Даврон Файзиев: "Футбол шахмат ёки шашка эмас"
11 apr 2021 21:59
News
Даврон Файзиев: "Футбол шахмат ёки шашка эмас"
Ўйин ҳақида
Авваламбор бутун Ўзбекистон халқини кириб келаётган Рамазон ойи билан табриклайман. Барчаларига сабр-тоқат, хотиржамлик ва яхшилик тилайман. Ўйин ҳақида айтадиган бўлсам, аввало "Янгиер" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўз жамоамиз томонидан йўл қўйилган хатоларни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Бугунги мағлубиятдан тўғри хулоса чиқарамиз деган умиддаман. Бугун жамоа 4-тур меҳмонда ўйнаяпти. Жамоамизга анча қийин бўлган вазият. Насиб бўлса 5-турни уйда ўтказамиз. Ўйин қизиқарли кечди. Учрашув тақдирини бир гол ҳал қилиши мумкинлигини ўйиндан олдин йигитларга айтгандим.
Қишки ўқув-йиғин машғулотларида ҳам "Янгиер" билан тўқнаш келганмиз. Ўшанда жамоа бизда ёмон таассурот қолдирмаганди. "Янгиер"нинг "Нефтчи" билан ўйиндаги йирик мағлубияти тасодиф эканлигини йигитларга видео таҳллиллар давомида кўрсатгандим. Бугун йигитлар ўйин охирига қадар курашишди, ҳаракат қилишди. Ўйин борасида йигитларга эътирозим йўқ. Жамоа ғалаба қозонса бу ҳамманики, ютқазганда бу мураббийнинг айби бўлади. Ўйинда йўл қўйилган бир қўпол хато эвазига гол ўтказиб юбордик. Бундан тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Ҳисобни тенглаштиришимиз ёки ютиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Агар "Янгиер" қарши ҳужумларда фаоллик кўрсатганда балки 2:0 ёки 3:0 ҳам ютқазишимиз мумкиндек кўринди. Ўйинда кимдир ютади, кимдир ютқазади. Шу сабабли тўғри хулоса чиқарамиз деган умиддаман.
- Навбатдаги турда "Истиқлол" жамоасини ўз майдонингларда қабул қилишларинг мумкин. Шу ўйин олдидан нималарни айтган бўлардингиз?
- Биз мана 4-турда ҳам меҳмонда ўйин ўтказаяпмиз. Мухлисларимиз футбол учрашувларини соғинганликларини ҳис қилиб турибмиз. Бухоролик мухлислар ҳар доим бизни қўллаб-қувватлаб келишган. Бугунги ўйин каби 15-апрель куни стадионимизни тўлдириб бизни қўллаб-қувватлаб туришса, ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлайман.
- Биринчи бўлимда жамоангиз ҳимоячилари рақибга нисбатан агрессив ҳаракат қилгандек бўлишди...
- Ўйин темпида бундай вазиятлар бўлади. Футбол шахмат ёки шашка эмас. Бу спорт турини ўтириб ёки ўйлаб туриб ўйнаб бўлмайди. Баскетбол, ҳоккей, футбол каби жамовий ўйинлар курашларга бой тарзда ўтади. Фақат биз эмас, рақиб ҳам бизга нисбатан агрессив ўйнади. Икки жамоа ҳам курашувчан услубда ўйин кўрсатди. Шу сабабли бугунги ўйин қизиқарли руҳда кечди деб айтиш мумкин. Ҳакам ўйин давомида ҳуштакни озгина кўпроқ чалди деб ҳисобламаса, ҳаммаси жойида ўтди.
- Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Бир вазиятда жамоангиз фейр-плейга амал қилмагандек кўринди. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Бу жараёнга муносабатим, биз албатта тўпни рақибга қайтариб бердик. Ўша вазиятда ҳеч ким билан тортишиб қолганим йўқ. Шунчаки мухлислар вазиятга ўз фикрларини билдиришди. Тўп ўйинга киритилди, ҳимоячи қайтарди. Биз табиий холда ҳужумга ўтдик. Рақиб тўпга тегинганидан сўнг ўйин жараёни янгидан бошланади.
- Бугунги баҳс телевидение орқали намойиш этилди. Про-лигада ҳам VAR тизимини жорий қилинишига муносабатингиз қандай?
- Албатта Про-лигада ҳам VAR тизими бўлса яхши бўларди. VAR ҳар бир вазиятни кўриб чиқиши эмас, масалан гол бўлганда эътиборини қаратса яхшироқ бўларди. Қолган вазиятларда қаршиман, ҳар бир эпизод бу тизим орқали кўриб чиқаверилиши тўғри эмас. Голли вазият ёки жароҳат етказиш каби вазиятлар кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ, бўлмаса бу тизим ўйин темпига таъсир кўрсатиши мумкин. Биз гол урганда ҳакам ҳисобламади. Оператордан тасвирларни олиб вазиятни қайтадан кўриб чиқамиз. Фикримча биз ҳаққоний гол ургандик. Ўйин холати бузилди деб бизга қарши жарима белгиланди. Аслида ўша вазиятда "Янгиер"нинг икки футболчиси ўзаро тортишганди. Майли ҳозир бу баҳона бўлиши керакмас.
- "Машъал" - "Қўқон-1912" учрашувида киритилган голга муносабатингиз...
- Ҳар икки жамоа мухлислари тўғри тушунишсин, холис инсон сифатида бу вазиятга ўз фикримни билдираман. Бу ерда фэйр-плейга амал қилинадиган холат йўқ. Кимдир жароҳат олмади, шундан тўп рақибга қайтарилиши шарт эмасди.
Бу вазиятда ҳужумчи дарвоза томон зарба берди, қаради, тўп дарвоза тўрида. Ҳужумчи ҳам сониялар ичида юз берган жараённи кўрмади. Аниқ йили ёдимда, худди шундай холат Қўқонда "Пахтакор"га қарши бўлиб ўтган ўйинда ҳам содир бўлганди. Ўшанда "Пахтакор" жамоаси худди шундай вазиятда гол киритган. Бу ўйиндан кейин ҳам кечаги каби тортишувлар юзага келган деб эшитгандим. Ўтган мавсумда "Қўқон-1912" жамоасидаги фаолиятимда бу ҳақида эшитгандим. Бу вазиятда футболчи ёки мураббийни айбламаган бўлардим. Фэйр-плейга амал қилиниши зарур бўлган холатни умуман кўрганим йўқ. Ҳеч ким жароҳат олгани йўқ, нима учун у ерда фэйр-плей атамаси ишлатилганига тушунмадим. Дарвоза тўрини катаклари каттароқ эканига футболчи ёки мураббий айбдор эмас.
- Бугунги ўйиндан сўнг ҳар икки жамоанинг жисмоний тайёргарлигини қандай баҳолайсиз?
- Мен ўз жамоам ҳақида айтишим мумкин. "Бухоро"нинг ҳозирги кунда жисмоний холати яхши. Ўйинда бирон футболчининг кучи етмай ётиб қолган вазият юз бергани йўқ.
- "Бухоро"нинг ҳужум ва ярим ҳимоя чизиқларида кимларга нисбатан эътирозингиз бор?
- Ютқазгандан сўнг бутун жамоа айбдор бўлади. Қаердадир биз хато қилдик, шу сабаб ютқаздик. Ўзим учун хато юз берган вазиятни билдим, ҳозир қайсидир футболчини айбдор деб алоҳида кўрсатмоқчи эмасман. Бугун энг ёмон ўйинларимиздан бирини ўтказдик.
- Про-лигадан Суперлигага чиқиш бўйича қайси жамоаларнинг имкониятларини юқори баҳолайсиз?
- Бугунги ўйиндан келиб чиқсак, "Янгиер" жамоасида ҳам имконият бор. Ҳар бир жамоанинг олдида ўз мақсади ва вазифаси бор. Ўз фикримни айтадиган бўлсам, "Шўртан" ва "Истиқлол" жамоаларида имкониятлар оздек кўринмоқда. Лекин 4 та турдан хулоса қилиш қийин. Ҳозирча барча жамоаларда имконият бор, барчага бирдек омад тилайман.
Comments