ЕЧЛ. Финал: ПСЖ – “Бавария”. “Шалпангқулоқ” кимга насиб этади? (превью)
23 aug 2020 12:41
News
23 август. 23:59 (Тошкент вақти). Чемпионлар Лигаси. Финал. Лиссабон. "Эштадиу Да Луж"
Бош ҳакам: Даниэле Орсато (Италия)
Аслида жамоалар август ойи охирида одатдагидек, ёзги трансфер битимларини якунлашга шошилишарди, мавсумолди тайёргарликлар якунланиб, Чемпионлар Лигасининг саралаш босқичи ўйинлари бошланарди. Аммо, бугунги кунда ҳаммаси бошқачароқ... Бизни олдинда ўтган мавсумнинг асосий учрашуви – ФИНАЛ кутмоқда. Коронавирус плей-офф ўйинлари форматини ўзгартиришга ва жамоаларни нейтрал ҳудуд бўлмиш Португалияга йиғишга мажбур қилди.
Финал иштирокчилари ўзларининг орзулари йўлида қизиқарли йўлни босиб ўтишди. Ярим финал олдидан мавсумнинг асосий жанги – немислар ўртасида ёки французларнинг ўзаро беллашуви остида кечишини кутганлар ҳам бўлди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Барчаси янада гўзалроқ ва кўпчилик истаганидек ўтадиган бўлди.
44 йил ичида биринчи марта Франция ва Германия клублари Чемпионлар лигаси финалида тўқнаш келишади. Шубҳасиз, ПСЖ ва "Бавария" ҳозирда ўз мамлакатларидаги энг яхши клублардир.
Финал йўлида
ПСЖ турнирда "Реал", "Брюгге" ва "Галатасарой" билан бир гуруҳдан жой олди ва тўртта ғалаба билан старт олди: "қаймоқранглилар" уйда мағлубиятга учратилди (3:0) ва бошқа рақиблардан битта ҳам гол ўтказиб юборилмади. Томас Тухель шогирдларининг гуруҳ босқичидаги "қоқилиши" фақат 5-турда, Мадриддаги учрашувда (2:2) содир бўлди – дуранг, аммо бу гуруҳ етакчилиги ўрнига ўз таъсирини ўтказмади.
Шунга қарамай, Париж клуби плей-оффнинг биринчи турида анча тер тўкишига тўғри келди – "Боруссия Д" билан дуэль осон кечмади. Дортмундда француз клуби 1:2 ҳисобида енгилди, Эрлинг Холанднинг дубли "Боруссия"га ғалаба келтирди. Жавоб баҳсида Неймар ва унинг жамоадошлари 2:0 ҳисобидаги ғалабани тантана қилдилар. Хабарингиз бор, ундан кейин яккалик баҳслар бошланиб кетди. Дастлаб, чорак финалда "Аталанта" билан ўйинда қийин ғалабага эришилди, ярим финалда эса ўйин сифати юқори планкага чиқиб, "Лейпциг" йирик (3:0) ҳисобда таслим қилинди.
"Бавария" бу йил ҳеч қандай хатога йўл қўймайди. Кўпгина статистикалар бўйича Чемпионлар Лигасида шунчаки "Бавария"дан яхшироқ жамоа йўқ. "Бавария" гуруҳ босқичида мукаммал натижага эришди (рақиблар "Црвена Звезда", "Олимпиакос" ва "Тоттенхэм"): 6 та ўйин - 6 та ғалаба! Шулардан 3 таси ўта йирик ҳисобда. Даҳшат! "Бавария""Тоттенхэм"га умумий 10 та, "Црвена Звезда"га 9 та, "Олимпиакос"га 5 та гол урди. Бу ҳазил эмас.
Нимчорак финалда "Челси" икки ўйин натижасига кўра 7:1 ҳисобида мағлубиятга учратилди, кейин чорак финалда "Барселона" тор-мор келтирилди - 8:2! Ярим финалда эса "Лион" устидан ишончли ғалабага эришилди - 3:0.
ПСЖ - "Бавария": воқеалар жанги
Умуман олганда, ушбу жамоаларнинг қарама-қаршилигини бирон бир тарихий ёки ҳаддан ташқари принципиал деб номлаб бўлмайди. Ҳозиргача рақиблар 8 марта тўқнаш келишган ва Париж томони 2 та кўпроқ ғалабага эга (90-йилларда қўлга киритилган). Тўғри, улар яқиндагина Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида учрашишди – икки йил олдин, ПСЖдан учралган мағлубият (0:3) Карло Анчелотти учун қимматга тушди, аммо Юпп Хайнкес туфайли "Бавария" ўзига хос қасос олишга муваффақ бўлди (3:1).
Аввало, бу Томас Тухель учун жуда қийин синов. Немис мутахассиси "Майнц" ва "Боруссия"даги фаолияти давомида "Бавария"ни хафа қила олган пайтлар бўлган. Ҳатто, у 2018 йилда "Бавария" бош мураббийи лавозимига энг яхши номзодлардан бири эди, аммо Дортмундда унинг обрўси бир оз пастлагани туфайли Мюнхен клуби раҳбарияти бу танловдан шубҳаланиб қолди... "Бавария" жуда узоқ ўйлади ва Тухель ПСЖ билан келишувга эришди. Натижада, мана кўриб турибсиз, Париж клуби Томас билан илк бор финалга чиқди.
Фақат мураббийдагина қўшимча мотивация мавжуд эмас, чунки "Бавария"нинг собиқ ўйинчиси Хуан Бернат иштиёқ билан Парижга йўл олди – "Бавария" президенти Ули Хёнесснинг айтишича, жамоа испаниялик туфайли Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетиши мумкин эди. Эндиликда Бернат ПСЖда ўзини намоён қилмоқда, у "Лейпциг"га гол урди ва умумий 6 та голидан 5 тасини айнан Чемпионлар Лигасида урган. Балки Мануэль Нойер қўриқлаётган даврозага тўп киритиш у учун жуда муҳим аҳамият касб этар. Яна ким билсин.
"Пари Сен-Жермен" ҳеч қачон Чемпионлар Лигаси финалида ўйнамаган. Париж ўз тарихидаги асосий учрашувга борадиган йўлда Германиянинг икки жамоаси - “Боруссия” Дортмунд и “РБ Лейпциг”ни мағлуб этди. Энди эса Бундеслиганинг яна бир клуби Париж жамоасининг Чемпионлар Лигасидаги тарихий ғалабасига тўсқинлик қилиши мумкин.
Финалдаги фаворит - шубҳасиз, "Бавария". Нега дейсизми? "Бавария" 2020 йилда бўлиб ўтган 26 ўйиннинг 25 тасида ғалаба қозонган.
Тахминий таркиблар
“Пари Сен-Жермен”: Навас – Керер, Тиаго Силва, Кимпембе, Бернат – Верратти, Маркиньос, Эррера – Ди Мария, Неймар, Мбаппе
“Бавария”: Нойер – Киммих, Боатенг, Алаба, Дэвис – Горецка, Тиаго – Перишич, Мюллер, Гнабри – Левандовски
Мураббийлар фикри
Томас Тухель (ПСЖ бош мураббийи): "Ҳозирда "Бавария" ақл бовар қилмас даражадаги серияга эга. Бу жамоада ёш, тиришқоқ ва тажрибали футболчилар жамланган. Мен Навас билан жуда кўп суҳбатлашаман (собиқ турнир ғолиби сифатида). Бизда шунингдек, ушбу мусобақада ғолиб чиққанлардан ди Мария ва Неймар ҳам бор. "Бавария" бир оз устунликка эга эканлигига қўшиламан, чунки улар бундай финалларда ўйнашга одатланганлар. Бироқ бу ҳал қилувчи омил бўлмайди".
Ханс-Дитер Флик ("Бавария" бош мураббийи): "Биз ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳамма режаларимиз 100 фоиз иш берса, бу ўйинда ғалаба қозона оламиз. ПСЖ Чемпионлар Лигасида атиги бешта гол ўтказиб юборди - бу турнирнинг барча иштирокчиларидан кам . Бу шуни англатадики, уларнинг ҳимоя чизиғи вакиллари ҳужумчилари каби яхши ўйнайди. Бизда ўйин учун режа бор ва финалда буни бажара оламиз деган умиддаман".
Рақамлар ва фактлар
- "Бавария" Чемпионлар Лигасидаги ҳар бир ўйинда ўртача 4,2 та гол уради. Мюнхенликлар жами 42 та гол уришди, бу 1999/2000 йилги "Барселона"дан учтага кам (45). ПСЖ жорий мавсумда 25 та голга эга.
- Левандовски Роналдудан кейин Чемпионлар Лигасида кетма-кет 9 ўйинда гол урган биринчи футболчига айланди. Польшалик ҳужумчи Чемпионлар Лигасида ҳаммаси бўлиб 15 та гол урган бўлса, Серж Гнабри 9 та голга муаллифлик қилди.
- “Бавария” – “Пари Сен-Жермен” Европа тарихидаги тўртинчи немис-француз финали бўлади. Учтасида Германия жамоалари ғалаба қозонишган.
- 22 йил ичида биринчи марта икки миллий чемпион финалда баҳслашади.
- "Бавария" ва "Пари Сен-Жермен" охирги марта 2017/18 йилги Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида учрашишган. Юқорида таъкидлаганимиздек, Парижда учралган 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, "Бавария" Карло Анчелоттини ишдан бўшатган. Жавоб ўйинида Мюнхенликларнинг қўли баланд келган – 3:1.
- Томас Тухель "Майнц" ва "Боруссия" Дортмунд бош мураббийи сифатида "Бавария"га қарши 17 марта шогирдларини майдонга бошлаб тушган. Унинг кўрсаткичи – беш ғалаба, икки дуранг, ўн мағлубият.
Жамоаларнинг финаллардаги иштироки
ПСЖ илк марта Чемпионлар Лигаси финалига чиқди. Парижликлар Еврокубокларнинг 41-финалчисига айланишди ва унинг 23-соҳибига айланишлари мумкин. Французлар уч марта Европа кубоги учун курашда иштирок этган бўлиб, фақат биттасида ғалаба қозонишган:
1997 йили Кубок эгалари кубоги - "Барселона" билан 0:1
1996 йили УЕФА Суперкубоги. "Ювентус" билан умумий 2:9 (уйда - 1:6, меҳмонда - 1:3)
1996 йили Кубок эгалари кубоги - "Рапид" билан 1:0
"Бавария" олтинчи марта кубокни ютиши ва бу орада "Ливерпуль"га етиб олиши мумкин. Кўпроқ ғолиблик фақат "Реал" (13) ва "Милан" (7) ҳисобида мавжуд. "Бавария"нинг Европа Чемпионлари Кубоги/Чемпионлар Лигаси финалларидаги статистикаси - 5 ғалаба, 5 мағлубият:
1974 йил: "Атлетико"га қарши 4:0 (1:1 ҳисобидаги дурангдан кейин такрорий ўйин ўтказилган)
1975 йил: "Лидс"га қарши 2:0
1976 йил: "Сент-Этьен"га қарши 1:0
1982 йил: "Астон Вилла"га қарши 0:1
1987 йил: "Порту"га қарши 1:2
1999 йил: "Манчестер Юнайтед"га қарши 1:2
2001 йил: "Валенсия"га қарши 1:1 (пенальтилар бўйича ғалаба - 5:4)
2010 йил: "Интер"га қарши 0:2
2012 йил: "Челси"га қарши 1:1 (пенальтилар бўйича мағлубият - 3:4)
2013 йил: "Боруссия" Дортмундга қарши 2:1
Муаллиф тахмини: Ушбу ҳал қилувчи ўйин мавсумдаги энг қизиқарлиси бўлса керак. Ҳар икки жамоанинг ҳужум чизиғи вакилларига гап бўлиши мумкин эмас. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, дунё футболининг номдор форвардлари бугун ўзларини намоён этадилар. Демак, умумий қилиб айтганда, ҳимояда ким яхшироқ ўйнаса, шу жамоа финални юта олади. Барча факторларни инобатга олган ҳолатда "Бавария"нинг ғалабасини кутмоқдаман. Энг асосийси, чиройли ва голларга бой ўйин кутиб қоламан. Умид қиламанки, ушбу финал ЕЧЛ тарихидаги энг яхшиларидан бири сифатида тарих зарварақларидан жой эгаллайди. Ойлайн матнли трансляцияда ғойибона кўришгунча!
Шерзод Нурматов тайёрлади.
Comments