франция терма жамоаси сардори тўғрисида ҳикоя
Алекс Виллаплан ҳаёти тўғрисида қисқа маълумот:
1930 йилнинг 13 июлида у Франция терма жамоаси сардори сифатида жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк ўйинда Мексика устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
1944 йилнинг 26 декабрида ўз мамлакатида хоин сифатида ўлимга маҳкум қилиниб, отиб ташланган.
Футболчи фаолиятининг даставвали
1904 йилнинг 24 декабрида (баъзи манбаларда 1905 йил) Жазоирда дунёга келган Виллаплан Франциянинг шимолий африкалик илк ўйинчиси эди. 16 ёшида у амакилари билан бирга мамлакатнинг жанубий қирғоғида жойлашган ҳудудга кўчиб ўтди ва маҳаллий "Сете" клубига қабул қилинди. Клубнинг шотландялик футболчи-мураббийи Виктор Гибсон ундаги иқтидорни пайқади ва уни тезда асосий таркибга жалб этди. Мамлакат клублари у вақтларда профессионал даражага чиқмаганди, шунга қарамасдан, жамоалар ўйинчиларга ҳақ тўлаш чорасини топарди. 1927 йил Виллапланга "Сете"нинг рақобатчиси "Нимес" юқори маош таклиф қилади ва ўз сафига қўшиб олади.
Айнан "Нимес"да мамлакат миқёсида илк бор ҳурматга сазовор бўлди. Мухлислар ёқимтойига айланган Алекс нафақат юқори энергияга эга ва довюрак, балки мамлакатда бош билан ўйнай оладиган энг яхши ўйинчилардан эди. Қолаверса, ўз тенгқурлари ичида тўп учун курашувчанлик қобилияти юқори саналарди.
1929 йил у "Расинг Париж" таркибига бориб қўшилади. Клубнинг янги президенти жамоани мамлакатнинг энг йирик клубларидан бирига айлантиришга ҳаракат қилди ва Виллаплан билан шартнома имзолашни устувор вазифалардан бири деб ҳисоблади. Профессионал даража расман қонуний кучга киришига уч йил муддат бўлса-да, Виллаплан даромад соҳибига айланаётганини ҳеч кимдан бекитмади ва пулларини бар, караоке, от пойгалари учун сарфлай бошлади.
Ниҳоят, 1932 йил профессионаллик қонунийлаштирилгач, кичик "Антибес" катта муваффақиятларни кўзлаган ҳолда илк қадамни "Расинг"да уч йил фаолият олиб борган Виллапланнинг хизматига эҳтиёж сезади. Ўша пайтда чемпионат жанубий ва шимолий минтақаларга бўлинганди, минтақалар ғолиблари эса чемпионлик учун ўзаро ўйин ўтказишган. "Антибес" жанубий минтақада зафар қучди, сўнгра ҳал қилувчи баҳсда "Лилл"ни мағлубиятга учратди. Кейинчалик учрашув келишилгани маълум бўлди. "Антибес" унвонидан маҳрум қилинди, бош мураббий четлатилди, кўпчилик эса бу ишда Виллаплан ҳамда у билан "Сете"да ҳам бирга ўйнаган икки ҳамтовоғининг қўли борлигига шубҳа қилишарди. Тез орада учала футболчи ҳам жамоани тарк этди.
"Ницца" Виллаплан билан таркибни кучайтиришни ният қилди, бироқ клуб тез орада бу ишидан пушаймон бўлди. Чунки у бир неча бор машғулотларни ўтказиб юборгани учун жаримага тортилди ҳамда ўйинларнинг бирида майдон бўйлаб шунчаки тентираб юрди. "Ницца" футболчига чиқиш эшикларини кўрсатди. Шундан сўнг у ўзига бўлган ягона таклиф — иккинчи дивизион иштирокчиси "Бордо"ни танлашга мажбур бўлди. Бироқ Алекснинг саёҳати кўпга чўзилмади ва уч ойдан сўнг клуб билан хайрлашди. Шу тариқа, Виллаплан футболдан четда қолди. Аммо 1935 йил у Париж ва Кот-д'Азурдаги от пойгаларида қаллоблик қилгани учун қамоққа ташланганидан кейин яна спорт нашрлари саҳифаларида пайдо бўлди.
Уруш
1940 йилнинг июнь ойида Париж шаҳри фашистлар қўлига ўтди. Бу кўпчиликни умидсизликка туширди, кўпчиликнинг ҳаётига зомин бўлди, бироқ баъзи кимсалар учун янги имкониятларни пайдо қилди. Босқинчилар талон-тарож қила олмайдиган нарсалар: озиқ-овқатдан тортиб тасвирий санъат асарларигача пуллаш учун маҳаллий қора бозор савдогарлари билан алоқа ўрнатишга мажбур эди. Бу борада маҳаллий жиноятчилардан бирининг ишлари "беш" бўлди — саводсиз етим Анри Лафонтнинг ишлари босқинчилик даврида шу қадар гуллаб-яшнадики, у ўзини "Касабланка" фильмидаги сеньор Феррари сингари тасаввур қила бошлади: "Барча ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг етакчиси сифатида нуфузли ва ҳурматга лойиқ одамман".
Баъзи шафқатсиз пруссиялик фашистлар Лафонтдан қутулишни хоҳлашарди. Лафонт эса унга қарши бельгиялик қўмондонни шахсан қўлга олиб, қийноқ исканжасига ташлайди ва шу тариқа ўз қадр-қимматини мустаҳкамлади.
Лафонтнинг таъсири ошиб борган сайин чор-атрофига одамларни йиға бошлайди. У Париж қамоқхоналарини кезиб чиқиб, эски шерикларини ҳамда ўз ўрнини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган ҳар қандай кишини озод қилди. Бир пайтлар коррупция билан ушланиб, қамоққа ташланган полициячи Пер Бонни унинг ўнг қўлига айланди. Кейинчалик улар сафига Виллаплан қўшилди. Жиноий гуруҳ ўз қароргоҳини Парижнинг энг машҳур кўчаларидан бўлган Лауристон кўчасидаги 93-уйга ўрнатди.
Франция гестапоси
Тўданинг мақсади тезда бойиб кетиш эди. Улар нацистларни истаган нарсаси билан таъминлашар, ўзларига эса уюм-уюм қилишарди. Тўда мафкурага хизмат қилмаса-да, ўз ҳукмдорларининг ишончини сақлаб қолиш учун мунтазам равишда яҳудийлар, қаршилик кўрсатувчи жангчилар ва Рейхнинг бошқа душманларини кузатиб боришарди. 93-уй ертўласида кўп одам қийноққа солинган.
1943 йил Франциянинг Германияга қаршилиги кучайди. Маҳаллий Гестапога қўзғалончиларни йўқ қилиш буюрилди. Виллаплан эса немислар томонидан суб-лейтенант лавозимига кўтарилган.
Унинг бўлинмаси шафқатсизлиги билан машҳур эди. Мисол учун, 1944 йилнинг 11 июнида улар Дордогнедаги кичик қишлоқ Муссиданда 11 ҳарбийни асирга олди. 17 ёшдан 26 ёшгача бўлган француз партизанлари зовур ёнида отиб ташланди.
Муваффақиятсизлик
"Жиноий тўда ҳаммаёқни талон-тарож, хонавайрон қилди, буюмларни ўғирлади, қотилликка қўл урди, фашистлар билан бирлашиб, даҳшатли қатағонларни амалга оширди", деди Париж озод қилингач, Виллапланнинг судида прокурор. "Улар ўз ортидан олов ва вайроналарни қолдирди. Ёлланма аскарлар ўз қурбонларининг оғриқдан зирқиратган ва қонга беланган жасадларидан заргарлик буюмларини ечиб олаётганини ўз кўзлари билан кўрган гувоҳлар бу ҳақда бизга хабар беришди. Ўша вақтда Виллаплан ўртада хотиржам жилмайиб турган".
Бу каби ваҳший тўдаларнинг кўплигига қарамай, уларга қарши жангарилар сони орта бошлаб, қаршилик кучая бошлайди. Виллаплан Германия урушда ғалаба қозона олмаслигини англай бошлайди. Шунда бу бошқача қинғир йўлга ўтади, яъни оммавий раҳм-шавқат актини уюштириб, ўзи таъқиб қилиши керак бўлган одамларнинг қочишига ёрдам беради ва гўёки уларнинг халоскори сифатида намоён бўлмоқчидек гавдаланади. Эвазига эса улардан катта миқдорда пул талаб қилади. Прокурорнинг сўзларига кўра, унинг очкўзлиги ўз ҳийласига путур етказган.
"Унинг психологияси бошқа жиноий гуруҳ аъзолариникидан фарқ қиларди", деди прокурор. "Унга тегишли маълумотларни ўрганиб чиқиб, шунга амин бўлдимки, у фирибгар, туғма фирибгар. Бундай тоифадагилар дуқ қилиб талаб қилишни ўзига қиёфа қилиб олган. Гувоҳлардан бирининг айтишича, Алекс немис машинасида қишлоқлардан бирига келиб, ўзини йиғлаган қиёфага солган: "Эҳ, қандай замонда яшаяпмиз! Қандай даҳшатли замон! Қандай ваҳшийлик! Мен французман, ноиложликдан немис либосини кийиб юрибман. Кўряпсизми, менинг довюрак халқим, бу ёввойилар қандай ёвузликлар қилган. Мен улар учун жавобгар бўлишни истамайман, мен уларнинг бошлиғи эмасман. Улар сизни ўлдирмоқчи! Лекин мен ўз ҳаётимни хавф остига қўйиб, сизни қутқаришга ҳаракат қиламан. Мен кўп одамни қутқарганман. Аниқроғи, эллик тўрт кишини. Агар менга 400 минг франк берсангиз, эллик бешинчиси бўласиз..."
1944 йилнинг август ойида парижликлар қўзғолон кўтаради. Францияни озод қилишда курашган қўшиннинг ярмидан кўпи африкалик эди. душман билан тил бириктирганларга қарши жазо жуда кучли эди. Тез орада Виллаплан тўдаси қўлга олиниб, суд қилингач, ўлимга ҳукм қилинди. 1944 йил, Рождество байрамининг эртасига Виллаплан, Лафонт, Бонни ва яна беш киши шаҳар четидаги Форт-де-Монтрожга олиб кетилиб, отил ўлдирилган.
Оқил Абдубарноев таржимаси
Comments