ФИФА "FIFA"га қарши!
10 nov 2021 18:25
News
ФИФА "FIFA"га қарши!
Бу ўйин ва федерацияга қандай хавф солмоқда? Фифа энди биз билган фифа бўлмайди шекилли...
Видео-ўйинларнинг оммалашуви ва рақобатчиларнинг кучсизлиги – Electronic Arts маҳсулоти бўлмиш FIFAнинг спорт симуляторлари ичида муваффақиятга эришишининг асосий калити ҳисобланади. 1993 йилдан ўйин Халқаро футбол федерацияси сингари номланади ва шу сабаб кўпчилик уни расмий симулятор деб адаштиради.
Сўнгги 10 йил ичида FIFA тарихдаги энг катта бизнес сифатида ўсишга эришди. Ишлаб чиқарувчилар Ultimate team режими ва loot box ("совға қутиси")ни жорий қилиш орқали мисли кўрилмаган пулларга йўл очишди. Агар 2015 йили Ultimate team режими ортидан 587 млн доллар фойда келган бўлса, 2020 йилга келиб бу сумма 1,49 млрд долларга етди. Маълум маблағ эвазига сотиб олишингиз мумкин бўлган "пак"лар EAнинг умумий даромадининг 28%ини ташкил қилади.
Бироқ 2022 йилда бир қатор ўзгаришлар бўлади. ФИФА ва EA Sports ўртасидаги лицензия шартномаси якунига етади. Томонлар келишув муддатини узайтириш ўрнига, бир-бирларига қарши уруш эълон қилдилар. Энди эса бунинг натижасида ўйин номи ўзгариши мумкин.
Нега ФИФА ва EA одатдагидек битим муддатини узайтирмади? Муаммо нимада?
Одатда, янги шартнома ортиқча гап-сўзларсиз имзоланган. EA — эски ва қадрли ҳамкор (федерация билан (ЕАдан кўпроқ) фақат adidas ишлаган — 60-йиллардан бери). Қайсидир пайтгача ФИФАни барча иш қониқтирарди. 90-йиллардан 2000 йилгача бўлган вақтда ўйин катта фойда келтирмаган, лекин футбол жуда оммалашиб кетишига сабаб бўлган.
Аммо ҳозир EA Sports — кичик ва фойдали компания эмас, балки молиявий жиҳатдан "бақувват" бўлган шерикдир
"Умуман олганда, ФИФА ва EA шартномаси — оддий лицензия эмас, — тушунтиради Sports.ru сайтига ФИФАнинг чакана савдо ва лицензиялаш бўйича собиқ менежери Илья Слуцкин. — Буни brand licensing (брендни лицензиялаш) деб аташади. Фарқи шундаки, лицензиялашда сиз бошқа бренддан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб оласиз ва ўзингизникидан фойдаланмайсиз. Масалан, чойшаб ишлаб чиқарувчи ташкилот "Спартак" лицензиясини сотиб олиши мумкин ва муқовада катта эҳтимол билан "Спартак" билан бирга ўз брендини ёнма-ён қўймайди. ФИФА ва EA Sports вазиятида истисно ҳолат бор. EA ўзининг брендидан фойдаланиши мумкин. Айтганча, ФИФАнинг шунга ўхшаш бир нечта шериклари бор: EA Sports, Panini, Louis Vuitton, Taittinger шампан виноси ва бошқалар. ФИФАнинг Россияда маҳаллий шериклари ҳам бор: Марказий банк ва Жаҳон чемпионати учун танга ва маркалар чиқарган "Россия Почтаси". Ҳажми ва сони жиҳатдан бундай шартнома лицензиондан четга чиқиб, кўпроқ ҳамкорлик шартномасига яқинроқ бўлади. Чунки брендни қадоқда ишлатиш ва тижоратни ривожлантириш мумкин.
2020 йил лицензиялаш ФИФАнинг асосий даромад манбаига айланди. Турнирларнинг бекор қилингани сабаб бутун ташкилот йилига бор йўғи 266,5 млн доллар топди (2019 йил — 765,7 млн доллар). 266,5 дан 150 EA Sports битими ортидан келди. Шунинг учун, ФИФА EA билан янги шартномадан даромад миқдорининг ошишига катта умид билан қараганди. "New York Times" нашри маълумотига кўра, федерация даромадини йилига 150 млн доллардан йилига 300 млн долларгача оширишни режалаштирган. Сумма жуда каттага ўхшайди, лекин бундан ҳам қизиқроғи, EA Sports ФИФАга бундай пулларни нима учун тўлаганидадир...
Йилига 150 млн эвазига (ФИФАнинг янги таклифи бўйича 300) EA Sports:
• FIFA номидан фойдаланиши мумкин;
• футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг барча объектларидан фойдаланиш учун эксклюзив ҳуқуққа эга бўлади.
ЕА бошқа ҳамма нарса учун лицензияни қолган 300та шерикдан сотиб олади. Лигалар ва терма жамоалардан фойдаланиш ҳуқуқи (миллий федерациялар, стадионлар ва клубларнинг эмблемаси) клублар ёки лигалар, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси ҳуқуқлари УЕФА томонидан, футболчиларнинг юзи эса FIFPro томонидан амалга оширилади.
Шундай экан, ФИФА билан шартнома имзоламаслик — жуда катта йўқотиш эмас. EA Sports фақатгина футбол симулятори номини ўзгартириши ва футбол бўйича Жаҳон чемпионати номини олиб ташласа бўлди, фақат Қатар-2022дан сўнг.
EAдагилар бунга тайёргарликни бошлаб юборган — янги товар белгиси учун Буюк Британияда ариза топширди. Энди FIFA янги ном билан аталади: EA Sports FC. Шундай экан, "фифа ўйнаш" ибораси бир йилдан сўнг долзарблигини йўқотади. Бу ҳақда EA Sports бош менежери Кэм Уэбер огоҳлантирди:
"Келажакка назар ташлаб, EA Sports глобал футбол ўйинлари номини алмаштириш фикрини ўрганмоқдамиз, — деди Уэбер 7 октябрь куни. — Келишувлар, шартнома муддатлари ва шартларини қайта кўриб чиқяпмиз. Турли номлар ва товар белгисини қўллашда хатога йўл қўймаслик муҳим".
Афтидан, EA Sports вакиллари ФИФА билан алоқалари узилиши ҳамда номи ўзгаришидан умуман қўрқишмаяпти (ёки ўзларини шундай кўрсатишяпти). Аслида бундай оммавий тадбирлар нархни тушириш мақсадида ҳам қилинади. Буни "NY Times"га берган интервьюсида Питер Мур ҳам тасдиқлади. У 10 йилдан зиёдроқ вақт давомида Electronic Arts бошқаруви лавозимларида ишлаган:
"Улар бирор марта лицензия муддатини узайтириш борасида музокара олиб борилаётгани ҳақида гапирганларини эслолмайман, — дейди Мур. — Бу сигналдир".
Эҳтимол, ЕА шу йўл билан ФИФАни омма фикрини тинглашга мажбур қилиб, нархни туширмоқчи ва шерикчилик алоқаларини давом эттирмоқчидир...
ФИФА нархи тушиб кетишидан қаттиқ қўрқади: АҚШ, Мексика ва Канадада бўладиган ЖЧ футбол тарихидаги энг муваффақиятлиси бўлиши кутилмоқда
Оммавий фикрдан ташқари, бошқа масалалар ҳам ФИФА учун бош оғриқ бўлмоқда. Бир томондан, 2020 йилдаги молиявий йўқотиш ва ҳомийлар билан бўлган қийинчиликлар федерация тезроқ келишишига мажбур қилмоқда.
"Ҳозир ФИФА EA Sportsдан кўра, кўпроқ таваккал қилишига тўғри келмоқда, – тушунтиради Слуцкин. – Эҳтимолий коррупция борасидаги ишдан кейин ("ФИФА-гейт" 2015 йил) компания ҳомийлар билан ишлари, муносабатлари унчалик яхши эмас. Кўплаб ҳамкорлар келишувларни бекор қилишди. EAдан бошқа ФИФАга пул бериши мумкин бўлган ягона вариант – Хитойнинг эҳтимолий компанияси: мисол учун, Alibaba ёки Wanda Group. Улар бу ишга миллиард доллар тикишлари мумкин. Бироқ бундай ўйинга талаб қанчалик бўлиши номаълум. Сабаби EAда ўн йиллар давомида тўпланган мижозлар аудиторияси бор".
Бошқа томондан ФИФА лицензияси нархининг бундай кескин кўтарилиб кетиши қўрқув билан боғлиқ.
"ФИФА ҳозирги ҳамкорлардан иложи борича кўпроқ маблағ ишлаб олмоқчи ва қўшимча даромад манбаидан қуруқ қолишдан қўрқади, – давом этади Слуцкин – Қатардан кейин жаҳон чемпионати – АҚШ, Канада ва Мексикада бўлади. Моддий томондан бу тарихдаги энг муваффақиятли мусобақалардан бири бўлиши турган гап. EA Sports билан шартнома имзолаб, камида тўртта даврга ФИФА ўзини битта компанияга боғлаб қўярди. Бу давр мобайнида бутун бошли авлод алмашинуви содир бўлади".
Аслида, келишмовчиликнинг сабаби нафақат пулда, балки ҳуқуқлар ҳажмида ҳам. NY Times хабарига кўра, ФИФА нафақат кўпроқ пул ишлаб топмоқчи, балки EA Sports"нинг эксклюзивлик ҳуқуқларини ҳам қисқартирмоқчи. EA эса нафақат ўйин номини ва жаҳон чемпионати ҳуқуқини қўлга киритишни, балки ЖЧ учрашувлари ҳайлайтларидан фойдаланиш, ФИФА ва NFT (non-fungible token) остида расмий мусобақалар ташкил қилишни истайди.
Кучларнинг бундай тақсимланиши футбол олами икки гиганти музокараларини қийинлаштириб юборди, аммо Слуцкин ФИФА янги технологияларга бунчалик тез эга чиқишига ишонмайди.
"Назаримда, ФИФА иш жараёнидаги ҳар қандай янгиликларга оғир муносабатда бўлади, – давом этади у. – Мисол учун, ВАР билан боғлиқ вазиятни яхши биласиз. Теннисда 30 йилдан буён бу каби технологиялардан фойдаланишади, ФИФА эса охиргача уни рад қилди. Ташкилот бу каби саволларда аста-секин қарор чиқаради. Ҳозир улар NFT билан ёки бошқа технологиялар бозор тарихига тезкор равишда ёриб киришига ишониш қийин.
Эксклюзив ҳуқуқ билан боғлиқ воқеалар тарихига назар ташласак, одатда унда "яширин фишкалар" бўладики, бошқа ҳомийлар билан шартнома имзолаш имконини беради. Эксклюзив – жуда катта миқдордаги суммалар тўлайдиган, биринчи даражали ҳомийларда бўлади: McDonald’s, Coca Cola. Назаримизда, ФИФА бу вазият учун қандайдир режаси бордек. Спорт ўйинлари мавзуси фэнтези-менежерлар, мобил ўйинлар билан бевосита алоқадор бўлади. ФИФА эксклюзив ҳуқуқ ёрдамида EAни ривожланиш йўлини тўсишга уринар. Ҳозирнинг ўзида Хитойнинг қандайдир компанияси билан музокаралар олиб борилаётган бўлса ажаб эмас. Балки яқин вақтлар ичида Fortnite ёки PUBGга ўхшаш, фақатгина футбол билан боғлиқ, бирор ўйинни кўрармиз.
Агар шундай бўлса, бу ФИФА учун идеал келишув бўлмайди, чунки нолдан яратилган ўйин қанчалик уринмасин, EA Sports симуляторини ортда қолдира олмайди. Слуцкиннинг сўзларига кўра, бу алоқанинг узилиши натижасида федерация нафақат даромад манбаини йўқотади, балки классик футболни 90 дақиқа кўрмай қўйган, ёшлар ўртасида оммалашув воситасидан ҳам айрилади.
Агар музокаралар чиндан тўхтатилса, 30 йиллик ўйин серияси камида олдингидек бўлмайди.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments