Черансиз "Пахтакор" Алиқуловсиз "Насаф"га Қаршида қаршилик кўрсата оладими?
15 aug 2023 16:33
News
Черансиз "Пахтакор" Алиқуловсиз "Насаф"га Қаршида қаршилик кўрсата оладими?
Аслида май ойида ўтиши керак бўлан бу учрашув таркибидаги бир нечта футболчиларнинг U-20 Жаҳон чемпионатида иштирок этаётгани сабаб қолдирилган эди. Ўшанда Шаҳбоз Беғамов ва Абдулазиз Искандаров бу борада ўзаро кичик тортишувга ҳам боргани ёдингизда бўлса керак. Факт шуки, клуб ўшанда регламентни бузмаган ҳолда ўз ҳуқуқидан фойдаланиб ўйинни бошқа санага кўчириш талаби билан чиққан. ПФЛ эса буни рад этмаганди. Демак, бугун "Насаф" - "Пахтакор" учрашувидан олдинги жараёнлар ва қизиқарли маълумотлар ҳақида тўхталамиз.
Ўзаро ўйинлар
Беллашувлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, чемпионатларда жамоалар жами 52 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Уларнинг 30тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, 11 беллашувда дуранг натижа қайд этилган. Қаршиликлар эса 11 ўйинда ғалаба қозонишган. Рақиб дарвозасини 78 бор ишғол қилган "шерлар" дарвозасидан 47 гол ўтказиб юборган.
Қаршидаги 26 ўйинда эса жамоамиз 9 ғалаба, 8 дуранг ва 9 мағлубият қайд этган. 26 гол урган пойтахт клуби ўз дарвозасидан 33 тўп ўтказиб юборган. Қаршидаги ўйинлардаги ғалабаларда тарози палласи тенг келиб турибди. Бугун эса икки жамоадан бири устунликни ўз томонига оғдириши мумкин. "Марказий" стадионда ўтган сўнгги 5та ўйиннинг 3тасида "Пахтакор"нинг, 1тасида мезбонларнинг қўли баланд келган. 1та учрашувда муроса кўчаси танланган.
07.05.2022. "Насаф" - "Пахтакор" 0:0
10.03.2021."Насаф" - "Пахтакор" 2:3
25.11.2020. "Насаф" - "Пахтакор" 3:0
23.11.2019. "Насаф" - "Пахтакор" 1:2
11.05.2018. "Насаф" - "Пахтакор" 2:3
Янгилар нима каромат кўрсатмоқда?
Иккинчи давра олдидан икки жамоа ҳам таркибига бир нечта янги ижрочиларни қўшиб олди. Ҳозирча улар жуда катта самара келтирди, дейиш қийин. Тўғри Жаба ўртоқлик учрашувларида рақиб дарвозабонларини кўп бор ҳафа қилди. Лекин расмий баҳсларда ҳали ўзини кўрсатганича йўқ. Чавез битта гол урди, у ҳам бўлса кубокда. Сўнгги учрашувлардан келиб чиққанда Лима аргентиналикдан кўра кўпроқ эффект бераётгандек таассурот қолдиряпти. Балки вақт ўтгани сари мослашиш жараёни ортда қолгач ҳаммаси ўз жойига тушиб кетар. Худди шундай ҳолат "Пахтакор"да ҳам кечмоқда. Кухарчик жароҳат билан келган ва тикланиш давом этяпти. Маълумотларга кўра, Стинворден ҳам жароҳати сабаб Қаршига бормаган. У "Навбаҳор" билан кечган ўйинда биринчи бўлимдан сўнг алмаштирилган эди. Қувватов эса яқин вақтгача ҳамкасби Павлюченкога жойини бўшатмайди. Хулоса шуки, икки жамоада ҳам янги келганлар (легионерлар) нималарга қодирлигини кўрсатганича йўқ. Шундай экан вазият иккисида ҳам тенг.
Йўқотишлар
"Насаф"га қараганда бу борада "Пахтакор"нинг аҳволи оғирроқ. Одатда дарвозабон ярим жамоа, деган иборани ишлатамиз. Бугунги "Пахтакор"га эса Черан - ярим жамоа десак муболаға бўлмайди. Бу йил Черан гол урган учрашувларда "шерлар" мағлубиятга учрамаган ва жами 27 очко жамғарган. Ўтган йили эса у майдонга тушмаган 3та учрашувнинг барчасида жамоа дуранг қайд этган.
Бугун "Пахтакор" ва Шацких бу вазиятдан қандай чиқиб кетиши қизиқ. Кухарчик, Стинворден хизматидан фойдалана олмайди. "Насаф"да эса Ҳусниддин Алиқуловнинг кетишини йўқотиш дейиш хато. Олдин ҳам айтганман, Алибек Давронов бугун футболга кириб келган эмас. Рўзиқул Бердиев уни ўтган йилдан бошлаб таркибга қўйиб келди (2022 йил 24та ўйин, 1123 дақиқа кубокда 1та гол). Жорий мавсум Суперлигада 14та учрашувда 956 дақиқа ҳаракат қилди ва 3та гол урди. Алиқуловнинг вазифасини бажариш Алибекка юклатилади. Қолаверса, Ғолиб Ғайбуллаевда ҳам гол уриш қобилияти борлигини инкор қилиб бўлмайди. Умар Эшмуродов кўпроқ қора иш билан шуғулланади.
Максим Шацких учун август имтихони қандай натижа билан тугайди? "Насаф" чемпионлик учун курашда давом этадими?
Наманганда ирода кўрсатган "Пахтакор" бу ўйиндаги ғалаба орқали чемпионликка катта қадам ташлайди. Бу чиғириқдан бутун чиқса, кейинги турларда нисбатан енгил нафас олиши мумкин. Бу рақиблар билан одатда жамоа катта қийинчиликка дуч келмаган ва доим ютиб келган. Иккинчи даврада 3та учрашувда "Пахтакор" 6 очко тўплади ва турнир жадвалида карвонбошилик қиляпти. "
19 август "Металлург"
29 август "Қизилқум"
22 сентябрь "Сўғдиёна"
28 сентябрь ОКМК
"Насаф"да ҳам шунга ўхшаш вазият. Лекин кейинги рақиблари орасида "Сурхон" ва "Бунёдкор" борлигини айтиб ўтиш жоиз. "Қизилқум" ва "Олимпик" билан ўйинларда "аждарлар" 3 очкога эга чиқишини тахмин қилиш мумкин. "Насаф" ҳозирча "Нефтчи"дан 4, "Навбаҳор"дан 5, "Пахтакор"дан 6 очкога ортда қолмоқда. "Насаф" иккинчи даврада 3та учрашувда қимматли очколарни бой берди. "Андижон" билан дуранг, "Турон"дан мағлубият ва "Бухоро" устидан ғалаба, умумий 4 очко қўлга киритилди, холос. Жамоанинг чемпионлик учун курашда давом этиши бугунги учрашувга боғлиқ.
Comments