Ча Ду Ри ҳаётида кўрган қийинчиликлар ҳақида: "Отамдек бўлишни хоҳлагандим"
04 may 2020 15:59
News
Ча Ду Ри ҳаётида кўрган қийинчиликлар ҳақида: "Отамдек бўлишни хоҳлагандим"
Ушбу футболчини яқиндан танийсиз ва у ҳақда кўп бора эшитгансиз. Айниқса Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши майдонга тушганида рақиб сафида кўпинча Ча Ду Ри бўларди. Мана шу футболчининг ҳаёти осон кечмаган ва кўп қийинчилик кўрган. Қуйида собиқ футболчи ҳаётда кўрган-кечирганларини ўз тилидан ҳикоя қилади.
"Отамга "ҳасад" қилардим"
Ча Ду Ри ўз пайтида икки бор УЕФА Кубогида зафар қучган, Бундеслига рекордини ўрнатган ҳамда Жанубий Корея терма жамоасида 120 ўйинда майдонга тушиб 50та гол урган Ча Бум Куннинг ўғли. Ча Бум Кун Жанубий Корея терма жамоасининг энг яхши тўпурари ҳисобланади.
- "Баъзан мен отамни жуда "ёмон" кўрардим. Унга "ҳасад" қилардим. Албатта, яхши маънода. Чунки у эришган ютуқлар олдида менинг фаолиятим ҳеч нарса эмас. Отам мен учун доим ўрнак бўлиб келган. Мен у туфайли футболни севганман ва доим унга ўхшашга ҳаракат қилганман".
Маълумот учун, Ча Ду Ри 1980 йил, 25 июлда туғилган. У туғилган пайтда отаси Бундеслигада ўйнарди. Ча Бум Кун Германиянинг "Айнтрахт" ва "Байер" клубларида фаолият олиб борган. Ча Ду Ри туғилган маҳал отаси "Айнтрахт"да кўчиб ўтганди.
- "Мактабдаги ўқиш қандай футбол ўйнашимга боғлиқ эди, - дейди Ча Ду Ри. - Агар шанба-якшанба кунлари бўлиб ўтадиган болалар ўртасидаги турнирларда ўзимни кўрсатсам, душанба куни хушкайфиятда мактабга йўл олардим. Агар ўйиним қовушмаса бунинг тескариси бўларди ва отам яхши ўқишга мажбурларди".
- "У пайтлари ҳозиргидек интернет ва компьютер ўйинлари бўлмасди. Шу боис бизнинг футболдан бошқа овунчоғимиз йўқ. эди. Бўш пайт бўлди дегунча фақат тўп тепиб вақтни ўтказардик. Отам билан қаерга бормай ҳамма уни танир, бу эса мени ҳайрон қолдирарди. Шунда мен ҳам катта бўлсам отамдек машҳур бўлишга аҳд қилгандим".
Терма жамоага чақирув
1991 йил Ча Бум Кун футболчилик фаолиятига якун ясайди. Эндиликда унинг йўлини давом эттириш ўғлига қолганди. Отаси мураббийлик соҳасида ишга киришади ва "Ульсан Хюндай" клубида иш бошлайди. Шундай қилиб оила Германиядан Жанубий Кореяга қайтади.
Ча Ду Ри терма жамоадаги фаолиятини 2001 йилнинг ноябрь ойида бошлаган. Бу пайтга келиб у 21 ёш эди ва голландиялик мураббий Гуус Хиддинк уни Сенегал терма жамоаси билан кечган ўртоқлик учрашувида синаб кўрган. Ча Ду Ри қисқа вақт ичида бош мураббий ишончини қозона олди ва ЖЧ-2002да иштирок этган бахтли 23 футболчидан бирига айланди.
- "Мен терма жамоага чақирилганимдан жуда хурсанд эдим. Ваҳоланки кучли клубда ўйнамасдим. Ўшанда Сеулнинг "Корея Университи" жамоасида ҳам ўйнаб, ҳам олийгоҳда ўқирдим. Эрталаб ўқишга борар, тушдан кейин машғулотга йўл олардим. Тўғриси, оддий бир талабанинг терма жамоага чақирилиши катта воқеа бўлганди", - деб эслайди Ча Ду Ри.
- "Мураббий мени олдига чақириб, сен мен кераксан, чунки тез югурасан ва ажойиб формадасан деди. Аввалига захирада қолганман ва имкон бўлиши билан майдонга тушиб тез югуришга ҳаракат қилардим".
Ча Ду Ри 2002 йилги мундиалда ўзини кўрсата олди. У Польша билан кечган биринчи ўйинда, шунингдек Италия мағлуб этилган баҳсда ўзини кўрсатди. Германиядан 0:1 ҳисобида учралган мағлубиятда ҳам бор кучи билан ҳаракат қилган.
- "Терма жамоа сафида жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳар бир футболчининг орзуси. Мен ҳамма ўйинда майдонга тушаман деб ўйламаганман, шунчаки ўз вақти-соатим келишини кутганман. Жаҳон чемпионати биз учун яхши якун топди. Мухлислар ниҳоятда хурсанд эди. Ҳатто ресторанга борганда биздан пул олишмасди".
Профессионал шартнома
Биласизми, Ча Ду Рининг катта футболдаги фаолияти айнан 2002 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг бошланган. Бунгача университет талабаси бўлиб юрган Ча мундиалдан сўнг Бундеслигага йўл олади ва ўзининг дастлабки профессионал шартномасини тузади. Унга бир пайтлар отаси ўйнаган "Байер" қизиқиб қолганди.
"Мен ҳам отам каби Бундеслигада ўйнашга ҳаракат қилганман. Чунки отам ўйнаган пайт биз Германияда яшардик ва у ердаги футбол муҳити доим мени ўзига тортарди. "Байер"дан таклиф тушгач кўп ўйлаб ўтирмадим, дарҳол нарсаларни йиғиштирдим-у, Леверкузенга йўл олдим".
Лекин "Байер" таваккал қилишни хоҳламасди, шу боис клуб раҳбарияти 22 ёшли футболчини дастлаб "Арминия"га, ундан кейин "Айнтрахт"га ижарага беради.
- "Четдан кузатиш бошқа, лекин Бундеслигада ўйнаш бошқа экан, - дейди Ча Ду Ри. - Мен учун Германиядаги бир йил худди уч йилдек оғир ўтди. Шунда отамга нақадар қийин бўлганини ҳис қилдим. Бу орада 2004 йилги Осиё Кубогида ўзимизни кўрсата олмадик. Икки йил олдин жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган жамоа қитъа биринчилигини чорак финалда тўхтатди. Бизни Эрон мағлуб этганди. Бу эса тушкунликка тушишимга сабаб бўлди".
Бундеслигадаги омадсизлик
"Байер" ушбу футболчини қўлга киритиб адашган эдими? Бўлиши мумкин. Чунки Ча Ду Ри қоғозда "Байер" футболчиси бўлгани билан вақтини ижарада ўтказди. У леверкузенликлар таркибида умуман майдонга тушмаган. Бунга сабаб унинг "Арминия" ва "Айнтрахт" сафида кам гол уришида эди. Ахир бир йилда бор йўғи битта гол урган футболчини "Байер" қайтариб олади дейсизми.
- "Мен гол урмасдим, бу эса доим тушкунликка тушишимга сабаб бўларди. Жуда катта босим остида қолгандим. Негадир бор куч билан ҳаракат қила олмасдим, менга нимадир етишмасди. Шунда мени "Айнтрахт"нинг ўша пайтдаги мураббийи Функель ўнг қанот ҳимоясида синаб кўришга қарор қилди. Чунки тезлигим сабаб орқага қайтишга улгурардим. Айнан позициямни ўзгартириш менга омад келтирди. Ўнг қанот ҳимоясида ўзимни анча ишончли ҳис қила бошладим".
Кам ўйин амалиёти сабаб Ча Ду Ри ЖЧ-2006дан четда қолади. Чунки мундиалда иштирок этадиган кореяликларга доим ўйнаб келган футболчилар зарур эди. Ча Ду Ри шунингдек Осиё Кубоги-2007га ҳам бормаган. Бу мусобақада Жанубий Корея терма жамоаси учинчи ўринни қўлга киритганди.
Шотландия, қайдасан?
Фақат 2009 йилга келибгина яна терма жамоага чақирилди. Бу пайтда у "Фрайбург"да тўп тепаётганди. Яна қувончли кунлар бошланади. Ча Ду Ри терма жамоанинг 23талик таркибидан жой олиб ЖЧ-2010га боради. Гуруҳдан чиққан кореяликлар кейинги босқичда Уругвайга имкониятни бой беришади. Қаҳрамонимизнинг ўйини кўпчиликда илиқ таассурот қолдириб, жаҳон чемпионатидан сўнг Ча Ду Рини Шотландия гранди "Селтик" илиб кетади. У ҳамюрти Ки Сунг Ёнг билан глазголиклар шарафини ҳимоя қила бошлайди.
Икки мавсумни "Селтик"да ўтказган Ча 2011 йил Шотландия Кубоги ва орадан бир йил ўтиб мамлакат чемпионлигини қўлга киритади. "Мен Шотландиядаги фаолятимдан мамнун бўлганман, - дейди кореялик футболчи. - "Селтик" катта жамоа, уларнинг стадиони ҳам ажойиб. Ки Сунг Ёнг иккимиз маза қилиб футбол ўйнаганммиз. 2010 йилнинг декабрь ойида ўтказилган "Сент-Жонстон" билан кечган баҳсда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган, голларни Ки Сунг иккимиз ургандик. Менимча бу клуб тарихидаги бир ўйинда иккита кореялик гол урган биринчи ва охирги беллашув бўлиб қолса керак".
Шотландиядаги муваффақиятли мавсум давом этаётган бир пайтда Ча Ду Рини Осиё Кубоги-2011 кутиб турарди. Бу мусобақа ҳам кореяликлар учун яхши кечиб, якунда бронза медалларга эга чиқишади. Ку Жа Чол мусобақа тўпурари бўлади, Жи Донг Вон ўзини кўрсатади ҳамда Сон Хёнг Мин Осиё Кубогида дебют қилади.
- "Қатарда ўтган Осиё Кубогида иштирок этган таркиб мен билган энг кучли жамоа бўлганди. Биз бир аҳил оила эдик. Сафимизда ёшлар ҳам бор эди, мен катта бўлиб қолган ва ортимдан терма жамоани эргаштиришга тўғри келарди. Мусобақани ярим финалда тўхтатганмиз. Япония бизни пенальтилар сериясида мағлуб этганди", - деб эслайди Ча Ду Ри.
Ватанга қайтиш
2012 йил ёзида Ча Ду Рининг "Селтик" билан шартномаси тугайди ва у Германияга қайтиб "Фортуна Дюссельдорф" билан шартнома имзолайди. Лекин бу клуб сафида атиги бир мавсум тўп тепган футболчи ўзини кўрсата олмай Жанубий Кореяга қайтишга мажбур бўлади ва "Сеул" таркибидан жой эгаллайди. Бу пайт "Сеул"ни ЖЧ-2002 пайтида Ча Ду Ри билан бир хонада истиқомат қилган Чой Ёнг Су бошқараётганди. 2013 йил пойтахтликлар Осиё чемпионлар лигасида финалга қадар бориб, Хитойнинг "Гуангжоу Эвергранд" клубига имкониятни бой беришади.
Яна кучга тўлган Ча Ду Рини 2015 йилги Осиё Кубоги кутаётганди. Кам ўйин амалиётисиз қолган футболчи ЖЧ-2014га бора олмаганди. Австралияда ўтган қитъа биринчилиги эса унинг учун охиргиси эди. Шу боис Ча соврин ютишга астойдил ҳаракат қилди. Жанубий Кореянинг биз билан ўйинини бир эсланг-а. Сон Хёнг Мин иккинчи голни урган пайт Ча Ду Ри қандай тезликда югуриб келганди. Ўша йил кореяликлар финалгача бориб Австралияга имкониятни бой беришган.
2015 йилнинг март ойида Жанубий Корея терма жамоаси Янги Зеландияга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу Ча Ду Рининг миллий терма жамоадаги охирги ўйини бўлиб қолди. Биринчи таймдан сўнг уни қарсаклар билан кузатиб қўйишади. Отаси унга гул берган, Ча эса ўзини тута олмай йиғлаб юборганди.
- "Терма жамоа билан хайрлашиш ҳар қандай футболчи учун оғир. Вақт ўтиб бораётганини тушуниб етасиз. Жанубий Кореяда ўйнаш осон эмас: яхши ўйнасангиз мақтайдилар, ёмон ўйнасангиз дарров танқид остида қоласиз. Лекин мен фаолиятимдан мамнунман, мақтовни ҳам, танқидни ҳам мухлислар билан бирга ўтказдим, улардан бир умр миннатдорман", - деганди ўйиндан кейинги интервьюсида.
Comments