Дод дегандан фойда йўқ
25 dec 2018 10:05
News
Дод дегандан фойда йўқ
Мусобақа бошланишига саноқли кунлар қолаётган бир пайтда барча жамоалар бирин-кетин якуний рўйхатни эълон қилишмоқда. Кеча Эктор Купер ҳам БААдаги мусобақага борадиган 23таликни маълум қилди.
Аввало шуни айтиш керак, Эктор Купер терма жамоамиз бош мураббийи этиб тайинланганидан бери унинг қўл остидан ўтказилган ўртоқлик ўйинларидан келиб чиқиб мураббийни бир неча бор танқид қилган бўлишим мумкин. Айтайлик, у хоҳлаётган ҳимоявий футбол бизга маъқул келмаслиги, тўпни рақибга бериб қўйиб иккинчи рақам остида ўйнашга футболчиларимиз тайёр эмаслиги ҳақида мақолалар ёздим.
Лекин Купер келганидан бери фақат бир нарсага аралашишни ўзимга умуман эп кўрмадим. Бу - йиғинга чақирилган футболчилар рўйхати. Чунки биз аввало мураббийнинг қарорини ҳурмат қилишимиз керак. Ҳар бир мураббий ўзига ёққан, ўзининг ўйин услубига мос келадиган футболчиларни танлайди. Бу бутун дунёда бор нарса.
Биз якуний таркибни аниқлашни Эктор Купернинг ўзига қўйиб бердик. Ҳеч ким унинг танловига аралашмади. Ҳеч ким фалончини олинг деб қўнғироқ ҳам қилмади. Бу мураббий қарори, биз фақат омад тилашимиз ва ижобий натижа кутишимиз керак. Энди дод дегандан фойда йўқ. Фалончи қолиб кетибди, пистончини нега олди дейиш терма жамоа зарарига ишлаши мумкин.
Юртимизда нечта терма жамоага бефарқ бўлмаган мухлис бўлса, ҳамманинг ўз хаёлида 23талик таркиби бор. Купер эълон қилган таркиб ҳақида ҳар ким ҳар хил гап айтяпти. Кимдир зўр деяпти, кимдир аксинча. Аммо барибир якуний қарорни бош мураббий қабул қилади. Аргентиналик мураббий шу ўйинчиларни Осиё Кубогига боришга лойиқ деб билдими, демак бу унинг қараши.
Купер терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинланганидан бери учта йиғин ўтказди. Ҳозир тўртинчиси давом этяпти. Бу орада у бир қанча футболчиларни синаб кўрди. Умуман олганда мураббийнинг айнан футболчилар борасидаги танловига аралашмаган маъқул. Чунки барибир натижага у жавоб беради.
Гарчи кичик жароҳат олиб Тошкентда қолган бўлса-да, "Пахтакор" дарвозабони Элдор Суюновнинг якуний рўйхатдан ўрин олишини кўпчилик қатори мен ҳам кутгандим. Аммо Купер ўзи билан Туркияга олиб кетган тўртта дарвозабондан учтасини саралаб олди. У Суюновга эҳтиёж йўқ деб ўйлади. Ҳа, футбол шундай бешафқат ўйин. Сен ҳам сайтимиз, ҳам ПФЛ томонидан "Йилнинг энг яхши дарвозабони" деб топилишинг мумкин (Суюнов бунга ҳақли), аммо жароҳатни деб рўйхатдан тушиб қолишинг мумкин экан.
Ёки Виталий Денисовни олайлик. У ҳам мусобақага боришга лойиқ футболчилардан бири эди. Аммо Купер Фаррух Сайфиевни маъқул кўрди. Демак, мураббий наздида Сайфиев ҳозирги кунда кўпроқ фойда келтира олади. Шу ўринда мени якуний таркибдан кимлар тушиб қолганидан кўра, терма жамоамизнинг Осиё Кубогида қандай ўйин намойиш кўпроқ этиши ўйлантирмоқда.
Чунки бизнинг футболчилар ҳолатидан келиб чиқиб алмаштириб бўлмас ўйинчининг ўзи қолмади. Исталган футболчи ўрнини бошқаси билан ёпса бўлади. Фақат ҳамма гап қандай ўйин намойиш этишимизда. Сўнгги сўз ўрнида эса бош мураббийнинг танловини ҳурмат қилган ҳолда терма жамоамиздан фақат ижобий натижа кутиб қоламиз. Ўйлаймизки, яхши натижа кўрсатиш Купер танлаб олган 23 ўғлоннинг қўлидан келади. Омад, йигитлар!
Comments