"Динамо" ўзи учун тўғри қарорни қабул қилдими?
25 feb 2019 16:33
News
"Динамо" ўзи учун тўғри қарорни қабул қилдими?
Суперлига бошланишига бор-йўғи 11 кун қолди. Гап структурада эмас. "Динамо" 11 кун ичида ҳеч бўлмаса 10таликка кира оладиган таркиб йиға оладими? Жуда қийин. Маблағ топилиши мумкин, лекин клуб олдида аёллар, ўринбосарлар, футзал жамоаларини шакллантириш учун атиги 11 кун вақт бор. Тўғри, аёллар ва футзал ҳозир бошланмаяпти.
Лекин жамоа 11 кун ичида ҳам ўринбосарлар, ҳам асосий таркибни аниқлаб олиши, рўйхатдан ўтказиши, талаби катта бўлган Суперлигага ишчи-гуруҳ билан тайёрланиши керак. Бу ишни "Сурхон" йил бошидан бошлаб юборганди. Чунки қандай қилиб бўлмасин "Сурхон" Суперлигада ўйнаши маълум эди, фақат бугун расман аниқлик киритилди. Чемпионатни қолдириш сабаби ҳам шунда эди.
Лекин "Динамо" шу ерда кичик хато қилди. Нега улар бунга рози бўлишди? 2019 йилги мавсумнинг ўртамиёна жамоаси бўлишга рози бўлишми бу? Ёшлар билан ўйнаймиз дейиши мумкин, тўғри, ёшларни тарбиялаш керак, лекин "Обод" мисолида кўрдикки, бу жуда қийин иш. Бу ёшлар Про-лигада ҳам учликка кира олмадилар.
"Динамо" 2019 йилни Про-лигада ўтказиб, чемпион бўлиб ана ундан кейин 2020 йил Суперлигада қатнашиши керак эди, чамамда. Бу йилнинг аутсайдери бўлиб 2020 йил яна Про-лигага қайтмасдан. Сабаби 3 ойдан бери жамоа ПРО лига савиясидаги футболчилар билан тайёргарлик кўрди. Энди Файзиевга ҳақиқатдан ҳам жуда-жуда қийин бўлади.
"Динамо"ни овунтирадиган ягона нарса "Бухоро"да таркиб бўйича бўлаётган муаммолар. Жамоанинг молиявий ҳолати яхши футболчиларнинг келишига тўсқинлик қиляпти. Лекин бу ерда Ашурматовнинг тажрибаси сабабли жамоа ҳеч бўлмаса 10таликка киришга ҳаракат қилиб кўришини кузатишимиз мумкин.
"Сурхон" эса бугуннинг ўзидаёқ келишиб қўйган футболчилари билан шартномаларни тузиб ташлайди ва қийинчиликсиз жорий йил 10талик ичида бўлади. Балки жамоа 8таликка ҳам кира олар, чунки уларнинг Суперлигада ўйнашига ишонмаган аксар футболчилар иккинчи даврада таркибга қўшилиши мумкин, клубда пул билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ.
"Динамо"дан кўра "Машъал" Суперлигада ўйнашга тайёрроқ эди. Футболчилар борасида ҳам ПФЛ йил бўйи талаб қилган лицензия ишлари бўйича ҳам. "Динамо" Суперлиганинг мажбурий обунаси бўлди деб айтиш мумкин. Буёғига Даврон Файзиев ва Илҳом Шариповга сабр тилаймиз, уларни осон бўлмаган мавсум кутиб турибди. Клуб биринчи даврада имкон қадар кўпроқ очко ишлаб олсагина, иккинчи даврада ўз сафини яхшироқ ўйинчилар билан бойитиб олиш имкониятига эга бўлади. 2019 йилнинг 8 мартигача эса кеч қолади.
ЎФА ПФЛнинг 2018 йилги Про-лигани қандай кучайтирган бўлса, 2019 йил шундай кучсизлантирди. Яна шуниси маълумки, энди Суперлигада қатнашиш учун Про-лигада совриндор бўлиш шарт эмас. Янги мавсумда кармонда пул бўлса бўлгани.
"Сурхон" ва "Динамо"ни қайтиши, жорий мавсум бутсаларини михга илишни мақсад қилиб қўйганларга, қайтиб майдонга қайтишларига сабаб бўлади.
Comments