"Евро-2021 ҳамда Олимпия ўйинларида ғолиб бўлишимизга ишонаман". Испаниялик ёш вундеркинд Дани Ольмо билан суҳбат
12 oct 2020 14:01
News
"Евро-2021 ҳамда Олимпия ўйинларида ғолиб бўлишимизга ишонаман". Испаниялик ёш вундеркинд Дани Ольмо билан суҳбат
Айниқса, пандемия даври ва ундан кейинги босқич кўпчиликка унутилмас онларни тақдим этди. Шу билан бирга, ўтган мавсум давомида аксарият мухлислар эътибори ёш талантларга қаратилди, десак янгилишмаймиз, айниқса, Бундеслигада. Санчо, Холанд, Упамекано сингари ёш вундеркиндлар ўз клубларида ёрқин натижалар ҳамда бир қанча шахсий рекордларни қайд этишди. Уларнинг орасида яна бир ёш, истеъдодли испан футболчиси ҳам борки, у ҳақида қисқача сўз юритамиз.
Дани Ольмо "Лейпциг" клубининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси ҳисобланади. Ўтган йили ноябрь ойида миллий жамоага чақирув олган Дани 4та баҳсда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасини бир маротаба ишғол этди. Қисқа фурсат ичида ёмон натижа эмас. У "буқалар" сафида эса январдан бери фаолият юритиб келади ва 15та учрашувда 3та голни ўз ҳисобига ёздириб қўя олган. Лекин Ольмо ҳақида гап кетганда барибир унинг бу каби яқин ўтмишдаги натижалари эсга келмайди. У ўзи энг қадрли деб ҳисоблаган ҳамда фаолиятидаги энг йирик титул шубҳасиз U-21 Европа чемпионлигидир. Буни у қуйидагича хотирлайди:
"Қачонки мен бу мусобақани эсласам, этим беихтиёр жимирлаб кетади, ажойиб туйғуларни қайта бошдан кечираман. Ҳар бир футболчининг карьерасидаги унутилмас ва ёрқин битта мундиали эсида узоқ сақланади. Тўғри, ҳали мен жуда ёшман, лекин 2019 йилдаги Европа чемпионати менинг ҳозиргача энг йирик ғалабам ва у ўзим учун кўп қирраларни очишимга сабаб бўлган турнир ҳисобланади. Унгача мен қанот футболчиси эдим, кейинчалик ўйинлар давомида ҳужум ортида ўйнай бошладим. Шундан кейин мени голга бўлган иштиёқим ортиб кетди десам янгилишмайман", - дейди Ольмо.
Дани Ольмо ўша пайтлар Загребнинг "Динамо" клубида тўп тепар эди. Ўзи учун омадли келган мундиалда у кетма-кет 4 баҳсда 3та гол уришга муваффақ бўлди. Финалдаги ёрқин ўйини сабаб "man of the match" совринини қўлга киритди. Ўзининг кичик-кичик шахсий муваффақиятлари натижаси ўлароқ юқорида таъкидланганидек, дастлаб миллий жамоага, кейинчалик Германиянинг номдор клубларидан бирига бориб қўшилади. 2020 йил у ва клуби учун мисли кўрилмаган натижаларга бой бўлди.
"2019 йил мен учун совринларга бой бўлган, лекин 2020 йил шунчаки ажойиб эди. Тан олиш керак, ўтган мавсумдаги натижаларимизни кўпчилик қатори баъзи мухлисларимиз ҳам кутмаган эди. Боримизни бериб тер тўкдик ҳамда ЕЧЛ кучли тўртталигидан жой олдик. Бу клуб тарихидаги энг катта ва тарихий натижа ҳисобланади. Бундеслигада ҳам ёрқин ўйинлар билан 3-ўринни эгалладик. Ўша мавсумнинг ҳиссиётлари ҳали ҳам мени тарк этгани йўқ (кулги билан)", - дейди Дани.
Дани Ольмо футболчилар оиласида вояга етган. Унинг отаси Майкл Ольмо ёшлигида Испаниянинг бир қатор пастки дивизион клубларида тўп тепганини кўпчилик билмаслиги мумкин. Ҳозир эса Баҳрайннинг "Манама" клуби бош мураббийи лавозимида ишлаб келади. Акаси Карлос Ольмо эса Загребнинг "Динамо 2" клуби ҳимоячиси ҳисобланади.
"Мен ҳалигача улардан кўп нарса ўрганаман. Отам ва акам менга майдонда ва унинг ташқарисида қандай инсон бўлиш кераклигини уқтиришади. Отам жуда катта тажрибаси билан менга намуна бўлиб келмоқда", - дейди Ольмо.
My dream never changed since I was a child. What’s yours?#WorldDreamDay pic.twitter.com/vlfDn7WpwZ
— Dani Olmo (@daniolmo7) September 25, 2020
Биласиз, Дани "Барселона" мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Лекин у 16 ёшида "Ла Масия" ни ва умуман шаҳарни тарк этишга қарор қилди. Асосий таркибдан жой тегавермагач, Загребга йўл олди ва шаҳарнинг асосий жамоаси таркибидан муқим ўрин эгаллади. Ўйин даражаси ҳам айнан Хорватия диёрида юқори темпда ўсиб борди. Кейинчалик у ўзининг бу қарорини машғулотлар жараёнидан катта ўйинларга қўйилган дастлабки ва жиддий қадам деб баҳолади, "Барселона"дан миннатдорлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Ольмонинг ушбу мавсум ҳамда келаси йилги мундиаллардан умиди катта.
"Пандемия даври футболнинг жуда кўплаб соҳаларига салбий таъсир кўрсатди. Анчайин тиғиз тақвимда ўйнашимизга тўғри келади. Бунда энергияни бир маромда тақсимлаш энг муҳим вазифамиз ҳисобланади. Бунинг устига келаси йил иккита катта мусобақа мени кутиб турибди - Европа чемпионати ва Олимпия ўйинлари.
Миллий термада Луис Энрикенинг таркибидан жой олиш менга фахр туйғусини беради. Олимпия ўйинларида қатнашиш эса нафақат футболчи, балки ҳамма спортчининг орзуси ҳисобланади. Иккала турнирни ҳам ютишимизга ишоняпман. Уни ҳозирдан масъулиятиани ҳис қилиш деярли имконсиз. Менимча футболчи учун бунданда кўпроқ мотивация бўлмаса керак. Келаси йил фантастик темпда ўтиши шубҳасиз. Клубдаги жамоадошим Клостерман ҳам буни таъкидлаган.
У 2016 йил Бразилияга қарши Олимпиада финалида ўйнаган. Ушбу мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашганда унинг нақадар масъулияти юқори эканлигини ҳис этаман. Мени бекорга термага чақиришгани йўқ албатта. Ишонч билдиришдими, ўйин даражамни янада ошириб, бундай имкониятни оқлашга ҳаракат қиламан. Бунинг учун эса мени тинимсиз меҳнат кутиб турибди", - дейди футболчи.
Дарҳақиқат, "қизил фурия" таркиби йилдан йилга ёшариб бормоқда. Авлодлар алмашинуви ижобий эффект бераётганини ҳар қалай натижалар исботлаб турибди. Луис Энрике жамоаси кетма-кет 15 ўйинлик мағлубиятсиз серияни қайд этишмоқда. Шубҳасиз, Испания Миллатлар Лигасининг асосий фаворитларидан бири ҳисобланади. Келаси йилги Евро-2021 да ҳам юқори темпда ҳаракат қилишлари учун уларга Дани Ольмо сингари ёш истеъдод эгаларининг сермаҳсул натижалари ҳали кўп асқатади.
FIFA.COM сайтидан Юсуфбек таржимаси
Comments