"Челси"нинг мағлубияти Тухелни навбатдаги трансферларга ундайди
31 aug 2022 22:01
News
"Челси"нинг мағлубияти Тухелни навбатдаги трансферларга ундайди
Бу Томас Тухель жамоасини мавсум бошидаёқ муаммоларни бартараф этиш учун чора кўришга мажбур этмоқда.
Бевосита ўйин ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, 23-дақиқада Раҳим Стерлинг "кўклар"ни олдинга олиб чиққан бўлса-да, орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмас "авлиёлар"нинг 18 ёшли ўйинчиси Ромео Лавианинг ажойиб голи эвазига ҳисобда яна тенглик юзага келди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётган пайтда Адам Армстронгнинг нозик зарбаси рикошетга учраб дарвозадан жой олди.
Тезкор реакция
1. Мағлубият Тухелнинг шартнома имзолаш бўйича таклифларини кучайтирадими?
Ўша кеча "Челси" учун яхши бўлмади. "Саутгемптон" 2013 йилнинг март ойидан бери илк бор "кўклар"ни ўз уйида мағлуб қилишнинг уддасидан чиқди. Улар чиндан ҳам муносиб ўйин кўрсатишди. Раҳим Стерлингнинг ҳисобни очиши "Челси" учун ёрқин старт бўлди. Беш дақиқа ўтиб Ромео Лавианинг чиройли голидан сўнг "Челси"нинг ўйини яна аслига қайтди.
Бўлиниб кетган ярим ҳимоя, "ўтмас" ҳужум чизиғи бу кеча Томас Тухелнинг ихтиёридаги футболчиларга мос тушмаган 4-2-2-2 тактик тизимидан фойдаланиш қарорининг сўроқ остига олинишига сабаб бўлди. Агар у чиндан мана шундай ўйнашни истаса, "Челси" трансфер бозорида янада фаоллашишига тўғри келади.
Улар жамоага битта ҳужумчи ва бир вингерни жалб қилишни кўзламоқдалар. Пьер-Эмерик Обамеянг, Энтони Гордон ва Уилфрид Заа уларнинг нишонлари қаторида. Ўша кунги бу қадар суст ўйин ушбу мавсумда "Челси"да биринчи марта юз бергани йўқ, шу туфайли трансфер ойнаси якунига ниҳоятда кам вақт қолганида ақлни ишлатиб ҳаракат қилиш керак бўлади.
Клуб бошқарувидаги Тодд Боэли ва Бедад Эғбали бевосита ўйинни кузатди ва бу нарса жамоанинг ўйини яхшиланиши учун хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
2. Фофана "Челси"нинг ҳимоядаги муаммоларини ҳал қила олaдими?
Тухелнинг "Челси"даги муваффақияти ҳимоядаги чидамлилик ва мустаҳкамликка асосланган эди. Бош мураббий сифатидаги дастлабки 50 ўйиннинг 31 тасида дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолган Тухель ўша давр учун Европанинг кучли лигаларидаги барча жамоалардан яхшироқ натижа кўрсатганди. Ушбу мавсумда шу пайтгача "аристократлар" бирор ўйинни дарвозасига урилган голсиз тарк этмади. Саккиз бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан жамоа бу кўрсаткич бўйича фақатгина тўрт клуб – "Саутгемптон", "Кристал Пэлас", "Борнмут" ва "Лестер"дан олдинда бормоқда.
Рис Жеймснинг бетоблиги туфайли йўқлиги, Калиду Кулибали ва Марк Кукурельянинг ёзда "Наполи" ва "Брайтон"дан келиб ҳамон янги жамоаси ва ўзгаришларга мослаша олмагани каби таскин берувчи омиллар ҳам йўқ эмас. Бироқ Тухельнинг муваффақияти тўрт ё уч кишилик ҳимояда яққол кўзга ташланарди – Тиаго Сильванинг доимо шайлиги ва ҳимоянинг ўнг томонида Аспиликуэта билан келишиб ўйнаши. Ҳозир "Челси" бу нуқтада анча заиф кўринмоқда.
Уэсли Фофана яқин кунларда 75 миллион фунтга "Лестер"дан "Челси"га кўчиб ўтиши керак. 21 ёшли футболчидан бирданига барқарорликни таъминлашни сўраш анча катта талаб ҳисобланади, аммо юқори нарх ёрлиғи дарҳол натижа бериши кутилмоқда.
3. Зиеш ва Пулишич сирлари чуқурлашмоқда
Жанубий қирғоқда Ҳаким Зиеш кутилмаганда мавсумдаги илк ўйинида майдонга тушди. Бунинг ажабланарли жиҳати, Амстердамнинг "Аякс" клуби уни Нидерландияга қайтариш борасида музокараларни ўтказиш жараёнида бўлган бир пайтда у асосий таркибда ўйин ўтказганида эди. Зиеш Конор Галлагернинг дисквалификацияси ва Н’Голо Кантенинг тиззасидан олган жароҳати сабабли майдоннинг марказий ярим ҳимоясига ташланди. Гарчи у бу нуқтада ўзини қулай ҳис қилмаган бўлса да, Ҳаким Матео Ковачич ўрнига туширилган Рубен Лофтус-Чикдан кўра майдонда узоқроқ ҳаракат қилди.
Кристиан Пулишич 24 дақиқа ўйнаш учун захирадан ўйинга қўшилди. Бу унинг қаторасига 5 ўйинда захирадан майдонга тушиши бўлди. У туширилган позиция ўзининг бор имкониятини кўрсатиш учун бироз ноқулай бўлди. Ўзига ёқадиган нуқтада ўйнаш учун мунтазам ўйин амалиётига эга бўла олмаётган Пулишичнинг ҳафсаласи пир бўлди ва жамоа уни трансфер қилишга қарши эмас. 80-дақиқада унга нисбатан ишлатилган қўполликнинг сариқ карточка билан жазоланиши ҳам умидсизлик камеосида унинг кайфиятини кўтара олмади. Дарҳақиқат, ўша кеча дедлайн тезда яқинлашаётгани туфайли ҳар икки футболчини безовталик қамраб олди.
Ўйиннинг энг яхши футболчиси – Ромео Лавиа ("Саутгемптон")
У Премьер-лигада гол урган 2004 йилда туғилган илк футболчи бўлди. Бироқ унинг гол урганидан кўра тўпга эга бўлмаганда чидамли ва жанговор, у билан бўлганида эса ўйчан ва кескин ўйнаши кўпроқ илиқ таассурот қолдирди.
Ўйиннинг энг омадчиз ўйинчиси – Жоржиньо ("Челси")
Футболчи Адам Армстронгнинг голида Лавиа томонидан жуда осон доғда қолдирилди ва жамоаси ўйинига ҳеч қандай ритм қўша олмади. У ўйин тугашига 24 дақиқа қолганида бошқа жамоадошига ўз ўрнини бўшатиб берди.
Ўйиндан кейинги мулоҳазалар
"Меҳмонда ғалаба қозониш етарли эмас, 20-25 дақиқагина ўзимиз хоҳлагандай ўйнаш етарли, деб ўйламайман. Бизни мувозанатдан чиқариш, мағлуб этиш ва чалкаштириш жуда осон бўлиб қолди. Жуда осон. "Лидс"га қарши ўйинда шундай бўлди. Биз бунинг сабабини аниқлаштириб, ечимини топишимиз лозим", – деди меҳмонлар узтози Томас Тухель BBC'га берган интервьюсида.
"Мен бу ердалигимдан бери "Челси" устидан илк марта ғалаба қозондик. Ўз ўйимизда ушбу жамоани мағлуб қилмаганимизга тўрт йил бўлибди. Бунча вақтдан кейин биз ниманидир қўлга киритишимиз вақти келганди", – деди "Саутгемптон" бош мураббийи Ральф Хазенхюттль.
Муҳим статистикалар:
- Ромео Лавиа Премьер лигада гол урган 2004 йилда туғилган биринчи футболчига айланди. Бельгиялик ёш иқтидор эгаси 18 ёш-у 236 кунлигида "Саутгемптон"нинг АПЛда тўп киритган тўртинчи энг ёш футболчиси ҳисобланади.
- "Челси" ушбу мавсумда иккинчи марта танаффусда рақибидан ортда қолди (биринчиси "Лидс" билан ўйинда бўлганди). 2021/22 йилги мавсумда бундай бўлмаган эди.
- 2017/18 мавсумдан буён чемпионликни қўлга киритган жамоалар ҳар мавсумда ўртача 18,8 очко йўқотишади. "Чулчи" 2022/23 йилги мавсумда шу пайтгача 8 очко йўқотди.
Кейинги ўйинлар:
"Челси": "Кўклар" сешанба куни Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи илк турида "Динамо" Загребга қарши майдонга тушишдан аввал "Стэмфорд Бриж"да "Вест Хэм"ни қабул қилишади.
"Саутгемптон": "Авлиёлар" кейинги учрашувни "Вулверхэмптон"га қарши ўтказишади.
Мансурбек Неъматов таржимаси
Comments