Latest news

01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  2 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  2 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8 17:03Ўзбекистон МТЖнинг ноябрь ойидаги йиғин учун тахминий таркиби  58

ЕЧЛ. "Арсенал" яна "Бавария" "қармоғига" тушадими? Мадридда эса аёвсиз жанг кечади News

ЕЧЛ. "Арсенал" яна "Бавария" "қармоғига" тушадими? Мадридда эса аёвсиз жанг кечади

Кечаги Парижда ўтган шоудан кейин миллионлар ўйинининг ишқибозлари навбатдаги футбол кечасини интиқлик билан кутишмоқда.


Европада ҳақиқий футбол байрами давом этади.

Европа чемпионлар лигасининг нимчорак финал доирасидаги "Бавария" - "Арсенал" ҳамда "Реал" - "Наполи" беллашувлари ҳар қандай мухлисни ўзига ром этади.

Бу иккала учрашув ҳам нимчорак финал босқичининг марказий тўқнашувлари сирасига киради.

Мюнхенда ўтадиган "Бавария" ҳамда "Арсенал" учрашуви нимчорак финалнинг энг катта афишали тўқнашуви ҳисобланади.

Ушбу жамоалар Европа чемпионлар лигасида ўзаро дуч келишлари одат тусига айланди.

"Бавария" ва "Арсенал" охирги 5 йил ичида 4 маротаба тўқнаш келишлари. Ҳар гал "Бавария" "Арсенал"ни Европа чемпионлар лигасидан чиқариб юборишга эришган. Ўтган йили эса бу эски танишлар гуруҳ босқичида бирга тушишганди.

"Бавария" айни пайтда Германия Бундеслигасида якка пешқадам, Германия кубоги баҳсларида ўз иштирокини давом эттирмоқда. Европа чемпионлар лигасининг муҳим палласи эса энди бошланмоқда.
"Бавария" Карло Анчелотти қўл остида ҳали ҳеч бир мусобақада ғолиблик учун имкониятни йўқотгани йўқ. Лекин шунга қарамай ушбу италиялик мутахассисни ишини танқид қилгувчилар ҳам топилмоқда. "Бавария" ўйин жиҳатидан пастлаганини, аввалгидек тажовузкорликни йўқотгани таъкидланиб, муҳим беллашувларда мюнхенликларга жуда қийин бўлиши тахмин қилинмоқда.
Тўғри, Анчелотти бошқарувида "Бавария" гуруҳда "Атлетико"дан кейин иккинчи ўринни олди. Гуруҳ босқичида "Атлетико" ва "Ростов"га ютқазилди. Чемпионатда фақатгина "Боруссия Дортмунд"га қарши беллашувда имконият бой берилди. Ўртада эса дуранглар учради. "Бавария" ички чемпионатда ғалабаларга осонликча эришмаяпти, кўплаб учрашувларда ғалаба охирги дақиқаларда қўлга киритилмоқда. Шу жиҳатлар кўпчилик мутахассислар ва мухлислар наздида "Бавария"ни кучсизланганини англатмоқда. Лекин аслидачи?
Ҳа, Гвардиоланинг бошқарган "Бавария" нисбатан кучсиз рақибларни тор-мор этарди, бутун учрашув давомида катта устунликка эришиб, йирик ҳисобларни қайд этарди. Европа чемпионлар лигасида ҳам гуруҳ босқичини ҳар сафар биринчи ўринда тугатарди. ЕЧЛ ярим финалига қадар деярли ортиқча қийинчиликсиз борарди. Аммо муҳим баҳсларда ўша "Бавария" беозор мусичага айланиб қолгани, "Реал" ва "Барселона" у жамоани не куйларга солгани, уч йил кетма-кет учта испан грандларига навбатма-навбат ютқазиб, мусобақани тарк этганидан барчанинг хабари бор. Хавфли ва йиртқич кўринган "Бавария"нинг бутун қуввати февралдан сўнг, баҳорга келиб тугап қолгани ҳам ҳақиқат. Анчелотти ҳам бу жиҳатларни алоҳида эътиборга олгани ва шунга яраша жамоани муҳим ўйинларга тайёрлаётганига шахсан менда шубҳа йўқ.
"Барселона"га ўхшаб "Алавес" каби рақибларга жавобсиз олтита гол уриб, кейин Парижда шарманда бўлганидан кўра, "Ингольштадт" билан бўлса ҳам сўнгги дақиқаларда учрашув тақдирини ҳал этиб, бутун ўйин давомида консентрацияни тўғри ушлай олиш ҳозирда муҳим аҳамиятга эга. Шундагина жиддий рақиблар қаршисида ҳам жамоа эсанкираб қолмайди. Анчелотти мураббийлик бой тажрибасидан ҳам буни жуда яхши билади.   
Шу боисдан ҳам "Бавария"нинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб уларга якуний баҳони беришга шошилмаган маъқул.
Карло Анчелотит жамоаси бундан буёғига ўйиндан-ўйинга кучайиши, ҳар бир чизиқлар ўртасидаги боғлиқлик жипслашиб бориши аниқ. Анчелотти асосий урғуни керакли балансни ушлашга қаратиб, жамоани баҳорга келиб оптимал формага чиқаришга уринмоқда.

Ҳар қандай вазиятда ҳам "Арсенал"га "Альянц Арена"да жуда қийин бўлиши шубҳасиз.

"Бавария" таркибидаги йўқотишларга келадиган бўлсак, мюнхенликларнинг икки нафар етакчи ва асосий аъзолари Жером Боатенг ва Франк Рибери жароҳатлари боис учрашувни ўтказиб юборишади. Хаби Алонсонинг жароҳат олгани ва футболчи учрашувда иштирок этолмаслиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ.

Анчелотти Боатенгнинг ўрнини Мартинез билан, Риберини эса Дуглас Коста билан тўлдиради.

"Бавария"нинг энг хавфли футболчиси ким? Бу жамоа таркибидаги исталган футболчи хоҳлаган вазиятда ўйин тақдирини ҳал этишга қодир. "Арсенал" "Бавария"нинг барча футболчиларидан хавф кутиши мумкин. Асосий хавф эса Роберт Левандовски, Арьен Роббен ва Томас Мюллердан келади. Дуглас Коста ҳам ўзиниг тезкор рейдлари ва ажойиб дриблинглари орқали "Арсенал"нинг ўнг қанот ҳимоячиси Бельеринга етарлича ташвиш туғдиради. Марказда эса табиатдан жангчи ҳисобланган Артуро Видаль жавлон уради.


"Арсенал" борасида нима дейиш мумкин? Бу жамоа ҳали таъкидлаганимиздек, ҳар гал "Бавария"дан азият чекиб келади. "Канонирлар" бу сафар ушбу нохуш анъанани бузишга ҳаракат қилишлари тайин. "Арсенал" ҳар доимгидек мавсумни "арсеналча" ўтказмоқда. Яъни жамоа доимгидек (4!) ўз ўрнида бормоқда. "Арсенал" энди яхши қўзғалгандек бўладию, тепаликка юқорилайман деганда "газ"ни қўйиб юборади. Натижада кучсиз рақиблар билан бўладиган баҳсларда ҳам қимматли очколар бой берилади. Жамоа мунтазам бир хил текисда барқарор ўйин кўрсата олмайди. Бу кўпроқ жамоага ғолиблик руҳи етишмаслиги билан боғлиқ масала. Арсен Венгер айнан шу сифатни футболчиларга сингдира олмаяпти. Месут Ўзил, Алексис Санчес ва Петр Чех жамоага келганидан сўнг ана энди "канонирлар" ҳақиқий чемпионларга хос характерга эга футболчиларни жалб этди, буёғига "канонирлар"ни ўз ортидан етаклайдиган футболчилар пайдо бўлди, деганлар ҳам янглишишди. Алексис Санчес, Ўзил ва Чех жамоанинг ҳақиқий етакчиларига айланишди. Аммо "Арсенал"нинг умумий фони барибир ўзгармади. Бош қўмондон Арсен Венгер жамоага ғолиблик руҳини, ҳақиқий топ даражадаги грандларга хос бўлган характерни узлаштира олмаяпти.
"Арсенал" ҳамон ўша-ўша, топ савиядаги жамоалардан бир поғона паст, ўртамиёналардан эса бир бош устун жамоа бўлиб қолмоқда.
Жамоанинг асл ўйин фалсафаси, яъни ҳужумкорлиги, тўп билан муомалада бўлиш иштиёқи ҳечам ўзгармаган. "Арсенал" доимгидек жуда тез ва чаққон жамоа. Ғалабага чанқоқ, десак ҳам муболаға бўлмайди. Лекин уларга "Бавария", "Барселона", "Реал" каби жамоалар билан ўйнаш билими етишмайди. Айнан шу жамоалар соясида "Арсенал" ўзини йўқотиб қўяди. Бўлмасам Арсен Венгер неча маротаба "Бавария" ва "Барселона" билан дуч келган. Лекин ўша ўйинлардан тўғри хулоса чиқариб, уларга қарши қандай ўйнаш кўлланмасини ярата олмаяпти. "Арсенал"нинг энг ожиз нуқтаси айнан шунда.

Куннинг ёки ЕЧЛнинг нимчорак финалидаги асосий савол: "Арсенал" "Бавария"ни қандай таслим этиш чораларини излаб топдими?

Бу саволга яқин орада жавоб оламиз. Арсен Венгердек бой тажрибага эга мураббий буёғига нимадир ўйлаб топиши лозим. Шунча йиллик тажриба ўз мевасини бермоғи даркор. Акс ҳолда "Арсенал"нинг ўрта нуқтада қотиб қолаётгани фақатгина мураббий билан боғлиқ муаммо эканлиги шундоқ кўзга ташланиши мумкин.

Мюнхендаги учрашувда сўзсиз "Бавария" фаворит. "Арсенал"нинг бош вазифаси меҳмонда гол уриш. Европа чемпионлар лигаси плей-офф учрашувида сафардаги гол қоидаси жуда катта устунлик бериши мумкин. Арсен Венгер бугун айнан шу жиҳатга эътибор қаратиши аниқ.
"Арсенал"нинг ҳужумдаги ишлари яхши. Бироқ ҳимоядаги муаммо ва камчиликлар кўзга ташланиб турибди. Жамоа мудофаа чизиғини ишончли тарзда қўриқлашга яхшигина муаммоларга эга.

Шунингдек, бугун ЕЧЛда Алекс Фергюсондан (190) кейинги энг кўп ўйин ўтказган иккита гигант мураббийлар тўқнашуви бўлади. Карло Анчелотти (147) ва Арсен Венгер (182) ҳозирги кунда ишлаб турган мураббийлар ичида ЕЧЛда қатнашиш бўйича энг бой тажрибага эга мутахассислар саналишади.
Арсен Венгерда ўйинлар сони кўп. Аммо Анчелотти уч маротаба Европа чемпионлар лигаси бош совринини боши узра баланд кўтарган. Арсен Венгер эса ҳали ушбу соврин таъмини татиб кўргани йўқ.


"Альянц Арена"даги тўқнашувни ўтказиб юбориш бу футбол тили билан айтганда фол. Шу боис футбол ишқибозлари бугун тунда ўйин қоидасини бузмасликлари, яъни фол қилмасликлари шарт.

Ўзаро ўйинлардаги факт:
"Бавария" ҳамда "Арсенал" барча мусобақаларда жами 10 бор тўқнаш келишган. "Бавария"да 5 ғалаба, "Арсенал" эса 3 бор устун келган. Иккита учрашувда дўстлик ғалаба қозонган.
Тўплар нисбати: 17-11, "Бавария" фойдасига.


* "Арсенал"га жароҳати сабаб Рэмзи ва Касорла кўмаклаша олмайди.
* "Бавария"нинг ЕЧЛда уйдаги ўйинларидаги ғалабали серияси 15та учрашувни ташкил қилади.


"Бавария" - "Арсенал" (00:45)
"Альянц Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Милорад Мажич (Сербия)

"Бавария" (тахминий таркиб) - Нойер, Лам, Мартинес, Хуммельс, Алаба, Алонсо, Видаль, Алькантара, Коста, Роббен, Левандовски.

"Арсенал"
(тахминий таркиб) - Оспина, Бельерин, Косьелни, Мустафи, Монреаль, Эльнени, Коклен, Чэмберлен, Ўзил, Санчес, Уэлбек.



Туннинг яна бир муҳим ўйини Мадридда кечади. Европа чемпионлар лигасининг амалдаги соҳиби "Реал" нимчорак финалда "Наполи"ни қабул қилади.

Аҳамиятли ва қизиқарлиги билан бошқа жуфтликлардан ҳеч ҳам қолишмайдиган ушбу тўқнашув мухлисларга ажойиб байрамни тақдим этиб беришига шак-шубҳа йўқ.

"Реал" Зинедин Зидан қўл остида Ла Лигада карвонбошчилик қилмоқда. "Наполи" эса Италия А Сериясида яхшигина қузғалишни амалга оширган. Маурицио Сарри "Наполи"ни йирик жамоага айлантириш пайида. Зидан эса узоқ давом этган мағлубиятсиз сериядан кейин жамоа балансини йўқотиб қўйгандек бўлди. Айнан ўша ёқимли серия якунлангач "Реал" ўйинларида пасайиш кузатилмоқда.
Тан олиш керак, "Реал" аксарият учрашувларни омад туфайли ўз фойдасига ҳал этди. ЕЧЛ гуруҳ босқичида эса Дортмунднинг "Боруссия" жамоасидан кейин  иккинчи поғонани эгаллади. Испания примеросида "Реал" гарчи яхши иштирок этаётган бўлсада, жамоанинг ўйини кўплаб танқидларга учрамоқда. Айниқса бош мураббий сифатида Зидан кўп койилмоқда. "Реал"да аниқ бир ўйин тизими йўқлиги танқид қилинмоқда.
Устига-устак Бенземанинг ҳадеб асосий таркибга қўйилиши, Роналдунинг муваффақиятсиз ўйинлари "Реал"нинг қудратини ушбу беллашув олдидан шубҳа остига қўймоқда.
Зидан ўзининг анъанавий тактик схемаси бўлган 4-3-3ни ўтган баҳсда "Осасуна"га қарши 3-4-3га ўзгартирди. Франциялик мутахассис учта марказий ҳимоячи билан ўйнашни маъқул топди. Бу "Наполи" билан беллашув олдидан имтиҳон бўлдими ёки Зидан яна эски услубига қайтадими-йўқми, буни бугун билиб оламиз. Катта эҳтимол билан "Реал" "Наполи"га қарши Антонио Контенинг "Челси"да қўллаётган услубидан ҳам фойдаланиши мумкин.

"Наполи" эса аксинча ўйиндан-ўйинга очилиб бормоқда. Маурицио Сарри бошчилигидаги неаполликлар 4-3-3 тактик схемасида муваффақиятли ва самарали ўйнашмоқда. "Наполи" сўнгги бор мағлубиятга учраганига 3 ойдан кўпроқ вақт ўтди. Ўшанда "Наполи" "Юве"га ютқазиб қўйганди. Шундан сўнг Маурицио Сарри бошчилигидаги жамоа ҳеч бир рақибга имкониятни бой бергани йўқ. Жамоада айни паллада руҳий тарафлама устунлик, ғолиблик ҳисси юқори. "Наполи"нинг ҳужумдаги "учлиги" Инсинье-Мертенс-Кальехон "Реал" ҳимоясига етарлига бош оғриқ туғдиради. Бу "учлик"нинг энг асосий устунлик жиҳати бу уларнинг барчасида юқори тезлик борлигидир. Маурицио Сарри эса жамоани қарши ҳужумда қандай ўйнатишни жуда яхши билади. "Реал" кўпроқ айнан шу жиҳатга эътибор қаратишга мажбур. Акс ҳолда бу уччовлон Мадридда бенефис қилиб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас.
"Наполи"нинг мудофаа чизиғи ҳам анча тартибли ўйнамоқда. Кулибали ва Альбиол тандеми марказни "ёпиш"да ишончли ўйнашади. Қанотларда  эса Ғулом ҳамда Хюсаи анча фаол.


"Наполи"нинг Игуаиннинг ўрнига топган топилмаси Аркадиуш Милик мавсумнинг илк қисмида жароҳат олганидан сўнг "Наполи"нинг ҳужум чизиғида катта муаммолар бўлиши тахмин қилинганди. Аммо доно Маурицио Сарри бу кемтикни Мертенс орқали чиройли ёпиб қўйди. Мертенс охирги ўтказилган 11та ўйинда жами 14та гол киритишга ва бир нечта голли узатмаларни амалга оширишга улгурди.

Нима бўлган тақдирда ҳам Мадридда бугун аёвсиз жанг кечади. Ҳеч бир жамоа шунчаки таслим бўлишни истамайди.

Эътиборлиси, "Наполи" сафида икки собиқ "Реал"чи Альбиол ва Кальехон ҳаракат қилади.

* "Наполи" кетма-кет 18 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда.
* "Реал" кетма-кет 7 маротаба чорак финалга йўл олиши мумкин.
* "Реал"га Гарет Бэйл жароҳат туфайли ёрдам бера олмайди. "Наполи"да эса дисквалификация ёки жароҳат олган футболчилар йўқ.

Ўзаро ўйинлардаги факт:
Бу жамоалар жами икки маротаба ўзаро дуч келишган. Шулардан бирида "Реал" ғалаба қозонган ва яна бир учрашув дуранг билан якун топган.
Тўплар нисбати: 3-1, "Реал" фойдасига.

"Реал" - "Наполи" (00:45)
"Сантьяго Бернабеу" стадиони.
Бош ҳакам
: Дамир Скомина

"Реал"
(тахминий таркиб) - Кейлор Навас, Карвахаль, Рамос, Варан, Марсело, Кроос, Каземиро, Модрич, Васкес, Бензема, Роналду.

"Наполи"
(тахминий таркиб) - Пепе Рейна, Кулибали, Альбиол, Ғулом, Хюсай, Зелиньски, Диавара, Гамшик, Кальехон, Мертенс, Инсинье.


Бугун ҳам футбол шайдолари танловни танлашда анча бош оғриғига дуч келишади. Муҳими, Мюнхенда ҳам, Мадридда ҳам томошабоп, қизиқарли ва чиройли футбол бўлиши аниқ.


Сеньор Итальян

Rating: +17   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика